“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 40 марта кўрилган.

ҲАЁТНИНГ СИРЛИ ҚУВВАТИ: НАЗМ УЧУН!

Габриэль Гарсиа МАРКЕС,

Нобель мукофоти лауреати

Шундай улуғ мукофот билан тақдирлаганим учун Швед академиясига миннатдорчилигимни билдираман. Қалбимни ғаройиб туйғулар чулғаган. Мукофот каминани ўқувчилик йилларида дунёқарашини кенгайтириб, ҳар кунлик адоқсиз азобдан иборат ёзувчилик дунёсини бойитган буюклар қаторига қўйгандай гўё. Шу лаҳзаларда уларнинг номию китоби гўё шарпалардай атрофимда гирдикапалак бўлаётганини ҳис қиляпман. Улуғларнинг тафти бутун вужудимни илитаётгандек назаримда. Улар мени ҳимоя қиляпти ва бировга мутеъ эмаслигимни юрак-юракдан туйишимга ёрдам бераётир. Бўйнингдан шундайин оғир юк пастга тортишга уринаётганига қарамай озод қуш каби руҳинг кўкларда сайр қилиб юрса яхши-да. Бу шундай оғир ташвиш ва залварли юк эканки, қалам аҳли уни фахр билан елкасига олган. Бу улуғ, қутлуғ, қаттол қисмат кўзимга адолатлидай кўринарди. Энди эса ҳаммасини тақдир томонидан берилган кутилмаган сабоқ каби қабул қиламан, яъни бутун инсоният ҳали моҳияти англанмаган ва адоғига етмаган шахмат ўйинида тахта узра ҳаракатланаётган шахмат доналари эканлигини фаҳмлайман. Мазкур ўйинда ҳузур-ҳаловатга одатда жабру жафо, жумбоғу унутиш орқали етилади.

Ҳақиқат билан юзлашганда, арши аълода қаттиққўл қозининг назаридан қочмаган пешонага битилган ёзғириқ туфайли содир этган гуноҳу савобим учун сўроққа тутилишимни биламан ва бу ҳеч ҳайратланарли эмас. Сохта сиполикдан холи равишда тан оламанки, ишонишим мумкин бўлган ва айнан менга зарур сабабни англашим осон кечгани йўқ. Биродарларим, бу аслида назмни қутлаш маросими эканлигига ишонишни истайман. Номию шарафи ҳақига «Илиада»да қария Гомер таърифлаганидек, шамол беҳисоб кемаларни гирдоб сингари айлантирган, ўша назмни муборакбод этамиз. Ўрта асрларда оғиру улкан меҳнат юки билан Дантени шоҳсупада кўтариб турган шеъриятни табриклаймиз. Асрлар давомида йиғилган дарду армонларимизни қуюқлаштириб, Америкамизни «Мачу Пикчу чўққилар»ига қадар олиб чиққан ва ширалию мўъжизавий шеърият билан баҳосини оширган буюк Пабло Нерудага бош эгиб таъзим қиламиз. Ахир назм, бу — Худо берган куни ошхонада нўхат қайнатаётган, одамларга муҳаббат юқтириб, кўзгуда образларни акс эттирадиган ҳаётнинг сирли қуввати.

Ҳар бир сатримда озми-кўпми шеъриятнинг тутқич бермас руҳини омадли тарзда тутиб қолар эканман, сўзларда ишончиму имонимнинг башоратларинию ўлимнинг соқов кучлари устидан қозонилган ғалаба аксини қолдираман. Менга аталган мукофотни эса сиполик билан уринишларим бесамар кетмаганини яна бир карра ҳис этган ҳолда қабул қилдим. Шунинг учун ҳаммангизни икки Американинг ҳам буюк шоири Луис Кардоса-и-Арагон Ер юзида инсониятнинг мавжудлигини ягона аниқ далил тариқасида исботлаган — шеърият шарафига тантанали равишда қадаҳ кўтаришга чорлайман. Келинг, назм учун олайлик!

Ташаккур!

8 декабрь, 1982 йил. Стокгольм. Инглиз тилидан Моҳинур РУСТАМОВА таржимаси