“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 154 марта кўрилган.

ЭЛАТШУНОС

ЭЛАТШУНОС

У китобларни ҳурмат қилар, уларни ёзганларга ишонарди. Унинг ёшидагиларнинг камдан-кам қисми ўзини бирор-бир ишга бағишлайди. Фред форс илоҳиёти, Венгрия шевалари билан шуғулланиш ёки математик бўлишни ўйларди.  

Университетда унга ҳиндуларнинг урф-одатларини ўрганишни маслаҳат беришди. Кекса профессор Фредга Шимолий Америкадаги кенг чўлларга бориб, у ерда сақланиб қолган камёб қабилалар ҳаёти билан танишишни таклиф этди. Бунинг учун чайлада яшаш ва ўзга удумларни кузатиш баробарида уларда яширин чуқур мағзини, ҳинду қоҳинлари сирини ечиш  талаб этиларди. Қайтгач, Фред бу ҳақда илмий иш ёзиши кўзланган. Умуман олганда, Мурдок хурсанд эмасди. Аждодларидан бири бир замонлар чегарада вафот этган ва оиланинг эски яраси негадир уни хижолатга соларди. Ҳали уни йўлда кутаётган қийин­чиликлар ҳақида гап кетгани йўқ, ахир бу ёввойи қизил одамлар уни ўз уруғига қабул қилиши, худди ўзига ишонгандек унга эътимод қилиши керак эди. Охири Мурдок йўлга тушди.

Икки йилдан ортиқ вақт оралиғида у саҳрода дам тери, дам осмонни ёпинчиғ айлаб умргузаронлик қилди. У қуёшдан илгари туриб, ярим тунда уйқуга ётарди. У на отаси, на онаси билмаган аллақандай лаҳжада тушлар кўрарди. У дағал емишлар ва ғалати кийимларга кўникди, у дўстларини ва ҳар бир тошигача яхши билган шаҳарни унутди.

Маълум бир вақт ўтгач, қабила қоҳини Фредга бадан ва руҳ учун машқлар бера бошлади. Руҳоний аллақандай ғалати тушни эслашни буюрди. Вақт ўтди ва ой тўлган бир кечада шогирд тушида ёввойи қорамолларни кўрди.

Тонгда у тушини Устозга айтиб берди. Ўшандан бошлаб қоҳин унга махфийликни оча бошлайди. Орадан икки йил ўтиб, бир кун эрта тонгда, Фред ҳиндуларни тарк этди. Шаҳарга қайтгач, у яқин-яқингача соғиниб юрган зич кўчаларда ногаҳон  чўлу биёбонларни қўмсай бошлайди. У профессорга қўлга киритган маълумотларни чоп этмасликка қарор қилганини айтади.

— Сен кимгадир қасам ичдингми?

— Йўқ, шунчаки мен ҳозир билган нарсаларим ҳақида сизга гапириб бериш қобилиятига эга эмасман.

— Бунинг учун инглиз тили ожизлик қиладими? — илжайди профессор.

— Ҳечам унақа эмас, жаноб. Ботиний сир калитига эга бўлгач, мен уни истаган минглаб усулларда изоҳлаб бера оламан. Гап шундаки, мен бу илмни туҳфа этишим лозим бўлган фан, ўрганганим олдида менга мутлақо аҳмоқлигу мантиқсизликдай туюляпти. — Бироз сукут сақлаб у давом этди: — Бундан ташқари бу сир — мен босиб ўтган йўл билан таққослаганда арзимас, йўқ нарсадир.

Профессор у билан хайрлашар экан:

— Мен бу ҳақда кенгашга маълум қиламан. Сиз улар ёнига қайтишни истарсиз? — деб сўради.

— Йўқ. Бунга ҳожат йўқ. Ўрганганим ҳамма жойда асқотади.

Фред уйланди, кейин ажрашди. Ва у ҳозир Йелда кутубхоначи бўлиб ишлайди.

 

Рус тилидан Шаҳрибону ҲАСАНОВА таржимаси