“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 55 марта кўрилган.

СУРАТЛАРСИЗ ЎТМИШГА ИШОНТИРИНГ

Тони МОРРИСОН,

Нобель мукофоти лауреати

Нобель маърузаси

«Вақти замонида бир кампир яшаган экан. Сўқир, бироқ донишмад. Этимол, у чол эди? Балки улуғ устоз бўлгандир? Ёхуд тўполончи бир бола. Бу ҳикоя ҳақида эшитганим бор ва у бир қанча маданиятларнинг қоришиқ намунаси сифатида ҳақиқатда менга ғоят мақбул бўлган эди. «Вақти замонида бир кампир яшаган экан. Сўқир. Донишманд». Билганим шуки, аёл америкалик қора танли қулларнинг фарзанди эди. Улар шаҳар таш-қарисидаги кичкина ҳовлида ёлғиз яшарди. На тенглик ва на ҳайратга лойиқ донишмандлик шуҳрати. Ўзининг одамлари орасида кампир ҳам қози, ҳам жиноятчи эди. Қишлоқи бир қизнинг башоратгўйлик қобилияти ҳабаш қариндошларидан олисда яшаш, шаҳар кўриш эвазига пайдо бўлдию ўсди.

 

Бир куни тақдир кекса аёлни бир қанча кеккайгану юраксиз ёшларга дуч қилди. Улар кампирнинг қобилиятига шубҳа билан қарар, ҳамма нарсани кўра билишига одамларни лақиллатаётган бир фирибгар хотинлигига амин эди. Шу боис ёшлар кампирни фош қилиш-у, жиноятчилигини кўрсатиб, эл олдида шарманда қилишни кўнгилга туккандилар. Келганларнинг режаси ғоят оддий эди: беканинг хонасига билдирмай кириб, ноодатий ягона савол билан мурожаат қиладилар. Ахир улар аёлнинг ожизлиги, басирлигидан бохабар эди. Одамлар ғалати-да... Зулмат дунёсида ёруғ дунёни кўролмай унинг ғамини еб яшайдиган, одам зотига зарари тегмайдиган беозор бир кекса хотиннинг сўқирлигидан фойдаланмоқчи бўлдилар. Кутилмаган меҳмонлар кампир қаршисида тик турди ва улардан бири шўрликни саволга тутди: «Ҳозиргина қўлимга бир қуш қўнди. Қани, марҳамат қилиб айтсинлар-чи, кампиршоҳ, у тирикми ё ўлик?»

Беканинг бундайин тутуриқсиз саволга жавоби йўқ эди. Савол такрорланди. «Қўлимдаги қуш тирими ё ўлик?» Тағин жавоб бўлмади. Кампир сўқир эди ва келганларни кўролмасди, табиийки, қўлларидагини ҳам. У сўроққа тутаётганларнинг на рангини, на уруғ-аймоғини ва на ватанини биларди. Донишмад кампир чақирилмаган меҳмонларнинг фақат ниятидан бохабар эди.

Аёл узоқ сукут сақлади. Бу эса ёшларнинг аввал хавотирига, сўнг кулгисига сабаб бўлди. Охир-оқибат у тилга кирди. Кампирнинг овози майин, бироқ оҳанги шафқатсиз эди. «Билмайман, — деди у — қўлингдаги қушнинг тирик ё ўликлигидан хабарим йўқ! Бироқ билганим шуки, қўл бу — чинданам сенинг қўлларинг».

Аёлнинг жавоби шундай маънони англатарди: «Қушни тутиб турган қўллар уни омон сақлашга ҳам, ёхуд жонини олишга ҳам қодир. Нимаики юз бермасин, ҳаммаси идрокингга боғлиқ». Ҳикоя қаҳрамонлари: ёшларнинг кучию аёлнинг ожизлиги олдида ер билан осмонча фарқ бор. Бироқ аёлнинг ақлий салоҳияти жисмоний кучдан баланд келди.

Бир қарашда оддий ҳикояга ўхшаб туюлиши мумкин, бироқ унинг ғояси Инжилдаги ривоятга асосланганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Шунинг учун ҳам у ҳеч бир миллатгаю ирққа бегона эмас, қанча тилларга таржима қилинмасин, моҳиятини йўқотмайди. Дунё яралганидан буён эзгулигу ёвузлик ўртасидаги кураш шу тариқа давом этиб келаётганига ҳам ишорадир.

Шунингдек, бу ривоятда қуш тилнинг тимсоли ҳамдир. Кампир жони омон қолиши ва тил мавжуд бўлгани учун тирик қолиши керак, деган тасаввур билан келганларни уйидан чиқариб юбориши мумкин эди, бироқ у бундай қилмади, яъни омонлик тилаб, ёвуз ниятлиларга ялинмади. Тил ҳаёт моҳияти қаерда бўлса, шу ерда ҳаракатланиши керак. Агарда тахт тепасида ўтирган ҳукмдорларнинг ҳаммаси бу ҳақда ўйлаганида эди, бугун Ер юзидаги қабристонлар сони қарийб ярмига камаярди. «Дунё айтаётган гапларимизни хотирламаслиги мумкин, бироқ қилган ишларимизни асло унутмайди», деган экан АҚШ президентларидан бири.

Биз ўламиз. Ўлим — ҳаётнинг моҳияти бўлиши мумкин, бироқ биз тил яратамиз. Бу эса ҳаётнинг ўлчамини белгилаб беради. Дейлик, кампирникига келганлар: «Қўлимга қуш қўнди, қани, айтинг-чи, кампиршоҳ, у тирикми ё ўлик?» деб савол бермасдан, «Қўлимизда нима бор?» — деб сўраганида, сўзларнинг маъноси буткул ўзгариб кетган бўлар эди. Сўз, бу — сеҳр.

Қачонлардир айтган гапингиз бугун ўз моҳиятини топиши ҳам мумкин. Оғиздан чиқаётган ҳар бир сўзнинг аҳамияти бор. Биргина сўз бир миллат йўқолиб кетиши ёки бир маконнинг кули кўкка совуриши мумкин. Масалан, қора деган сўз учун бизнинг ирқ неча юз йил хўрлик изтиробида уқубатли умр кечирди. Бир ҳабаш шоир: «Ҳеч нимани ошкора кўрсатишнинг иложи йўқ, чунки ҳаммасига ўт қўйдилар», — деган экан ирқига ачиниб. Хўрлик — бизнинг меросимизга ўхшайди гўё. Кўзларимизда фақат ва фақат шаф-қатсизлик зуҳурланиб қолмаганига шукр қиламан. Бугун ҳам қора танли бўлиб туғилгани учун ўзини ва тақдирни қайта-қайта қарғайдиганлар бор. Рангини ўзгартириш учун ҳаётини хавфга қўйиб, тиғ остига ётишга тайёрларнинг дардига қулоқ тутганмисиз ҳеч? Уларни таҳқирли сўзлар жарроҳлик столига етаклаб келганини фаҳмлаш қийин эмас. Бу кимнинг хатоси. Ўтмишнинг пардаси ҳамон тортилгани йўқ.

Ҳаётимизни борича тасвирлаб берадиган аниқ матн борми? Қалбимиздаги ўтмишдан қолган доғларни кетгизишга қодир на қўшиқ, на адабиёт, на назм ва на дармондорилар бор. Қанийди, шундай куч пайдо бўлса-ю: «Ахир сен ёши улуғ, кекса, донишманд одамсан-ку! Рангинг ҳақида ўйлашни бас қил!» — деса, ўша ондаёқ бошқаларнинг ҳаёти ҳақида ўйлармидим. Бир вақтлар ўзим орзу қилган ўша ғаройиб дунё тўғрисида ёзармидим.

Бироқ қўлимга қалам олишим билан тағин ўша томонга кетиб қоламан. Яна қора танлиларнинг дарди сув юзига қалқиб чиқаверади. Ахир ибтидосида ҳаммасини инсониятгаю жамиятга муҳаббат билан бошлагандим-ку! Нега тағин куйган доғлардан бошқаси кўзга ташланмай қолди, деб ўйлайвераман. Наҳот мен учун қорадан бошқа сўз йўқ жаҳонда?

Қулоғимга бетиним шивирлашмоқда: «Кексаю донишманд аёлсиз, сўзларингиз жарроҳнинг ипидай ирқларни бир-бирига маҳкам боғлаши мумкин. Жароҳатларнинг кўринмаслиги ҳам маҳоратингизга боғлиқ. Туйғулар, ҳаётий тажрибаю донишмандлик олдида ҳамиша ожиз. Уриниб кўринг, Ер юзидаги зулмат эмас, ёруғ кўчалар ҳақида сўзланг бизга. Одам зотига ишонганимиз учун уқубатга гирифтор бўласиз, деб қўрқитманг. Аксинча, ўша қўрқувни  қалбдан ҳайдаб чиқарувчи куч ҳақида сўзланг. Кўпни кўрган аёлсиз, фақат сиз болаларимизни суратларсизам ҳеч қачон бўлмаган чиройли ўтмишга ишонтира олишга қодирсиз. Фақат сўз бизни руҳий азобланишдан ҳимоя қилади».

Шу тахлит овозлар қулоғим остида айланганида ўша хаёлимдаги гўзал олам ҳақида сўзлашга тутиндим, бироқ тағин бош-қа, ингроқ товушлар хаёлимни тортиб кетди: «Бизга аёл бўлиш нималигини, эркак бўлиб туғилишнинг моҳиятини тушунтиринг. Гадойтопмас қишлоқларда яшаш қандай маънони англатишини айтиб беринг. Соҳилларда денгизда чўкиб хароб бўлган кемаларнинг қолдиқларидан сўзланг. Терисининг ранги қора бўлса-да, ерга тушаётган қор парчалари сингари тоза нафасли одамлар, туғилиб ўсган еридан зўрлик билан олисларга олиб кетилган қуллар, майин хиргойи билан ғамгин куй таралган вагонлар ҳақида гапирмайсизми? Қайси бекат улар учун охиргиси эди? Қўлини кўксига қўйганча ройиш бўлиб яшашга ўрганган ирқ жазирамаю қуёшни соғиниб йиғлаганини айтинг. Манзилга етиб келган машинист жинчироқ ёруғида умрида қор кўрмаган қулларнинг вагонларда музлаб ўлиб қолганини кўриб, ачиниб ҳам ўтирмаганини сўйлаб беринг. Қуллик, хўрланиш, азобланиш учун туғилган ирқ!

«Меҳмонхона эшиги   ташқарига очилди. Ичкаридан чиққан қизалоғу боланинг кўланкаси олислади. Улар бекатдаги ўриндиққа чўкди. Боланинг қўллари лампа тутиб турарди. Бир кун келиб шу қўллар қурол кўтариб, бир кекса аёлнинг ҳаловатини бузишга жазм этишига ишонгинг келмайди. Қизалоқ эса ўриндиққа қўнган қушчадан кўз узмасди. У қушчанинг олдига нон ушоқларини сочди. Кутилмаганда сукунатни қаршингизда турган кекса аёлнинг овози бузди: «Ниҳоят, — деди у болага қараб, — энди сенга ишонаман. Бугун қўлларинг чинданам қуш тутиб турибди. Қара, буни иккимиз  қандай ғаройиб тарзда уддаладик».

 

(Маъруза газета вариантида чоп этилмоқда)

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси