“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 125 марта кўрилган.

Рус адиби БУНИННИ ЖИДДИЙ РАҚИБ ДЕБ БЎЛАДИМИ?

Ирина ОДОЕВЦЕВА,

Рус адиби

БУНИННИ ЖИДДИЙ РАҚИБ ДЕБ БЎЛАДИМИ?

 

"Инсон туну кун, туши ва ўнгида, ҳар дақиқа, тинимсиз равишда ёниқ эҳтирос билан нимани истаса, орзу қилса, албатта, мақсадига етади. Масалан, мен Нобель мукофотини олишни худди шу тарзда истайман", деди ниҳоятда ишонч билан Дмитрий Сергеевич Мережковский. Унинг Нобель мукофотига иштиёқу истаги "якшанбалик" иштирокчиларининг барчасига маълум эди. Мережковский ўзининг бу орзусини яшириш у ёқда турсин, аксинча, шахсан ўзи ҳар дақиқада такрорларди. У Нобель мукофотини адолат юзасидан ўзига берилиши керак, деб билар ва ёлғиз ўзини мукофотга лойиқ деб ҳисобларди.

— Бунин дейсизми? Наҳот уни жиддий рақиб деб санаш мумкин бўлса? У бор-йўғи маиший турмуш ҳақида ва ҳамманинг жонига теккан — кеч­қурунлари қуёш ботиши ёки ёмғир, қор ёғиши сингари майда-чуйдаларни тасвирловчи ҳаётнависликдан нарига ўтмаган.  Булар кимга керак? Ким бунга қизиқади? "Арсеньевлар ҳаёти"ми? Уч-тўртта жонга тегадиган минғир-минғир ҳикоялару ортиқча мақталган "Қишлоқ"и бор, холос. Айтганча, мен бу "Қишлоқ"ни ётоғимдаги ёзув столим устида асрайман. Ҳар эҳтимолга қарши. Уйқусизликка дучор бўлганимда бу китобни варақлайман. Жуда яхши ёрдам беради, — деди Мережковский.

Қўлимни кўксимга қўйиб айтаманки, Мережковский Бунинни жиддий рақиб деб ҳисобламасди.

Ахир мукофотни берадиган судьялар ақлидан озмаган-ку, улар сўқир каламуш эмас-ку! Наҳотки мени Бунин билан тенглаштириб бўлса?!

Лекин, шунга қарамай у Бунин фойдасига олиб борилаётган тарғибот кампанияси ҳақида эшитиб таҳликага тушарди. Мережковский мукофот Бунинга эмас, ўзига берилишига тўла ишонса-да, ҳар эҳтимолга қарши ўз таъминотини бут қилиб қўйишга қарор қилди.

1932 йил баҳор кунларининг бирида "якшанбалик" иштирокчилари олдида Бунинга шундай таклиф билдирди:

— Иван Алексеевич, келинг шартнома тузамиз. Мабодо Нобель мукофоти менга тегса, сизга ярим пулини бераман, агар сизга тегса, менга ярмини берасиз. Ўртадан тенг бўламиз. Шундан иккимиз ҳам суғурта қилинган бўламиз. Шу ерда иштирок этаётганларнинг — у барчага бир-бир нигоҳ ташлади —ҳаммаси олдида мукофот пулини тенг бўламиз, деб сўз берамиз.

Бироқ Бунин кескин бош чайқади:

— Йўқ, бунақаси кетмайди, Дмитрий Сергеевич. Олдиндан айтиб қўяй — мукофотни ҳеч ким билан бўлишмоқчи эмасман. У сизга тегса — бахтингиз, менга беришса — меники.

Бир дақиқа ичида Мережковскийнинг чеҳрасидаги нур сўниб, ранги бўзариб, қовоғи осилди. У ўзининг бағрикенглигига бундай кескин жавоб оламан, деб ўйламаган бўлса керак.

— Ихтиёрингиз, — деди бўғиқ овозда у. — Фақат афсусланиб қоласиз, деб қўрқаман.

— Фол очиш фойдасиз. Тирик бўлсак кўрамиз. Юлдузим порлашига ишонаман, — деди аллақандай ғуруру ишонч билан Бунин.

1934 йилнинг январида биз Георгий Иванов билан Ригадан қайтишимиз ҳамоноқ Мережковскийникига — "якшанбаликка" йўл олдик. Ҳали барча билан кўришиб, Зинаида Николаевна нинг кўпдан-кўп саволларига жавоб бериб улгурмасимизданоқ эшик қўнғироғи жиринглади. Ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўйган Злобин: "Бунин!" деб ҳайқирди.

Бу ҳақиқатанам тарихий дақиқалар эди!

Бунин яқиндагина Стокгольмдан мукофотни олиб қайтганди. Лауреат бўлгандан кейин бу унинг Мережковскийникига илк ва сўнгги ташрифи эди. Бунин Стокгольмга Нобель мукофотини олишга кетмасидан аввал Мережковский табрик учун "Мажестик" меҳмонхонасига йўқлаб бориб тополмай қайтганди. Бу ҳолатни Зинаида Николаевна ўзича изоҳлади: "Атайлаб қабул қилмаган. Бунга лойиқ кўрмаган. Иваннинг кеккайиб кетганлиги тушунарли. Энди у бизларни оёғининг учида кўрсатади".

Худди шу пайт Бунин, ҳа, ҳа, айнан "Буниннинг ўзи!" Бутун шон-шуҳратию улуғворлиги билан кириб келди. Зинаида Николаевнадан ташқари ҳамма эҳтиром билан ўрнидан турди. Мережковскийнинг юзи бўзариб, ҳаммадан олдин Бунинга пешвоз чиқди. Барчамиз кетма-кет Бунинни қутладик...

Бунин Швецияга сафарию мукофотлаш маросомини чиройли ва лўнда таърифлаб берди.

  Бироз ўзига келган Мережковский Бунин томон бир-икки марта "найза" отиб кўрди. Учирма гапларининг бирортаси нишонга аниқ тегмади. Бунин киноя аралаш жиззаки гапларга мутлақо эътибор бермади. Ва Мережковскийнинг саволларига ўша, фақат унгагина хос зодагоний улуғворлик билан жавоб қайтарди.

Шу пайт яна эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Бу сафар эшикни хизматкор очди. Остонада таниқли рассом Х. турар эди. У ўтирганларга тезлик билан, пайқар-пайқамас бир кўз ташлаб олди-да, хитоб қила кетди:

— Бу қандай шармандалик! Шу кунларга ҳам етиб келдик! Бунинга Нобель мукофотини бериб ўтиришибди-я! Шармандалик-ку бу! — деб қичқирди.

  "Якшанбалик"ка йиғилганларнинг ҳаммаси жойида худди тилдан қолгандек тош қотди. Сукунат даҳшатини сезган рассом атрофни диққат билан синчиклади-ю, Бунинга кўзи тушди.

— Иван Алексеевич! — яна бир бор қичқириб юборди шўрлик рассом. Унинг кўзлари қўрқув ва уятдан косасидан чиққан, жағи қалтирарди. У югуриб бориб, тизза букканича ўзини Бунин қучоғига отди-ю, дудуқланиб: — Мен... шундай хурсандманки, Иван Алексеевич! Таб... табриклайман... Чин кўнгилдан...

Бунин ўрнидан турди. У ўзининг бетакрор, масхараомуз, кинояли жилмайиши билан рассомга қўл узатди:

— Раҳмат азизим! Самимий табрик учун ташаккур!

Рус тилидан

Жалолиддин САФОЕВ таржимаси