“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 118 марта кўрилган.

ИККИ МАКТУБ

Василий ШУКШИН,

рус адиби

ИККИ МАКТУБ

Бир одам туғилиб ўсган қишлоғини туш кўрди. Дарё бўйида юрганмиш, сувга майда тошчаларни отармиш. Ўша ер дарёнинг қўлтиғи экан. Жимжит. Атрофда тирик жон йўқмиш. Қишлоқ бир қадам эмиш-у, лекин ҳамма қирилиб кетгандек ҳувиллаб ётганмиш. "Бу қанақаси — ҳеч зоғ йўқ-ку?" — дермиш ҳайрон бўлиб. Ва тағин сувга тош отармиш. Тош сассиз сув тубига чўкармиш. Яна отармиш — бу гал каттароғини. Тош сокин ғарқ бўлармиш. Одам ваҳимага тушибди: "Бир бало бўлган-ов", — дермиш.

Туйқус уйғониб кетди. Қишлоғини эслади... Ўн йилча бўлди-ёв бормаганига, балки кўпроқдир... Бўзарган уйлар, тупроқ кўча, четан деворлар тагида ўсиб ётадиган қичитқи ўт, донлаб юрган товуқлар, қийшиқ сўри ёдига тушди... Қишлоқ орти - дашт, унда-бунда майда дарахтзорлар кўринади. Шафақ осмонни ярмига довур тутган, ловуллайди. Теваракда кичик-кичик кўллар бор; оқшомлари уларнинг суви сокин-сокин бўлади, бутун шафақни кўзгуда кўргандек бўласиз унга боқиб. Бу кўлчалар бўйида ўтириш шундоқ гаштки! Ҳеч нимани ўйламайсиз... Қалбингизга осудалик билан бирга рўйи заминдаги ҳамма нарсага нисбатан нозик безовта бир туйғу ҳам инади. Андак маъюс тортасиз, лекин кимдир қулоғингизга базўр эшитарлик қилиб шивирлагандек бўлади: "Сабр қил, ошна, сабр қил", дея.

Олис-олисларда кечаси яйловга ҳайдалган уюр дупурлайди, йўлнинг чанг-ғубори ҳавога кўтарилиб, анчага довур муаллақ қотади. Сўнгра яна сукунат чўкади. Шу қадар осойишта ўлка бу! Беихтиёр шеър тўқийсан:

... Жимжит дала,

Толиқди отлар.

Жимжит дала, минг ҳай­қир бекор...

Мудроқ кўлда қип-қизил шафақ,

Гардиш ичра санамдек балқар.

Секин-аста шафақ ўчади. Оламда ёлғиз, сўппайиб қолгандек сезасан ўзингни. Лекин қўрқмайсан, ёлғиз эмассан... Бироқ бошингда бир қайсар ва нотинч хаёл кезиб юради:

...Нечун туғилганим

англагим келмас.

Нега мавжудлигим

идрок этолмам.

У ухламоқчи бўлди, лекин кўзига уйқу келмади. Хотинини уйғотиб юбормаслик учун оҳиста туриб кийингач, нариги хонага ўтди ва чироқни ёқиб, стол ёнига ўтирди. Ва чуқур ўйга толди.

— Худоё тавба, — ғудранди у. — Ғалати бўлди-ку... Қарияпманмикан, ё?

Кўнгли чидаб бўлмас қадар ғашланди, нимадандир қаттиқ афсус чекиб йиғлагудек бўлди. Гўё, ўшанда, анча илгари митти сокин кўллар бўйида хаёл қилганлари рўёбга чиқмагандек...

У — исми Николай Иванич эди — қоғоз-қалам олиб, эски қадрдонига хат ёзмоққа тутинди.

"Иван Семёнич, оғайни! — дея бошлади мактубни. — Салом! Сенга хат битгим келди. Боя қишлоғимиз тушимга кирибди. Соғинч дилимни ўртаб юборди. Мана, мисоли Бальзак, тунда қоғоз қоралаб ўтирибман. Институтни тугатган дамларимиз ёдимга тушди. Сен-чи, эслайсанми? Диплом билан борувдик... Сўнгги марта ота юртда бўлайлик, деб. Аллакимларга ўхшаб... ясаниб олган эдик! Мен алламбало ажнабий кўйлакда эдим, сен негадир матроска кийиб олувдинг. Икки олифта кўча кездик. Ваҳоланки, айни иш қизиган палла эди. Эсимда, тепаликда Минька Докучаевни учратдик, тўхтаб салом-алик қилдик. Қоракуяга ботганди — юз-кўзини таниб бўлмайди. Ўроқ мошинани чилангарга тузатгани оборувдим, деди. Чекишдик. Гапимиз қовушмади сира. У бизга худди ёт-бегонадек туюлди. Наридан-бери муомала қилдик, у кетди, биз эса бир пайтлар пичан ташиган, поғол ғарамлаган, бузоқ боққан ва мола тортган жойларимиз билан видолашгани қишлоқдан чиқиб кетдик... Бизни едириб-ичирган жойлар билан хайр­лашгани югурдик. "Қара-я, институтни битирдик, одам бўлдик!", деб. Мен бўлмағур шеърларимни ўқидим, сен эса, ёдимда, оёғингни осмондан қилиб у ёқдан бу ёққа юрдинг. Кейин кўксинг­га муштлай-муштлай дединг: "Йўқ, сен айт: оталаримиз ким бўлган?! Ҳеч ким! Биз-чи? Биз муҳандисмиз!" Яна ичдик. Яна мақтандик. Ё раббий, қанчалар гердайдиг-а! Қишлоқда биринчи бўлиб олий маълумот олганимизга димоғимиз шишиб кетганди. Ер тепиб ўйнадик, ашула айт­дик... Ёнгинамизда ўроқ тушмаган буғдойзор бор эди, шуниям эрмак қилдик-а. Мен буғдойзорга бўш шишани улоқтирдим ҳатто, дедимки: "Ғаллани ўриб олсалар, у бийдек далада ярақлаб ётади. Биров-ярим, чунончи ўша Минька: "Кимдир ичкилик қилибди, ким бўлди экан?" деб ўйлайди". Сўнгра ухлаб қолибмиз. Уйғонганимизда кун ботганди. Ажнабий кўйлагим расво бўлибди. Бош лўқиллайди, хижолатпазлик. Бир балолар деб бақирдик, вайсадик. Эсимда, бир-биримизнинг кўзимизга қарай олмасдик. Нимагадир буларнинг бари кечагидек ёдимда..."

— Коля!

— Ҳа?

— Нима қиляпсан?

— Ўзим, шундай... Ухлайвер.

— Бирон ёққа кетдингми деб ўйлабман.

— Йўқ, уйдаман. Ухла.

"Хотиним уйғониб қолди. Ётибди ғўладек бўлиб, қайғуси йўқ, худоё ўзинг кечир мен гуноҳкор бандангни. Баайни атир-упа фабрикасидек ҳид таратади. Шунақа гаплар, Ваня. Ичим чироқ ёқса ёришмай қолди. Ўшанда хурсандчилик қилганимиз чакки бўлмадимикан? Орадан шунча ўтиб ҳам... қанча ўтди ўзи? Ўн саккиз йилми? Қара-я, мен сезмабман. Йилдан-йилга семиряпман. Хотинга таъна қиламану ўзим - бўйи-эни бир хил мавжудотга ўхшаб қолдим, эшикка сиғмайман. Курортлар, санаторийлар... Лекин ҳаёт завқини туйишга улгурмадим. Болалар катта бўляпти, аммо, очиғини айтганда, бундан қувончим ичимга сиғмай кетяпти дея олмайман. Жуда ўзбилармон бўлиб улғайишяпти булар, юзингда кўзинг борми дейишмайди. Биз беҳроқ бўлган эканмиз буларнинг олдида. Эҳтимол, бу фикрларим кексалик инжиқлигидир. Ким билсин. Ўзинг-чи, ўзинг қалайсан? Ҳар замонда хат ёзиб турсанг бўларди. Худо кўрсатмасин, инфаркт хуруж қилиб қолса, хат ёзишгаям ярамай қоласан-ку. Бирон ёққа кетсак-чи, ошна? Болалигимизни эслардик лоақал. Эслашга арзигулик хотираларимиз бор-ку ахир! Шундай қилмасак, юраверамиз иш, иш деб... Умр бўйи иш, бош кўтариб атрофга қараш йўқ. Бир илож қилиб хат ёз, вақт-соатини келишиб олайлик. Дабдурустдан ёлғизланиб қолдим, сендан ортиқ дилкашим йўқ. Сенинг турмушинг ҳам қанду новвот эмасдир-а? Ҳа, бош муҳандисман. Хўш... нима бўпти? Анг­лаяпсанми мени? Хўп, ана, ресторанлар, қулоқни батанг қиладиган мусиқа, — шулар учун дунёга келадими киши? "Одам қаторига кирди" дегани шуми? Ҳэ... энасини эмсин! Биласанми, болаликда, тунлари йилқи боқиб юрганимизда қўрга картошка кўмиб еганимизни эсласам юрагим орзиқиб кетади. Қанийди ўша жойларга қайтиб борсак, даштга: гулхан ёқсак, ажиналар ҳақида чўпчаклар айтсак... Эҳ, Ваня, Ваня... Диплом олдик деб жуда катта кетвормадикмикан? А? Нима деб ўйлайсан? Ёки менда шизофрения бошландимикан? Сенда шунақа бўладими, йўқми? Чин айт. Ёзда қаерга бормоқчисан? Бит босган Гаграгами? Мендан сўрасанг, Гагралар жонимга тегиб кетган. Лекин "қишлоққа бормоқчиман", дейишгаям юрак бетламайди. Айтсам, уйда қиёмат қўпадими деб жоним ҳалак. Аммо барибир ўзимча исён қиламан — бўлганча бўлар. Кетаман қишлоққа! Ортиқ тоқатим қолмади. Мен билан кетасанми? Кел, гапни бир жойга қўямизу қўл силтаб жўнаворамиз. Улар билан ишим йўқ, Гаграга боришадими, ундан наригами, аммо мен қишлоққа жўнайман. Қачонгача виждонни азобга қўямиз ахир. Тавба-тазарру эмас бу, кўнгил истаги. Хулласкалом, Иван, ана шунақа маза-матрасиз ҳаёт кечиряпман. Бир қарашда бари жо-бажо: яхши ишим, оилам бор, лекин ичимни ит кемиради, баъзан сиқилишдан ўзимни қўярга жой тополмайман, худди ҳозиргидек, — барига тупурай дейман. Менга жавоб ёз, Иван, илтимос. Манзилим энди бошқа — кўтарилдим! Шунақа, фаровонлашиб бораяпмиз. Кутаман.

Николай".

Николай Иванич чироқни ўчирди ва ечиниб, хотини ёнига чўзилди. Аммо анчагача кўзи илинмай, ўй суриб ётди: "Қизиққонлик қилиб телба-тескари ёзиб қўйдим чамаси. Эртага ишхонада фурсат топиб қайтадан битишим керак. "Чинданам эси оғиб қопти", деб ўйламасин тағин".

Ишга Николай Иванич ҳар доимгидек бештакам ўнда етиб борди. Кечаси уйқудори ютишига тўғри келган бўлса-да, ўзи тетик, бардам кўринар, соқоли ҳафсала билан қиртишланганди. Йўлакдан бораркан, ҳамишагидек ҳар ким билан саломлашди, жилмайди... Унга ҳам табассум қилдилар. Кимларнидир тўхтатиб, алланималарни сўради, аллакимлар уни тўхтатиб бир нималарни сўрадилар. У лўнда, жўяли жавоб берди. Ишхонада ҳурмати жойида эди унинг. Сулувгина котиба бир зум ўрнидан туриб, кўзни олгудек табассум қилди. "Қур­ғур, келишган жувон-да", — хаёлидан ўтказди у. Умуман олганда, чамаси ҳар эрталаб шу гап кўнглидан кечарди.

— Хўш, тинчликми?

— Сизга қўнғироқ қилишувди...

Қўнғироқлар, талаблару илтимослар, таваллолару дағдағалар... Бошинг тошдан бўлсин-ей! Бир ҳис бошқаси билан алмашади мудом. Гоҳ: "Ҳой, қулоқ солинг! Сиз билан мушук-сичқон ўйнамоқчи эмасман ахир! Охирги марта огоҳлантиряпман!" Дам: "Азизим, қадрдон... илож қанча? Ўзинг ўйлаб кўр. Нима? Менинг қўлимда бўлганида борми..." Гоҳ: "Тушунаман, барини тушунаман. Аммо ортиқча чирансанг белинг синади қабилидан бўлмасин: йигирма саккизинчига нима дейсиз? Лаббай? Гап битта! Бизнинг бошлиқ таъбири билан айтганда, гап битта. Жонимизни жабборга берамиз, уялтириб қўймаймиз". Лекин кўпроқ манавиниси ёқади: "Ҳой! Сиз билан драма тўгарагида эмасмиз — "Отелло"ни репетиция қилаётганимиз йўқ. Қасам ичманг, мен қасамларга ишонмайман. Менга ма-те-ри-ал керак! Тамом!" Яна манавиниси: "Хўш?.. Хў-ўп... Нима қилиш керак? Мен ҳам билмайман! Билмайман! Ҳисобот дейсизми? Столим ҳисоботларни зўрға кўтариб турибди ўзи. Нима, подшипник ўрнига ҳисоботларингизни қўяманми мен? Жон койитиб ишланг бундоқ. Билмадим. Бажаринг".

Иш Николай Иванични қуюн мисол ўраб-чирмаб ташлаб, у тунда ёзган хатини паққос унутди. Эрталаб, ишга отланаётиб хатни чўнтагига солиб қўйганди.

Лекин ҳозир мавриди эмас. Вилоят газетасидан мухбирлар келишибди.

— Овора бўлибсиз-да, ўртоқлар... Мақташга арзигулик ҳеч нимамиз йўқ ҳозирча. Рост, режани бажар­япмиз, аммо... — Юмшоқ гилам устида тўрт одим у ёққа юради, тўрт одим бу ёққа, сўнг мухбирларнинг рўпарасида тўхтайди-да, бир умр жонига ора кирган жилмайишини қилади. Ичи қора одамлар унинг табассумига: "Радди бало табассум", деб от қўйиб олишган. Дўлвори, самимий - жилмайганида у аслиятига қайтарди. — Режа ўз йўлига, лекин бундан ортиғигаям қурбимиз етади. Сизлардан яшириб ўтирмайман: яқин келажакда режани юз ўндан - юз ўн бешга ошириш ҳақида ўйлаяпмиз. Ишни тўхтатмаган ҳолда линияни узайтиришни мўлжаллаяпмиз. Ҳа. Ҳисоб-китобларимиз тахт, одамларимиз ўт-олов, ёппасига ҳамла қилсак, албатта, бажарамиз.

Столи ёнида бир неча марта суратга тушди, цехларни айланишаётганида яна суратга олишди. Бироқ у ерда Николай Иванич ишчилар ва усталар билан гаплашди кўпроқ. Сўнг мухбирларни бош инженерга "ошириб", кабинетига қайтиб кирди.

— Дмитрий Васильевич сўрагандилар. Цехдалар, дедим.

— Уланг.

Дмитрий Васильевич билан суҳбат жуда соз бўлди. Николай Иваничнинг баҳри дили очилди.

Арзгўйлар ва қўнғироқларнинг биринчи оқими босилгач, хатни эслади

—  Верочка!

—  Лаббай, Николай Иванич?

—  Мен йўқман. Цехга кетганман.

—  Тушундим.

Николай Иванич кечаси битган хатини олди, ўйлаб қолди... ва қайтариб чўнтагига солиб қўйди. Бошқасини ёза бошлади.

"Иван Семёнич! Салом, қария! Сени эсладим-у, мана, хат ёзишга қарор қилдим! Соғ-омон юрибсанми? Ишлар қалай? Негадир камдан-кам ёзишамиз сен билан, танбаллашиб кетдикми нима бало?! Мендан сўрасанг, яхшиман. Тиним йўқ лекин... Гоҳ мени тузлашади, гоҳ мен тузлайман —  шу зайлда ўтяпти умр. Зериккани фурсат йўқ. Қисқаси, нолимайман. Ёзда дам олгани қаерга бормоқчисан? Хабар қил, балки биргалашармиз! Битта фикр бор: она қишлоғимизга кетсак... ахир оёқ-қўлимиз боғловдамас-ку. Хотинларни кўндириш осон бўлмайди, бу рост. Қишлоқ тез-тез тушимга кираяпти-да. Кел, ҳаммасига қўл силтаб, бирга бирор ёққа жўнаворамиз? Фақат Гаграга эмас, савил қолсин Гаграси. Волга бўйларига, масалан? Сен ўз хотининг қўйнига қўл солиб кўр, мен ўзимникига: гулхан, балиқ ови ва яна алланималар билан авра. Соҳилбўйидаги бирон қишлоқдан бошпана топардик... Қалай? Кетамиз-а, оғайни? Худо ҳақи, зерикмайсан. Ўйлаб кўр. Менинг кайфиятим соз, ишлар ҳамиша ўнгидан, болалар улғайяпти. Хуллас, келишдиг-а? Бошлиғим таъбири билан айтганда, гап битта! Омон бўл, қайғу сенга яқин йўламасин!

Жавобингни завод манзилига жўнат —  шуниси тузук.

Қаттиқ қучаман.

Дўстинг Николай".

—  Верочка!

—  Лаббай, Николай Иванич!

—  Мен ўзимдаман.

—  Яхши.

Бошланди тағин: "Йўқ, мен рухсат бермайман!.." "Марҳамат! Бунақа ташаббусларни мен фақат маъқуллайман!" "Буни ўйлаб кўриш керак. Кенгашли тўй тарқамас, деганлар. Маслаҳатлашамиз".

...Кечқурун, овқат пишгунича Николай Иванич ўз хонасида иккала хатни қайтадан ўқиб чиқди. Ўқиди, узоқ-узоқ жимиб қолди. Сўнг иккисини ҳам стол устига ташлаб:

—  Жин урсин, қанақасига? —  деб юборди баралла.

—  Сенга нима бўлди? —  сўради хотини.

—  Шунчаки... ўзимча айтдим. Кечки овқат нима бўлди?

—  Ҳозир пишади. Бирон-нимадан норозимисан?

—  Ҳеч гап йўқ. Газеталарни узатвор-чи.

Рус тилидан

Ойбек МЎМИНОВ таржимаси