“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 148 марта кўрилган.

КИЧИК АКТРИСА

Разипурам К. НАРАЯН,

  ҳинд ёзувчиси

КИЧИК АКТРИСА

Қизча ширин уйқуда, туш кўриб ётарди. Тушига кичкина фақат ўзигина сиға оладиган кўк парвоз кирди. Қизча парвозга чиқиб олди-да, бутун боғни айланди. Ясмин бутаси олдига келганда қизча тўхтади ва деразадан қўлини чиқариб, гуллардан узиб олди, сўнгра парвоз уни боғнинг этагига, кўчага яқин жойдаги девордан жингала бўлиб осилиб турган ўсимликнинг қизил гуллари тагидан олиб ўтди. Кейин ёлғиз ўзи ҳайвононот боғига борди, шунда ҳамма маймунлар у билан бирга парвозда сайр қилмоқчи бўлишди. Бироқ парвозга фақат қизчанинг ўзи ва унинг сийрак сочли қўғирчоғи сиғарди, холос. Парвознинг поли устида бўлса қоғоз халтачаларда ширинликлар сочилиб ётарди. Қизча шоколодни олиш учун хиёл энгашган эди. Шу пайт онасининг: “Кутти, Кутти тура қол!”, деган овози эшитилди. Туш тамом бўлди. “ Тура қол соат саккиз бўлди”.

  • Вой  ойи-ей, нега уйғотдингиз! Паровоз шундай яхши эди! Уйғотмасангиз, мен ўша паровозда яна сайр қилиб олардим. Қўғирчоқ ҳам уйига кетмоқчи эди.
  • Ҳадемай келиб қолишади, сен тайёр бўлиб туришинг керак, ҳали сени кийнтириш лозим. Агар рақисинг уларга ёқиб қолса, жуда кўп пул беришади, сен у пулга кўп қўғирчо-у паровозлар олишинг мумкин.
  • Ростанми ойи?
  • Рост қизалоғим, рост. Тура қол улар сенга жуда кўп пул беришади.
  • Ҳа, сиз барибир пулни олиб қўясиз, мен эса ҳеч нарса сотиб ололмай қолавераман.
  • Пулнинг ҳаммасини сенга беришга сўз бераман, лекин шарт билан: анов куни мактабда қандай қўшиқ айтиб, рақсга тушган бўлсанг, бугун ҳам шундай қўшиқ айтиб, рақсга тушасан.

Икки нафар кино ходими Кутти мактаб қўшиқ айтиб рақсга тушганини кўришган, ўшалар келмоқчи. Бу ҳол оила учун камдан-кам бўладиган бахтли омад эди. Куттининг отаси мактабдада ўқитувчилик қилиб, ойига эллик рупий топар, бу пулдан Куттининг ўқиш ҳақини тўлаши, синглисининг тўйи туфайли олган қарзининг маълум қисмини узиш ва бутун рўзғорни тебратиш керак. Икки йилдан бери бу оғир тош оилани эзиб келар, шунинг учун ҳам Куттининг дадаси ҳар доим ҳорғин юрарди. Мана ҳозир тасодифан қарздан қутилишнинг йўли очилиб қолди: қарзга олинган пулни қайтариб бериб, ниҳоят Куттининг онаси ҳам одамларнинг кўзига қарай оладиган бўлади.

  • Неча пул сўрамоқчисиз улардан? —  сўради  ҳадеб Куттининг онаси дадасидан.

            Дадаси  ҳам:

  • Ўнг минг рупий, ундан кам бўлмайди, —деди.

Соат тўққизда киноматаграфчилар келишди. Улардан бири кексароқ, бармоқларига гавҳар кўзли узуклар тақиб олган, иккинчиси ёшроқ, ниҳоятда олифта, тивит костюм кийиб, гардишсиз кўзойнак тақиб олган эди. Куттининг дадаси уларни ўтиришга таклиф қилди, шалоғи чиқиб кетган курсиларга ўтиришди. Бу ғариб хонада   уларнинг савлати янада ошиб кўринарди: улар шу даражада баланд эдиларки, худди уй шифти пасайиб нақ уларнинг бошига қўнгандай, ҳатто улар бир оз энгашиб тургандай эдилар. Бирмунча вақт ҳол-аҳвол сўрашув билан ўтди, шундан кейин олифта кийингани:

— Вақтимиз зиқ. Балки қизчани чақирарсизлар?—деди.

    Кутти меҳмонхонага кирди. Онаси уни бу тантанали маросимга атайин қўғирчоқдай ясантирган: сочлари қаттиқ ўрилган ва гуллар билан безатилган, эгнига катак шоҳи юбка, мош рангли кофта кийган, пешанасига тўқ қизил хол қўйилган эди. Дадаси ғурур билан унга қараб қўйди.

    Кекса кинематографчи қизчага шоколдли пакетча узатди. Кутти олишга иккиланиб, рухсат сўрагандек отасига қаради. Кекса кинематаграфчи ўрнидан турди, қизчанинг қўлига пакетчани тутқазиб:

— Сен кинони яхши кўрасанми, қизалоқ — деб сўради.

— Йўқ ,— Кутти отасининг тиззасига суйкалиб тутилмасдан жавоб берди.

— Нега энди?

— Чунки кинода қоронғи бўлади,— деб жавоб берди Кутти. Олифта йигит бу пайтда қизчанинг ҳатти- ҳаракатларини диққат билан кузатиб турарди. Ухаёлга берилиб кетди:

  • Мен қизчани калта кўйлакда ва сочларини ёйиб турган ҳолда кўришни истар эдим. Бу қадимий либосда у ўз ёшига нисбатан каттароққа ўхшаб кўриняпти. Сиз қизчани бошқатдан кийнтира оласизми?
  • Ҳозирнинг ўзида-я? — сўради Куттининг дадаси ва шошиб қолди. — Бор Кутти, кўйлак кийиб, сочларингни ёйиб чиқ, — деб буюрди.
  • Елкангда ёйилиб турсин, — деди олифта кийингани.
  • Гулларни нима қиламан? — сўради қизча, — гул тақмаса бўлмайди.
  • Ҳа майли, сочларинг шундайлигича қола қолсин, фақат кўйлак кийиб ол.
  • Мен шу юбкамни яхши кўраман, — деди Кутти.
  • Яхши киймай қўяқол. Бу  кейин ҳам бўлаверади, — деди олифта Сен бизга анови куни мактабда айтган қўшиғингни айтиб, ўйнаб берасанми?
  • Йўқ, — деди Кутти. — Мен ҳаммасини унутиб юборганман.

Кекса кинематаграфчи чўнтагини ковлаб яна шоколад олди.

— Қани, бўла қол, жажжи қиз ўша қўшиқни айтиб берсанг, манави шоколадни ҳам оласан. — Қизча дадасига қаради.

  • Қани  бўла қол, — деди дадаси, бу унинг: “Ҳа, шоколодни олишинг мумкин”, дегани эди. Қўшни хонадан онасининг: “айта қол Кутти, ўзинг эсли қизсан-ку”, деган овози эшитилди. Шундан сўнг Кутти баланд, кескин овоз билан  Кришнанинг худога мурожатини куйлай бошлади. Худди Кришна шу ерда, унинг олдида тургандай қизчанинг кўзларигача рақс тушарди, қўллари уни ўз ёнига чорлар, оёқлари эса пол узра пилдираб кетмоқда эди. Қизчанинг аъзойи – баданидаги ҳар бир мушак қўшиққа жўр бўларди. У туғма раққоса, туғма актириса эди. Овози билан, хатти- ҳаракати билан, юз ифодаси билан жонли манзаралар ярата оларди. Рақсни тамомлаган қизча нафасини ростлаб, ўз томошабинларига назар ташлади. Олифта кийинган кинематографчи қизчани бағрига босиб ўпар, ҳеч қўйиб юборгиси келмасди. У ҳамроҳига:
  • Одамни ҳайратга солади бу қизалоқ! Фильм учун айнан шу қизча керак! Агар сиз шу қизни олмасангиз, мен бундан кейин ишлашдан мутлақо бош тортаман, вассалом... Тушундингизми?

Ҳамроҳи тасдиқ аломатини билдирди.

  • Соат тўртда биз яна келамиз-да, қизчани студияга синов учун олиб кетамиз!— дейишди. Хайрлашаётганда кекса кинематаграфчи Куттининг дадасига:
  • Қизингиз бизга жуда ёқиб қолди. Бундай истедод билан шуҳрат қозонади, деб ўйлайман. Агар кечқурун вақтингиз бўлса сиз билан баъзи масалаларни муҳокама қилмоқчи эдим.
  • Унга парвоз билан қўғирчоқ — тепакал қўғирчоқ олиб беришни унутманг. Қизимиз кечаю кундуз шуларни орзу қилиб юради. Менимча, нархи олти рўпайдан хиёл ортиқ бўлса керак. Соат учда Кутти тайёр бўлди, онаси унинг сочларини ёйиб, калта кўйлак кийдириб қўйди. Куттининг роса аччиғи чиқди. “ Мен бу кўйлакни ёмон кўраман, нимага сиз менга бу ёмон кўйлакни кийгазиб қўйдингиз – а?” у алам билан сочларини тортқилади. “ Буларни лента билан боғлаб қўйинг. Мен боғланган сочни яхши кўраман.. Менга боғланган соч ёқади”. Онаси уни бир амаллаб тинчитди ва ўйнаб келиш учун ҳовлига чиқариб юборди.
  • Эҳтиёт бўл, кир қилма устибошингни! — тайинлади онаси.

Соат тўртда, кинематографчилар келишганда Куттининг дадаси қизини қидириб ҳовлига чиқиб кетди. Қизча ҳеч қаерда кўринмади: У хотинидан:

  • Кутти қани? — деб сўради. Ҳовлида юрган эди. Эҳтимол қўшниникига киргандир. Мен ҳозир қараб келаман. — Бир неча дақиқадан кейин аёл қайтиб келди. — Қизиқ, қўшни уйда ҳам, ундан кейингисида ҳам йўқ, қаёққа кетди экан?

     Олифта кийингани қизни чорак соат кутиб турди. Кейин:

  • Биз студияда бўламиз. Топган заҳоти қизчани ўзинглар олиб боринглар, келишдикми?— деди...

   Қидирув бошланди. Онаси кўчанинг у бошидан бу бошига зир югуриб чиқди. Дадаси мактабдан суриштирди. Бутун уйни титиб чиқишди. “Кутти! Кутти” деб чақиришди, кимдан иложи бўлса шундан сўраб чиқишди. Онаси ерга узала тушиб олиб додлайверди, дадаси бўлса нима воқеа юз берганига ақли етмай остонада қаққйганича туриб қолди.

Хотинининг қайғуси унга ҳам таъсир қилди. Болани биров ўғирлаб кетмаганмикан, деган хаёлга ҳам борди. Бунақа ишлар ҳам бўлиб туради. Куттининг дадаси хотинига “ Мен ҳозир қайтиб келаман “, деди- да, полиция участкасидаги танишлари билан маслаҳатлашишга кетди. Йиғлаб, ҳолдан тойган она ўрнидан турди. У яна ҳамма хоналарни қараб чиқди, бурчакларни текшириб кўрди. Кираверишдаги хонадаги кир сақланадиган сават сал қимирлаб кетгандай бўлди. Она қопқонни кўтарди. Саватнинг тагида кулча бўлиб, ёйилиб кетган сочлари юзини беркитган Кутти ётарди.

  • Кутти! — чинқириб юборди жон ҳолатда онаси ва саватни силталай бошлади. Қизча қимир этмади. Онаси амаллаб саватчадан чиқариб олди, бағрига босганча уйдан чиқди. — Войдод болам ўлди! Ёрдам беринглар! —зорланиб нола қиларди у.

Бир аравакашнинг онага раҳми келиб, аравасига чиқазиб олди-да, касалхонага юрди. Врач қизчанинг томирини ушлаб, юрагига қулоқ солиб кўрди:

  • Ҳушидан кетган. Ташвишланманг, ўзига келиб қолади. — Куттини столга ётқизиб қўйди. Анчадан кейин қизча кўзини очди, бошини кўтарди, онасини бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди.
  • Ойи, агар улар бизникига яна келишадиган бўлишса, мен саватга беркиниб оламан – да, ҳеч қачон қайтиб чиқмайман!
  • Қўрқма, жон қизим, энди безовта қилишмайди. Мен бунинг чорасини кўриб қўяман! Пуллари керак эмас... кунимизни кўрармиз бир амаллаб!

 

Сиддиқа АЪЗАМОВА таржимаси.