“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 47 марта кўрилган.

АДАБИЁТ МАВЖУД ЭКАН, ЭЗГУЛИКНИНГ ЁҒДУСИ АСЛО СЎНМАЙДИ

Казио ИСИГУРО,

Нобель мукофоти лауреати

Казио Исигуро — япон миллатига мансуб Британия ёзувчиси. Унинг бугунга қадар «Куннинг қолган ярми», «Қўйворма мени», «Дафн этилган дев» сингари бир қанча романлари чоп этилган ва жуда кўплаб тилларга таржима қилинган. Швед академияси ёзувчининг ижодини жорий 2017 йилда Нобель мукофотига лойиқ топди.

 

— Яхшимисиз, Смит жаноблари, аҳволларингиз қалай?

— Шукр, юрибмиз. Қўнғироққа жавоб берганингиз учун ташаккур. Бу мен учун ҳақиқий шараф. Аввало, Нобель мукофотига лойиқ топилганингиз муносабати билан сизни қутлагани ижозат этинг.

— Раҳмат. Гўшак олдида куттириб қўйганим учун хижолатдаман. Кутилмаганда шунча ғала-ғовур... Бу қадар эътиборгаю эҳтиромга сазовор бўлиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Эшигим олдида оммавий ахборот воситалари ходимларини кўриб, ҳушим бошимдан учай деди. Улар дарвоза олдида турнақатор бўлиб турибди. Ташқарига чиқишнинг иложи йўқ, йўлни тўсиб қўйишган.

— Тўғриси, тасаввур қиляпман. Бугунги тонг сиз учун дафъатан бошқача тарзда отганини, кун эса қай тариқа ўзгарганини кўз олдимга келтирдим. Янгиликдан қандай хабар топдингиз?

— Ошхонада ўтириб, яқин оғайнимга нома битаётган эдим. Бирдан телефон жиринглаб қолди. Ҳаммаси шундан бошланди, бироқ ўша  пайтда бу гапларда ҳали ҳеч қандай аниқлик йўқ эди. Яқинларим тўғридан-тўғри эфирда кўрсатилган эълондан хабар топишган экан. Кўп ўтмай қўнғироқ устига қўнғироқ бўлаверди. Кимдир табрикларди, кимдир бу миш-мишми ёки ҳақиқатми аниқлашга уринарди. ВВСдан қўнғироқ қилишганидан кейин янгиликка жиддий қарадим. Ҳозир эса оломоннинг таъқибидан қўрқиб, ташқарига чиқолмай ўтирибман. Интервью олишни истайдиганларнинг чек-чегараси йўқ.

— Юз берган ҳодисани қандай қабул қилдингиз?

— Йўқ! Йўқ! Ўйлашимча, ҳали ҳаммасини англаб, моҳиятига етгунимга қадар анча вақт ўтиб кетади. Демоқчи бўлганим, ҳозир юз бераётганлари ёзувчи учун ўта бемаънилик даражасидаги ҳашаматки, гўё тушда кечаётганга ўхшайди. Ҳиссиётларимни ошкор этишдан аввал ижод аҳли учун Нобель мукофотидан юксакрок мукофот йўқлигини ҳам алоҳида эътироф этмоқчи эдим. Назаримда Швед академияси холис нигоҳи билан шу даражага эриша олди. Бутун дунё ижодкорлари бу мукофотга эришишни ўзига шараф билади. Узоқ йиллардан буён Академия ўз нуфузини сақлаб келяпти ва турли соҳадаги ижодкор одамларга мукофот тақдим этиб, юксак эътирофига мушарраф қилмоқда. Тўғрисини айтганда, бу мен учун ҳам шараф... Ўзинг суйган муаллифлар қаторида туриш... Кўзларинг очиқ бўлса-да, ҳаммасини ўз кўзинг билан кўраётганингга қарамай ишониш қийин. Тағин Боб Диландан кейин лауреат бўлишни айтмайсизми?! Унинг ижодига муҳаббат ўн уч ёшимда туғилган. Бир вақтлар кумирларим орасида унга етадигани йўқ эди.

— Энди чинданам зўр даврадасиз.

— Ҳа, шундай. Биласизми, Боб Диланга тақлид қилиш қўлимдан келарди, бироқ ҳозир бундай қилмайман.

— Афсус, бир кўрсак бўлар экан. Эҳтимол, декабрда Стокгольмга келганингизда кўрсатиб берарсиз.

— Балки...

— Сиз яшаётган мамлакатда ҳозир юз бераётган воқеалар мулоҳазаларингизга алоҳида мазмун бағишлайдими?

— Ўйлайманки, ҳа. Телефон гўшагини кўтаришдан бурун мен матбуотга баёнотга ўхшаш бир нима ёзаётган эдим, тўғрироғи, уч қаторда нималар ёзишим мумкинлиги ҳақида бош қотираётгандим. Ҳозир қарийб олтмиш уч ёшни уриб қўйдим, бироқ Ғарбий оламда маънавий бойлигимизга нисбатан бетайин муносабат қачон юзага келганию ҳукмронлик қила бошлаганини эслолмайман. Бу фақат бизда эмас, бутун Ер юзида содир бўлмоқда. Инсоният маънавий бойлигига муносабат ва лидерликка ҳаракат борасида улкан бемаъниликка дуч келган. Одамлар ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти. Ҳаловат ўрнини хавотир эгаллаган.

— Асарларингизда инсониятнинг дунёдаги ўрни, унинг оламга муносабатини қаламга олгансиз.  Китобларингизнинг асосий мавзуси ҳам шу.

— Ҳа, мен ҳам шундай деган бўлар эдим. Каминани ҳар доим бир мавзу ўйга соларди. Кимдир кичик ё кимдир катта мамлакатларда яшайди, бироқ шунга қарамай ҳар бир инсоннинг ҳақиқатнинг моҳиятини излаётган ва муҳаббатни топишга уринаётган алоҳида олами, сайёраси, макони мавжуд. Лекин мана шу оламларнинг ҳар бири Ер юзидаги сиёсий-ижтимоий воқеалар билан тўқнашишга мажбур. Юз бераётган ҳодисалар инсоният қарашларинигина эмас, балки қисматини ҳам ўзгартириб юборади. Биз ўзимизнинг кичик дунёмизда яшаш билан бирга, катта дунёда ҳам истиқомат қиламиз. Инсоният на биридан ва на иккинчисидан узилишга қодир ёки бўлмасам, на бирини ва на иккинчисини унутиши мумкин.

— Ёзувчи сифатида мулоҳазаларингиз юксак эътирофга мушарраф бўлди. Бу эътибор ҳақида қандай фикрдасиз ва сизни нималар кутяпти?

— Тўғриси, ўзимни жуда ноқулай ҳис қиляпман. Ҳеч қачон бугунги тонгни бошқачароқ отади, деб хаёлимга келтирмаганман. Лекин давлат, оммавий ахборот воситалари ва одамларнинг эҳтироми мукофотга қай даражада юксалигининг ҳам гувоҳи бўлдим. Агарда акси бўлганда, ўшанда ташвишга тушишим тайин эди. Биров шундай мукофотга лойиқ кўрилсаю ҳамма бунга бефарқ қараганида инсоният учун маънавиятнинг нақадар қадри қолмаганини ҳис қилиш мумкин бўларди.

— Илоҳим, бундай кун ҳеч қачон келмасин.

— Истагингиз ижобат бўлсин. Адабиёт — буюк куч. У ёвузликни енгишга қодир қурол. Инсониятни жаҳолатдан қутқариш адабиётнинг зиммасидаги масъулиятли вазифа. Усиз дунёни тасаввур қилишга қўрқаман. Адабиёт мавжуд экан, Ер юзида эзгуликнинг ёғдуси асло сўнмайди. Бунга ишончим комил.

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур! Сизни сабрсизлик билан декабрда Стокгольмда кутамиз.

— Раҳмат. Ўзим ҳам ўша кунларни кутяпман. Сиз билан гурунглашиш мароқли бўлди, жаноб Смит.

— Миннатдорман. Омонликда кўришгунча!

Нобель медиа бўлимининг бош илмий ходими Адам СМИТ суҳбатлашди.

Инглиз тилидан

Вазирабону АСАДОВА таржимаси