“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 56 марта кўрилган.

СУҲБАТ

Жон Максвелл Кутзеe,

Нобель мукофоти лауреати

СУҲБАТ

— Мукофот муборак!

— Ташаккур.

— 2003 йилнинг Нобель мукофоти лауреатини келажакда нималар кутмоқда?

— Аллақачон учрашувларга чет эллардан таклифлар келиб турибди. Адабий машҳурлик менга доим ғалати туюлган. Ёзувчи сифатида кимлигингни исботлаб, асарлар ихтирочисига айланганинг билан одамлар шовқин-сурон кўтариб, нутқ сўзлашингнию олам ҳақида янгича қарашларингни тинглашни истайди.

— Адабий фаолиятингиз хусусида сўрамоқчи эдим. "Такрорий нуқта" сайланмасидан сўнг бир мақола ёздингиз (асар хусусида). Адашмасам, бундан ўн йилча бурун сайланманинг "Шараф" бўлимини "The Threepenny Review" нашр қилдиргани муносабати билан мақолада "Такрорий нуқта" Рильке, Музиль, Паунд, Фоулкнер, Форд  ва Беккет лар таъсири асосида юзага келгани ҳақида тўхталгансиз. Бир-бирига муштарак бўлмаган номлар, бироқ уларни бирлаштиришни истаган одам мутаносиблик топа олади. "Энг муҳим сабоқ, бу - бошқа ёзувчилардан ўрганишдир", дейсиз, адашмасам, оҳанг масаласига атрофлича эътибор қаратилади. Аммо кейинроқ чоп этилган мақолангизда: "Бошқа ёзувчиларнинг фикридан фойдаланиш бу — мукаммал ғоя эмас", дегансиз. Айтинг-чи, ёзиш бу — маълум бир ғояни ифодалашми ёхуд ҳаёт йўлини кўрсатиб бериш?

— Ўша мақола ғоят шошқалоқлик билан ёзилганди. Шундай экан, у бу қадар чуқур таҳлилларга бардош беради, деб ўйламайман. Шуни айтишим керакки, мен унда ёзувчиларнинг исмини бирма-бир санаб ўтганман. Мазкур адибларнинг асарларини турли ёшда мутолаа қилганман. Таъсир доираси кучли ижодкорларнинг китоблари ёшликда ўқилса, у бутун умрга хотирада муҳрланиб қолади. Мисол учун, Музилни олайлик, ундан ёш ижодкор сифатида илҳомланганман. Унинг "Фазилатсиз одам" асаридаги жозибадор ҳикоялар мени оҳанрабодек ўзига мафтун қилган. Беккетга келсак, у асарларида 1952 йилга қадар бўлган воқеаларни қаламга олган. Мақолани тайёрлаш жараёнида мен яна бир жиҳатни назардан қочирган эканман. Шундай асарлар борки, нафақат таъсир кўрсатади, балки маънавий дунёнгни остин-устин қилиб юборади ва бир муддат ўзинг истамаган ҳолда вужудингда ўша ёзувчи ёки шоир услубига тақлид кучаяди. Бунга яққол мисол қилиб, Вордсворт ни келтириш мумкин. Мен ҳануз на услуб ва на фикрлаш борасида унинг мақомига эриша олдим. У поэзияда айта олганларини мен, ҳатто прозага сингдиролмайман. Инсоният ва инсониятнинг атроф-муҳитга муносабати ҳақида ёзганимда, ушбу ёзувчидан ўрнак олганман.

— Адабий танқидчилар: "Ёзувчини аниқ вақт ва макондан бошқа ҳеч ким синай олмайди", дейди. Бунга муносабатингиз?

— Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мен Европага кўчишнинг энг сўнгги вакиллариданман. Бу ҳаракат эса Исонинг туғилган давридан бошлаб, то ХХ асрнинг ўрталаригача бўлган вақтни ўз ичига олади. Интеллектуал шахс сифатида ўзимни Африкага эмас, Европага тегишли, деб биламан, лекин шу билан бир қаторда Жанубий Африкада ирқчиликдан азият чеккан авлод сифатида ўтмишдаги хунук воқеалардан кўнглим оғрийди. Баъзан ўзимни мустамлакачилик замонида яшаётгандай ҳис қиламан. Мозийдаги жабр-зулм бутун ирқнинг изтироблари даҳшатли тушдай тинчлик бермайди. Саволингизга тугал жавобни асарларимдан топасиз.

— Романларингизда Европа адабиётидаги модернизмнинг таъсири сезилади, бироқ адабий танқидчиларга модернизм у қадар хуш келмайди...

— Машаққатли ишни охирига етказиш ҳамманинг қўлидан келавермайди, қийин жумбоқларга ечим топишга унча-мунчаси бардош қилавермайди, янгича қарашларни англаш жўн бўлганда ҳеч ким норозилик билдирмасди, ҳеч қайси давр табиати мураккаб одамларни сиғдирмаган. Модерн ҳам худди шунга ўхшайди. Ижодимга Беккет асарларининг таъсири сезиларди. Шубҳасиз, уни модернист ёзувчи деб аташ мумкин. Унинг Африкага мутлақо боғлиқ жойи йўқ. Аммо ушбу истеъдодли адибнинг "Атол Фугард" асарида африкалик маҳаллий аҳолининг уқубатли ҳаётини кўриш, дардини ҳис қилиш мумкин. Биласизми, бу нимани англатади? Адабиёт — чегара билмас куч! У ҳар қандай тўсиқ ва синовларни енгишга қодир.

— Сўнгги "Беномус" романингиз қаҳрамони Элизабет Костелло образи ҳамиша иккиланишлар ичида яшайди. У ўзига, эътиқодига бўлган ишончни йўқотганидан азият чекади. Қаҳрамон руҳиятидаги қарама-қаршиликлар китобхонни мушоҳадага чорлайди ва барининг ортида қандайдир яширин куч борлигига ишонтиради. Элизабет яқинларига ёзган мактубларнинг санаси ҳам ғоят шубҳали, ҳатто бир мактубда "1603 йил, 11 сентябрь" санаси қўйилган. Бу сана нимага ишора?

— Бунда ҳеч қандай маъно йўқ. Сана ҳеч қандай тарихий воқеага ҳам ишора эмас. Шунчаки одамлар Ер юзида даҳшатли воқеалар содир бўлган саналарни ҳам оддий кундай қабул қилишларини истаганман, холос. Адабиёт нафақат ўтмишдаги воқеаларни эслатишга, балки келажакда бўладиган буюк ишларга умид уйғотиш учун ҳам яшаши керак. Мен ҳар бир кунни Худонинг ато этган неъмати сифатида қабул қиламан ва ёзавераман. Ёзиш — камина учун ҳаёт мазмуни.

 

12. 08. 2003й.

Инглиз тилидан Шермуҳаммад Тулиев таржимаси