“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 256 марта кўрилган.

Сенга муҳаббатим сўнмабди, ҳануз...

Мирпўлат МИРЗО

Сенга муҳаббатим сўнмабди, ҳануз...

СЕВГИ САТРЛАРИ

Сенга муҳаббатим сўнмабди ҳануз,

Мен эса унутмоқ бўлибман бекор.

Ахир, неча муддат кўришмадик юз,

Нечун бу ишқ қалбни забт этар такрор?

 

Менинг-ку фиғону нолишларим йўқ,

Ўзгалар наздида бахтлиман ҳатто.

Балки узун тунлар чекмасдим андуҳ,

Хаёлда ногоҳ сен бўлмасанг пайдо.

 

Бу кун олисларда эсанг-да жуда

Гўё кечмишимдан огоҳсан ҳар он.

Вафодор паноҳинг — қалбим тубида

Синчков нигоҳларинг яшайди ҳамон.

 

Қайғуриб эслайман сени шод дамлар.

Истаб-ёлбораман босганда ғамлар.

 

* * *

Эртаклар уйдирма эмасдир сира,

Уларга ҳаётдан улги олганлар.

Чинакам ошиқлар ёниб ишқ ичра,

Эртаклар қалбида яшаб қолганлар.

 

Мангу эҳтиросга йўғрилиб биз ҳам

Масъуд яшагаймиз то сўнгги нафас.

Не тонг, афсонага айланса чиндан,

Биздаги садоқат, биздаги ҳавас!

 

* * *

Дунёда севишган қанча — билмайман,

Лекин аминдирман — фақат иккимиз.

Мен бўлак туйғуга сажда қилмайман,

То ҳаёт экан шу буюк севгимиз.

 

Майли, йиллар бизни ташласин кўмиб

Нокерак ташвишлар, икир-чикирга.

Биз эса энг юксак ўйларга чўмиб,

Севгимизни эъзоз этгаймиз бирга.

 

Биз учун мўътабар ҳаттоки ҳижрон,

Соғиниш, ўртаниш, ғуссалар бари.

Ҳаммасидан эзгу эрур бегумон

Энтиктирган висол дақиқалари.

 

Бу қутлуғ лаҳзалар — ёрқин, безавол

Безар умримизни гулчамбар мисол.

 

* * *

Бетимсол рухсоринг ҳамон ёдимда,

Ажиб нурланарди бокира чеҳранг.

Бизлар онт ичгандик бўлмоққа бирга,

Аммо бахтимизга қисмат солди чанг.

 

Йиллар ўтиб борар басма-бас, бизлар

Хаёл қатларида учрашдик гоҳ-гоҳ.

Совиб битганида дилда ёнишлар

Эшитдим, дунёдан ўтибсан сен, оҳ!

 

Ё Раб, зулмат қабр гўшанг-ку бу дам,

Қай тун титроқ солиб руҳимга лоқайд —

Сен қайтдинг, қайтадан топгандек оҳанг

 

Шоир юрагидан ўчиб кетган байт.

Ойдин кечаларда ой нурли чеҳранг

Севгимиз сўроқлаб турса нетгум, айт?

 

* * *

Болалик — энг ёрқин хотира дерлар,

Эсласанг ёдингда нурланар бари.

Мен илк ҳислар тотин соғинган кезлар

Руҳимни ёритар ўрик гуллари.

 

Баҳор бу очунга кўрк берар инжа,

Ғужғон ўрикзорда ари йиғар бол.

Бизлар гуллар қорин кечганча унда

Чарх урардик бир жуфт капалакмисол.

 

Йиллар ўтиб кетди... Мудом ҳар баҳор

Ўрикзор аро мен ёлғиз кезгайман.

Кўнглим қатларига сингганда ифор,

Сенинг кулгуларинг тотин сезгайман.

 

Менга мўътабардир гулларнинг бари,

Лекин энг тансиғи ўрик гуллари...

 

* * *

Шоирлик кўп ғалат — ёнингда ёринг

Шунчалар муниски, сезмай ўтарсан.

Айтиб ўзгаларга кўнгил изҳоринг,

Ўзга малакларга ашъор битарсан.

 

О, шўх-саркаш эдим ҳам қаҳри қаттиқ,

Кўп бор ёлғиз қолиб, мени кутгансан.

Турмуш шу бўлса гар — сен унинг аччиқ

Не-не аламларин ичга ютгансан.

 

Бир тонг фариштадек товландинг ял-ял,

Сочинг шалоласин тузатган чоғинг.

Дилим қалқди — бемор ётганим маҳал

Меҳр-ла қултум сув узатган чоғинг.

 

Шивирладим, бирам сулув қош-кўзинг,

Севги китобимга шоҳбайтсан ўзинг!

 

* * *

Айтгин, қайлардасан, қай қалбга ёрсан,

Сен тўтизабоним эдинг-ку менинг?

Кимнинг юрагида сўнмас шарорсан,

Шамъи шабистоним эдинг-ку менинг?

 

Фараҳли кунларнинг онти, ҳаққи деб,

Олис севгимизни эслармисан гоҳ?

Ёки қисматингга ёлғизликми «зеб»,

Оқшом чўкканида чекармисан оҳ?

 

Инсон ёшлигини қўмсайди нега,

Айни сочларига қўнганида қор?

Эртанги кун хира ва мубҳам менга,

Балки кўришмасмиз энди қайта бор.

 

Умр етмакдадир, балки, поёнга,

Кетиб бормоқдамиз, билмам, қаёнга.

 

* * *

Менга туюлади — чўкаркан оқшом,

Кўкда товланганда юлдуз ва ҳилол,

Гўшангга кирасан олмоққа ором,

Шунда руҳинг чирмар ажиб бир хаёл.

 

Кунлар измидасан, бир лаҳзага лек

Тутгайсан ўзингни қисматдан озод.

Худди сув тубидан боққан гавҳардек

Жимирлар кўксингда олис хотирот.

 

Баъзида юракка тотли армонлар

Йиллар ўтиши-ла бамисли оғу —

Ботгайдир, шу боис фараҳли онлар

 

Барини хотирдан сидириб, ёҳу,

Унутган бўлсанг гар аллақачонлар,

Нима ҳам қилардим... Тахайюлим бу.