“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 162 марта кўрилган.

У ГУЛХАНДА ЯШАДИ

Ҳаётдан кетаётганида у қуйидаги сўзларни ёзиб қўйган экан: «Кечиринг, кўтаролмадим...». «Современник» у ҳақда шундай ёзади: «Гулхан ичра яшади у ва шеърларини ёниб ўқирди. Ўз Ватанида ва ўз туйғулари билан кунни тунга улаб, умр кечирди. Марина Цветаеванинг қисмати шу қадар аччиқ, шу қадар фожиали ва шу қадар аянчли эдики, бундай тақдир у билан бир даврда яшаган ҳеч бир замондош шоирга насиб этмаган».

«Эртаклардан-да гўзалроқ болалик»

Болалик йиллари Цветаева учун гўё бахтли олам эди. Шоир ўша лаҳзаларни бутун умр ёрқин хотиралар билан эслади. Ўша бахт, ўша сурурнинг мазаси назмию насрида акс этди: «Сен менга эртакдан гўзалроқ болалик ҳадя этдинг — ўн етти ёшимда ўлим бер?» деб ёзган эди бир шеърида. Марина, «тарбияси оғир ўсмир», ўзини ўлдирмоқчи эди, куппа-кундуз куни, театрда, бир тўда одамлар орасида. Гимназиядан хаёлпарастлиги учун ҳайдалди. Устига-устак Марина яширинча шеърлар ёзарди ва ўз пулига «Кечки альбом»ни нашрдан чиқарди.

Унинг болалиги Тверской бульваридаги Муқаддас булоқ яқинида жойлашган хизматкору оқсочлари талай бўлган бир қаватли ёғоч саройда ўтган. Унда кечаларни электр чироғи эмас, балки керосин лампалар ва юлдузлар ёритиб турарди. Улар ёз бўйи Таруса1 ю Ока бўйида сайр қилардилар. Европада ҳам яшашарди.

Цветаева Москва деса ўзини томдан ташларди. Бутун йўлни шеър айтиб, яёв босиб ўтарди. Бироқ 1939 йилда Париждан қайтгач, Марина бошқа ўз бошпанасига эга бўлмади. Ҳаётининг сўнгги йилида уйсиз, ҳеч кимга кераксиз, гоҳ ўғли, гоҳ лаш-лушлари билан кўчаларда соатлаб сандироқлаб, сарсон-саргардон шарпадай изғиб юрарди. «Бир вақтлар биз, Цветаевалар, Москвани тортиқ қилганмиз, бугун эса у мени сиғдирмаяпти, ҳайдаяпти. Хотира тахтасини эмас, ёзув столи, тагида поли, тепасида шифтию тўрт девори бор — биттагина уй сўраяпман ахир...» — деб ёзарди у.

 

Ўзига хос шоир

1917 йилда йигирма беш ёшли асилзода, бадавлат меросхўр (ота-онаси оламдан ўтганди), қип-қизил ёноқли бўлиққина қиздан мовий кўзли нозик гўзалга айланган эрли хонимни ва анча кўзга кўриниб қолган шоир ҳаётини тақдир шафқатсизларча ағдар-тўнтар қилиб юборди.

Цветаева, унинг назмию насри бошдан-оёқ самимият, ҳайрат, иштиёқ, тўлқину тарона... «Унинг шеърларини ўқиб бўлмайди. Мисралар ўз-ўзидан куйга қоришиб кетади!» — деб ёзган эди шоир шеъларини Бетховеннинг бешинчи симфониясига қиёслаган Андрей Белий2.

Цветаеванинг шеърларини донгдор шоирлар аёлларга хос гўзал алжираш, шунчаки «безак берилган нафис мисралар», деб айтолмасдилар. Айнан шундай сўзларни қўллаган Брюсов ҳам, Гумилёв ҳам ва ҳаттоки, Мандельштам ҳам Марина ижоди ҳақида қалам тебратаётиб.

Цветаева ҳар доим ўзига хос эди. Ана шу ўзига хослиги, ўзгачалиги, ғурури баландлигию қўполлиги билан ҳам яккаю ягона эди.

Шеър билан кун кўргани ҳозирча эҳтиёж йўқ. У эри Сергей Эфронни жонидан ортиқ суяди. Хонимнинг ўз уйи, бир эмас, аллақачон икки қизи бор. «Мен шунчаки яшаяпман, ясан-тусан қиламан, мушугимни эркалайман ва шеър ёзаман...» Бахтнинг сўнгги ойларида: «Табиатан қувноқман. Бахтиёр одам ҳаётдан завқланиши керак. Шундай ноёб неъмат билан сийланганни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаш лозим. Ахир ундан бахтнинг нафаси уфуриб туради. Мендан ҳам. Керагидан ортиқ...».

 

«Жаҳаннам

арғимчоқлари»

Бироқ тебратувчи тақдир ихтиёри билан «жаҳаннам арғимчоқлари» шу даражада кучли ва шиддат билан айландики, ҳаммасининг оёғи осмондан бўлиб кетди. 1920 йилда у: «Аста-секин ўлишни шунчалар истайманки...» деб ёзади. Кейинроқ: «Марина исмимга «жафокаш» сўзини қўшиб айтинг», ўлимидан озгина аввал эса: «Мана, бир йилдирки, кўзларим билан илгак излайман...» сингари жумлалар шоир қалбидан қоғозга кўчади. Марина, шўрлик Марина! «Қизил Русь ерлари уни қонига ташна қилиб юборди!» У бу бахтиқаро шоирга ўгай кўз билан қаради, бир марта ҳам бошини силагани ярамади. Йўқ, йўқ, ўлдирмади, ер билан яксон қилди буюк шоирни! Ҳаётини шундай заҳарладики, аста-секин ўзи ўлимга рози бўлди. «Марина, сиз қуйиб қўйгандай қаримсиқ, бадбашара, қишлоқи кампирнинг ўзгинасисиз», деганди қирқ саккиз ёшли онасига Худодан тилаб олинган, изтиробу хўрлик кўриб улғайган, истеъдодли, бироқ қаҳри қаттиқ йигит. Атрофдагиларнинг Цветаева ҳақидаги сўнгги хотираларидан шундай таассуротлар уйғонади: 1941 йил, ёзувчиларнинг оиласини Москвадан Чистополга олиб кетилаётган кема саҳни. Бир кампир Парижда сотиб олинган ёрқин жун ип калаваларини сотиб юрибди (китоблар, кийимлар ва буюмлар Москвадаёқ пулланган, қўлга илинадиган бошқа ҳеч нарса қолмаган эди). Ўрамларнинг пулига у новча йигитга нон билан пишлоқ харид қиляпти. Боласининг қорнини тўйдириш учун бечора онанинг жони ҳалак эди. Дўстига битган мактубида: «Марина Ивановна ўзини осиб қўйди. Унинг бу ишини қўллайман», деб битган ўша арзандасига ўзи емай едирарди.

Тўнғич қизи Аля, Ариадна онасининг сирдош дугонаси, ўн йил қамоқ лагерларида яшади, олти йил сургунда уқубатли йилларни бошдан кечирди. Кенжа қизи Ирина эса уч ёшга тўлмай вафот этган эди. 1920 йилда Москвадаги меҳрибонлик уйларидан бирида, очликдан силласи қуриб ўлди шўрлик. Умр йўлдоши Сергей Эфронни эса 1941 йилда ё Орловск централ3 ида ёки Москва яқинидаги НКВДнинг отиш майдончасида отиб ўлдиришганди. Эрининг, оқ гвардиянинг биринчи зобитларидан бўлган ўзининг «оққуши» қисматидан Марина Ивановна буткул бехабар эди, худди синглисининг кечмиши каби. Али, Анастасия Цветаеванинг бир қориндан талашиб тушган жондан азиз синглиси икки марта қамалиб чиққани етмаганидай ва Узоқ Шарқдаги лагерларга сургун қилинган эди. Унинг тақдири ҳам шоир учун қоронғилигича қолди.

Ўғли 1944 йил Белоруссиянинг Орша тумани яқинидаги жангларда ўн тўққиз ёшида вафот этди. Цветаеваларнинг оиласидан ҳамма учун фақат ягона қабр қолди — Ариаднаники — Тарусда. Шоирнинг уруғ-аймоғи қириб ташланди, ижоди эса Ватанда қирқ йилга тақиқланди.

 

Шоир ва қисмат

Беихтиёр агарда Цветаевага чинданам ўзи истаганидай ўн етти ёшида ўлим берилганида нима бўларди? У уч даҳшатли урушнинг уқубати, инқилобнинг қонли тўқнашувлари, яқинларининг ўлимию қамалиши, қашшоқлик, очлик, хўрлик (Елабуганинг сабзавотлар хўжалигида унга иш беришмаган, лекин садақа тариқасида узатилган эллик рублга шоир қайрилиб ҳам қарамаган) каби дўзах азобларини бошдан кечирмасди, Чехияда ҳам, Парижда ҳам, ҳатто эвакуацияда ҳам шундай бўлди. Шоир ўлими олдидан ишга жойлашишга уринганди, бироқ уни кўкрагидан итардилар. Бундай изтироблар бўлмаганида буюк шоир ҳам йўқ эди. Бу қадар кучли, оташин, фожиали, бетакрор шеъриятдан рус адабиёти бебаҳра қоларди. Унинг шеърларини чоп этмадилар, иш бермадилар, ҳайдардилар, ундан қочдилар, унга хиёнат қилдилар, дарбадар, оч-наҳор юришга мажбурладилар.

Бир куни шоир таниши билан Тверской кўчаларини айланиб юриб, бироз ириган пиёзни ердан оларкан: «Парижда оилам учун бозорда танланган сабзавотлардан шўрва қайнатардим-а», — деган экан. У ўтин ташир, арралар, челаклаб сув ва халталаб ун ташир, самоварда музлаган картошкани қайнатар, овқат топиш илинжида минглаб чақиримларни босиб ўтар, қолган-қутганларни чумолидай орқалаб келарди. Ўзини осиб қўйган куни у эгнидаги фартугини ечмасдан стол устида учта хат ва товада ухлаб ётган ўғли учун қовурилган уч балиқни қўйиб кетган экан.

Бир сафар Марина шеър ўқиб турганида ҳайратланган ўспирин: «Нега қўлларингиз бу қадар қорайиб кетган?» — деб сўради. Цветаева: «Мен ҳар доим картошка тозалайман», деб жавоб берган экан. Йигитча кўзлари ёшланиб, шоирнинг қўлларини ўпиб пешонасига сурган экан.

«Марина — туйғунинг одами», — деб ёзган эди у ҳақда Сергей Эфрон синглиси Волошинага йўллаган мактубида. Марина деярли бутун умр суюкли ёридан айро яшади. Чехияда Сергей Эфроннинг дараги чиққан куни: «Азизим, Серёженька! Агар ростданам Худойимнинг марҳамати билан Сиз тирик бўлсангиз, Сизнинг ортингиздан итдай эргашаман....», деб ёзган эди. Аввалига Цветаева унинг ортидан эмиграцияга борди, бироқ тағин орқага, Россияга ўлим билан юзлашгани қайтди. «Унинг ишончи алданган бўлиши мумкин, бироқ меники эмас...» деди у «чақирилган» СССРнинг жосуси «Андреев» — Эфрон ғойиб бўлгандан кейин Париждаги тергов пайтида. «Бирга туғилган бешикдошлар каби тобутдошлардай бирга кетамиз», — шоир тақдирнинг ёзиғини илгаритдан сезганга ўхшайди. Улар бир-бирининг ортидан ўша машъум 1941 йилда бу азобли дунёни тарк этди.

Таруснинг йўлида Оканинг энг баланд соҳилида бир тош бор: «Мангу уйқуга кетгач, худди шу ерда ором олишни истарди Марина». Истарди, бу ҳақда бот-бот айтарди ҳам, бироқ шу тилакнинг ҳам амалга ошиши тақдир қилинмаган экан. Ҳаётдан кетар чоғ: «Кечирасиз, кўтаролмадим», деб ёзиб кетган эди шоир.

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси

 

1. Таруса — Таруса дарёсининг Ока дарёсига келиб қуйиладиган жойида жойлашган шаҳар.

2. Андрей Белий — Рус шоири.

3. Централ — Чор Россиясида, асосан, сиёсий маҳбуслар учун белгиланган марказий турма.