“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 85 марта кўрилган.

Кoкка совурилган йиллар

 

Эрнест ХЕМИНГУЭЙ,

Нобель мукофоти совриндори

Кoкка совурилган йиллар

 

— Жуда яхши ҳикоя бўлибди, — деб мақтади боланинг отаси. — Қанчалар яхшилигини ўзинг ҳам билмасанг керак.

— Мен ўша аёлни буни сизга юбормасин, девдим, дада!

— Яна нималар ёздинг?

— Бор-йўғи шу биргина ҳикоя, холос. Ростданам, ўша хоним сизга сиримни сотиб қўйибди. Лекин бу ҳикоя мукофот олгач...

— У шунчаки мени сенга кўмаклашишимни истади. Бироқ ҳамонки, сен ёзишни тузук уддалар экансан, унда ҳеч кимга муҳтож эмассан. Шу ҳикояни ёзишга қанча вақтинг кетди?

— Унча кўп эмас.

— Қизиқ, чағалайлар мавзуси қаердан каллангга кела қолди?

— Адашмасам, Багамада кўрувдим уларни.

— Умрингда на Кучук Қоялари ва на Тирсак Кўрфазида бўлмагансан-ку! Қолаверса, Мушук кўрфазидаям, Биминидаям биронта чағалайга кўзим тушмаганди сира. Кэй Уэст дейдиган бўлсанг, у ерда атиги миттигина денгиз қушчалари ин солган, холос.

— Киллем Петерсда бор эди чағалайлар. Ўз кўзларим билан кўрганман. Улар маржон қоялар устига ин қургандилар.

— Шундоққина текисликлар биқинидами? — дея ўсмоқчилади отаси яна, — аммо сени чағалайлар тўғрисида бунча кўп маълумотни билганинг ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

— Эҳтимол, буни менга сиз ҳикоя қилиб бергандирсиз, дада.

— Нима бўлгандаям, ажойиб ҳикоя чиқибди. Ҳаттоки, бу менга узоқ йиллар олдин ўқиган бир ҳикоямни эслатиб юборяпти.

— Ҳа, ҳамма нарса сизга доим ниманидир эслатади, — деб аразлагандек бўлди ўғли отасидан.

Ўша ёз бола ҳар кунини кутубхонада ўтказганини отаси яхши биларди, катта уйларига тушлик учун ташриф буюрганида у ўғлини бейсбол ўйнамаётган ёки ўқ узиш тўгарагида эмаслигини билгач, демак унинг ёзиш билан банд эканлигидан тезда воқиф бўларди.

— Нимаики муаммо туғилса, шартта ўзимга айтгин, ўғлим, — дея қувватларди ота зурриёдини, — бор билганинг ҳақида ёзиб-ёзиб ташлайвер.

— Шундай қилаяпман, — деб жавоб берарди бола ҳам.

— Ҳар доим ҳам йиртиғингга ямоқ бўла олмайманку-я, — давом этарди ота, — аммо истагудек бўлсанг, иккимиз биргаликда ижод қилсагам зўр иш бўларди, буни бир амалда синаб кўрсанг чакки бўлмасди.

— Менимча, ўзим эплай оламан.

— Майли, то ўзинг кўнглинг тўлмагунча менга ҳеч нарсангни кўрсатма, бунга зарра қаршилигим йўқ. Ҳа-я, сал бўлса эсимдан чиқай, дебди, "Қадим-қадимда" асари сенга маъқул бўлдими?

— Жуда ҳам.

— Эшит, мен назарда тутган ҳамкорликдаги ижод бундай бўлади: бир тасаввур қил, биз сен билан бозорга бориб, тўппа-тўғри хўроз уриштириладиган жойга кирамиз ва иккимиз ҳам нимани кўрсак, шуни дарҳол оққа кўчиришга тутинамиз. Қачонки, ёзажак китобинг қозонида ўзинг ҳам қайнаб чиқмагунингча сен яратган асар табиий ва жонли бўлиб чиқмайди. Тўғри, булар сенга ўта жўн ғоялар бўлиб кўриниши мумкин; хўрознинг тумшуғини очиб, томоғигача пуфлаш,  кейин эса ҳакам уларга изн бергунича паррандаларни қўлдан чиқармай тутиб туриш — сираси, булар оддий лавҳалар. Лекин муҳими, биз уни иккимиз биргаликда кўрганлигимиз бўлади.

Бола бош ирғаб отасининг гапларини тасдиқлагандек бўлар ва олдига қўйилган ов-қатига кўзларини тикарди.

— Ёки бўлмасам, бундоқ қилсагам ёмон бўлмайди, сен билан қаҳвахонага борсак-да, ошиқ-мошиқ ўйнаб, тасаввурларимизни янада бойитсак. Яна ўйин чоғи атрофда бўладиган гап-сўзларни қулоққа илиб, эсда сақлаб қолсак, нима дединг? Сен бир қатор ҳам ёзишга уриниб кўрмайсан. Фақат маъноси бор сўзларнигина миянгда сақлаб қоласан.

— Сиз айтаётган ишлар менинг қўлимдан келмайди, деб қўрқаман, дада! Яхшиси, мен ўзим билганча ёзишда давом этаверганим маъқулмикин...

— Ана ундан кейин яна ўзинг билганингдек ижод қилаверасан. Сенга халал бермайман, таъсирам ўтказмайман. Айтганларим бор-йўғи содда машқлар, холос. Сен билан бирга нимадир яратишдан кўнглим тоғдек ўсади, тўғри, беш қўл баравармас, бари ёзганингам зўр чиқавермайди-ку-я, бироқ отанг сенга елкадош бўлса парвозинг янада баланд бўларди, ўғлим.

— Барибир шу ҳикоямда қандай йўлдан кетган бўлсам, яна шунда кетаверганим яхшироқ, дада.

— Албатта, тойчоғим, мен бунга йўқ демаяпман, — дерди отаси унинг гапини бўлиб.

Унинг ёшида мен бундай ёзолмаган бўлардим, деб ўйлаб кетарди кейин у, бировнинг болам билан тенг пайтида бунақа каромат кўрсатганини сира эслолмайман. Устига-устак, ўн ёшида ўқ узишни уддалаган ўғлимдан ўтказиб мўлжалга бехато ура оладиган бинойи мерган ҳақидаям қулоғим эшитмаган экан, баҳодирим нафақат ўқ узиб машқ қилганди, балким чинакам ўқ узишда чемпион бўлганлар билан ўтказилган мусобақада ҳам ғолиб бўлганди. У ўн икки ёшли вақтиданоқ машқ майдонларида бемалол ўзини кўрсатиб қўярди. Ўзиям, ўғлим мисоли улуғ зарбага шайлангандек катта куч билан ўқ отарди-да. У отишда мутлақо ғазаб сочмасди, мутлақо мўлжалдаги қушни яқин келишига йўл қўймасди, у баланд чўққилардаям, паст учар ўрдакларни отганидаям ниҳоятда чиройли усул ва аниқлик билан иш тутарди.

Каптарларни отишдаги мусобақада-чи, унда шоввозим тош йўлакдан аста юриб борганди-да, қушлар жойлашган ғилдиракни қўрқмай айлантириб ташлаган, сўнгра белгиланган тош лавҳага қараб бир муддат киприк қоқмай кутиб турганди, ўшанда бутун халойиқ нафасини ичига ютиб, ўликдек жим қотиб турганди. Ўғлим ҳаммани ҳайратга соладиган ягона мерган бўлиб етишганди. Баъзи бир оғзига кучи етмаганлар унинг сиридан огоҳдек, худдики уни масхаралагандек ўзича кулиб ўтирарди, у елкасига милтиқни ўрнатиб, ғилдиракдаги паррандаларнинг оёғини нишонга олганча яхшилаб тикилиб турарди. Ундан кейин у қуролига яхшилаб мослашиб олганди-да, чап қўлини олдинроққа чўзиб, бор оғирлигини чап оёғига ташлаганди. Милтиқ қўндоғи бир кўтарилиб тушгач, ўғлим уни ўнг ва сўл тарафга сермаб, яна асосий мўлжалга нишонни тўғрилаганди. У ўнг оёғини асталик билан кўтариб, бор гавдасини хотиржам шаклда тутиб олишни биларди.

— Тайёрман, — деганди ўғлим паст, хириллаган овозда, одатда бундай товуш бунақа ёш болаларда учрамайди.

— Тайёр, — дерди ҳакам ҳам.

— Ўқ уз, — деб буйруқ берарди хирқираган товуш кулранг каптар оппоқ, паст девор томондаги ям-яшил ўтлар устидан учишни бошлаган заҳоти, кетма-кет икки марта ўқ отиларди. Қуш боши билан ерга шўнғирди, у биринчи ўқданоқ ўлиб бўларди.

Ўғлим ўшанда тошйўлакдан шийпонча бўйлаб оҳиста, юзида ҳеч бир ифодасиз хотиржам юриб келар, қарсак ва олқишларга ортиқча керилмасдан, фақатгина "Сен бургутсан, Стив" деб кимдир айтган мақтов учунгина "раҳмат" айтиб  индамай жойига келиб ўтирарди.

Кейин токчага милтиғини қўярди-да, отасининг ҳам иштирокини кузатгач, мен билан биргалашиб ташқаридаги барга йўл оларди.

— Кока-кола ичсам бўладими, дада?

— Бўлади, аммо яримтадан кўп эмас, ўғлим, — дердим унга меҳрибонлик билан.

— Хўп. Бироз ландовурлик қилганим учун мени кечиринг. Қушни эркин учишига изн бермаслигим керак эди.

— Йўқ, у ўзи шунақа кучли ва айёрларидан экан, Стив.

— Озгина бўшашмаганимда ҳеч ким унинг ўзарлигини, ҳатто пайқамасди.

— Йўқ, сен уни бопладинг.

Ҳа, ҳовуримдан тушишим керак, хавотир олманг, дада. Бир қултум ошиқча кола чанқоғимни қондирмайди ахир.

Навбатдаги ўлжа ҳам осмонда қурбон бўларди, иккинчи ўқдан сўнг йиғилганлар бу қушнинг ҳам Стивга енгилгина мағлуб бўлганини кўриб ҳайратга тушарди.

Бир гал маҳаллий мерганлардан бири боланинг руҳиятини тушириш учун ҳам қасддан:

— Шуям отиш бўлди-ю, осонгина йўл билан-а! Бўлганинг шуми, Стив? — деганди баланд овозда.

Стив унга жавобан индамай бош ирғаганди-да, милтиғини осганча дадасини қидириб нари кетганди.

— Кўпам ҳаяжону ҳиссиётга берилиш ярамайди, ўғлим, — дегандим унга ўшанда.

— Йўқ, бу гал улар менга тузоқ қўйишди, дада. Лекин юзингизни ерга қаратишни асло истамайман. Мана, ҳозир ҳам диққат билан қаранг-да, иккинчи рақамдаги қурол қолган тўрттасидан кўра икки баробар панд берадиганга ўхшаб кўриняпти кўзимга. Уни ҳафсала билан мойлаш керак. Аммо ҳозир ҳакамлар буни билиб қолганимни хаёлларига ҳам келтирмаяпти.

— Лекин кўпинча милтиқнинг овозига қулоқ соламан ва шундан унинг қанақалигини билиб оламан, — дердим мен, бир муддатдан сўнг менинг ҳам навбатим келиб қолганди.

— Биламан, аммо сўл томондаги ана шу қуролга ҳазир бўлинг.

Стив ҳақ бўлиб чиққанди, мен ўша иккинчи рақамли милтиқдан биттаям қушни отолмадим, қурол яроқсиз бўлиб чиқди. Ахири бор маҳоратимни ишга солиб, ўлжа паст деворга яқинлашиб учган маҳалдагина азбаройи уялганимдан бир амаллаб нишонга теккиза олдим.

— Кечиринг, дада, — деди ўғлим, — улар милтиқни номига бўлсаям ёғлаган шекилли, тилимни тишлаб турсам бўлардийкан-а!

Ўша ҳодисадан сўнг ота-бола алла-паллагача ўлжани қандай қўлга тушириш борасида гаплашиб ўтиргандик. Стив:

— Мен фақат олғир каптарларнигина қандай қилиб кўздан қочираётганимга тушуна олмаяпман, — деганди.

— Бора-бора ўрганиб кетасан ҳали, лекин нозик нуқталарингни ҳаммагаям ошкор этма.

— Бундан сиз хавотир олманг-у, бироқ ўзим кўзлаган ниятимга ета олмаётганимга ичимда қаттиқ хавотирдаман. Уларнинг ҳаммаси осмондаёқ ҳалок бўлишяпти.

— Мана, сенинг мағлубиятинг қаерда? — деди отаси унга панд бергандек оҳангда.

— Шуни айтаяпман-да, дада! Шу менинг камчилигим. Аммо биронта мерганниям каптарларни тириклайин қўлга туширганини ҳозиргача кўрмадим ҳам.

— Балки йигирма йилдан кейин уддалаб қоларсан буни, — деб юпатди отаси ўғлини.

— Балки, аммо мен зўравон бўлиб қолишни истамайман, дада.

— Яхши ўйлабсан, — деди ота, — лекин буниям бошқаларга билдирма. Барини ичингда сақлашни ўрган.

Энди эса отаси ўғлининг ажойиб ҳикояси ва унинг иқтидори тўғрисида ўйлаб кетди. Шунчалар олов иштиёқи билан ҳам у зўр мерган бўлмади, у ҳозир ҳамма машқларни буткул унутиб юборган. Эҳтимол, у оғир милтиқ кўтариб, кўкариб кетган елкасини кўравериб, отишмалардан кўнгли қолгандир.

Стив, ҳаттоки гавдани қандай тутишу нишонга қанақа қилиб олишни ҳам эсидан чиқарган. Вазнни олд оёқларига ташлаб туришни ҳам аллақачон билмай қолган. Оҳиста ўнг товонини кўтаришниям, бошини эгганча отишга тайёрланишниям, эҳҳ! Болани энди мусобақаларда қанча ҳисоб тўплашиям қизиқтирмайди. Отаси яна хаёлан ўғлига тушунтира бошлади: "Гавдангни тўғрила, Стив. Қушнинг ўзигамас, тумшуғининг ҳаракатига разм сол ва ўша тумшуқлар билан бирга сен ҳам тебранишга урин. Шу мўлжални кўздан қочирдингми, сен маррага етолмайсан, ўғлим! Сен зафар қучишинг шарт!"

Стив табиатан оқкўнгил бола эди, аммо отаси уни мерганликка ўргатганидаям у падарининг ишончини оқлай олганди, ўнта ўлжадан йўқ деганда олтита, ёки саккизтасини, албатта, уриб туширарди. Аста-секин тўққизтаям отадиган бўлди, бора-бора йигирмата қушдан нақ йигирматасини ер тишлатди, бундай зафар эса унча-мунча мерганларга насиб қилмасди.

У иккинчи ҳикоясини ҳеч қачон отасига кўрсатмади. Ёзги таътил охирлай деганда ҳам Стив бу ҳикоясини ҳали якунлай олмаганди. У қилган ишини бировларга кўрсатишдан олдин аввало ўзи чуқур қониқиш ҳосил қилиши зарур эди. Ниҳоят, кейинги (бу) ҳикоясини битириши билан Стив уни отасига юборди. У яна отасига бу йилги таътил ўтган йиллардагидан кўра энг-энг яхшиси ва мароқлиси бўлганини, дадасининг ҳадеб уни ўқишдан тортишини бас қилишини, ўқиш-ёзиш унга олам-олам қувонч бағишлашини билдириб хат ҳам ёзиб жўнатди.

Орадан етти йил ўтди. Рўзномаларнинг бирида отаси ўғлининг яна бир ҳикояси мукофот билан тақдирланганлиги ҳақида ўқиб қолди. Бироқ отага ўша ҳикоя росаям таниш бўлиб кўринди-да, у ўғлининг эски ижодхонасини тинтув қила кетди. Кўп ўтмай у ҳикоянинг қаердан пайдо бўлганини аниқлаб билди. Бир замонлар унутилиб кетган олис йиллик, қадрдон туйғу бир неча лаҳзаларга юракни маҳв этди. Ота титилиб кетган китоблар ичига бир дам асир бўлди, бир маҳал у машҳур ирланд ёзувчисининг кичик ҳикоялар тўпламидан ўзи қидирган сирга ечим топди. Ўғли ўша тўпламнинг барча ҳикояларини, ҳатто номини ҳам ўзгартирмасдан сўзма-сўз кўчириб олганди.

Яқин ўтган йиллар отага ўта даҳшатли бўлиб туюлди. У ўғлига берган нотўғри тарбиясидан қаттиқ ўкинди, у ўз зурриёдига дунёдаги жами нопокликларни ўргатган экан, ўқ отиш, қон тўкиш, муттаҳамлик қилиш, ўғирлаш, ё Раббий, ҳаттоки Сўз ўғирлаш! У ақлдан озибди, деб ўйлади Стивнинг отаси ўғлини. Уни мен касал қилганман. Туғилганида ва қушларни отмасидан аввал у соғлом эди. Аммо менинг "оталарча" ўгитларим уни хонавайрон қилди.

Энди ота ўғлининг яхши бўлиб кетишидан умидини узганди. У фақат ўтган кунлар армони билангина яшар ва ўлжани нишонга олиш ҳаётда салбий оқибатлар олиб келганидан дил-дилидан афсусланар эди.

 

Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси