“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 130 марта кўрилган.

ДАРБАДАР МУҲАББАТ

Юн Бо Ин,

корейс адиби

ДАРБАДАР МУҲАББАТ

У менинг ўғлимни сўради. "Бирга умр кечирайлик", деди. Бир-бирини севмаса ҳам бирга яшаётган қанчадан-қанча инсонлар бор. Лекин бу гап мену Полга тегишли эмасди.

У билан қаҳвахонада тасодифан танишгандик. Ўша кун қаҳвадан ҳўплаб журнал варақлаб ўтиргандим. Очиқ турган эшикдан бир йигит кириб келди. Биз бир сония бир-биримизга тикилиб қолдик. Ўша йигит Пол эди. У қаҳва буюртма берди-ю менга яқинлашиб:

—  Қанақа китоб ўқияпсиз? —  деб сўради.

—  Модалар журнали, —  дедим мен ийманибгина.

Шунда беихтиёр иккимиз ҳам кулиб юбордик. Эртасига биз яна ўша вақтда, худди шу қаҳвахонада учрашиб қолдик. Пол қора танли эди. Иккимизни бирга кўрганлар, ҳайратини яширолмасди.

Бир кун Полдан:

—  Қандай қизга уйланишни истайсан? —  деб сўраганимда, шундай деганди:

—  Денгиз бўйида ўсган қизлар ёқади!

Сеул дим, табиати ифлос шаҳар. Бу ерга келганлар кўп ўтмай тўрва халтасини йиғиштирарди. Шундай экан, Полнинг орзусидагидек қиз эмаслигимни тан оламан. Чунки денгизни кўрмаганман. Пол ўтмишини яширмасдан сўзлаб берди. Бу ерларга қандай келиб қолганигача…У Маямида туғилиб ўсган ва ўша шаҳарда ўн етти ёшгача яшаган. Ўсмирлик чоғида табиий офат туфайли уйсиз қолиб, бир муддат бобосининг уйида кун кўришга мажбур бўлган экан. Ночорликда кун кечираётган оила учун пул топиш муҳим эди. У АҚШнинг жанубий штатларида сарсонликда юриб, Мексикага, сўнг Кубага борган. Тақдирнинг тақозоси билан у Кубада коктейл барида бир грек қизига эргашиб Грецияга келган. Илк муҳаббатнинг изтироби Полни уч йил азоблайди. Унинг ўтмишини тинглаб, ўзимнинг ҳаётимни жаннатга қиёсладим. Полни учратгунимга қадар етимлик азобини тортганим рост, бироқ қора танлининг таҳ­қирланишича эмас. Атрофимдагиларнинг Полни камситишлари кўнглимни оғритарди. Буларга чидашимга тўғри келиши етти ухлаб тушимгаям кирмаган.

Пол мўмай пул топса, яхта ёки голф майдонини сотиб олишни орзу қиларди. У менга катта истаклар билан яшаган отамни эслатарди. Россияю Хитойга мол экспорт қилиб, ишлари олдинга силжиб турганда уни кўчада отиб кетишганди. Бу ҳақда сўзлаш менга жуда оғир. Отамни ўлдирган россияликни бир мартагина кўрганман. У қамоқда кўп ўтирмади. Ҳозир Анянг шаҳридаги эҳтиёт қисмлар тайёрлайдиган заводда ишлайди. Бир неча бор унинг олдига боргим, дадамнинг қасдини олгим келди. Аммо журъатим етмади. Отамдан менда бирмунча пул мерос қолганди. Шундай бўлса-да, мен нон дўконида ишлардим. Дўкон хўжайини Пол билан муносабатларимдан хабар топгач, менга ўдағайлайдиган бўлиб қолди. Бир гал: "Қўлинг ифлос! Уларнинг тоза эмаслиги ўзингга сезилмайдими?!" деб қичқирди. Хуллас, дўкондаги ишимни йиғиштиришимга тўғри келди. Лекин кўча-кўйда гап-сўзлар тугамасди. Пол камситишларга аллақачон кўникиб кетган эди. Ота-бобоси ирқчилик даврининг қурбонлари бўлишган. Полга аждодларидан биттагина кундалик мерос қолган экан. Унда хўрлик кўрганларнинг изтироблари ёзилган бўлса керак, деб ўйловдим, аммо адашибман. Қанчалик ҳайратланарли эшитилмасин, Полнинг қулликда эзилиб яшаган аждодлари ҳаётни "МЎЪЖИЗА" деб битиб кетишибди...

Пол Кореяга университетда ўқишга келган, лекин ҳеч қаерга бечорани осонликча қабул қилишмаган. Шу сабаб у Иттевон туманидаги жиҳозлар сотиладиган бир дўконга юк ортувчи бўлиб ишга кирган эди. Полнинг қора терга ботиб тер тўкишига, одамларнинг ундан жирканиб нари кетишига кўзим тушса, йиғлардим. У самолётга чипта олиш учунам икки карра кўпроқ ишларди. Чунки биз бирга Парижга кетишга аҳдлашгандик. Франция­да Полнинг акаси яшаркан. Унинг айтишича, акаси корейс қиз билан турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечираётган экан.

Бир куни Пол:

— Ҳайдалдим! — деб қолди.

— Тушунмадим?

— Дўкондаги ишдан кетдим...

— Ҳечқиси йўқ, — дедим уни юпатиб. — Бошқа иш топамиз.

Пол бир муддат ғамга ботиб турди-ю, менга қараб маҳзун нигоҳ билан жилмайди. Телбага айланиб қолаёздим. Отамнинг мероси Францияга етиб олишга етарли эди. Уйга қайтишим билан иккита чипта бу — ортирдим. Пол хижолат тортиб:

— Пулингни, албатта, қайтараман, — деди.

— Сиздан ҳеч нарса керакмас, — дедим мен.

Парижга етиб келганимиздаёқ бу хўрликлар дунёнинг ҳамма бурчагида рўбарў келишимизни ва ҳеч қачон тугамаслигини англадим. Париж кўчаларидан бирида зўравонлар кутилмаганда Полга ташланди. Бахтли тасодиф туфайлигина омон қолдик. Акаси ҳаллослаб касалхонага етиб келди. Полнинг янгаси озғин, қоши қоп-қорагина аёл экан. Хориж ҳаётига кўниккан чоғи ватандошини кўриб ҳам заррача қувонмади, салгина жилмайиб қўйди, холос. Корейс тилини унутган кўринади: талаффузи ғалати эди. У билан гаплашиб билганим шу бўлдики, уч яшарлигида чет эллик оила томонидан Кореядан асраб, олиб кетилган экан.

Биз уларнинг уйида бир ҳафта яшадик. Қўлимизда нақд пул йўқлиги учун банкка тез-тез югуришимизга тўғри келди. Ҳар гал банкдан пул оларканман, чуқур уҳ тортиб қўярдим. Отам қолдирган пулларнинг туби кўриниб қолди. Дунёнинг қаерига борсанг ҳам чўнтагингда пул бўлмаса қийин. Кореяда бизни қўллаб-қувватлайдиган бирон-бир одамнинг учрамаганлиги ҳамон алам қиларди. Отам тирик бўлганида нима дерди? Мендан ранжиб: "Яхшилаб ўйлаб кўр, қизим?", дермиди? Ёки бошимдан силаб: "Одамнинг рангию миллатининг фарқи йўқ. Ич-етингни ема", дермиди?

Бугун Пол иккимиз унинг акасию янгаси билан биргаликда сўнгги марта овқатланишга ўтирдик. Тун чўкканда Пол турмуш қуришни таклиф қилди. Мен эса унга ҳали жавоб берганим йўқ...

 

Корейс тилидан Отабек ЙЎЛДОШЕВ таржимаси