“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 89 марта кўрилган.

"ТИНКАНГИЗ ҚУРИГУНЧА ЁЗИНГ! "

Марио Варгас ЛЬОСА,

Нобель мукофоти Лауреати

— Габриэль Гарсиа Маркес, Хорхе Луис Борхес ва Хулио Кортасарлар ижоди каби сизнинг ҳам насрингизни "фусункор реализм" деб аташади. Бу сиз учун мақбул тавсифми?

— Ўйлашимча, менинг насримни "фусункор реализм" деб аташ мумкин, гарчи бу ўқувчини бирмунча чалғитса-да. Танқидчилар бу тавсифни турлича талқин қиладилар. Одатда ўз асарларида реализм билан фэнтезини уйғунлаштирган Маркес ва Кортасар каби ёзувчиларга ушбу тавсифни қўллашади. Менинг романларим, нима қилганда ҳам, реализмга доир, чунки ҳикояларимда барча нарсалар ҳаётда ҳам рўй бериши мумкин. Албатта, "реализм" атамасини кенг маънода тушунмоқ лозим, унга нафақат рўй бериши мумкин бўлган воқеа-ҳодисаларни, қолаверса, ўй ва орзуларни ҳам тааллуқли, деб билмоқ керак.

— 60-йилларда илк романингиз — "Шаҳар ва кўппаклар" дунё юзини кўрган эди. Бу асар бутун дунёга машҳур бўлди, ҳатто экранлаштирилди ҳам. Айтинг-чи, сиз учун перулик эканингиз муҳимми ёки жаҳоний эътироф этилишингизми?

— Мен — перуликман, чунки Перуда туғилганман, ёшлигим ўша ерда ўтган. Шундай бўлса-да, китобларим мени дунё фуқаросига айлантирди. Албатта, мен ўзимни лотинамерикалик, деб биламан, лекин шу билан бирга, китобларим ва адабий обрў-эътиборим шарофати билан ҳам машриқу мағрибга ҳам тегишлиман, деб ҳисоблайман. Агар адабиёт универсал эмас экан, у адабиёт эмас, фольклордир.

— Нобель маърузангизда янграган "Мутолаа ҳам ёзувчилик сингари ҳаётнинг бекаму кўст эмаслигига қарши норозиликдир", деган сўзларингиз ёдимга тушиб қолди. Ғаройиб формула! Лекин художўй одам нуқтаи назаридан қарайдиган бўл-сак, олам Худо томонидан яратилган. Бундан келиб чиқадики, ёзувчи ана шу яратиқдаги "хатолар"ни тузатар экан-да?

— Менимча, бадиий адабиётда ҳар доим ҳаётнинг чегараланганлиги ва ғариблигига нисбатан норозилик бўлган. Кимдаки жиндек бўлса-да, тасаввур ва эҳтирос бор экан, у бундайин ҳаётдан қониқмайди. Мана шунинг учун ҳам адабиёт яшаб келмоқда: унинг ёрдамида ҳаётий тажрибамизни бойитмоқдамиз.

— Нобель маърузангизда севимли адибларингиз сифатида Сервантес, Диккенс, Бальзак, Флобер, Томас Манн, Фолкнерларни санаб ўтгандингиз. Улар орасида Лев Толстой ҳам бор эди. Бу улуғ ёзувчи сиз учун қандай аҳамиятга эга ва нима учун сизга "фусункор реалист" сифатида яқин бўлган Достоевскийни эслашни унутиб қўйдингиз?

— Достоевскийни ҳам ўқиб ғоят завқ оламан, айниқса, "Иблислар" романидан, уни испан ва инглиз тилида ўқиб чиққанман. Лекин Толстой мен учун XIX асрнинг энг буюк насрнависи, у Сервантесдек мумтоз ёзувчи билан тенглаштириш мумкин бўлган ягона адиб бўлса керак. "Уруш ва тинчлик" романи мутолааси менга катта тажриба бўлган; бу ғаройиб асарни ўқиб, романда сон ҳам сифат сингари қанчалик аҳамиятга эга эканлигини тушунганман. Айтмоқчиманки, биргина сонет дурдона бўлиши мумкин бўлган назмдан фарқли ўлароқ, фаҳмимча, тил гўзаллиги ва структура қурилиши билан бир қаторда ички кечинмалар сони романнинг кўп қиррали унсурларидан бири ҳисобланади. Ҳали ҳеч бир ёзувчи буларни Толстой ўзининг икки дурдонаси: "Уруш ва тинчлик" ва "Анна Каренина"да кўрсатиб бера олганчалик намойиш этолганича йўқ. Ўйлашимча, Толстойнинг барча асарларини, жиллақурса, испан, инглиз ва француз тилига ўгирилган асарларини ўқиб чиққанман.

— "Қийиқ қизнинг кўрган-кечирганлари" номли романингизни закий ўқувчилар омадсиз чиққан, дейишса, оддий ўқувчилар, айниқса, аёллар асарни юқори баҳолашди. Бу роман чиндан ҳам "Бовари хоним"нинг қайтишими?

— "Бовари хоним" қайсидир маънода "Қийиқ қизнинг кўрган-кечирганлари"га таъсир ўтказганлигининг ҳеч бир ҳайрон қоларли жойи йўқ. Мен Флобернинг мухлисиман, уни такрор ва такрор ўқиганман ва, ҳатто, бу ҳақда "Абадий базм: Флобер ва Бовари хоним" деган китоб ҳам ёзганман.

— Перуда, она шаҳрингиз Арекипада сизнинг уй-музейингиз очилди, деб эшитдик...

— Ҳа, Арекипада менинг номимдаги музей бор. Музей мен туғилиб, оилам яшаган уйда. Қолаверса, музейга ўзимнинг шахсий кутубхонамдан 30000 та китоб ажратганман.

— Менга ёзувчиликка бағишланган "Ёш романнависга мактуб" номли китобингиз ёқади. Ўзим ҳам А. М. Горький номидаги Адабиёт институтида наср бўйича семинар олиб бораман. Илтимос, талабаларим учун яхши роман яратишнинг битта, лекин энг асосий сирини айтсангиз.

— Яхши роман ёзишнинг ягона сири деб Флобернинг маслаҳатини айта оламан: ёзинг, текширинг, тузатинг, қайта ёзинг, тинкангиз қуригунча ёзаверинг. Барча дурдона асарлар ортида машаққатли меҳнат ётади.

Павел Басинский суҳбатлашди.

Манба: "Год Литературы. ру" сайти. 2017 йил.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.