“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 92 марта кўрилган.

ЎН БИР ЎҒИЛ

Франц КАФКА,

немис адиби

 

Менинг ўн бир нафар ўғлим бор.

Тўнғичим бир қарашда умуман кўзга ташланмайди, лекин жиддий ва ақлли йигит. Унинг босиқлигини жуда қадрлайман.

Иккинчи ўғлим чиройли, хушбичим, қиличбозликни суяди. Фикрлаш доираси кенг. У кузатувчан, уйда бўлган кезларида ўзи туғилиб ўсган гўша табиат билан бир тану бир жон бўлиб кетади. Табиат қўйнида сайр унга мислсиз завқ бағишлайди. Боламнинг фавқулодда истеъдоди ҳар қандай киши томонидан тан олинади, ҳатто чўмилаётганида ҳам унга тақлид қилишни ёқтиришади. Сакраш кўпригининг охиригача жасорат ва кайфият улашади, лекин тўсатдан ўтириб олади ва қўлини гуноҳкорона чўзади. Шунга қарамай ўғлимга нисбатан муносабатим ҳеч қачон ўзгармайди. Унинг шундай йигит бўлгани мени бахтиёр қилади. Ўғлимнинг чап кўзи ўнгига қараганда кичик ва кўп пириллайди. Гарчи боламни ҳеч ким айбламаса-да, камчилигини сездирмаслик мақсадида чеҳрасини мардоновор тутади. Буни мен учун қилади, албатта. Аммо менга азоб берадиган нарса фарзандимнинг кўзга ташланадиган нуқсони эмас, балки қонида адашиб юрадиган бешафқатлик. Ушбу туйғу суюкли ўғлимнинг феъл-атворига нуқс ташлайди. Аслида бу айб қонимизда оқади.

Учинчи ўғлим ҳам келишган, лекин қиёфаси менга ёқмайди. Хаёлчан кўзлар, баланд кўтарилган бош, тик қомат, юк кўтаришни хоҳламаган ниҳоятда нозик қўл ва узун оёқлар санъаткорларни эслатади. Товуши чиройли бўлмаса-да, йўқни бордек кўрсатишга уриниш, суҳбатдошини диққат билан тинглаб, сўнгра енгил хўрсиниб қўйиш, барча соҳада ўзини ўрнак қилиб кўрсатишга бўлган уринишга ўхшайди… Оиламизга эса ётлик туйғусини ҳис қилишини сезиб тураман.

Тўртинчи ўғлим жуда дилкаш. У одамни бир қарашда тушунади, мавжуд нарсалар устида тажриба ўтказишни хуш кўради. Ҳамма тан олганлиги учун фарзандим эркину беғам туюлади. Ҳикматли сўзларни тез-тез такрорлаб юришни хуш кўради. Бир текис учаётган  қалдирғочлар орасидан энг заифи улардан ажралиб беҳол самодан пастга шўнғигандек, хилватдаги сарғайган чанг-тўзон сингари ҳеч нарсаси йўқ дардманд эди у. Шундай хаёллар бу боланинг мулоҳазасини бузиб турарди.

Бешинчи ўғлим — ёқимтой бола. У бир сўзли. Ваъда бердими, албатта, устидан чиқарди. Лекин болам қалбан ёлғиз, шунга қарамай обрўси баланд. Бу ўғлим ҳамма билан осон дўстлашади. Аммо уни менга нисбатан кўпроқ мақташса, ўзимни ёмон ҳис қиламан.

Олтинчи ўғлим ўта маъюс. У ҳаётдан доим нолийверади, инжиғу эзма. Шунинг учун ҳам доимо тан-ҳо. Гўё тубсиз қайғуга чўккандек... Бекорчи сафсатаси орқали ғолибликка эришган. Ҳар ҳолда мен унинг ўзини унутиш даражасидаги жонбозлигига эътироз билдираман. Ҳаво очиқ кунлари жигаргўшам орзусидаги хаёллари билан курашади. Ниҳоятда соғлом бўлишига қарамай гоҳо қоронғиликда каловланиб қолади, аммо у ҳеч кимнинг ёрдамига таянмайди, йиқилмайди ҳам.

Еттинчи ўғлим бошқа фарзандларимга нисбатан менга яқин туюлади. У дунёни, дунё уни тушунмайди. Айниқса, ҳазилларини. Мен унга ортиқча баҳо беролмайман. Агар дунёда янглишишлар ва хатолар бўлмаганда, янаям мукаммал бўларди. Шу маънода ўғлимнинг оиладаги ўрнини инкор қилолмасдим. У келажак чархпалагини ҳаракатга келтиролмасди, лекин ўз режасининг амалга ошишига қаттиқ ишонарди. Мен ўғлимнинг болалари ўзига ўхшашини жуда хоҳлардим. У доимо ёлғиз юрар, қизларга хушомад қилмас, шунга қарамай ҳеч қачон тушкун кайфиятда бўлмасди.

Саккизинчи ўғлим ҳали болалиги билан хайрлашиб улгурмаганди. У мендан қанча ўзини тортса, мен шунча муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилардим. Вақт эса олий ҳакам. Авваллари шу ўғлим ҳақида ўйлаганимда, мени енгилгина титроқ босарди. У ҳамон ўз йўлидан кетар, ҳамма билан алоқани узарди. Боши катта, жуссаси кичик, келишган — фақат оёқлари заиф эди, лекин қисқа вақт ичида тузалганди. У қаерда ҳурматга сазоворлигини биларди. Фарзандларим ичида фақат угина соқол қўйди. Бироқ пакана бўйли йигитга бу унчалик ярашмаган эди.

Тўққизинчи ўғлим эса жуда замонавий ва ниҳоятда ёқимли нигоҳи сабаб бир кўришда аёллар севиб қоладиганлар тоифасига мансуб эди. Бу жиҳатлар уни қизиқтирмасди. Болам эски диван устида шипдаги нақшга тикилиб ётар, вақтни беҳудага совурар, кўзларини юмиб, унга дам берарди. Кичик даврада шошилиб сўзларди. Агар фикрларига халал бермасалар, у бошқа мавзуларга ўтиб кетар ва нутқи ниҳоятда саёзлашиб борарди. Орзуга берилган, хаёлга тўла нигоҳларни сезса, барига қўл силтаб, жим қоларди.

Ўнинчи ўғлим тилёғлама. Унинг бу нуқсонини юзига солмоқчи эмасман, таъкидлаб ўтмоқчи ҳaм эмасман. Болам тантаналарда ҳар доимгидек узун белбурма костюм кияди, эски, аммо доимо тозаланган қора шляпаси, лоқайд чеҳраси, узун, ингичка ияги, шишган қовоқлари, лаблари устига доим турувчи иккита бармоғини кўрган одам нима дейишини билмай қолади. Унинг сўзини эшитганлар, зўрма-зўраки изоҳига қулоқ тутганлар ўзини ниҳоятда ақлли, деб ҳисоблаган бу чеҳралар лоқайд-лик остида зоҳир мунофиқлик яшириниб ётганини англаб етадилар.

Ўн биринчи ўғлим ака-укалари ўртасида энг нимжони, лекин унинг бу жиҳати шубҳали кўринади. Баъзан ожизлик ниқоби ечилгандай ва у ҳаддан ортиқ даражада кучли туюлади. Аслида боламнинг заифлиги — жамиятимизнинг заифлигидир. Масалан, парвозга тайёргарлик кўриш вақтида руҳнинг бир қадар заифлашганига ўхшайди. Шу тахлит жиҳатларни ўғлимнинг табиатида кўриш мумкин. Оталарга эса ўғлининг бундай ожизлиги хуш ёқмайди. Чунки жигаргўшамнинг нуқсони оиламиз шаънига доғ туширади назаримда. Унинг нигоҳи баъзан менга унсиз сўзлайди: «Сизни ўзим билан олиб кетаман, ота». Мен эса ўйлаб қолман: «Қанийди, ишончимни оқлаши мумкин бўлганларнинг сўнггиси бўл-санг!» Унинг нигоҳи эса гуё фикрларимни тасдиқлайди: «Ишонинг мен чиндан сўнггиси бўламан».

Булар каминанинг ўн бир нафар ўғли ҳақидаги ҳикоя эди.

 

Немис тилидан Шаҳноза ҚУВОНОВА таржимаси