“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 68 марта кўрилган.

ТУФЛИ

Чой Жонг Ҳва,

корейс адибаси

"Нега ўшанда жувонни ортига қайтариб юбормадим-а", дея афсусланишдан энди наф бормикан? Қандай қилиб унга: "Хуш келибсиз! " деганимга ҳайронман. Бироқ ўша кун жувонни ичкарига таклиф қилмаслик иложсиз эди-да. Кўчада қор гупиллаб ёғарди, унинг шолғомдек қизариб кетган бурнию қулоғини кўрган ҳар қандай одам ҳам олдига солиб ҳайдаши даргумон эди.

— Аслида айтилган вақтдан эртароқ етиб келибман. Белгиланган пайтгача шу атрофда бироз айланиб юрдим, — деди у нимтабассум билан ранглари униқа бошлаган қора туфлисини ечаркан. Пойабзалнинг товон қисмидаги пошначаси едирилганидан бироз қийшайиб турар, эгасига камида беш-олти йил "хизмат қилганлиги"ни сезиш қийин эмасди. Туфлига қараб, соҳибасининг пулсизликдан азият чекаётганлигини осонгина ҳис қилиш мумкин эди. Жувоннинг кейинги ҳаракати менга ҳаддан ортиқ безбетлик бўлиб туюлди. У плашини ечди-ю, бамайлихотир шкафдаги кийим илгичга осди. Бу қилиғидан меҳмон уйимда узоқроқ қоладиганга ўхшаб кўринди. У меҳмонхона тўридаги телевизор олдига бориб, бироз тикилди-ю, столни айланиб, тўрга ўтди. Мен ноилож пойгакдан жой олдим.

— Телефонда айтганимдек, хўжайиним билан тоққа дам олгани кетяпмиз ва уч ҳафта уйда бўлмаймиз. Шу вақт мобайнида рўзғор юмушларини бажарсангиз кифоя. Уйни тозалаш, кийимларни ювишу болаларга овқат тайёрлаб бериш, менимча, сизга қийинлик қилмаса керак, — дедим ва ундан оқсочлик билан неча йил шуғулланганлигини сўрагандим, у қимтинибгина:

— Илк марта, бироқ етти йил уйда ўтирганман. Бозор-ўчардан тортиб, уй-рўзғор ишлари бўйнимда эди.

— Нега энди бу ишни қилишга қарор қилдингиз?

— Эрим автоҳалокатга учради, — шундай дея аёл бошидан ўтганларини ҳиссиз сўзлашга тушди.

Гапининг адоғида у "Ҳаёт қийинчиликлари мени енга олмади", деган маънода кулимсираб қўйди. Кўҳликкина жувоннинг жилмайгани умуман менга ёқмади. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Эрим кириб келди. У ҳар доимгидан эрта қайтди. Ошхонада овқатга уннадим. Нариги хонада эрим, болаларим ва анови жувон телевизорга тикилганча кечки таомни кутиб ўтирибди. Бу манзара ҳам негадир мени асабийлаштира бошлади. Гўё улар бир оилага айлангану мени ўзларига ошпаз қилиб олгандек, ичим-ичимдан ўзимни ночор сездим... Дастурхон тузаб, ҳаммани ошхонага чақирдим. Рашким туғён ураётган бир пайтда меҳмон ўртанчамга қараб:

— Қўлларингни тозалаб юв-дингми? — деб қолди.

— Ҳозир бирпасда бориб келаман, холажон, — деди. Аёл уни эркалагандек орқасига енгил қоқиб қўйди.

Зумда қўлини ювиб, стол атрофида пайдо бўлган ўғлим курсини ўзига тортди ва мендан сал нарироққа сурилиб, жувонга яқин ўтиргани дард устига чипқон бўлди. Эрим ҳам, болаларим ҳам мени кўрмаётгандек ҳаракат қилишаётганлигидан ичим зил кетмоқда эди. Меҳмон менинг мағлуб этаётганлигидан мамнундек, юзидан табассум нари кетмасди. Мени йўқотиб, ўзининг аянчли ўтмишидан бирпасда қутулмоқчи, деб ўйладим.

— Нега овқатни охиригача емадинг? — дея сўради эрим косамга тикилиб.

