“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 134 марта кўрилган.

МИНГ МАШАҚҚАТ БИЛАН ЯРАЛГАН АСАР

МИНГ МАШАҚҚАТ БИЛАН ЯРАЛГАН АСАР

Габриель Гарсия Маркес,

Нобель мукофоти лауерати

"Ёлғизликнинг юз йили"ни ёзаётганимда руҳим ғаройиб оламда кезиб юрарди. Бу китобнинг бир миллион нусхада чоп этилиши ва шу муносабат билан ташкил этилган маросимда қатнашиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Бугун бир миллион одам бу китобни ўқиб, бўлиб ўтган воқеалардан ҳамон ўзига келолмаган мендек бедорни эмас, балки тилнинг жозибадорлигини эътироф этаётганига шубҳам йўқ. Кастильян  тилида ҳикоялар ўқишга ташна инсонларни кўпчиликни ташкил этаётгани одамни қувонтиради.

Ўн етти ёшимдан буён то бугунги тонгга қадар ҳар кун қуёш чиқмасидан ёзув машинкаси ё компютер қаршисига жойлашаман ва ҳали ҳеч ким томонидан сўйланмаган ҳикояни ёзиб, ғаройиб китоб орқали китобхоннинг ҳайратга солишу ҳаётини қувончга тўлдириш мақсадида жиллақурса бир варақ қоралашдан бош­қа иш қилмадим. Шунча йиллик ёзувчилик фаолиятимда мана шу анъана асло ўзгарган эмас. Икки кўрсаткич бармоғим ёзув машинкасидаги алифбонинг 28 ҳарфига зарба беришидан бошқа нарсани билмади. Кўз ўнгимда йиллар ортидан йиллар қувиб, анча вақт ўтди. Бугун ёзишдан бошимни кўтариб қарасам, меҳнатим ҳосиласию эътирофларни қабул қиладиган фурсат етиб келибди. Ҳозир атрофимда юз берган воқеаларни чуқур мушоҳада этиш ва уларга ишонишдан бўлак бошқа чорам йўқ. Иқрор бўлганим шуки, келгусидаги асарларим ўқувчиларининг аксарият қисмини испанзабон халқлар ташкил этади. Бугун "Ёлғизликнинг юз йили" ўқувчилари бир ерга тўпланса, Ер куррасидаги аҳолиси зич йигирма давлатни ташкил этган бўларди. Авфу этасиз, қадрли ўқувчим, ушбу гапимни такаббурлигу мақтанчоқликка йўйманг. Камина бундай фикрдан йироқ. Мен шунчаки Ер юзида мутоалаага одатланган ва бу билан ўз қалби эшикларини кастильян тилида битилган ҳикояларга очган миллионлаб одамлар борлигини кўрсатмоқчиман. Шунингдек, сўзларимни ёзувчи, шоир, умуман, қалам аҳлини ана шу чанқоқни қондиришга, китобхонлар сонини янада кўпайтиришга даъватдай қабул қилишингизни сўрайман.

Ўттиз саккиз ёшимда қўлимда йигирма ёшимдан буён нашр қилинган тўрт китобим бор эди. Бироқ бу мен учун кифоя қилмасди. Чинакам роман ёзиш истаги бур зум бўлсин, менга тинчлик берган эмас. Бир ғаройиб тонгда ёзув машинкам қаршисида ўтириб қуйидаги сўзларни теришни бошладим: "Қатлга ҳукм этилган полковник Аурелиано Буэндиа девор остида отишларини кутаркан, кўп йиллар муқаддам, отаси ғаройиб муз бўлагини кўрсатгани олиб борган ўша олис оқшомни эслайди". Бу гап ёзилгач, тўхтаб қолдим. Чунки унинг на мазмуни, на келиб чиқиши ва на қандай давом эттириш кераклиги ҳақида менда бирор-бир фикр йўқ эди. Худонинг мар­ҳамати билан ёзишни бошладим-у, ўн саккиз ой давомида, яъни асарни тугатмагунимга қадар бошимни кўтармадим. Камина ташқи оламдан буткул узилиб яшади. Азиз ўқувчиларим, сизга ишониш қийин, бироқ ёзув машинкам учун қоғоз энг глобал муаммо эди. Имловий ва грамматик хатолар асарни мукаммал яралишига тўсқинлик қилади, деб ўйлаганим учун ҳар сафар уларга кўзим тушганида қоғозни йиртиб ташлар ва ҳаммасини қайтадан ёзардим. Бир йилдан сўнг агар шу суръатда ёзишда давом этсам, романни якунлаш учун бу аср камлик қилишини англадим. Менинг мўлжалимда эса у олти ойда тугалланиши керак эди. Мексиканинг кўзга кўринган шоир-ёзувчилари ва киносценаристларининг ҳарф терувчиси — Эсперанса Араисадан қоғозда ёзиб, таҳрир қилиб беришни сўрадим. Унинг Карлос Фуэнтеснинг "Энг шаффоф ҳудуд", Хуан Рулфонинг "Педро Парамо" асарларининг жозибасини бир қадар оширишга ёрдам бергани ҳақида эшитганим бор эди. Роман қўлёзмасига ёзувчи эмас, муҳаррир нигоҳи билан тикилганимда ўзимнинг рангим қум ўчди. Ҳақиқий "лолазор"га айланган қоғозларни қандай кўчирар экан, бу шўрлик хотин, деб роса хижолат тортдим. Бироқ Эсперансанинг мендай телбаларни кўравериб, кўзи пишиб кетган чоғи, бу ажи-бужи ёзувларни кўчириш чўт эмаслигини ўзи тан олди, барака топкур. Асарни ўқиб чиқиб, унинг эртасига қалбимда умид уйғотган Эсперанса сўнгги таҳрир қилинган вариантни уйига олиб кетаётганида жалақуяётган эди. Ҳал қилувчи онлар яқинлашаётганидан мендан ҳам баттар ҳаяжонга берилган аёл автобусдан тушаётиб кутилмаганда қоқилиб йиқилибди. Ўзини ўнглашга улгурмасидан ягона қўлёзманинг кўлмаклар узра сочилиб кетганига кўзи тушгани ҳамон йиғлаб юборибди. Бекатдагилар унга ивиган қоғозларни йиғишга кўмаклашибди. Бечорагина ҳар бир варақни дазмоли билан бирма-бир қуритиб, ҳаммасини қайта аслидай қилиб териб чиққан...

Бу китоб фақат ҳарф терувчи аёлнинг заҳмати туфайли эмас, балки оиламнинг азобланиши эвазига яралди, десам янглишмайман. Мен бир цент топишнинг ғамини емай, китоб ёзиш билан овора бўлган чоғимда шўрлик Мерседес мену икки болам учун қозон қайнатишини қандай уддалаганидан бугун ҳайрон қоламан. Бечорагина мени безовта қилгани кўзи қиймай, авлоддан-авлодга ўтиб унгача етиб келган қимматбаҳо тақинчоқларигача сотиб юборган. Мутахассис маржонлардаги зумрад ва узуклардаги лаълни жарроҳларга хос синчковлик билан текшириб: "Ҳаммаси турган-битгани шишадан иборат", деб сув текинга олганини эшитиб, хотинимга ачиндим.

1966 йилнинг августида Мерседес иккимиз ҳар икки томонига матн босилган беш юзу тўқсон бетли тугалланган нусхани Буэнос-Айресдаги Судамерикана нашриётининг бадиий раҳбари Франсиско Порруага жўнатиш учун почта идорасига бордик. Почта ходими пакетни тарозига қўйиб: "Саксон икки песо бўлади", деди. Мерседес ҳамёнидаги қоғоз пулу тангаларни санаб, эллик уч песо борлигини айтди.  Жўнатмани очиб, ичидаги қўлёзмани тенг иккига ажратиб, Буэнос-Айресга юбордик. Уйга келгач,  қўлёзманинг биринчи қисмини эмас, балки сўнггисини жўнатганимни билиб, тушкунликка тушиб қолдим. Нашриётга биринчи қисмини етказишга пул излаётганимда Франсиско Порруа асарнинг биринчи қисмини ўқиш иштиёқида ёниб, уни тезроқ юборишимиз учун маблағ жўнатди. Шу тариқа асар дунё юзини кўрди.

2007 йил

 

Испан тилидан Ҳилола

РЎЗИЕВА таржимаси