“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 58 марта кўрилган.

ТАСОДИФИЙ ЎҚ

Василий ШУКШИН,

рус адиби

Оёғи жонсиз эди. Туғилганидан бери шунақа ўзи: ингичка, қийшиқ... қуриб қолган палакдай осилиб туради. Сал-пал қимирлайди, холос.

Вақти-соати келгунча Колька бу ноқислигига унча аҳамият бермади. Тенгдошлари атак-чечак қилиб икки оёқлаб юришни ўрганганда, у уч оёқлаб юришни машқ қилди. Қўлтиқтаёқ халал бермасди. У бошқа болалар билан ўсиб-улғайди, бегона полизларга ошиб тушиб, ошиқ-мошиқ ўйнарди — ўйнаганда ҳам кифтини келтириб ўйнарди! — битта қўлтиқтаёғини четга суриб қўйиб, чап қўлига суянарди-да, мўлжалга оларди — шақ! — тамом, ярим дўжна1  ошиқ қайтиб давра айланмасди.

Аммо йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Колька кўркам, чайир йигитга айланди. Энди қўлтиқтаёқлар унга халал берадиган бўлди. Тенгқурлари моҳпораларни клубдан уйларига кузатиб қўйишганда, у жонига теккан икки «ҳамроҳ»ини ғирчиллатиб, тор кўчада бир ўзи кетарди.

Кольканинг зийрак нигоҳлари ўйчан боқадиган бўлди.

Қўшни йигитларни ҳар йили армияга кузатишарди: дам бирини, дам бошқасини, дам бир тўдасини... Шов-қин-сурон билан кузатишарди. Колька уйларининг соясида туриб, тирқишдан мўраларди. У ҳам армияга боришни истарди.

Бир сафар отаси, колхоз механиги Андрей Воронцов, ўғлининг мана шу машғулоти устидан чиқиб қолди... Билдирмасдан уйга кириб кетмоқчи эди, лекин Колька қадам товушларини эшитиб, ўгирилди.

— Нима қиляпсан? — деб сўради отаси ўзини билмаганга олиб.

Колька шолғомдай қизариб кетди.

— Ўзим, шунчаки, — деди-да, дастгоҳига йўналди (Колька қишлоқдошларининг соатларини тузатарди — бир қўноқдан ўрганиб олганди).

Вақт эса шувиллаб ўтаверарди.

Ҳаммани домига тортадиган воқеа содир бўлди: Колька севиб қолди.

Уларнинг рўпарасида, йўлнинг нариги юзидаги чоғроқ уйда овози ўткир қиз — Глашка турарди. Колька бу қизга ҳар куни деразадан тикиларди. Эрталабдан кечгача товонидан ўт чақнайдиган Глашка ҳовлида изғиб юрарди: гоҳ ертўлага тушиб-чиқади, гоҳ ғозларни қувиб юборади, гоҳ томорқаларига тушиб, эгатларни босиб-янчган чўчқалар сабаб қўшни қиз билан уришади... Уззукун фақат шу қизнинг овозини эшитасан.

Бир куни Колька қўшни қизга қараб туриб, э йўқ, бе йўқ ўзича ўйлади: «Эҳ... қанийди шунақа чиройли бўлмаганда, унга уйланардим-қўярдим». Ўшандан бери ҳар куни икки хаёли Глашкада бўлди. Бундан изтиробга тушарди. Недир бир куч уни дастгоҳидан туриб, эшик олдига чиқишга мажбур қиларди.

— Глашка! — деб чақирарди қизни. — Қачон эрга тегасан-а, ғунажин?! Тўйинг-да бир маза қилиб ўйнармидим!

— Ҳеч ким олмаяпти, Коля! — деб жавоб қиларди гапга чечан Глашка. — Мен аллақачон тайёрман!

«Сени қараю!» — деб ўйларди Колька ва ўйчан кўк кўзлари тиниб кетарди.