— Иштаҳам йўқроқ, — дедим-у, ётоқхонага кириб кетдим. Телевизорни ёқиб, диванга аста чўкдим. Ошхонадан узуқ-юлуқ кулги овозлари эшитилиб турарди.

Суҳбат давом этар, овқатланиш ниҳоясига етаркан, кенжатойим: "Яна овқат ейман", — деб қолди. Жувон дик этиб ўрнидан турди-ю ўз уйида юргандек аста юриб қозондан овқат сузаётганини ҳис қилиб турардим. Шу пайт ошхона тарафдан аввалига курсининг полга қулагани, сўнг косанинг сингари эшитилди. Ошхонага бош суқиб, эримнинг шимига шўрва тўкилганини кўрдим. Ростини айтсам, шу сонияда ўзимни ғолибдек ҳис қилдим. Қувончдан теримга сиғмай кетдим.

— Ҳечқиси йўқ. Кийимларимни алмаштира қоламан, — деди эрим аёлдан ҳам баттар хижолат тортиб. У аёлнинг хатосидан бироз асабийлашганлигини сездим-у, бояги бемаъни хаёллардан қутулдим.

— Бечорагина роса ўзини қўярга жой тополмаяпти, — дедим шкафдан бошқа шим олиб унга узатарканман. — Оиласи автоҳалокатга учраб, бева қолибди.

Эримнинг юзларида ўзгариш сезилмади.

— Эрию болаларини ўша бахтсиз ҳодисада бирданига йўқотган экан.

— Қийналган экан-да, шўрлик, — деди эрим меҳмонга ачиниб.

Мен полдаги ҳўл шимни олдим-у, нариги хонага ўтдим. Эшик тутқичига қўлим борганда эрим беихтиёр сочимни силади. Умр йўлдошимнинг меҳр тўла кўзларига боқиб, унга анови жувон эмас, мен эгалигимдан суюндим. "Сен ҳеч ким эмассан. Ўз бахтини бировга қўш-қўллаб топширадиган аҳмоқ йўқ! " дедим ичимда.

Мен хушкайфиятда болалар хонасига кириб келдим. Аёл ҳануз хатосидан хижолатда эди.

— Меҳмонлар учун хонамиз бор. Бир кеча минг кеча эмас, қолсангиз бўларди, — дедим.

— Йўғ-е, раҳмат. Уйга қайта қолай, бошқа сафар, — деди аёл бошини эгиб.

Унинг кузатаётганимда буткул бошқа кайфиятда эдим. Ичимда болаларимнинг самимийлигидан қувондим. Жувоннинг ташрифи оиламдаги бахтни янада чуқурроқ ҳис қилишимга ёрдам берган эди.

— Ўйлаб кўриб, менга қарорингизни айтарсиз-а, — иложсизлик билан сўради жувон бугун оқсочликка ёлланиш учун суҳбатга келгани ёдига тушиб.

— Хўп, ўша заҳоти телефон қиламан, — дедим мен ҳам.

Болаларим меҳмонни дарвозагача кузатиб қўядиган бўлди. Мен эса ошхонадаги ишларни тезда тугатиб, эртароқ уйқуга кетиш хаёлида эдим. Бироқ ошхонанинг ҳаддан ортиқ озодалигини кўриб, дилим яйраб кетди. У ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, ювиб-тозалаб кетган экан. "Эртагаёқ жувонга телефон қиламан", дея кўнглимдан ўтказдим.

Тонг саҳарда эримни ҳар доимгидек лифт олдигача кузатиб, енгил хаёллар билан уйга кирарканман, кўзим эски туфлига тушди. У кеча жувон оёғидан ечиб, қаерга қўйган бўлса, худди шу ерда турарди. Бегона пойабзал кўзимга балодек кўриниб кетди. Чиқинди қутисига улоқтиргим келди-ю, бироқ қўлим билан ушлагани жиркандим. Ўша аёл менинг туфлимни билмасдан алмаштириб кийиб кетгандир. Шундай бўлса майли эди. Лекин у ўзини шу уйнинг эгаси деб ўйлаб, менинг туфлимни кийиб кетган бўлса-чи?

Корейс тилидан Отабек ЙЎЛДОШЕВ Таржимаси