“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 149 марта кўрилган.

ЙЎЛДА

Кришан ЧАНДАР,

Ҳинд ёзувчиси

ЙЎЛДА

Қуёшнинг заррин нурлари остида дарё суви олтиндек товланарди. Бу гўзал манзарадан кўзимни узолмай, аста-секин одимлаб борардим. Анча йиллардан буён бу ерларда бўлмагандим, бироқ ҳамон эски қадрдоним — дарё мени тоза ҳаво билан сийларди. Кўкимтир тиниқ сув юзида ибодатхонанинг акси кўзга ташланяпти. Соҳилга яқин сув юзида очилиб турган мафтункор, оппоқ нилуфар гуллар жимгина ором олишяпти.

…Эски танишим Қашмир. Йўлда кетарканман, қулочга сиғмайдиган бу гўзал маконга суқланиб қарайман ва бу сирли йўл чексиздек туйилади менга. Катта ва серҳосил олма дарахти остида қўлида таёқ кўтарган ниҳоятда гўзал қиз турарди.

— Ҳой париваш, — дедим мен, — сигирингни ол, бир йўловчига чанқоғини қондиришга имкон бер.

— Аммо сигирим ҳам сув ичишни истайди, — дея эркин жавоб берди қиз ҳам. — Қоч, у сенинг кўланкангдан қўрқяпти.

— Аввал мен ичишим керак.

— Йўқ, аввал сигир ичади, — нотаниш гўзал ҳам ўз айтганидан қолмайди. — Агар сигирингни олмасанг, қўлингдаги таёғингни уриб оламан.

— О, — табассум қилди у. —  Уриниб кўр-чи?

— Кўринишингдан ақлсиз қизларга сира ўхшамайсан, бироқ ўзингни худди ўшалардек тутяпсан!

— Аҳмоққа ҳам бош керак. Бошсиз тана қандай қилиб, бу моллар тўдасига қандай кўз-қулоқ бўлади. Сал ҳушёрликни бой берсам, уларнинг баъзилари ўтлаб, тўдадан ажраб қолиб кетади, — қиз шундай деб менга тикилди ва иккимиз биргаликда кулиб юбордик.

— Тўғри айтасан, аҳмоққа ҳам бош керак... Гаров бойлашим мумкин исминг, Бегаман, — дейман мен.

— Йўқ, исмим оддийгина. Мени Зайнаб деб чақиришади, — дейди у жилмайиб. — Кейин камина сира ҳам аҳмоқ қиз эмас. Аслида ўқитувчиман. Қишлоқдаги мактабда болаларга сабоқ бераман.

— Уларга нимани ўргатасан? Қандай мол боқиш кераклигиними?

— Бу сигир меники эмас, у бир сўқир болага тегишли. Унинг ота-онасини Панжобдаги тўполонлар даврида ўлдиришган. Бечоралар қишлоқдан шаҳарга бахт излаб кетганди, бироқ Панжобда ҳаммага ҳам омад кулиб боқавермайди.

— Болани ким қутқариб қолибди? У қандай яна бу ерга қайтиб келди.

— Қутурган оломон болага раҳми келиб, уни тирик қолдирган, бироқ ҳиндиларга сабоқ бўлсин, дея бечоранинг кўзларини ўйиб олишган. Шафқатсиз одамлар қўлида хўрланган бола тунлари "Мени қутқаринг!" деб қўрқиб уйғонади. Ўшандан бери қанча вақт ўтди-я… у энди ҳеч қачон бу оламни кўролмайди, худди мен ёримни кўролмагандек...

— Ёрингни?!

— Ҳа, у ҳам бизнинг мактабда муаллим эди. Биз бир-биримизни севардик. Ота-онамдан яширинча, менга ўқиш-ёзишни ўргатарди. Ота-онам у билан турмуш қуришимга қарши эдилар. Уларга мени кўпроқ солиқ йиғувчининг арзанда ўғлига хотин бўлишимни тасаввур қилиш маъқулроқ эди. Яқинларим ниятига етишига оз қолганди. Тўйим куни қишлоғимизга бир сўқир бола қайтди. Бахтсиз боланинг хароб аҳволини кўриб, барча ҳиндилар қутурди.

Зайнаб ҳикоясини давом эттирарди. Менинг кўзларим олдида эса ўша воқеаларнинг даҳшати гавдаланарди. Қишлоқ майдонида қўрқинчли қичқириқлар, эркакларнинг муштларинию аёлларнинг сўқир боланинг боши узра тик туриб, мусулмонларни қарғаётганларини тасаввур қилдим. Мусулмонларнинг айримлари омонлик топиш илинжида мактабга қараб югуради. Бу вақтда мактабда дарс бораётганди. Ёш муаллим ўқувчиларига:

— Ёзинг болалар: "Эътиқод - одамларни бир-биридан айирмаслиги керак", — деяётганди.

Кутилмаганда очиқ деразадан ёввойи ҳайқириқлар эшитилади.

— Ўлдиринг! Ҳаммасини ўлдиринг! Тириклайин ерга кўминг!

Ўқитувчи остона томон югуради. Ташқаридан ўндан ортиқ мусулмонларнинг қўллари у томон чўзилади:

— Ёрдам бер! Биз ахир ҳеч кимга ёмонлик қилмаганмиз!

Болалардан бири:

— Устоз, сиз бизга барча одамлар бир ота-онадан тарқалган, деган эдингиз-ку. Барчамиз тенг эмасми?! — деб сўрайди ҳайрат билан.

Муаллим кўкрагига қўлини қўйиб:

— Одамлар мени эшитинг! Агар сиз қон тўкишни истасангиз, майли бу менинг қоним бўла қолсин! Аммо бегуноҳ одамларни нобуд қилманг, илтимос. Ахир улар ҳеч қачон сизга ёмонликнираво кўрмаган...

Ғазаб отига минган оломонни бостириш мушкул эди.

— Бу болага қаранг, — дея қичқиради улар муаллимнинг муросага чорловчи мурожаатига жавобан. — Ёвуз мусулмонлар ота-онасини ўлдиргани етмаганидай, бечоранинг кўзларини ўйиб ҳам олибдилар. Қонга қон жонга жон! Биз қасос оламиз! Қасос! Қасос! Қасос! Йўлдан қоч!

— Мен бугун болаларга барча динларнинг моҳияти бирлигини ва эътиқод одамларни бир-биридан айирмаслиги керак, деб тушунтирдим. Мен ўз фикримдан тонмайман.

Бироқ оломоннинг қулоғига гап кирмас, улар қасос олиш иштиёқи билан ёнардилар. Ёввойи қичқириқлар билан мактабга бос­тириб кирдилар… Зайнаб паст оҳангда аста-секин ғамгин қиёфада ҳаммасини бирма-бир ҳикоя қилиб берарди:

— Улар муаллимни ўлдирдилар. Мактабнинг оппоқ деворлари қалби пок ёримнинг қип-қизил қонига бўялди. Муаллимнинг жони танасини тарк этиши билан одамлар ўз қилмишидан даҳшатга тушди. Бу вазиятда ҳеч ким бир сўз айтишга қодир эмасди. Ҳамма аста-секин уй-уйига тар­қалди. Бегуноҳ одамлар хунини сўраганлари учун уларда уят ва виждон туйғуси уйғонганди. Ўшандан буён қишлоғимиз аҳли тинч ва иноқ яшаб келяпти.

— Демак, хоҳлайсанми-йўқми, солиқ йиғувчининг ўғлига хотин бўларкансан-да, — деб сўрадим ундан.

— Нималар деяпсиз? — ҳайрон бўлди Зайнаб, — Мен ҳаётимни боғламоқчи бўлган йигит бошқалар учун ўлгандир, бироқ мен учун абадул-абад тирик. Ҳар тонг унинг ўрнига мактабда болаларни ўқитаман. Унга ўхшаб ўша қора кўзларни ўз фарзандим, деб биламан.

Шундан сўнг ўтмиш ва келажак хаёллар оғушида қолган Зайнаб жимиб қолди. Сукут сақладим мен ҳам...

— Қаерда яшайсан, нотаниш? — кутилмаганда сўради у.

— Йўлда, — дея табассум қилдим мен, — йўлда яшайман. Одамларни кузатаман. Сув ичмоқчи бўлсам, тўғридан-тўғри дарёдан ичаман. Марҳамат қилиб сигирингни дарё бўйидан сал нарироққа олсанг, у енгимдан тортяпти.

Париваш бор овози билан кулди. Зайнабнинг шўх кулгиси қўнғироқчанинг майин товушига ўхшайди ва бу овоз ҳавода узоқ осилиб турди. Мен эса ўз йўлимда давом этдим.

Йўл минглаб зиёратчилар борадиган, ҳиндилар учун илоҳий жой саналган Матанга олиб борарди. Неча юз йиллардан буён Матанда ҳиндилар ва брахманлар яшар, улар диний китобларни ўқиш билан банд эди. Уларнинг Матанда ўз ибодатхонаси бор. Аммо Матан атрофидаги қишлоқларда яшайдиган мусулмонлар ҳеч қачон ўз мачитига эга бўлмаган. Буни қаранг-ки, ҳиндиларнинг катта ибодатхонаси ёнида янги мачитга кўзим тушди. Ҳа, ғалати воқеалар юз беряпти бу ҳаётда. Ўйлаб ҳам ўтирмай мачитга кирдим. Мени узун соқолли имом кутиб олди. Қалин қора қошлари остидаги донишманд кўзлари атрофга жасорат билан боқарди, бироқ негадир унинг бир қўли боғлаб қўйилганди.

— Хуш келибсиз, биродар, қани марҳабо! — деди у меҳр билан.

Узоқ ва илиқ сўрашишлардан сўнг:

— Ҳурматли жаноб, бу мачит қачон қурилди? — деб қизиқдим.

Имом самимий жилмайди:

— Мамлакат иккига бўлинган кун, икки дин вакиллари ўртасида аёвсиз қирғин бошланган кунда, меҳмон.

Мен унинг гапини ақлимга сиғдиролмадим.

— Ахир ўша кунларда ибодатхоналар бузилиб, мачитлар ер билан яксон қилинганди-ку...

— Бизнинг ватанимиз Қашмир, катта ва ғаройиб. Шунинг учун ҳам бу ерда ғаройиб ҳодисалар содир бўлади.

— Аммо қандай қилиб ибодатхона ёнида мачит пайдо бўлиб қолди?

— Биласизми? Ўша куни барча қишлоқлардаги мусулмонлар йиғилиб, Матандаги ҳиндиларнинг ибодатхонасини бузишга киришдилар.

— Аммо ибодатхона ҳали ҳам жойида-ку.

— Шошилманг меҳмон, бироз сабр қилинг. Улар бу жойни бузишдан илгари ёнимга рухсат сўраб келишди. Мен бир қари одамман. Ҳаётда кўп нарсани кўрдим. Оқ-қорани яхши танийман. Шуни биламан-ки, душманлик мусулмонларга ҳам ҳиндиларга ҳам яхшилик олиб келмайди. Бу уруш мамлакатни ҳалокат сари етаклайди. Мен уларга рухсат бермадим.

— Улар бунга кўнишдими?

— Улар мендан хафа бўлишди, албатта. Тез орада мусулмонлар ўртасида қари имом брахманлар билан тил бириктириб, исломга хиёнат қилди, деган гап-сўзлар тарқалди ва бу тамға бўлиб бўйнимга илинди. Бундай миш-мишларни тарқатаётганлар охир-оқибат ўз ниятига эришиб, халқни қўзғатди. Кўзида ғазаб ва нафрат қони қайнаган оломон эски ибодатхонани бузиб ташлаш учун келди, бироқ мен қалби тоза инсонларни йиғдим. Биз ибодатхонанинг остонасида, ўзини бутунлай йўқотиб, ёрдамга чақираётган брахманларни ҳимоя қилдик.

— Бу даҳшатнинг ўзгинаси бўлгандир-а!

— Чиндан ҳам, мен ўша кунларни эслашни ёқтирмайман, сабаби, мен одамларнинг кўзи қонга тўлиб, бегуноҳларнинг қонини тўкиш иштиёқи билан ёнаётганлигини кўрдим. Бироқ биз барибир ибодатхонани сақлаб қолишга эришдик. Мана қўлимни кўряпсанми? Бу ўша кунларнинг даҳшатидан нишона.

— Мачит-чи, нега у бу ерга қурилдийкин?

— Халқ ўзининг соддалигидан қабиҳ мақсад йўлида фойдаланаётган ёвуз ниятли кимсалар унга дўст эмаслигини англади. Шунинг учун ҳам ҳамма тинчиб уй-уйига тарқалди. Худонинг карами кенг, брахманлар мусулмонлар уларга душман эмаслигини тушунди. Улар ўз муридларини тўплаб шу мачитни қуриб беришди. Бу маконнинг қанчалар шиддат билан қад ростлаганини бир кўрсайдинг!

— Қадрли имом, — дедим мен, — Сен буюксан!

— Йўқ, мен оддий одамман, — жавоб берди у, — халқ — буюк! Халқ — буюк куч!

Мен яна йўлдаман. Яна эски ва қадрли йўл мени таниш юрт сарҳадлари бўйлаб олиб боради. Аммо бу мен билган Қашмир эмас.

Бу янги Кашмир. Эътиқодига қарамай, барча болаларни ўзиники каби бирдек севган муаллимники, ёшгина Зайнаб ва қари имомнинг юртидир.

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси