“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 83 марта кўрилган.

ИЗҲОРСИЗ КЕЧАЛАР

Кэтрин МЭНСФИЛД,

Янги Зеландия ёзувчиси

 

(Виржиния гулхан ёнидан жой олган, нарсалари курси устида бетартиб сочилиб ётибди, туфлиси ҳам аланга шуъласида ғалати товланади).

Виржиния (хатни пастга қўйиб): — Бунақа хатларни сира жиним суймайди-да, йўқ, умуман ёқмайди бунақаси. Ҳайронман, у буни жўрттага ҳурматсизлик қилиб ёзиб юборибдими — ё ўзи шунақа фаросатсизмикан? (Ўқийди): "Юборган пайпоқларингиз учун катта раҳмат. Кўп яшанг! Марҳамат қилиб менга юборишган беш жуфт шунақа совғаларни сизга маълум қилсам, албатта, сизнинг ҳадянгиз баридан ажойиб ва мен буни дўстлик рамзи сифатида қабул қилдим". О, йўқ, ахир қизнинг тилагани бу эмасди-ку. Ахир йигит бу муддаони англаган бўлиши керак эди; қип-қизил тентаклик, ўтакетган хорлик бу!

Қанийди, мен унга ўзини асраши ва эҳтиёт қилиши ҳақида қайғуриб ёзган мактубимни юбормаганимда эди. Ўша хатни қўлига тушмаслиги учун ҳозир қўлимдан келганини қилган бўлардим. Мактубни якшанба кечаси ёзгандим, ҳа, худди ўша фалокатли тунда. Энди ҳечам ёзмаганим бўлсин, ўз-ўзимга сўз беришим керак. Сира тушунмайман, нега айнан якшанба оқшомлари мени бунчалар ақлдан оздираркин? Мен шунчаки кимнидир мени ҳам йўқлаб, муҳаббат изҳор қилишинигина кутаман, жуда интизор кутаман. Ҳа, телбага ўхшайман, бироқ кимдир мени муҳаббат изтиробларига кўмишини қаттиқ орзу қиламан. Бу жуда ғалати, шундай эмасми?

Мен ақли бошидан учган аҳмоқ қиз, яна ибодатхоналарга қатнашни бошлашим керак, гулхан ёнида ўтиравериб, бунақа бетизгин хаёллар суравериш ҳалокатнинг ўзгинаси. Яна у ерда бемалол зикр тушириш ҳам мумкин. (Ўзича хиргойи қилади): "Барчаси бизнинг энг буюк ва энг суюгимизга! " — (аммо қизнинг нигоҳи хатдаги кейинги жумла устида қотади): "Воажаб, бундай пайпоқларни сиз ўз қўлларингиз билан тўқиганингиз қанчалар ажойиб! " Рост! Роппа-рост, бекорга айтилмаган экан. Эркакларнинг бурни осмонда, ўтакетган такаббур ва қабиҳ бўларкан! У пайпоқларни ўзим тўқиганимни кундек тиниқ тасаввур қилиб турибди-ку. Нега, кўзимни шунчалар ёғ босиб қолди экан; ахир унга бор-йўғи икки-уч маротабагина сўз қотганман! Мени нима жин урди-ю, у учун атайлаб ўша пайпоқларни тўқишим ва юборишим ўта зарур бўлиб қолди экан? У мени элбурутдан оёғи остига хору зор бўлиб ташланган беқадр ошиқдек хаёл қилиб бўлгандир? Ҳақиқатданам бу ишим ўтакетган шармисорлик бўлди, айтишгаям юзим чидамайди энди, ғирт бегона эркакка ғурурингни топтаб, бемаза лутф кўрсатиш! Лоақал ўша аблаҳ кимса учун пайпоқларни сотиб олсам ҳам гўрга эди-я, нима учун мен тентак унга яна хат ҳам ёзиб жўнатдим экан? Йўқ, энди кўзим очилди — энди бирон мисра ҳам ёзмаганим бўлсин ўшанга!

Мана оқибат: ер билан битта бўлдим. Ўзим ҳам унга елимдек тоза ёпишиб олдим, у эса менга бир марта қайрилиб қарамайдиям, эркаклар изҳор этилган муҳаббатни сира назар-писанд қилмайди.

