“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 195 марта кўрилган.

Номалар

А.С.Пушкин,

рус адиби

ТАСКИН БЕРУВЧИ ФАРИШТАСИЗ...

Азизам, Н. Н. Гончаровага!

Ҳеч ҳам кутмагандим, сиздайин мафтункор дилбар наҳот мендай ошиқ ғарибни хотирлади, бунинг учун юрагимнинг туб-тубида сизга миннатдорчилик билдирдим. Байрон кўз олдимда янги жозиба касб этди — унинг ҳамма қаҳрамонлари тасаввуримда ўчмас қирралари билан муҳрланиб қолди. Мен сизни Гулнор ва Лайли тимсолида кўраман, бироқ шуниси аниқки, шўринг қурғур Байроннинг ҳам бу қадар илоҳий малоҳатга эга идеали йўқ. Ҳамиша шундай, сизни ва мудом сизни, тақдир ёлғизлигимнинг ҳузурланиши учун юбораверади! Сиз — таскин берувчи Фариштасиз, мен эса ҳануз зорланаётган бир нонкўр. Қор босган йўллардан Петербургга жўнаяпсизми? Хаёлан қордаги изларингизга боқиб оғир-оғир хўрсинаман. Қувғинлигим ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эзиб қўймоқда, азизам. Эҳтимол, келгуси йилда ҳаётим ижобий томонга ўзгарар ва тағин бирга бўлармиз, бунга умид қиляпман. Тўғрироғи, умид қилгани ҳаддим сиғяпти. Чўкаётган одам хасга ёпишганидай биз ҳам умидга ишонамиз, у эса кекса эрга меҳр-мурувват кўрсатадиган кўнгилчан хотиннинг ўзгинаси. Нима қилиш керак, ноумид шайтон, шундаймасми, азизам?

P.S. Мен оёқларингиз остидалигимни айтиш учун тағин сиёҳдонга ёпишаман. Сизни севаман!.. Баъзан ёлғизлик азобидан қийналганимда ва хаёлимда мени умуман унутгандай кўринганингизда сиздан ранжиганим учун ўзимни ёмон кўриб кетаман. Бу қийноқларгаю айрилиққа дош бергани бўлак кучим қолмагандай. Яхшиликка умид боғлаб, қўлларингизни ўпаман. Бениҳоя гўзалсиз, азизам.

8 декабрь, Михайловское.

Эрнест ХЭМИНГУЭЙ,

Нобель мукофоти лауреати

ҲАЁТИМНИНГ ЯГОНА ҚАҲРАМОНИ

Қадрли Марлен Дитрихга!

Мана илк қор ҳам ер бағрини оққа бўяди. Сиз-чи, қачон ҳаётимни ёруғликка буркайсиз? Иккимиз ҳам ёлғизмиз, буни англашимиз кераклигини биласизми? Сизгинани жонимдан ортиқ суяман, бироқ сиз қандайдир бир нотавоннинг ишқида девонасиз.

Шундайин бетакрорсиз-ки малагим, паспортингизга уч метрли расм ёпиштириш керак эди! Кундан-кун ишқингизда ошиқ мажнун бўлиб боряпман. Баъзан сизни унутишга интиламан, аммо ўша кезларда юрагимнинг қандай ураётганини ҳам ҳис қилмайман. Ҳамма учун одамларнинг икки хил тоифаси мавжуд: бири билан бирга яшаш ҳузур бўлганлар, иккинчисига эса уларсиз тириклик қилиш осон бўлганлар киради, аммо шуни ҳам биламанки, азизам, ўша икки тоифасиз ҳеч биримизга ҳаёт йўқ. Сиз ҳам мен учун шундай инсонсиз.

Азизам Марлен, сизни ҳаддан ортиқ суяман! Умид қиламанки, сиз ҳам. Сиз ҳақингизда асар ёзишни орзу қиламан. Чунки сиз ҳаётимнинг ягона қаҳрамони. Ўзимга, ҳатто қачондир сизга жаҳл қилишим мумкинлигини тасаввуримга сиғдиролмайман. Жанга мойиллик билдирганингизда, шунчалар рашк қилганманки, ўлиб қолишимга озгина қолган, бироқ буни ўзингизга билдирмаганман. Умид қиламанки, ҳеч қачон билдирмайман!..

Вольфганг ГЁТЕ,

олмон адиби

ЗУЛМАТ

ДУНЁМНИНГ ҚУЁШИСАН!

Фон-Штейн хонимга!

Аввало, мактубинг учун миннатдорчилик билдиришга ижозат эт! У қаҳратоннинг совуқ кунларида иссиқ нафаси билан бутун вужудимни илитди. Бир дақиқага бўлса-да, нома азобу уқубатга йўғрилганини унутгани рухсат бер! Суйганим! Суюклигим! Оёғингга йиқилиб ўтинаман, ёнингга қайтиш йўлларини енгиллаштир, токи бу чек-чегарасиз оламнинг ўртасида қувилган бўлиб қолмайин. Бир олижаноблик қил, гуноҳим нималигини айт ва илтимос қиламан, ўрнимдан туришимга ёрдам бер! Қандай яшаётганинг ҳақида кўпроқ ёз. Саломатман, дегин, сени севаман, деб айтгин! Келгуси мактубимда Худо хоҳласа, сенга яқинлашаётган саёҳатимнинг режасини ёзаман! Сендан бир нарсани ўтиниб сўрайман: менга ўзинг билан айрилган одамга қарагандай қарама! Агар сени йўқотсам, Ер юзидаги ҳеч нарса ўрнингни босолмайди. Ва инсониятнинг бутун матонати йиғилганда ҳам бу кулфатни кўтаролмасдим.

Мен туфайли бетоб бўлиб қолганингни эшитдим, бундан юрагим қандай куйинаётганини сўз билан изоҳлай олмайман. Мени кечир! Ўлиму ҳаёт ўртасида қандай олишганимни ҳам ҳеч қандай сўз тугал тасвирлашга қодир эмас. Бироқ бу қулаш мени ўзимга қайтарди. Нималар деяётганимни англаяпсанми, азизам! Жоним!

Муҳаббатинг уйга кирган офтоб нурлари мисол хонамни ёритади. Сен зулмат дунёмнинг қуёшисан. Яратган йўлларимизни бирлаштиришини сўрайман. Ҳаётимизда ҳеч қачон айрилиқ бўлмасин. Яхшиси, буни Янги йил куни кечқурун соат ўн иккига бонг урганда сўрайман. Зора, ниятим амалга ошса. Алвидо, азизам!

23 декабрь, кечқурун. 

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржималари