“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 76 марта кўрилган.

ШОИР ВА ДУНЁ

Вислава ШИМБОРСКАЯ,

Нобель мукофоти лауреати

Нобель маърузаси

Кўпинча сўзнинг ибтидосини бошлаш қийин кечади. Бироқ камина бу жараённи ортда қолдирганман. Забонимдан чиқаётган ҳар бир сўз — у хоҳ учинчи, хоҳ олтинчи, хоҳ ўнинчи, ҳатто охиргиси бўлса-да, оддий ва якранг тусда жаранглашини истамайман, шу қатъиятимдан чекинмай, ҳозир шеърият ҳақида гапирмоқчиман. Аввало айтиб қўяй, гарчи шоир бўлсам-да, поэзия хусусида қисқа, эҳтимол жуда ҳам қисқа сўзлашни чамалаб турибман. Негадир ушбу мавзуда юксагу теран фикрлар изҳор қилолмасликдан чўчийман, демак бугунги нутқим узундан-узоқ мавозалардан иборат бўлмайди.

Бугунги шоир ниҳоятда эҳтиёткор ва шубҳаланувчи шахс, у ҳатто ўз-ўзи билан бўлувчи муносабатларда ҳам шундай йўл тутади. У истар-истамас ўзини шоир деб атайди, баайни шуни ошкора айтишдан хижолатпазлик туяди. Шовқин-суронга йўғрилган замонамизда эса инсоний фазилатлар, хоссатан, қадр-қимматингни қанчалик беркитсанг, сени танишлари ва эътироф этишлари шунчалик рўёга айланаверади. Турли сўровномаларни тўлдириш ёхуд тасодифий йўловчилар билан суҳбатлашиш пайти шоир ўз фаолияти ҳақида тўхталиши лозим бўлса, у аллақандай номаълум "қалам-каш"га айланади ёки қўшимча мутахассислигини рўкач қилади. Шунга мувофиқ, амалдорлар ёки автобус йўловчилари бу ҳолатни анчайин ишончсизлик ва истеҳзо билан қабул қилади. Назаримда, файласуфларда ушбу жараён аксинча кечади. Боиси уларнинг пешонасига шоирларга нисбатан "бахтлироқ ёзиқ" битилган, фалсафа аҳли "ҳийла" қилиш ва ўз касбини аллақандай илмий унвонлару дарожатлар билан "безатиш" имкониятига эга. Масалан, "фалсафа доктори" деган сўз қулоққа юксак мадҳиядек, тантанавор эшитилади.

Назаримда, "шоир" деган касбни эгаллаш учун махсус маълумот бўлиши лозим, шоирлар ҳам худди олимлардек мунтазам имтиҳон топшириши, назарий ишлар билан шуғулланиши, керак бўлса, илмий трактатлардан иқтибос олиши ва ҳамма жараёнлар тугагач, фахрий диплом билан тақдирланиши даркор. Бу ўз навбатида шоир поэтикаси, тахайюл олами эҳтиёж сезаётган нуқсонларни кўрсатиб беради, уни шунчаки қоғоз тўлдиришга эмас, янги-янги шеърий шакллар излашга, оддий ва тумтароқ қофиябозликдан қочиб, ёрқин ва гўзал лирикага чорлайди. Шу ўринда русларнинг оташзабон шоири, Нобель мукофоти лауреати Иосиф Бродский билан боғлиқ хотиралар ёдимга келади. Бу дардкаш шоир қанча аламу изтироблар, не-не бўҳтону иғволарга бардош берганини унча-мунча одам тасаввурига сиғдиролмайди. Ҳатто у шоирлигини тасдиқловчи махсус "ҳужжат"га эга бўлмагунича, "адабий текинхўрлик"да айбланган.

Кўплаб бахтли мамлакатлар, айниқса, инсон қадр-қиммати шарафланган юртларда шоирлар гўзал ва тотув ҳаёт кечирадилар, улар орзу қилади, ўйлайди, хаёл суради, илҳом отлиғ дулдул келганида ҳар нени унутиб, ижодга шўнғийди. Энг муҳими, ўзини ўраб турган муҳитдан айро яшолмаслигини ҳар лаҳза ҳис қилади.

Ҳақиқий шоир шундай бўлиши керак. Баъзи тоифа эса бунинг акси. Масалан, асримизнинг дастлабки ўн йиллигида ижод қилган айрим шоирлар ўзларининг жимжимадор кийими, ғайриоддий хулқ-атвори билан оммани хижолатга қўйишни ёқтирарди.

Шоирларнинг феълу са-жияси, туриш-турмуши, ҳатто кундалик ҳаётини бошқа бирор ижодкорга қиёслаб бўлмайди. Бу муқоясаларда яққол кўринади. Масалан, буюк олимлар ва рассомлар ҳақида суратга олинган илмий-биографик фильмларни эсланг. Бунда режиссёр, шубҳасиз, ўз олдига муҳим илмий кашфиётларнинг туғилиши ёки буюк санъат асарларининг яратилиш жараёнини тасвирлаш вазифасини қўяди. Айтайлик, экранда олимнинг ҳаёти, иш услубини кўрсатиш ниҳоятда осон: турфа суюқликлар тўла пробиркалар, димоқни ачиштирувчи ўткир препаратлар, ғуборга бурканган лаборатория ва яна кўпгина ташқи воситалар бир муддат томошабин нигоҳини экранга "михлаб қўяди".

Рассомлар ҳақидаги фильм-ларнинг томошабоплигини таъминлаш ҳам мураккаб эмас: бунда картина яратилишининг барча босқичлари, қоғоз тарамига тортилган биринчи штрихдан то асар тайёр бўлгунича қандай эврилишлар кечганини тадрижма-тадриж кўрсатиш кифоя. Композиторларга бағишланган фильмлар эса мусиқий элементларга қурилади: бунда ҳеч бўлмаса пианино узра новдадек чай-қалаётган нозик қўлчалар кўрсатилса бўлгани. Бир сўз билан айтганда, олим, рассом ва композиторнинг руҳий ҳолати ҳеч кимда таажжуб уйғотмайди, муҳими томошабин нимани кўриб, эшитиб турганини аниқ-тиниқ ҳис қилади.

Аммо шоирдаги руҳий ингроқлар, туйғулар талотўпини кўрсатиш учун режиссёрга ниҳоятда нозик дид ва фаҳм керак. Уларнинг иши шундайин умидсизлик гирдобига ғарқ қиладики кишини, ақл бовар қилмайди бунга... Шоир стулда ўтириб ёки диванга ёнбошлаб сокин нигоҳини девор ёхуд шифтга қадайди, диққатини жиловлаб аранг етти сатр ёзади, орадан тўрт соат ўтиб, не тўлғониш билан ёзганларини ўчиради, яна ёзади, яна ўчиради... қарабсизки, қоғозга ҳеч нарса тушмайди. Хўш, бу кечмишни экранда кўрсатишдан нима фойда? Томошабин-чи? У бундай руҳий таназзулга бардош беролармикан?

Кези келганда илҳом ҳақида гапирмоқчи эдим. Каминадан кўпинча агар илҳом ростданам бўлса, уни таърифлаб беринг деб сўрашади, замонавий шоирлар эса бу саволга чучмал жавоб қайтаришади. Боиси ушбу илоҳий неъматни сезиш, шаклу шамойилини тасаввур қилиш мураккаб. Шундай экан, ўзингга ноаён туйғуни бировга тушунтириб бўладими?

Менинг жавобим эса шундай: илҳом бу фақат шоирлар, рассомлар, умуман, ижод аҳлига бериладиган махсус имтиёз эмас. Жамиятнинг маълум бир тоифаси борки, улар ҳар куни, ҳар лаҳза илҳом билан юзма-юз келади. Аниқроқ айтганда, ким ўз касбини онгли равишда танлаб, кучли муҳаббат ва юксак тасаввур билан меҳнат қилса, ана ўшалар соҳиби илҳомга айланади. Булар шифокорлар, ўқитувчилар, этикдўзлар, қўйингки, яна юздан ортиқ бошқа касб вакиллари бўлиши мумкин. Бу тоифа инсонлар учун иш ажойиб саргузаштларга бой ўзгармас мезондир: улар ҳар қандай қийинчилигу мағлубиятларга қарамай, ҳеч қачон ортга чекинмайди.

Бундай инсонлар кўп эмас. Ер юзида яшовчи аксарият омма иқтисодий тўкинликни таъминлаш учунгина меҳнат қилади, улар ишлайди, чунки шунга мажбурлар. Аслида эса касб танлашда юрак амрига қулоқ тутиш лозим, шундагина ҳаёт фаровон, турмуш гўзал бўлади.

Қанчалик ғалати ва эриш туюлмасин, ҳар турфа жаллодлар, диктаторлар, фанатлар, демагоглар ҳам ўз касбларини сидқидилдан севади ва севимли "кору аъмоли"ни шижоату кашшофлик ила амалга оширади. Бироқ уларнинг касбига ижодкорлик етишмайди, бедор юрак ўрнини совуқ нигоҳлар, ҳиссиз вужуд эгаллайди, ҳатто кимнингдир бўғзига пичоқ тортаётганда, жиллақурса, битта ҳужайра "исён қилмайди"..... бу даҳшат, бу разолат!

Мен "билмайман" деган сўзни жуда қадрлайман. Қисқа, бироқ ниҳоятда қудратли сўз бу! Чунки шу биргина атама сабаб дунёи дуннинг сирли жумбоқларини кашф этамиз, ҳаётнинг моҳият-асрорига етамиз. Агар Исаак Ньютон "билмайман" деган саволни ўзига бермаганида, эҳтимол боғида ғарқ пишган олмалар кўзига чиройли кўриниб, иштаҳа билан паққос туширган ва инсоният ўша машҳур "тортишиш қонуни"дан бебаҳра қолган бўлармиди?! Агар ватандошим Мария Склодовская-Кюри ҳам "билмайман" деган сўроқ ила яшамаганида, оддийгина пансионда дори тайёрловчи ким-ёгарга айланиб қолган ва ишончим комилки, Стокгольм-да Нобель аталмиш буюк мукофотга лойиқ кўрилмаган бўларди.

Худди шу каби шоир ҳам, агарда у ҳақиқий ижодкор бўлса, "билмайман" деган иборани тез-тез такрорлаб туриши лозим. Чунки у ҳар бир шеъри орқали ўқувчига ниманидир тушунтиришга, недир каромат кўрсатишга интилади, аммо бирор асарига нуқта қўйиши ҳамоноқ юракни пармаловчи шубҳа-гумонлар қуршовида қолади, шунда у жон куйдираётган нарсалари арзимас ва туганмас эканини англайди. Ва шоир яна ва яна изланишда давом этаверади, натижада лириканинг янги оҳанглари, рангу таровати юзага чиқаверади.

Баъзан ўзимни ғалати вазиятга тушиб қолгандек сезаман, шунда турли йўллар билан руҳиятимни ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Масалан, табиатимдаги қўполлик, дағалликдан халос бўлиш учун Экклесиаст саҳифаларига сингаман, мутолаа чоғи кўзларим намланиб, қалбим юмшайди, вужудим тозариб, фориғлангандек бўлади. Мен бу китоб қаршисида таъзим қиламан, ахир у мен учун дунёдаги энг улуғ ва табаррук шоирлардан бири! "Оламда қуёшдан бошқа янгилик йўқ! " — дейилади шу китобда. Назаримда, шеърият — худди шу қуёшнинг ўзгинаси!

Мен бугунги маърузамни "Шоир ва дунё" деб номлаган эдим. Дунё... Унинг сир-синоатлари ҳақида ўйлаб кўришга тафаккуримиз ожизлик қилади, ахир ер юзидаги жимитдеккина заррада ҳам ҳаётнинг миллион-миллион нуқси, акси бор!.. Инсонлар, ҳайвонлар, ҳатто ўсимликларда ҳам не-не мўъжизалар, ақл бовар қилмас ҳайрату таважжуҳлар мужассам! Коинот-чи, самоларда милтираб турган юлдузлар-чи? Эҳтимол ҳозир сўзлаётган пайтим фазода кашф этилган янги бир сайёра ҳалокатга учраган бўлса-я! — Буларнинг бари бизга мав-ҳум. Дунёни театрга ўхшатилиши ҳам бежиз эмас. Ҳа, дунё — театр ва бизнинг қўлимизда унга кирувчи чипта бор. Бироқ шу қисқа, чегараланган вақт мобайнида бизни қандай томоша кутаётганини ҳеч қачон билолмаймиз.

Биз одатда кундалик турмушимизда "оддий ҳаёт", "оддий дунё", "оддий тартиб" каби сўзларни тез-тез ишлатамиз. Фақат шеъриятда ҳеч нарса оддий ва рисоладагидек бўлмайди. Битта адир ҳам, битта булут ҳам лирикада мутлақо ўзгача жилоланади, шоирнинг ўтаётган кунлари, тунлари ҳам бир-бирига ўхшамайди.

Демак, шоир — дунёни ўзгартиришга қодир! Уни келажакда катта вазифалар ва порлоқ истиқбол кутаётир!

 

Рус тилидан Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ таржимаси