Негадир одамларнинг мендан дарров кўнгли совишидан, балки менга шунақа бўлиб туюлар, оғир ўксинаман. Жуда кулгули ва аянчли! Улар мени дастлаб хушлагандек бўлади, одатий тарзда қабул қилади, бироқ кейин мен ўзим уларга дарров ўзимнинг ғайриоддий хислатларимни кўрсатиб қўйгим келади, уларга хушомад қилиб оғиз кўпиртираман гўё, бу ҳам азбаройи суҳбатдошимнинг кўнглини кўтариш учун айтилади, аммо кўраманки, тезда уларнинг ҳафсаласи пир бўлади-да ва ўз-ўзидан ташлаб кетади. Баъзида тепа сочим тикка бўлади, ахир меҳр-муҳаббат ифодасининг нимаси ёмон? Балки улар менда яширин ва худбинларча бошқа нияти бор, деб гумон қилар? Эҳтимол, шу бадгумонликнинг ўзи уларни шу қадар қўрқитар? Оҳ, қалбимнинг туб-тубида шунақа бетизгин, шунақа гирён бир севгим, қайнаб кўпирадики, зора унга муносиб бир инсон тополсам, зора, бутун дунё аламларидан ёш бошимни фориғ этиб, яшаш учун, яшашга интилиш учун сенга зўр иштиёқ ва ишқ бера оладиган бирор-бир жонни тополсам эди! Агар ўшандай тирик қалб бу ер куррасида бор бўлса, мен жонимни унинг оёқларига поёндоз қилиб тўшардим. Фақатгина кимнидир сени севишини туя олсанг бас, фақатгина ким учундир керак эканлигингни ич-ичинг-дан ҳис қилиб нафас олсанг бас, одамни мутлақо ўзгартиражак куч, бу — ягона муҳаббатдир. Ҳақи рост, мен учун ҳаётнинг жами асрори мана шундан иборат — севиш-севилиш, яхшилик соғиниш ва яшаш, кимнидир ардоқлашу азиз деб билиш — чинакам ҳаёт саодати аслида ана шу. Тангри шафоат қилиб, муштипар заифасига шундай тотли насибани тортиқ этганида, шаксиз мен ҳамма аёллар ичида энг-энг давлатманди бўлиб қолардим. Ва шунга имоним комилки, аксар аёллар мен каби телбадил эмаслар, улар рисоладагидек ўта тарбияли хонимлар. Гоҳо ўзимни зулмат қўйнига қамалган, ҳамма унутган ва эсига ҳам келмаётган ташландиқу хор гулдек тасаввур қиламан. Ҳеч кимнинг эсига келмаётган... Шунда ўзимча идрок қиламан, демак, коинотдаги барча хаста ўсимликлар ва бемор жониворлар, ожиз қушчаларнинг уммондек улкан дардлари шу экан-да, демак, муҳаббат поймол бўлган, уни аллақачон кўмиб ташлашган, ҳеч бир хаста дил севилишга арзимайди, йўқ. Инчунун, ўша мавжудотлар ростданам ғариб ва нотавон, аммо бу ночорлик нафрат эмас. Ва лекин мен яна шуни комил ишонч билан ўйладимки, чин қалбдан севиб қолган эркак ҳам буткул ошиқу ғарибга айланади, зотан муҳаббат манаман деган мағрурларни-да хокисор қиладиган катта қудратдир. Башарти эркакда юраги уйғонса, унда жумлайи олам у билан бирга гуриллай бошлайди.

Бу кеч нимагадир йиғлагим келяпти. Йўқ, бояги хат учун эмас, унинг энди ортиқ аҳамияти қолмади. Бироқ мен теграмдаги жараённинг бу тахлит кечишидан, кунларимнинг нақадар рангсизу ҳиссиз ўтишидан, ва бу давомийлик мудом барқарор авж олаётганидан афсусдаман. Умр шамоли чеҳрамдаги ёшлик нурларини тобора ўтмишга олиб кетмоқда. Мен у даражада ҳурлиқо бўлмаганман, энди эса кўзгудан аксимга боқарканман, баттарроқ хавотирим ортиб бораяпти. Жуда пала-партиш ва қаримсиқ бўлиб кўриняпман ўзимга-ўзим. Эҳтимол, бироз ошириб юбораётгандирман. Аммо кундан-кунга серхархаша ва инжиқ бўлиб бораётганимга иқрорман, балки бу ёш ўтишининг илк белгиларидандир. Ўкирик шамолларга сира тоқатим йўқ, юракни ваҳм босади, музлаган оёқларингни қучоқлаб олганча совуқ ўйларингга кўмилганча беҳуд ўтиравериш — руҳнинг қотили-ку бу. Қизиқ, авваллари сира бунақа нарсаларни ўйламасдим, мен доим улардан ўзимни олиб қочардим, лекин ўша хаёллар табиат оғушида шу жисмим мавжудлиги нечоғли ҳақиқат бўлса, руҳимнинг ҳам, кўнглимнинг ҳам муқаррарлиги шу қадар мавжуд эканлигини уқтиришди. Энди бир-биридан адоғсиз ва қаро кечаларда тўйиб-тўйиб йиғлагим ва хўрлигим келади, қандайдир ғойибона куч шуларнинг ҳаммасидан руҳимни тезроқ халос этишини шунчалар истайманки! Эҳтимол шунинг учун ҳам аёллар сархуш дақиқаларга изн берсалар керак. Ҳаммаси жуда ғалати, шундай эмасми!

Печдаги ўт ўча бошлаяпти. Ҳозироқ хатни ёқиб юбораман. У менга нима ўзи? Эҳ! Ғам чекмайман. У ўзи ким? Тағин бешта маъшуқалари унга мен юборгандай пайпоқ жўнатишганмиш! У мен сажда қилганчалик авлиё эмас экан. Шундоққина қулоқларим остида унинг машъум ва киборларча айтган масхараси эшитилиб турибди: "Воажаб, бундай пайпоқларни сиз ўз қўлларингиз билан тўқиганингиз қанчалар ажойиб! " Сираси, унда ўзгача бир овоз бор эди, одамни ўзига тортувчи, юракни ҳаприқтирувчи, жуда ўзгача. Яна унинг қўллари хаёлимни ўғирлаганди, мускулдор, тоғни талқон қилгудек бақувват. О, Худойим-ей, яна ақлдан оза бошладимми, барини жин урсин!.. Йўқ, кеч қолганга ўхшайман, олов батамом ўчиб бўлди. Яхшиси, ухлаганим маъқул. Қизиқ, у ростданам мени ерга уриб, истеҳзо қилдимикан?.. Миям ғовлаб кетди. Бундай пайтларда тезроқ ўринга кирсанг-да, кўрпани бошинг учигача тортиб... тўйиб-тўйиб йиғласанг!

 

Инглизчадан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси