“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 136 марта кўрилган.

НОТАНИШ МАҲБУБАМ

НОТАНИШ МАҲБУБАМ

Биз бошимиздан ўтган сирли саргузаштлар, завқли тассуротларимиз, поезд, меҳмонхонаю денгиз соҳилларидаги ишқий учрашувларимиз ҳақида берилиб суҳбат қурардик. Рожер де Аннет айганидек, жойлашган соҳилимиз жуда гўзал эди. Биз орамизда ҳалидан бери мум тишлаб ўтирган Гонтрандан нима ҳақида ўйлаётганини сўрадик.

— Менимча, Париж дунёдаги энг хушманзара маскан, — гап бошлади у. — Аёллар бу ерда қимматбаҳо безакни эслатади. Тўғри, биз уларни ҳар ерда қадрлаймиз, бироқ Париж — энг серҳашам аёллар салтанати дейиш мумкин.

Эркак бироз ўйланди-да, сўнг қизишиб гапида давом этди:

— Тавбангдан кетай, бу жуда ажойиб-да! Баҳор тонглари кўчаларни яёв кезсанг... Ёнингдан кичик жуссали аёллар хиром айлаб ўтиб кетади, улар худди энди очилган гулларни эслатади-я! Ёқимли ва жозибали бу манзара... Ҳар нафасда бинафша гулининг майин ифорини туясан. Шаҳар гулзор, аёллар борлигини ҳар он илғайсан. Бу йўл бўйлаб қанча нозанинлар учрамади, дейсиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, умрингизда бир марта кўрган аёлни ғойибона, бироқ ўта қаттиқ севиб қолишимиз мумкинми? Бўлмаган гап! Вақт ўтиб, биз аранг бир аёлнинг назарига тушамиз, у туйғуларимизни тўлқинлантиради ҳам. Бироқ бу ҳол узоққа чўзилмайди. Кўпинча бахт шундоққина ёнимиздан ўтиб кетади. Ишончим комил, мен ҳам нозик қушчамни ўша кўча бўйлаб ўтказиб юборганман.

Рожер де Аннет мийиғида кулганча уни тинглади ва гап бошлади:

— Эҳтимол, ҳақдирсиз. Бу ҳол менинг ҳаётимда ҳам содир бўлган. Бундан беш йил бурун мен ёш бир аёлни учратдим, у мени ҳаяжонга солганди. Аёл қорачадан келган, бошқалар каби нозик бўлмаса-да, бироқ хушбичим, силлиқ сочли ва киприклари қора кўзларига тушган гўзал эди. Нигоҳлари сирли, сурат каби жимгина тикилиши жуда ажойиб эди. Уни кўрибоқ кўзларимни узолмай қолдим. Қадам босишлари латиф бўлмаса-да, мени нимаси биландир ўзига жалб этганди. Уни кўрган куним, аёл Плесй де ла Конкордида карета тўхтатган ва унга чиқмай бир муддат жим туриб қолганди, сўнг менга қаттиқ тикилди. Бу нигоҳни ҳеч қачон унутолмайман. Кейин уч ҳафтача фақат у ҳақда ўйладим ва аста-секин жамолини хаёлимдан чиқаришга уриндим. Олти ой ўтгач, мен уни Руэ де ла Паиксга учратиб қолдим. Шунда ҳам уни биринчи кўрганим каби қаттиқ ҳаяжонландим. Яхшиси, уни кузатишга аҳд қилдим. У менга яқин келганида, ўзимни қайноқ олов ичида тургандек ҳис этдим. Ёнимдан ўтиб кетгач, таним муздек бўлиб қолди. Ортидан боролмадим. Бирор аҳмоқлик қилиб қўйишдан, ноқулай вазиятга тушиб қолишдан чўчидим. Мен ўзимдан қўрқдим.

У орзуларимни ўзи билан олиб кетганди. Мен аёлни дес Чемпс-Элзась авенюсида ёлғиз кезаётганида яна бир бор учратдим. Бу сафар унинг ортидан пойладим, манзилини билиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Икки марта уни қўйиб юбордим, бироқ оташин туйғулар мени тарк этмади, демак, бу гал ҳам мум тишлаб қолиш ярамайди.

Аёл менга бир қур назар ташлади ва Руэ де Пресбургдаги бир уйга кириб кетди. Мен уни ташқарида икки соатча кутдим, бироқ у чиқмади. Мен аёл ҳақида дарвоза қоровулидан сўрадим. У эса елка қисди:

— Эҳтимол, бирортасиникига меҳмонга келгандир...

Шу тариқа мен уни яна саккиз ой кўрмадим. Январнинг изғиринли кунларининг бирида Булевард Малшербез кўчасида сайр қилаётиб, бир кимсага урилиб кетдим ва унинг бўхчасини қўлидан тушириб юбордим. Энди узр сўрамоқчи бўлиб тургандим ҳамки, бирдан уни таниб қолдим: бу ўша аёл эди!

Аввалига ҳайрату ҳаяжондан қотиб қолдим, сўнг унинг бўхчасини қайтарарканман, нима бўлса бўлар, деб гап бошладим:

— Узр, хоним. Биласизми, икки йилдан бери сизни ғойибона танийман, ҳурмат қиламан... Ниҳоят бугун ўзимни таништиришимга имкон туғилди. Шу пайтгача кимлигингиз ва қаердалигингизни билиш учун кўп уриндим. Бундай ғалати гапларим учун маъзур тутинг... Мени танимайсиз. Исмим Барон Рожер де Аннет. Мен... ёмон ниятли киши эмасман, бунга ҳали ўзингиз амин бўласиз. Агар... агар ҳозир кетиб қолсангиз, мен тубсизқийноқлар оташида қолиб кетаман. Илтимос, иложи бўлса, сиз билан қандай учрашишим мумкинлигини айтсангиз...

Аёл менга бир муддат ҳайрон бўлганча тикилиб турди, сўнг жилмайиб жавоб қайтарди:

— Менга манзилингизни берақолинг... ўзим сизни топиб бораман.

Мен ўз ҳайратимни яшира олмай қувондим. Лекин дарров ақлимни йиғиб, унга ташриф қоғозимни тутқаздим. Аёл тезда уни чўнтагига яширди.

Мен умид билан пичирладим:

— Сизни кўришга қачон мушарраф бўламан?

У бироз иккиланиб турди, кейин паст овозда жавоб берди:

— Якшанба тонги сизга маъқулми?

Мен розилигимни билдирдим.

У кетар экан, менга синовчан нигоҳларини тикди...

Якшанбагача мен туну кун фақат у ҳақида ўйладим. Бир қарорга келиб, унга тақинчоқ харид қилдим. Бежиримгина қимматбаҳо тошли узукни қутичага ўрадим ва сабрсизлик ила маҳбубамни кута бошладим. Якшанбага ўтар кечаси умуман ухламадим. Эрталаб соат ўнда у жиддий ва хотиржам ҳолда уйимга кириб келди. Аёлнинг қўлидан тутар эканман, гўё минг йилдан буён танишдек эдим. У жуда ёқимтой эди. Бир пайт у ортига ўгирилганда беихтиёр унинг елкаларидаги катта-катта қора доғларга кўзим тушди. У нима экан? Мен уларга қараб ўйга чўмганимда, аёл бирдан кўзларимга тикилди! Кейин мен эътиборимни чалғитиб, унинг узун киприклари, кўзлари ва қора соч­ларига назар ташладим. Бироқ хаёлим ўша доғларда эди. Улар менга "Минг бир кеча"даги қўрқинчли руҳни эслатарди. Унга севги изҳор қиладиган пайтим келганда, овозим чиқмай қолди. У ҳаммасини тушунди. Аввалига араз билан боқди, сўнг мўйнасини олиб ўранди ва секин пичирлади:

— Бу ерга келишим осон бўлмаганди...

Узук туҳфа этишнинг мавриди, деб ўйладим, лекин у гапида давом этди:

— Нега мени чорладингиз, жаноб?

Уятдан сочимгача қизариб кетдим. У эса индамай уйимни тарк этди.

Бу менинг саргузаштим. Энг ёмони шундаки, ҳозир ҳам уни телбаларча севаман. Бирор аёлга кўзим тушса, доим уни излайман. Ҳамма нарса уни эслатади. У доимо мен билан бирга, қалбимда яшаб келмоқда. Бу дунёда борми-йўқми, барибир хаёлан ёнимда. Ҳозир ҳам суйганим қаердадир, менга яқинроқ бирор жойдадир... Унинг елкаларидаги тамға унга тумор бўлсин. Қизиқ, ким эди у? Ҳалигача билмайман. Ўша воқеадан сўнг уни бир-икки маротаба учратдим, бироқ аёл мени танимаганга олиб кетди. Балки у осиёликдир? Назаримда, ўша дилбар яҳудий эди. Лекин нега у шундай бўлиб туғилди? Билмайман, билолмайман...

Унинг ҳикояси адоғига етгач, йиғилганларнинг ҳеч бири ишқий саргузаштлари ҳақида бошқа оғиз очмади...

 

Инглиз тилидан Нодира

ИБРОҲИМОВА таржимаси