“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 82 марта кўрилган.

ИСТАГАНИНГИЗЧА ЎҚИНГ, МУТОЛААГА ҚАРШИЛИГИМ ЙЎҚ! Энг ақлли одамларнинг болалари қаерда таҳсил олади?

Юлия ТУТИНА,

Журналист

Селикон водийсининг энг кўзга кўринган компания раҳбарларининг болалари компьютеру смартфонлардан фойдаланиш ман этилган мактабда ўқийдилар.

Масалан, қудратли еBay коорперациясининг техник директори ўз фарзандини компьютери йўқ мактабга жўнатди. Селикон водийсининг бошқа гигантлари: Google, Apple, Yahoo!, Hewlett-Packardнинг энг кўп пул тўланадиган ходимлари ҳам иккиланиб ўтирмасдан шундай йўл тутди.

Бугун замонавий аёлларнинг бири: «Менинг болам икки ёшдан планшетда ўйнашни қотиради», деб мақтанса, иккинчиси: «Ўғлим 7 ёшда ютубда канал очди», деб унисидан ўтиб тушмоқчи бўлади. Ҳамма ёппасига фарзандини компьютеру интернет тармоқлари ривожланган, шароити зўр мактабга беришга ҳаракат қилади. «Ручка билан ёзишга ўргатишнинг не ҳожат? «Чиройли ҳуснихат», деб ўқитувчилар бошни қотиради. Бундай талаблар эскириб бўлди-ку, ахир! Янги замон ўқувчисига янгича талаб қўйиш керак», дейди ота-оналар анъанавий таълим тизимига эътироз билдириб. Баъзилари: «Нега ўтган асрда яшаб ўтган шоирнинг шеърини ёдлашга болани мажбурлайсиз? Ундан кўра, уларга компьютерда дастурлаш сирларини ўргатсангиз, нур устига нур эди», дейди айрим ота-оналар ўқитувчининг ёқасидан тутиб. Бироқ бугунги шиддатли замон ёшларининг хулқию саводхонлик даражаси «замонавий ота-оналар» ўзини-ўзи алдаётганини кўрсатмоқда.

Ақлли одамлар «замонавий»ларидан бошқачароқ йўл тутади. Бутун дунё одамлари тухумдан чиққан боласини кўтариб, интернет атрофида парвона бўлаётган бир пайтда идроки бутунлар фарзандига компьютер ҳақида тасаввур уйғотишни ҳам маъқул кўрмаяпти. Селикон водийси ходимлари ўз боласини ёппасига «Waldorf of the Peninsula» (Уолдорф ярим ороллари) номли мактабда таҳсил олгани жойлаштиришганини маълум қиламиз. Мазкур илм даргоҳининг биноси АҚШдаги бошқа иморатлардан эскилиги билан ажралиб туради. Масалан, синфхоналарига кирсангиз, кўз олдингизда ўтган асрнинг 50-йиллари намоён бўлади. Даққиюнусдан қолган эски ёғоч парталар, доска, рангли бўру қадимий китоблар... Ҳеч қандай планшету компьютерлардан асар йўқ. Бу мактабнинг болалари интернетдан маълумот изламайди, аксинча китобу варақ титкилаб илм ўрганади. Китобу дафтардан ташқари, қалам, бўёқ, қоғозли алифбою ўқув адабиётлари ҳар бир ўқувчининг ўқув қуроли саналади бу ерда. Мактаб ўқувчиларининг ҳеч бири гаджетлардан фойдаланмайди. Болалар бундай имкониятдан нафақат синф хонасида эмас, балки уйда ҳам маҳрум этилган.

