“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 61 марта кўрилган.

КЕЛАЖАКНИ ЎЛДИРМАЙМАН

Элужа ОТАЛИ,

Озарбайжон адиби

Кечикдинг, сенга очган йўлларим — сўқмоқни босди.

Қандай келасан? Қай бирин тозалай, балки ўзинг айтарсан?

Сен ёлғиз ошолмайсан у йўлларни.

Бу сенга ишонмаслик эмас, каттанинг кичикка, чақалоққа кўрсатган марҳамати, саъй-ҳаракати ва эътибори аломатидир.

Чақалоқ ўзи юролмайди, атак-чечак қилиб, одимлашга ўргатадилар. Қуламасин дея ёлғиз қолдирмайдилар, балки доим ёнида бўлиб кўздан узоқлаштирмайдилар. Юрак севган борлиқ кўзнинг ови бўлади.

Сен ёлғиз келасан! Аммо қачон билмайман?..

Келажак ҳеч вақт аниқ бўлмайди.

У ўтмиш эди; йили, ойи, куни, соати, ҳатто пайти маълум. Эслайсан, аммо қайтмайди. Чунки у тугаган. Тугаган нарса на қайтади ва унга қайтиб бўлади. Бу вақтнинг чексизликка қадар давом этажак ёзилмаган қонундир. Ортга қайтишни орзу қилсанг-да, у фақат хотирангда қолади. Эсласанг-да, хотиралар аро ғойиб бўлади.

Аммо ҳозирнинг мавжуд ҳақиқати сени ўзига ром этади. Ўтмишдан юлиб олиб, ўз гирдобига тортади.

Баъзан ўтмишимни рисоладагидай яшай олмаганим учун қон оқади унинг томирларидан. Миям қотади, кўзларим ачишади, қон сув бўлиб киприкларимни ҳўллайди. Орзуларинг илдиз бўлиб отмагани учун ўтган вақтнинг таассуфи аччиқ бўлади.

Сен эса келажаксан, бу кунимдан ортдасан, ҳали вақтинг маълум эмас.

У қайси йил, кун, соат, ондирки, вақт сенда яшаяжак?

Сен бўй чўзиб улғайганда оёғингдан осилди замон отли улкан дев. У дунёга келган кунингдан эътиборан сен билан биргадир.

Ҳали вақтинг номаълум. Сени хаёлим яратар ҳар куни юз бор. Сен самодаги оқ булутли увадага суянмоқдасан. Севиб-силайман сени ҳар туғилганингда.

Сен тахайюл яратган тафаккур маҳсулисан. Сени кўрмасам, ёвузлашаман тобора.

Қандай ширин бўларкан хаёл?! Бироз-да сирли, зариф, мушк ифорли...

Қўлинг билан тутолмайсан. Билмайсан, юмшоқми, қаттиқми, ҳўлми, қуруқми, гўзалми, хунукми?..

Йўқ, йўқ, адашяпман. Хаёл ёвузликнинг ортига беркинмайди, чунки келажагини ҳеч ким сувратсиз ва хунук орзу қилмайди.

Ҳар гал дарсдан қайтганда аёллар ёқтирган зебу зийнат дўконига боқаман. Йўлим устидаги дўкондан сўз очмоқдаман! Сен ҳали у ерда бўлмагансан. Сайрга чиққанимизда сени, албатта, олиб бораман у ерга.

Мана ўша дўкон ёнидаман. Кўзим яна тўғноғичлар тўла қутига тушди. Сенинг жингалак сочларингга қайси бири ярашишини ўйламоқдаман. Энг ёққанини нигоҳим ила белгилайман.

Чирмовуқ гулининг баҳор ойида мудалаб, қўллар каби ойнабандли айвонга қулоч отганидек жингалак соч-ларинг "тўкилади" кўзларингга. Қўл узатиб, сўл ҳовучимда йиғаман сочларингни. Ўнг қўлим билан ёнга олганим у тўғноғични тутиб ачинаман, қўлим ўнг томонга тушади шалвираб. Бошқа биров олган экан уни. Кеча олганми, бугун тонгда олганми... Билмайман!

Бир аёлни танийман, ҳар тонг айвонга чиққанимда у кичкинтой ширин қизини тўрт ғилдиракли болалар аравачасида олиб бораётган бўлади боғчага. Балки у эмас, балки бошқаси... Кимдан сўрай? Ким билади? Юрагимда ўрнашган у пештахтадаги тўғноғичларни илк кўрган дамдан эътиборан сенга атагандим. У ким экан, нозли болажонимнинг сочи учун яралган гулни мендан олдин олибди.

Кеча ёки бугун эрталаб олган... Нима ёзилар энди... Бу бир фильм эмаски, лентани такрор-такрор қайтарсанг. Ҳар гал бош қаҳрамон каби ўзингни жонлантирасан. У ерда барчаси сўнгги дамда қаҳрамонга насиб этади....

Ким олган бўлса, демакки, чиндан олган. Мен эса хаёл маҳсули бўлган фильмим лентасини сотувчини ёмонлаб туриб ёқиб ташлайман.

Сен хафа бўлма, тез-тез янгилари келади. Сен учун бошқасини оламан, усти гулли ё юлдузли. Сариқ Қуёш, сепкилли Ой бор. Нозик ва зариф кабутарлар завқ билан бутоқларга қўнишади. Энг кўп ёқтирган рангларим — айтсам — қўнғир ва олтин ранги.

Сочларингнинг ранг жилоларини ҳали топмади тасаввурим. Тўғноғичларнинг рангини ҳам ўзгартираман тез-тез. Аммо соч толаларинг жуда зариф ва юмшоқдир, мушук боласининг майин жунлари каби. Шу сабабли ҳам ҳар хил тўғноғични ҳам ёқтиравермайман.

Қўпол кимсалар у жунларни тортқилайди, юлади, тўзғитади. Шунда сен йиғлайсан. Хатолари билан озор бергани учун мен ҳам ўтмишимни ўчириб ташлайман.

Кўз ёшларингга бардош беришим керак, мен уларни кўрганда эзиламан, бўғиламан.

Бугун сени жонлантиришимга моне бўлган қотил аёлларнинг ҳуқуқларини топтамоқда, келажагингни қорайтирмоқда.

Мен буларни кўрмоқдаман, сен йўлим устида оёқда туриб, қўлларинг-ни узатмоқдасан. Биламан, бу табиий бир ҳол. Одим отмоқчи, югурмоқчи бўласан. Қўрқасан, тиззаларинг титрайди. Нажот истар боқишларинг. Қайси йўлдан келишинг аён бўлмагани учун кутасан мени оёқда тик. Бироз кут, бошмоқларимни ечай. Оёғингга илашадиган ўт-алафни юлиб отай.

Сен келмасанг, ошиқмасанг, биласанми нималар бўлади? Бу йўлларда чексиз севгим қора рангли бисотга бўянади, тугмалари кулранг, енги узун, этаклари йиртиқ-йиртиқ.

Сен келмасанг, бу йўллар маъносини, номини топарми ахир?! Сен келмасанг, қандай ўтади куним?! Бу кунимнинг эртагию эртанги кун борлиғим бўлган гўзал гулим, келажагим!

Сен келмасанг, мен қотил ҳисобланаман, келажакни билиб туриб маҳв этганим учун.

02. 10. 07. Стокгольм

Озарбайжон тилидан Шермурод СУБҲОН таржимаси