Қишлоқ узра июлнинг мовий осмони олис-олисларга чўзилиб кетган. Милт-милт қилган сароб ичра кўзга эртакмонанд хаёт кўринади. Тонг шафағи анҳорга ёпирилиб ташланади-да, атроф жимиб қолади. Тунлари ҳам сокин... Бу сукунат ҳам ширингина, ҳам азоб бериб юракни эзади.

Ёзда Колька бир девори кўчага қараган омборчада ухларди.

Бир сафар ана шу деворга бир жуфтлик келиб суянди. Кольканинг юрагига санчиқ турди — у Глашкани таниди, гарчи девор ортидагилар анчагача жим турган бўлса-да. Кейин Колька уларнинг пичир-пичири ва ҳиҳилашларини эшитиб ётди. Ўша тунда у қўлтиқтаёқларини лаънатлади. Юзини болишга буркаб йиғлади. Ортиқ бундай яшай олмасди!

Тонг ёришгач, фелдшерникига борди. Фельдшер билан қалин эди — бирга-бирга овга чиқар, балиқ тутарди.

— Каллайи саҳардан туриб олибсанми? — сўради фельдшер.

Колька эшик тагига ўтириб, қўлтиқтаёғининг учини ерга суқди...

— Ортиқча пистонинг йўқми? Ўзимники тугабди.

— Пистонми? Ҳозир кўрай-чи. — Фельдшер ичкарига кириб, бир дақиқадан кейин бир ҳовуч пистон олиб чиқди. — Ма.

Колька пистонларни чўнтагига солиб, чекди... Зўрама-зўраки тиржайиб, фельдшерга қаради ва ўрнидан турди.

— Пистон учун раҳмат.

— Бемалол. Ўзим ҳам овга чиқардим-у... — фельдшер хўрсиниб, кал бошини қашиди. — Лекин.. лекин таътил августда-да.

Колька дарвозадан чиқиб, тўхтади. Йўлга узоқ қараб қолди.

Ортга қайтиб, яна дарвозадан ичкарилади.

— Ма, пистонларингни, — деди у фельдшерга. — Ўзимники тиқилиб ётибди.

Фельдшернинг қошлари чимирилди.

— Тушунмадим.

— Оёғимни кўриб қўй... ясама оёқ қўйдирмоқчиман. Ҳиқилдоғимга келди бунақа юриш.

— Ҳа, шунақа демайсанми, — фельдшер Кольканинг кўзларига тикилиб туриб... довдираб қолди. — Қани, бир кўрайлик-чи.

Икковлашиб мажруҳ оёқни узоқ текширишди.

— Манави ерини сезяпсанми?

— Сезяпман.

— Бу ерни-чи?

— Қани, яна бир марта... Ҳа, сезяпман.

— Қимирлат. Яна. Энди ёнга. Қимирлат, қимирлат. Шундай. — Фельдшер қаддини ростлади. — Умуман олганда... Гапнинг қисқаси, уриниб кўр. Ҳозир аниқ бир нарса деёлмайман-у, лекин уриниб кўриш керак. Мана бу еридан кесиб ташланади. Тушуняпсанми?

— Тушуняпман.

— Таваккал қилавер. Дарров оёққа туриб кетолмайсанку-я, бироқ тер тўкишинг-га тўғри келади. Уқдингми?

Колька уйга кела солиб, йўлга тадорик кўришга тушиб кетди — шаҳарга, шифохонага боришга қарор қилди. Онасига нега кетаётганини айтмади, отасини кўчага чақириб, тушунтирди:

— Бориб, оёғимни кестираман.

— Қанақасига? — Андрейнинг кўзлари дўлайиб кетди.

— Ясама оёқ қўйдирмоқчиман.

Бир ҳафтадан сўнг Кольканинг оёғини кесишди. Йигирма етти сантиметрли чўлтоғи қолди.

Яра оз-моз битгач, ёпинчиқ тагида чўлтоғини қимирлатиб шуғуллана бошлади.

Отаси кўргани келди. Каравот ёнида узоқ ўтирди... Кесилган жойига қарагиси келмади: нима бўлганда ҳам оёқ эди-да. Энди ўшаям йўқ.

           * * *

Кейин Колька уйга кирмасдан кетди.

Уйга ярим ойдан сўнг қайтди... Қўлида қопга солинган аллақандай узун матоҳ ҳам бор. Колькани «оёқсиз» кўрган онаси оҳ тортиб юборди. Колька тиржайиб тураверди...

Қопни очиб, полга лок суртилгандай ялт-юлт ялтиллаган ясама оёқни ташлади.

— Мана... оёғим.

Ҳамма ясама оёққа қизиқсиниб қаради. Колька эса бир чеккада тиржайганча тураверди: йўлда ясама оёққа обдон қараб олганди.

— Ялтиллашини қаранг... Ё Худойим! — деди онаси.

Отаси механик сифатида ясама оёқни қўлига олиб, синчиклаб кўздан ўтказди.

— Тоза матоҳ, — деб хулоса қилди отаси. — Кузьма бобоникига ўхшаган ёғоч эмас.

Хуллас, ясама оёқ ҳаммага ёқди. Ҳамма, жумладан, Колька ҳам ишонардики, бунақа қиммат ясама оёқда анча-мунчаси юролмайди. Ахир бу матоҳ асл, тоза материалдан мустаҳкам, бежирим қилиб ишланган: ҳар хил қадамалари, мурватлари бор.

— Қачон синаб кўрасан? — деб сўради отаси ясама оёқни қўлида салмоқлаб кўраркан.

— Яра яхшилаб битсин, кейин. Шошилмасликни маслаҳат беришди.

 

           * * *

Қоп-қоронғи тун. Олисларда чақмоқ чақади.

Колька элбурутдан омборчасига кириб кетди. Ётиб, кута бошлади.

Бутун қишлоқ сув қуйгандай жимжит.

Бирпас ўтиб Колька чироқни ёқди ва ясама оёқни тақишга тушди. Тақди. Ке-йин тамаки бурқситди. Чекиб туриб ясама оёғига тикилди.

— Туппа-тузук оёқ-ку... Ҳеҳ!

Ҳафсала билан попирисини ўчирди. Турди. Турди-ю, маст одамдай мункиб кетди. Каравотнинг путидан аранг ушлаб қолди. Ўзини ўнглаб, соғ оёғи билан қадам ташлади. Чапини, ясама оёғини жойидан қимирлатолмади. Йиқилиб кетди. Яна каравотни ушлаб қолди... Ясама оёқни тортиб-тортиб боғлади. Юраги дук-дук уриб кетди.

— Ҳечқиси йўқ. Бироз тер тўкишга тўғри келади, — дея ўзини овутди.

Яна бир уриниш — бефойда. Чап оёқ ҳеч бўйсунмасди. Шунда Колька ўнг оёғи билан катта қадам ташлаб, бутун гавдаси билан чап оёғини тортишга чиранди. Яна қулади. Анчагача ерда ётди. Чап оёқ ярим қадам бўлса-да, одим отишга ярамасди.

— Ҳап сеними, палид! Ўрганмагансан-да, — деб қўзғалди Колька. Яна бир марта уринди. Қайта-қайта уринди. Барча уринишлари чиппакка чиқаверди.

Колька ҳарсиллаб қолди.

— Бир тутатиб олайлик, тағин ҳаракат қиламиз. — У алам билан ўзига-ўзи гапирарди. Муваффақиятга эришишига ишонмай қўйди, аммо буни тан олгиси келмасди. Асло! Қандай қилиб тан олади ахир?

Тортиб-тортиб чекди. Ке-йин жон-жаҳди билан ясама оёқда юришга тиришди. Яна муваффақиятсизлик. Такрор ва такрор.

Колька болохонадор қилиб сўкинди-да, каравотга узалди. Шу пайт каравот тепасига осиғлиқ турган милтиққа кўзи тушди... Секин ўрнидан турди... Яна-тағин чап оёқда юришга уриниб кўрди.

— Барибир юрасан. Қани... Ҳўппа! Ах, палид!

Безиллаб қолган чўлтоқ лов-лов ёнарди. Колька ясама оёқни ечиб, чўлтоғига пуф-пуфлади. Сўнгра, оғриққа бардош бериб, ясама оёқни қайтадан тақди.

— Ҳозир мен сени... Қани! Тағин юрмайсанми?

Тонг отди.

— Ифлос! — деди Колька ва жойига ётди. Кўзларини чиппа юмиб олди. Мой босган бир башара Кольканинг устига энгашди-да, разилона иршайди. Колька кўзини очди... — Ҳа-а, сенми, мараз, — деб девордаги милтиқни олди...

Отаси кўнгилсизлик ҳақида эртаси куни кечки маҳал эшитди (захира асбоб-ускуналар учун туман марказига тушганди). Уйга келиши биланоқ бўлган воқеани ҳовлиқиб гапириб беришди. Ота шартта отининг бошини бурди-да, касалхонага қараб елиб кетди.

— Ҳозир кирмаганингиз маъқул, — тушунтирган бўлди доктор. — Ҳозир у...

Ота докторни нари итариб, палатага чопди.

Ҳамма ёғи бинтланган Колька чалқанча ётарди... Ранги докадек оппоқ, туққан онаси ҳам танимайди — қандайдир ёт-бегона. Аҳволи абгор. Палатада йод ҳиди анқирди.

Ғам-аламдан отасининг пешанасидан совуқ тер чиқиб кетди.

— Менга айтсанг бўларди-ку! Керакли жойга отган бўлардим... Бунақа қийналмасдан дарров... — Отанинг овози қалтираб кетди... Пешанасидаги терни артиб, каравот ёнидаги курсига чўкди.

Колька отасига кўзини қийшайтириб қаради... Лабларини қимирлатди...

— Оғрияптими? — сўради отаси.

Колька кўзини юмиб-очди: оғрияпти.

— Эҳ... — деб ота палатадан чиқди.

— Гап бундай: ҳаммаси унинг қанчалик яшашни исташига боғлиқ. Тушуняпсизми? Организмнинг ўзи...

Ота мусибатдан ўзини йўқотиб қўйди: докторнинг ёқасидан олди:

— Сен нима қиляпсан бўлмаса бу ерда? Организм!

— Эсингизни йиғинг. Қўйворинг. Қўлимиздан келганини қиламиз.

Андрей докторни қўйиб юборди, палатага қайтиб кирмоқчи эди, эшик олдида тўхтаб қолди... ва касалхонадан чиқиб кетди. Анча жойгача бориб қолганди, отда келгани эсига тушди. Извошга ўтириб, отни қамчилади...

Кольканинг онаси кўрпа-тўшак қилиб ётарди — мусибатни кўтаролмай хасталаниб қолганди.

— Тузукми? — деб сўради уйга кириб келган эридан.

— Агар унга бирон кор-ҳол бўлса, сениям соғ қўймайман. Ўлдираман. Болта билан чопиб ташлайман. — Андрей оппоқ оқарган, кўриниши даҳшатли эди.

— Вой Худойим...

— Худойим, Худойим!.. Топган гапинг шу! Битта болани икки оёқли қилиб эплаб туғолмадинг! Ҳозир мендан кўрасан! — Андрей токчадан авлиё Николайнинг бутини олиб, полга уриб синдирди. — Мана, мана! Керакми!

— Андрюша!.. Худойим... У Глашкани деб шундай қилган. Маккор илон ҳам уни севганда эди, ўғлимиз соппа-соғ юрарди, ҳозир эса игна ютгандай.

Андрей бирмунча вақт хотинига меровсираб қараб турди.

— Қайси Глашка?

— Қайси бўларди, қишлоғимизда битта Глашка бор ўзи.

Андрей Глашкаларникига йўналди.

— Андрей тоға!.. Наҳотки, мени деб шундай қилган бўлса? Энди нима қиламиз?