Бундан ўн-ўн беш йил бурун компьютер билимдонлари ҳам болалар тарбиясида худди шундай усулни қўллаб-қувватлаган эдилар. Microsoftнинг бошлиғи Бил Гейтс ва Женифер Катарин, Рори Жон ва Фиби Аделларнинг фарзандларида ҳам ўн тўрт ёшга тўлмагунга қадар смартфон эга бўлиш ҳуқуқи йўқ эди. Ўша ёшга етиб, улар илк гаджетларини сотиб олишганида ҳам кўкрагига шамол теккан эмас. Болаларнинг гаджетлардан фойдаланиш вақти чегараланган эди. Дунёнинг бой одами Бил Гейтс ўзининг бу қарорини қуйидагича ифодалаган: «Электрон аппаратура ёш новда мисол энди ўсиб келаётган боланинг нафақат маънавиятини, балки соғлигини ҳам ишдан чиқаради, деб қўрқаман!».

Apple асосчиси Стив Жобс ҳам тўрт фарзандига технологик машғулотларни қаттиқ тақиқлаган эди. Ота улғайиб қолганларига кечқурун ва дам олиш кунларида гаджетлардан фойдаланишга асло рухсат бермасди. У бутун оила дастурхон атрофига йиғилганда кичиклар тугул катталарнинг ҳам мобиль телефондан фойланишини ножоиз деб ҳисоблайди. Фарзанд-ларининг бахтига Стив ғоят қизиқ суҳбатдош эди ва улар ота билан гурунглашиб, мобиль телефонларни деярли унутиб юборардилар. Устига-устак фарзандлар унинг бу чекловини тўғри маънода қабул қилиб, унга исён кўтарган эмас.

Технологик воситаларни ишлаб чиқарувчи компанияларнинг кўпгина раҳбарлари Гейтс ва Жобснинг бу борадаги қарорини маъқуллайдилар. Шунингдек, 3D Roboticsнинг ижрочи директори Крис Андерсон ота назоратини ўтказиб, уйдаги электрон ускуналарга лимитлар қўйган эди. У ўз тажрибасида гаджетлар билан керагидан ортиқ алоқа ўрнатишнинг салбий жиҳатларини кўрган. Андерсоннинг фикрича, электрон гаджетлар билан мулоқот инсонни қулга айлантириб, янги ғоялардан буткул айираркан.

«Озодлик»ни чеклаганлардан яна бири бу — Твиттернинг хўжайини Эван Уильямс. У болаларига планшету смартфонлардан атиги бир соатга фойдаланишга ижозат беради. Эсини таниганлари отанинг чекловига қарши чиқди, бироқ у: «Уйда минглаб китоблар бор. Истаганингизча ўқинг, мутолаага қаршилигим йўқ!» деган.

Яқинда Англия қироллигининг шаҳзодаси тўрт ёшли Жорж мактабга борди. У Лондондаги шахсий мактаблардан бирида таҳсил олади. Оммавий ахборот воситалари шаҳзодага илм берадиган «Tomas’s Battersea» мактаби ҳақида маълумот берди. Масалан, таомномада тез тайёр бўладиган ов-қатлар йўқ. Болаларни фақат иссиқ таомлар билан сийлашар экан. Энг қизиғи, бу мактабда компьютеру гаджетлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.

IТнинг фикрича, компьютерлар болаларнинг ижодий имкониятини чеклайди, шунингдек, олға интилишга қўймайди. Энг ёмони, диққатини ҳам чеклайди.

«Таълим бу — одамга хос туйғуларни ҳис қилиб, яшаш тажрибасини ўрганиш, — дейди педагог-новатор Пол Томас. — Савод чиқаришу фикрлаш қобилиятининг ўсишида технология фақат халал беради ва боланинг диққатини чалғитади, холос».

Энг қизиғи, дунёнинг бадавлат одамлари болаларини эскича усулда ўқитадиган мактабларга ўқишга бериб, ўзини замондан орқада қолган, деб ҳисобламайди, аксинча, улар гаджетга қул бўлмаган, мустақил фикрлаш қобилиятига эга фарзанд ўстириб, келажак учун қайғурмоқда.

Манба: «А и Ф» 40-сон, 2017 йил.

Рус тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси