“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 154 марта кўрилган.

КЎПРИКДА

Генрих БЁЛЛ,

Нобель мукофоти Лауреати

Оёқларимни чалиштириб ўтирганимда менга янги кўприк устидан ўтаётган одамларни санаш вазифасини юкладилар. Бу ҳадисни олганларга ҳеч нарсага арзимас сонларни санаш ҳузур бағишлайди. Уларнинг қувончига қувонч қўшиб, кечки базмга биргина ортиқ сонни ҳадя этиш учун менинг соқов оғзим кун узоғи соат мили сингари бир хилда ҳаракатланар ва ҳеч бир рақамни қолдирмай йиғарди.

Мен уларга тунги навбатчилигим хусусида ҳисоб бераётганимда уларнинг чеҳраси ярақлаб кетар, сонлар сони қанчалар кўп бўлса, чеҳралар ҳам шунчалар кўп шодликдан порларди. Янги кўприк устидан ҳар куни минглаб янги йўловчилар ўтаётгани учун улар тунлари хотиржам ором оларди…

Аммо статистик жиҳатдан уларнинг маълумоти хато. Афсус, улар нотўғри ҳисоблашган. Онг-шууримдаги таассуротлар мени жунбишга келтиришига қарамай, шубҳаландим. Баъзан бу менга қувонч бағишларди, бу шодликни ўзимда сирли равишда мужассам этганимга афсуслансам, уларга шунида туҳфа этаман. Уларнинг бахти менинг қўлимда. Мабодо ғазаблансам, мабодо чекишни хоҳламасам, ўртача ҳисобни тақдим қиламан, жуда хурсанд бўлсам, юрагим қинидан чиққудек бўлиб уради, менинг ҳимматим бешта сон ичида шўнғиб кетади. Ҳа, ҳар бир сон қўшилгани сари улар шунчалар бахтли! Улар ҳар сафар қўлимдан натижаларни тоқатсизлик билан тортиб оларкан, кўзлари бахт-дан масрур чарақлайди ва елкамга қоқадилар. Статистлар ҳеч нарсадан шубҳаланмайдилар! Сўнг улар мен нималигини билмайдиган сонларни қўшишни, бўлишни, фоизга солишни бошлайдилар ва айни дамда ҳар бир киши кўприк устида қанча лаҳза бўлганлигини, кейинги ўн йилликда яна қанча вақт бўлиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқади. Ёруғ келажакни севиб, мутахассисликларига таяниб ҳисоблашган бўлса-да, минг афсус бу тўғри эмас…

Мабодо кунига икки марта маъшуқам кўприк устидан ўтса, деярли юрагим тўхтаб қоларди. Юрагимни тўхтовсиз уриши у хиёбонга бурилиб кўздан ғойиб бўлгунча тинмасди. Худди шу лаҳзаларда ҳеч нарсани идрок этмай, мум тишлардим гуё. Бу икки сония фақат менга, менгагина тегишли эди ва бу лаҳзаларда қанчалик уринмай ўзимни қўлга ола олмасдим. Мабодо у яна оқшом қаҳвахонага қайтиб келса, бу орада мен пинҳона севган қиз айнан шу қаҳвахонада ишлашини билиб олардим, айни шу лаҳзаларда юрагим қинидан чиққудек бўлар, санашим шарт бўлса-да, у кўприкнинг нариги бурчагидан кўздан ғойиб бўлмагунча соқов оғзим ҳаракатга келмасди. Этаклари ҳилпираб турган кўйлагининг учи ҳам кўринмай кетгандан сўнггина санашни бошлардим. Шу онда ожиз кўзларим олдида эркаклар ва аёллар соялари, шарпалар, жонсиз тасвирлар тантанали юриш қилиб ўтиши мен учун бахт эди. Ҳар ҳолда мен шарпаларнида санай олардим. …..

Мен уни севишим аниқ эди. Лекин у бу ҳақда билмасди, қизнинг бундан хабар топишини ўзим ҳам истамасдим. У ҳеч нарсага шубҳа қилмас, узун малла сочларини елкасига ташлаб, нозик оёқлари ила ер депсиниб қаҳвахонада чаққон елиб-югуриб хизмат килар, кўп чойчақа оларди. Мен унга мафтун, ошиқу-беқарор эдим. Уни бутун вужудим билан севишим аниқ эди.

Энг қизиғи, вазифани юклаганлар мени ҳам назорат қилардилар. Нариги томонда ўтирган ўртоқ ҳам мен каби ўтган-кетганни санашини айтиб огоҳлантирганди ва мен ваҳима билан эътибор қилардим. Телбаларча санарканман, бир чақиримдан нариёғини яхшироқ санай олмасдим. Бош статистнинг ўзи ҳам нариги кўчанинг учида туриб соатма-соат натижаларни бир соат натижаларга кўра қиёсларди. Менда сонлар ундан кўра озроқ эди. Жиккаккина суюкли маъшуқам ёнимдан ўтиб кетар, аллақачон кўнглим эгасига айланишга улгурган бу қизалоқни ҳеч қачон кўприк устидан ўтаётганлар сафига қўшиб санай олмасдим, суюклигимни кўпайтириш, бўлиш, фоизларга солиш шарт эмас эди наздимда. Фикримча барчаси бир текис борарди.

Бош статист елкамга қоқди. Менинг жуда ишончли ва садоқатли эканлигимни ҳамда "Бир соатда бор-йўғи битта сонга хато қилгансиз. Ундан кўп эмас. Таҳсинга лойиқ. Биз ҳам фоизларга солганда худди шундай санаганмиз. Сизга кўприк устида от-аравада боришингизга рухсат этамиз", дея ўз хулосасини айтди.

От-арава ажойиб эди. Йигирма беш кундан ошиқроқ от-аравада кўприк устидан ўтдим ва ҳеч бир юмуш билан шуғулланмадим! Соат иккидан саккизгача умуман кўприк устида, от-аравада бориш мумкин эмас, аммо менга соатларнинг дахли йўқлиги учун, истаганимча сайр этардим. Кўнглим маликаси қаҳвахонадан югуриб чиқиб, ортимдан узоқ қараб қолар, мен эса олислаб бораётган суюклигим нигоҳини бир қисмини уйга олиб келардим, менинг саналмай қолган миттигина маъшуқам….

 

Немис тилидан Шаҳноза ҚУВОНОВА Таржимаси