“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 47 марта кўрилган.

ТАБИАТНИ АСРАШ — ИНСОНИЯТНИ АСРАШДИР!

 

Октавио ПАС,

 

 

 

 

 

Нобель мукофоти лауреати

(Шоирнинг Стокгольмдаги базмда сўзлаган нутқи)

Қадрли ҳазрати олийлари, хонимлару жаноблар!

Қисқа сўзлайман, бироқ вақт деганлари бир жойда тўхтаб турмайди, қўрқаманки, мени узоқ — бир юзу саксон сония тинглашингизга тўғри келади.

Биз фақат асрнинг адоғига етаётганига эмас, балки бир тарихий даврнинг ҳам охирлаётганига ҳам гувоҳмиз. Идеологияга путур етгач, қандай вазият юзага келиши мумкин? Буни тасаввур қилишнинг ўзи бир даҳшат! Демократия фаровонликка эришган қудратли давлатлар худбинликдан бироз ортга чекиниб, камбағал давлатларга нисбатан бағрикенглик қилар? Ер юзининг бизга тегишли қисми — Лотин Америкасида, айниқса, туғилган юртим — Мексикада, ниҳоят нафақат сиёсий демократия, иқтисодий юксалиш, адолатга, балки анъаналаримизу ўз-ўзимиз билан ярашишга олиб келган ҳақиқий замонавийликка етармиз ниҳоят?

Яқин ўтмиш бизни ҳаққоний тарихни билмаслигимизни кўрсатди. Мана шу юз йиллик бир олам саволлар билан ниҳоясига етаётир. Фақат бир нарсага амин бўлишимиз мумкин: сайёрамиздаги ҳаёт таҳлика остида. Мулоҳазасиз тараққиёт маданияти ва инсониятнинг табиатдан шафқатсизларча фойдаланаётгани билан бирга Ерни тобора тақир саҳрога айлантиряпти. Тўхташ дегани йўқ, ўзимизча галактика, молекуляр биология сирлари ва ҳаёт манбаларини ўрганиш мақсадида табиатнинг юрагини яраладик. Шу боис ҳам бу мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ташкилотлари яшаш учун қандай шаклни танлашидан қатъи назар инсоният тириклигининг бевосита ва муҳим муаммоси саналади. Табиатни асраш инсониятни асрашдир.

Ушбу юз йилликнинг сўнгига қадар одамзод набототу ҳайвонот, молекула, атом ва юлдузлар сингари бир-бирига боғлиқ улкан тизимнинг муҳим бир қисми эканлигини фаҳмлади. Қадимда файласуфлар коинот деб атаган борлиқнинг улкан занжирини боғловчи мавжудотлармиз. Ҳозир ҳам деярли ҳар кеч юз берадиган бу гапнинг энг қадимий ишораси мавжуд олам яралганидан буён одам юлдузли осмонга тикилиб завқланади. Бундайин лаҳзалар Коинот билан ака-укалик ҳиссини чин дилдан туйиш билан адоғига етади. Бир тун қишлоқда юлдузли самодан кўз узмай турганимда, ғалати оҳанг қулоғимга чалинди. Оқшомда фалакдан таралаётган мусиқа билан митти ҳашаротнинг куйлаётгани орасидаги муштаракликдан донг қотдиму ва қуйидаги сатр-ларни битдим:

О, бесарҳад осмону фалак.

У ерда оламлар айланаётир.

Саботи бутун, бу сокин тун эса,

Бетиним куйлашга шайланаётир

Занжирнинг бир қисми...

Қора чигиртка билан.

Юлдузлар, қоялар, булутлар, дарахтлар, қушлар, чигирткалар, эркагу аёллар — ҳар ким ўз оламига эга ва ўша оламларнинг ҳаммаси бир-бирига муштарак. Агарда табиат билан қондошлигимизни англаб етсак, ҳаётни сақлаб қолишимиз мумкин. Оға-инилик бу сўз либерализму социализм, илм-фану дин анъананларига бирдек тўғри келади.

Камина ўз қадаҳини оға-инилик учун кўтаради!

10 декабрь, 1990 йил.

 Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси