“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 137 марта кўрилган.

БАХТ ИЗЛАБ ЯШАШ ҲАМ АСЛИДА БАХТ

Светлана АЛЕКСИЕВИЧ,

Нобель мукофоти лауреати

БАХТ ИЗЛАБ ЯШАШ ҲАМ АСЛИДА БАХТ

— Нега айнан уруш мавзуси... Гитлер ва Хиросимадан кейин Афғон уруши содир бўлмаслиги керакдай эди...

— Совуқ уруш қандай тугагани эсингиздами? Икки томоннинг романтизми билан. Янги кашфиётлар, тараққиёт ютуқлари, дунёқарашни кенгайтириш ҳақида сўзлагандилар, лекин ўн йил ўтмасидан инсоният урушни қўмсаб қолди. Тағин қўлга қурол олди. Баъзан менга инсонга ҳеч қачон ақл кирмайдигандай, у ҳеч қачон урушга нуқта қўймайдигандай туюлади.

— 1985 йилдан сўнг қанча сувлар оқиб ўтди. Ўша пайтда қирқ ёшда бўлганлар бугун ували-жували бўлиб кетган пенсионерлардир... Қанча ўзгаришлар юз берди. Совет тузумининг ағдарилиши, СССРнинг парчаланиши, тинимсиз ислоҳотлар... Кечаги ҳаёт гўё саробга айланиб қолгандай. Ўша йилдан бугунгача бўлган даврни сарҳисоб қиладиган бўлсак, нималар қилдигу нималарни қилишимиз керак эди? Асосийси, қолиб кетмадими?

— Биз ҳозиргача тарихнинг қайси даврида туғилганимизга, юз берган воқеалар нега айнан биз билан содир бўлганига ақлимиз етмайди. Одамзод бахтли лаҳзаларини оз эслайди. Ҳар биримиз мағлубият ва қачонлардир қурбонга айланганимиз аламлари билан яшаймиз. Эҳтимол ҳамма қусур шундадир?

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аввал бир пиёла чой устида сўзланди. Кейин президиумларда сўзга чиқиш мумкин бўлди. Лекин булар фақат сўзлар эди-ку! Оғдирадиган сўзлар, эргаштирадиган сўзлар, ўткирлаштирилган сўзлар. Биз, ҳатто ўтмишни тўғри таҳлил қилолмадик, деб ўйлайман. Йўқ, менга ҳокимиятни эгаллаган Ленин ва унинг жиноятчилардан иборат гуруҳи асло қизиқ эмас. Шунчаки коммунизм ҳақида ўйлайман. Миллионларни бирлаштирган бу тузум қандай афюн эди? Нега унинг қўлидан келганини биз қилолмадик? Эзгулик йўлида одамларни бирлаштиролмадик. Уруш йўлида бирлаштириш мумкин бўлган инсониятни ҳақиқат, тинчлик йўлида бирдамликка чорлашнинг имкони йўқ. Нега?

— Дунёда юз бераётган урушларга миллатчилик сабаб деб ўйлайсизми?

— Бир неча ой аввал Испанияда бўлдим. Басклар билан учрашдим. Суҳбат жараёнида англадимки, бу миллат ҳамиша ўз давлатини қуриш ҳақида орзу қиларкан. Ер юзи харитасида ҳали Буюк Сербия, ҳали ягона басклар республикаси сингари давлатларнинг пайдо бўлиши қанча қон тўкилиши эвазига юзага келгани ёки юзага келиши мумкинлигини тасаввурга сиғдириш мушкул эмас. Озодликнинг нақадар буюк неъмат эканлигини биламан. Ҳар бир миллатнинг мустақил яшашга ҳақи бор. Қанийди, бундай ғалабалар жангсиз, тинчлик, муроса йўли билан насиб этса. Афсуски, бундай урушларда бутун бир миллатнинг қирилиб кетиш хавфи бор. Инсониятни тенглик ҳақида ўй-хаёллар азоблайди. Бу бир томондан тушунарли, иккинчи томондан даҳшатга келтиради. Тенглик учун энди қуроллар эмас, балки атом бомбалари билан урушга отланадилар. Бунинг даҳшатини кўз олдингизга келтиряпсизми? Хаёлдан ўтказишга ҳам қўрқади одам, этинг жунжикиб кетади. Ғарбни "Чернобиль ибодати" кўпроқ қизиқтирган. Асар Францияда юз минг тиражда сотилди. Чернобиль келажакдаги ўша даҳшатга жуда яқин. Зулмнинг янги ниқоби. Иноннинг мукаммалашуви — замонавий фалсафанинг асосий муаммоларидан биридир.

