“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 132 марта кўрилган.

Истиқбол

 

Андре МОРУА,

француз адиби

ИСТИҚБОЛ

Одатдагидек ҳар ойнинг учинчи шанбасида мусаввир Бельтара устахонасида депутат Лабер-Леклерк, "Шоҳ Колибан" романинг муаллифи ёзувчи Сиврак, машҳур драматург Фаберлар йиғилишиб суҳбат қуришаётганида Сиврак уларга юзланиб:

— Манови йигит менинг жияним. У Байеда яшайди. Касби муҳандис, лекин роман ёзибди. Романини ўқиб, баҳо беришингизни сўраяпти.

— Тасанно, — деди Фабер, —  қишлоқда яшасангиз-да, роман ёзишга жазм қилибсиз, бу ерда сизни ҳеч ким танимаса, биз сизни кашф қиламиз. Бир йил ичида амакингиз Сиврак каби  машҳур ёзувчи бўлиб таниласиз.

 — Бунинг учун шаҳарга келишингиз керак. Мусофирлик ҳаётни теран ҳис этишда асқотадиган чора дейишади ижодкорлар,  — деди Ламбер Леклерк.

 — Мени кечирасиз-у, фикрингизга у қадар қўшилмайман. Масалан, Толстой катта оила даврасида яшаган. Илҳомни қишлоғидан олган.

 — Ўтмишни қўйинг,  —  деди Сиврак. — Сизга атрофимиздан мисол келтиришим мумкин. Масалан, дўстимиз Шалон. У қанча инсонлар билан мулоқотда бўлди. Руҳонийлар, рассомлар, ёзувчилар, санъаткорлар, сиёсатдонлар... Оқибатда эса...

 — Шалон ким ўзи?  —  деб сўради йигит.

Сиврак қалтираб кетди ва аччиқ оҳангда ҳикоясини бошлади:

 —  1893-йиллардаги Генри IV давридаги нотиқлик мактаби ҳақида эшитгандирсиз? Пантеон қошида бўлган. Янаям Педагогика олий мактаби битирувчилари Ипполит, Люсьен Прево-Пародоль, Франциск Сарсе, Эдмон Абулар ҳақида ҳам эшитгандирсиз? Улар Бельтаранинг ҳам, Ламбер-Леклеркнинг ҳам, Фабернинг ҳам, менинг ҳам устозларим бўлган.

 — Менинг иқтидоримни алоҳида тилга ол, — деди депутат.

 — Бола бошдан" деган гап рост, сен орамизда ўз иқтидоринг билан алоҳида ажралиб турардинг. Ўша дамлар Бельтаранинг сурат чизишга қўли келишмас, Фабер театр ишига нўноқ эди. Адабиёт ўқитувчимизнинг унга: "Бечора Фабер, сен сира ҳам француз тилини ўргана олмасанг керак", дегани эсимда. Камина дафтар ҳошиясига Венаранинг суратини чизишдан бошқасига уқуви йўқ эди. Шалон эса даврамизда шунчаки иштирокчи бўлиб юрарди. У кам ишлар, бироқ кўп ўқирди. Китоб танлаб ўқишда унга етадигани йўқ эди. Ўзига хос дидга эга эди. Мактабни битиргач, турли томонларга тарқалиб кетишга мажбур бўлдик ва анча вақт учрашмадик. 1900 йилги санъат кўргазмасида илк бор Бельтаранинг чизган суратларини кўрдим. Унинг рассом бўлиб етишганидан бошим осмонга етди. Бир сафар у мени устахонасига таклиф этди. Бельтаранинг устахонаси бешовимизни қайта бирлаштирди. Ҳаммамиз назарга тушган ижодкорларга айлангандик. Бельтаранинг чизган сурати эгасига маъқул тушгани туфайли аёл уни таниқли рассом билан таништирибди. Фабер ҳам ёзган комедиясини амакисиникида бўлган бир зиёфатда намо-йиш этибди ва роль ижро қилган ҳаваскор актёр сабаб дастлабки пеьсаларидан бирини "Одеон" саҳнасига олиб чиқишга муваффақ бўлибди. Ламбер-Леклерк ардешлик санъаткорга котиб бўлиб юриб, унинг ёрдами билан молия вазири муовини лавозимини эгаллабди. Менам бешта қисса ёзиб қўйиб оғизга тушгандим. Шалон ҳаммамизни жимгина тинглади. У гуруҳимиздаги ёрқин истеъдод эгаси бўлиб кўринди. Сўзларидан билдикки, оғайнимиз ўн саккиз ёшида яхшигина меросга эга бўлибди. Дастлабки романини Гётедан илҳомланиб "Nouvelle comedie humaine" деб номлабди.

Шу тариқа Шалон Бельтара устахонасига оёқ чиқариб, у ерда кун бўйи қолиб кетар, иш деганга ҳафсаласи йўқлиги сезиларди. Бу ерда у Кипр маликаси Тианж хоним ва Жэрвис хонимлар билан бирга келган Селия Доусон билан ҳам танишиб олди. Шалон улар учун Бельтаранинг дўсти бўлиш билан бирга, адиб ҳам эди.

Дўстлигимизнинг ўттиз беш йиллигини нишонлагунимизга қадар мен "Оқ айиқ"романим билан "Гонкур" мукофотига сазовор бўлдим. Фабер буюк драматург бўлиб етишганди. Бельтара Фабернинг комедияларига саҳна безаги яратарди. Шалон эса биз уюштирган тадбирлар ташкилотчиси эди, бироқ ҳамон ёзишини бошламасди. "Ақл фалсафаси"ни ёзишни бошлагандан хабардормиз, лекин на бир роман, на бир қисса, на бир пьеса, на бир мақола ёзмади, бирорта ҳам китоб нашр қилдирмади. У шуҳратталаб эди, аммо ҳавойи, сароб мақтовлар гирдобига тушиб қолганди. Бу сароб уни реалликдан узоқлаштириб юборган ва танбаллик ботқоғига чўктираётганди. Хуллас, бирин-кетин тўртовимиз мукофотга сазовор бўлдик. Шалон эса йўқ. Бундан бизлар ўзимизни ноқулай ҳис этардик.

 — Унинг обрўси учун нимадир қилиш керак, — дея бир куни Фаберга юзландим.

 — Яхши, дўстлигимиз ҳурмати уни мукофотланаётганлар рўйхатига киритиб қўйишим мумкин, — деди у.

Машҳур шоир Клеман Маро таваллуди муносабати билан мукофотланган ижодкорлар орасида Шалон ҳам бор эди... Бу воқеани нишонлаш учун, албатта, кичик бир базм уюштирдик. Ҳамма Шалон ижодига омад билдирди. Шу тариқа Шалон карьерасига кенг йўл очдик. Қарангки, Пекс хонимнинг унга қизиқиши ошиб қолди. Клайд Ньютон Пекс хоним барча бой ва чиройли америкаликлар сингари умрининг аксарини Францияда ўтказарди. Париж шаҳри Франциск I кўчасида бежирим квартираси, Франция жанубида уйи бор эди. Унинг эри Уильям Ньютон Пекс "Юниверсал раббер" каучук ширкатлари ва Европа темир йўллари ширкатлари президенти эди. Пекс хоним уч марта саҳна юзини кўрган бўлсаям зўр драматик асарларни, ҳали номи чиқмаган ёзувчиларни кашф қилишни, Эрик Сати сингари ҳақиқий иқтидорларни қадрларди. Бир оқшом Елена Тианжникида унинг ёнида ўтириб қолибман. Шалон ҳақида гап очилиб қолди: "Йўқ, у ҳали бирорта ҳам асарини нашр қилдирмаган, лекин унинг режалари улкан, қораламаларини тайёрлаб қўйган", деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман. Зиёфат сўнгида у Шалоннинг йўлини тўсди. Навбатдаги учрашувимизда хонимнинг оғзи қулоғида эди:

 — Қараб туринг, ҳатто Генрию Хемингуэйнинг асарлари йўлда қолади, — деди у менга.

Орадан икки ой ўтди. Бир куни Клейд Пекс Парижда ҳали эътироф этилмаган ёзувчининг асарини нашр эттираётгани ҳақидаги хабарни тарқатди. У зўр ношир ва инглиз тилига ўгирувчи таржимон билан шартнома тузиб қўйибди.

Бир куни Шалон:

 — Клайд Пекс хоним мени Непулдаги уйига юборяпти. Париждан кетгим йўқ. Ёзадиган аҳволда эмасман. У эса тез орада ёзиб тугатажак романим билан мақтанмоқчи, — деди.

Кулгим қистади. "Ёзиб тугатилажак роман" — у ҳали бошланмаган бўлса-чи?

 — Жуда соз! Хоним беминнат ёрдам кўрсатяпти. Бу ерда бефойда учрашувлар билан бандсан. Қадрингга етадиган бир аёлнинг марҳаматидан фойдаланиб қол.

У ноилож Непулга жўнаб кетди. Февралда уни кўргани бордим. Пекслар уйи жудаям хушманзара, чиройли, бутун бир қўлтиқни эгаллаган провенсиал қаср экан.

 — О, меҳрибоним, қандай ижод қилаётганимни кўргани келдингми? Завқ-шавққа тўлиб ёзаяпман. Фикрларим ғужғон, олға етаклайди. Гоҳида қаламим воқеликларни, хотираларни тасвирлашда ожизлик қилади, сенда ҳам шунақа бўлганми? — деди у мени қучоқ очиб қарши олар экан.

Назаримда Шалон бутунлай бошқа оқим таъсирига тушиб қолган одамдай эди. Аввал мен ёзганларимни унга ўқиттириб ўзим тинглардим бу сафар янги ёзган китобимдан боблар олиб келганимни ўзим ўқидим, у тинг-лади: "Стендални кўчирибсан. "Парма ибодатхонаси"нинг ўзгинаси-ку!", деди. Аввалги мақтанчоқдан айрилганимга шукрона айтиб йўлга тушдим.

Апрелда китоб мутолаасига бағишлаб ўтказилган маросим сира ёдимиздан чиқмайди. Миссис Пекс ташаббуси билан Франциск I кўчасидаги байрамона безатилган меҳмонхонада оғайнимиз тангача кўзойнагини тақиб мутолаага киришди. Биринчи саҳифа адоғига етиши билан Фабер билан кўз уриштирдик. Ёзувчининг "бисмиллоси"дан ҳаммаси ойдин бўлади. Бутун вужудимиз музлаб қолди. Чунки Шалон ёза олмаган эди... Ёзганлари алжирашдан бошқа нарса эмасди. Нозиктаъб, кенг мулоҳазали одамдан буткул бошқача асар кутгандик. Романнинг иккинчи боби тугаса ҳамки, на маъно ва на шаклдан дарак бор эди. Йиғилганлар мулзам... Пекс хонимнинг қарашларида ҳаяжон, безовталик, сабрсизлик акс этиб турарди."Қандай фалокат!"

Мутолаа икки соат давом этди. Тингловчиларнинг ҳеч биридан садо чиқмади. Бу сукунатни фақат Пекс хоним бузса керак, деб ўйлаётгандим. Бироқ у хўмрайганча қотиб қолганди. Шалон ўзини қўярга жой топа олмаётганди:

 — Қаҳрамоним Алиса сизларга ёққандир? — деб сўради.

 — Албатта, жуда зўр! — деди Бельтара

Миссис Пекс мени бурчак томон етаклади.

— Сиздан ўтиниб сўрайман, тўғрисини айтинг. Роман жуда кулгули-а?

Мен бошим билан ирғаб тасдиқ жавобини бердим.

— Уни иқтидорли деб ўйлабман. Афсус адашибман?! Наҳотки донишмандлик билан истеъдод бошқа-бошқа нарса бўлса? Қандай шармандалик! Жар солиб юрибман-а! Нашр қилишга ярамайди-ку ахир!

Эртасига қўлёзмани ноширга обордим ва:

— Шалоннинг китоби, — дедим.

— Ростдан-а?! Зўр бўлса кераг-а! У билан бир йилга шартнома тузаман.

Ношир романни ўқиб кўрмай босмахонага бериб юборибди. Бу хабар Шалон бироз ҳомийсига таскин берди. Уч ойдан сўнг китоб босмадан чиқди. Танқидчи дўстлари китобни хаспўшлашди. Шалоннинг бундан боши осмонда эди. Бироқ бир ой ичида бутун Париж асарни яроқсизга чиқарди. Китоб дўкон расталарида сариқ тусли хазонга айланди. Йил охирида ношир ўзининг Шалон томонидан туналганини эълон қилди. Муваффақиятсизликка учраганини сезиб-билиб турганига қарамай у бизни икки гуруҳга ажратди: "тарафдорларим" ва "қаршилар". Сохта мақтаганларнинг мақоласини чўнтагига солиб юрадиган бўлди. Ҳамма яхшиликларимизни унутиб, биздан айрилди ва ёлғизланиб қолди. Бир куни уни ўзим йўқлаб бордим. Шалон мени совуқ кутиб олди.

— Менга рақиб бўлиб чиқдинг! Ақалли бир марта асаримни яхши демадинг.

— Яхшиликларимизни нотўғри тушунибсан, оғайни.

— Йўқ, тўғри тушундим. Ҳақиқат шуки, сохта даврангиз одамни мақтай-мақтай ўлдириб қўяр экан.

— Напулга жўнаб кетаётган кунинг эсингдадир? Ўшанда ўзинг "Ёзолмайман дегандинг-ку!"

— Сени ва Клайд Пекс хонимни асло кечирмайман!

У ўрнидан турди-ю, аламзадалик билан эшикни очди. Бу қабул тугаганига ишора эди. Чиқиб кетар эканман, ортимдан унинг: "Истиқболимни барбод қилдиларинг!" деганини эшитдим.

Ҳа, бу ҳикояда энг зўри шу бўлдики, адолат барибир қарор топди, — деди Бельтара...

Француз тилидан Юсуф ХУШВАҚТОВ таржимаси