— У тузалиб кетади, — Андрей шарақ этиб юзига урди. — Агар унга айтсангки... ҳим... тузалиб кетармиди. Дўхтир айтдики: агар унинг ўзи яшашни хоҳласа... Уни алдаб кўр. А, нима дейсан?

Глашка кўз ёши қилди.

— Бундай қилолмайман. Унга жудаям ачинаман, лекин айтолмайман. Бошқасига ваъда берганман...

Андрей ўрнидан турди:

— Фақат ҳўнгиллама... Сал нарса бўлдими, дарров уввос тортишади бу товуқмиялар. Айтолмайсанми, тамом-вассалом. Йиғлаганинг нимаси? Бу ерга келганимни ҳеч кимга айтма, — Андрей яна касалхонага йўл олди.

 

           * * *

Колька ўша-ўша шифтга термилиб ётарди.

— Ҳозир уйга бордим... — Андрей қадоқ қўллари билан тиззасини силади... этигининг қўнжини тўғрилади. — Йўл-йўлакай Глашкаларникига кириб ўтдим...

Колька отасига ҳайрон бўлиб қаради.

— Бояқиш йиғлади. «Нега менга миқ этмади у аҳмоқ? — деди. — Мен жон-жон деб унга турмушга чиқардим», — деди...

Кольканинг ёноғи андак қизарди... кўзини юмиб, очмай ётаверди. Ота узоқ кутди: ўғли нега эшитишни истамаётганини тушунмасди.

— Ўғлим...

— Кераги йўқ, — деди Колька лабининг бир четидан. — Алдаманг, дада... шундоғам номусга қолдим.

Андрей палатадан қадди дол бўлиб чиқди.

Касалхонадан сал нарида Андрейнинг қошига Глашка чопиб келди.

— Унга айтаман, Андрей тоға... майли! Розиман, дейман, тузалиб кетса бас.

— Керакмас, — деди Андрей. Қовоғини уйиб оёғининг тагига қаради. — Шундоғам тузалиб кетади. Алдасак, баттар бўлади.

 

***

Колька тузалиб кетди.

Бир-икки ҳафтадан сўнг каравотда ўтириб, пинцет билан соат кавларди — палатадоши кўриб беришни илтимос қилганди.

Офтоб чарақлаган. Дераза ортида августнинг чошгоҳи ҳаётнинг ёрқин ва сокин куйини чалади. Бўялган тунука том ва ялпиз қуёш тафтидан қизиб ис таратади. Касалхона ҳовлисида иссиқдан мияси айниган хўроз дамо-дам қичқирарди...

— Бекорга бунақа қичқирмаяпти, — деди кимдир. — Макиёни хиёнат қилган.

— Томоқ қириб қичқираётгани қаёққа қаради?

— Буми?.. Меҳнат сафарига кетганди — қўшни ҳовлига.

Колька юзини болишга буркаб, секингина куларди.

Битта-яримта қандай қилиб бу аҳволга тушганини сўраса, Колька дув қизариб, истар-истамас жавоб берарди:

— Бехосдан, — дерди-да, соатга уннарди.

Отаси ҳар куни касалхонага келиб турди... Каравот ёнидаги курсида узоқ вақт ўтирарди. Ўғлининг соат тимирскилашига тикиларди.

— Уй тинчми? — сўрарди Колька.

— Бир нави. Жойида. Парракни йўқотасан, — деб ёпинчиққа тушиб кетган майда парракни ушлаб олиб, ўғлига узатарди отаси.

— Буни соат капгири дейишади.

— Зиғирдайлигини қара! Буни ясашганини айтгин.

— Ҳа, заводда ҳамма нарсани ясашади.

— Мен, масалан, ўлдиришса ҳам бунақасини умримда ясолмайман.

Колька кулиб қўярди:

— Сиз — бу сиз. У ерда эса уддалашади.

Андрей ҳам кулади... тиззасини кафти билан силаб:

— Ҳа, у ерда ҳамма нарсанинг эвини қилишади, — дейди.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

 

Дўжна – ўн икки дона; ярим дўжна – олти дона (изоҳлар таржимонники).