— Бугун адабиётшунослар ёзувчиларни адабиётга фалсафани олиб кирганликда таъна қилишади.

— Одамлар бошқанинг ноғорасига ўйнамай қўйди. Улар жиддий асаларни ўқийдиган бўлди. Бугунги ўқувчини мушоҳадага чорлаш ва ҳайратлантириш осон иш эмас.

— Менимча, сиз ҳақсиз. Китобхон "Анна Каренина", "Телба", "Жиноят ва жазо", "Уста ва Маргарита"ни қайта ўқияпти. Улар экранлаштирилганидан кейин бу китобларга талаб буткул ортди. Талаб кучайдими, демак, одамларда салмоқли адабиётга эҳтиёж юқори...

— Атрофида юз бераётган воқеаларни идрок қилиш, англаш инсоннинг қонида бор. У ҳамма нарсадан зерикади. Айниқса, маънисизликдан... шу сабаб у дераза ортидаги ҳодисаларга қизиқади ва интилади. Китоблар эса одамга ўзлигини англашга ёрдам беради.

— Машҳур журналист Александр Гордон интервьюларидан бирида: "Инсонга ҳеч ким бахтли ҳаётни ваъда бермаган", деган эди. Бу гапи билан Гордон одамларни уйғонишга ва ҳақиқатни тан олишга ундайди... Шундай эмасми?

— Дунёнинг буткул бошқа қиёфаси... ўзгача ҳақиқат. Мен унга тамоман ишонмаган бўлардим. Бахт излаб яшаш ҳам аслида бахт! Унга ишониш ҳам бахт!

— Ҳар бир одам учун ҳаётий тажриба муҳим. Шунча кучни қаердан оласиз?

— Мен ёзувчиман, истайманми-йўқми одамлар, ёзув столи, китобларим, мусиқаю фикрларим билан яшайман. Баъзан кучим қолмагандай, ҳаммаси маънисизликдай туюлади. Баъзан эса ҳаётда омади чопган одамдай кўринаман. Эҳтимол, буларнинг бари болалигимда қишлоқда яшаганим учун бўлса керак. Гўзал табиат, украиналик кампир, руҳ мувозанати, буларни яна қаердан топиш мумкин. Мени йиқитиш, йўлдан оздириш қийин. Топганларим меҳнатим туфайли келган демоқчи эмасман. Улар менга ато этилган. Каминага эса яшаш ғоят қизиқ.

— Сўнгги йиллар давомида сизга бу ҳаётда нималар қизиқ бўлди?

— Сукунат. Бу сукунатда одам ўзини ўзи ва бошқаларни тинглай олади. Атрофдагилар қандай яшаётганини кузатади. Менга шундай яшаш қизиқ бўлди. Шуни англадимки, одамлар ва муаммолар бир-бирига ўхшаш экан. Туғиладилар, яшайдилар, севадилар ва ўладилар...

Уруш эса бу тўполон. Даҳшатли гирдоб. Вақтни ўлдиради, ёруғликка интиқ кўзлар нурини олиб қўяди. Чумолиларнинг юришини эшитмай, дарахтларнинг гуллаганини кўрмай қолиш азоб, изтироб... охирги йилларни шуларни билиш ва англаш учун яшадим.

 

Наталья ИГРУНОВА суҳбатлашди

"Дружба народов" журнали, 2004 йил.

(Суҳбатнинг газета варианти чоп этилмоқда)

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси