“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 221 марта кўрилган.

АРАВА

Н. В. ГОГОЛЬ,

Рус адиби

 

АРАВА

Отлиқ аскар полки келиб ўрнашгандан бери Б. шаҳарчаси қувноқ тус олди. Унгача эса бу ерда ҳаёт чидаб бўлмас даражада зерикарли эди. Онда-сонда ўтиб қолсанг, пастак кулбаларнинг мунға­йиб турганига кўзинг тушиши билан диққинафасу беҳаловат бўласан. Бу сувоғи кўчган уйларнинг деворлари қачон оқланганини биров эслолмайди. Агар ёмғир жиндайгина меҳрини аямаса, чангу тупроқ тизза бўйи лой-балчиққа айланади.

Отлиқ аскар полки келди-ю, шаҳарда ҳамма нарса ўзгарди. Одамлар енгил аравани қўйиб, қимор ўйнагани кетаётган хушқомат, шинам зобитларни бот-бот кўрарди. Мазкур арава полкнинг мулки бўлиб, ҳарбийлар орасида қўлдан-қўлга ўтиб юрарди. Қўшин генералининг қароргоҳи келиб ўрнашгач, жамоа яна кўпайди, мажлислар хийла мароқли ўтадиган бўлди. Генерал жанобларининг қайси муносабат билан жамоатга зиёфат беришни ихтиёр этгани сабабини эслай олмайман. Бироқ бу издиҳомга жуда астойдил тайёргарлик кўрилди. Йиғилганлар фақат эркаклар, зобитлару заминдорлардан иборат бўлди. Улар орасида ҳамма сайилларда шовқин-сурон кўтариб юрадиган шаҳарнинг кўзга кўринган киборларидан бири Пифагор Пифагорович Чертокутский ҳам бор эди. Бир вақтлар отлиқ аскар полкида хизмат қилган. Дарвоқе, у отдан тушса ҳам, эгардан тушгани йўқ, зиёфатларга оёғини қўлга олиб етиб келади. Енгил аравасидан чаққон сакраб тушиб, зум ўтмасдан ҳарбийлар билан ош-қатиқ бўлиб кетарди. Маишат фавқулодда қуюқ бўлди. Таомдан сўнг ҳамма узун-қисқа трубкаларини тутатиб айвонча сари йўналдилар.

— Мана энди уни кўрсак бўлади, — деди генерал. — Менга қара, барака топгур, — адъютантига, эпчилу хушбичим йигитга мурожаат қилди у, — айт, тўриқ бияни олиб чиқишсин! Ҳозир ўз кўзингиз билан кўрасиз. — Генерал шундай деб трубкасини тортди ва бурқ­ситиб тутун чиқарди. -Ҳали кўпам яхши парвариш кўрган эмас. Бу лаънати шаҳарчада тузукроқ отхона ҳам топилмайди! Лекин от жонивор жуда кетворган, а!

Бу пайт эса отхонадан шошиб бир аскар чиқиб келди, от туёқларининг товуши қулоққа чалинди, сўнг оқ чакмон кийган узун қора мўйловли бошқа аскар пайдо бўлди. У ҳуркиб-титраб турган отни жиловидан етаклаб олган эди. От кутилмаганда бошини қаттиқ силкиб, мўйловли аскарни юқорига кўтариб юборай деди. «Тек, тек, — дер эди аскар уни айвон томон етаклаб келар экан. — Тек, Аграфена Ивановна!»

Бияни «Аграфена Ивановна» деб аташаркан, у худди жануб соҳибжамолларидай бақуввату ёввойи эди. Генерал трубка чекишдан тўхтаб, мамнун қиёфада Аграфена Ивановнани томоша қила бошлади. Полковник Аграфена Ивановнанинг жағидан ушлади, майор меҳр билан оёғига енгил шапатилаб қўйди. Чертокутский эса отнинг орт томонидан айланиб кўрди.

— Тулпор, тулпор! — деди Чертокутский. — Жудаям келишган от экан! Сўрашга илтифот ила ижозат этинг, жаноби олийлари, тезлиги қандоқ бунинг?

— Бир қамчи йўрғаси бор... Фақат, шу.... Пандавақи фелд­шер алланима дорилар бериб қўйган экан, икки кундан бери аксириши қолмайди.

— Тулпор, тулпор... Бу отга муносиб енгил аравангиз ҳам бордир дейман, жаноби олийлари?

— Арава дейсизми? Аравага қўшиладиган эмас, миниладиган от бу!

— Кўриб турибман; лекин мен жаноби олийларидан бош­қа отларига лойиқ аравачалари бормикин, деб сўрамоқчийдим.

— Йў-ўқ, араваларим унча кўп эмас, лекин урфга кирган бирорта аравача сотиб олмоқчиман. Ҳозир Петербургда яшайдиган укамга шуни айтиб хат ёзворганман, бироқ, юборадими-йўқми, билмайман...

— Фикримча, жаноби олийлари, — гап қистирди полковник, — Вена аравасининг олдига тушадигани йўқ.

— Менинг Венадан олиб келинган кетворган аравам бор.

— Қайсини айтасиз? Боя ўтириб келганингизними?

— Ҳа, йўқ! Бу оддий-ку. Уни кўрмабсиз, бу дунёга келмабсиз! Ўтирсангиз, гўёки энагангизнинг беланчагида ётгандай бўласиз-да!

— Шунақаям юмшоқ денг?

— Сўраманг! Ёстиқлари, рессорлари... баайни рассом чизиб қўйгандек бежирим.

— Қойил. Гап йўқ.

— Бу арава менга тўрт минг мулла жирингга тушган.

— Баҳосига қараганда ҳам жуда зўрга ўхшайди. Нақд пулга олганмисиз?

— Йўқ, жаноби олийлари, бир омадим кулиб, қўлимга тушиб қолди-да! Дўстимники эди. Орамизда «саники-маники» деган гап йўқ. Мен аравани ундан қарта ўйнаб ютиб олганман. Эртага бизнинг уйимизга бир пиёла чойга борсангиз, бошим кўкка етарди. Бирйўла аравани ҳам кўриб келардингиз. Жаноби зобитларни ҳам таклиф қиламан. Бош устига! Ҳамма- ҳаммангизни хонадонимда кўриш мен учун чексиз шараф, жаноблар!

Чертокутский эртанги зиёфатга борадиган меҳмонларни кутиб олишга пухта тайёргарлик кўриш учун шу ондаёқ уйга жўнамоқчи бўлди, ҳатто шляпасини қўлга олган ҳам эди, аммо бир-икки қизиқ сабабларга кўра, у яна анча маҳал шу ерда ушланиб қолди. Жамоа генерал хонадонининг турли бурчакларига бўлиниб вист ўйинига тушиб кетди.

Шамлар ёқилди. Чертокутский ўйинга қўшилсамми-йўқми деб анча вақт тараддудланиб турди. Бироқ зобитлар уни таклиф қилганида рад жавобини бериш одобсизликка ўхшади-ю, ўтирди. Шу ондаёқ унинг олдида худди осмондан тушгандек стакан тўла пунш пайдо бўлди. Чертокутский хаёл билан банд бўлгани туфайли, уни бир кўтаришда бўшатди-қўйди. Ичкилик сероб эди. Чертокутский маст бўлиб қолди. У уйга етиб келганида уйдагиларнинг ҳаммаси ёппасига уйқуда экан. Чертокутский чай­қалиб-чайқалиб ҳайтовур ётоқхонага етиб олди ва қордай оппоқ тунги кийимда ётган ёшгина, ширингина хотини ёнига «шилқ» этиб тушди. Эрининг ёнида ётган жувон уйғонганида қишлоқда эрта ҳисобланмайдиган вақт эди. Эрининг тонгги соат тўртларда қайтгани ёдига тушди-ю, уйғотмади. Соат ўн икки бўлганида ҳам умр йўлдошининг ҳануз уйқуни ураётгани зебо бекачанинг ёдида ҳам йўқ. Унинг эътиборини катта йўлда кўтарилган тўзон ўзига тортди. Ойимча дурустроқ разм солиб, шу томонга келаётган бир неча енгил аравани кўрди.

«Булар бизникига келаётган бўлмасин! — дея бекачанинг юраги ҳаприқди. У гулзорни тик кесиб ўтганча, эри ухлаётган ётоқхонага қараб югурди. Чертокутский донг қотиб ухлар эди.

— Туринг! Туринг! Турсангиз-чи тезроқ! — қичқирди бекача эрининг қўлидан тортар экан.

— А? — ғўнғиради уйқу аралаш керишиб Чертокутский, кўзларини ҳам очмасдан.

— Турсангиз-чи, ахир! Эшитаяпсизми? Меҳмон келяпти!

— Меҳмон, қанақа меҳмон?

— Э, турсангиз-чи тезроқ, жоним! Вой, Худойим-ей, туринг! Ахир генерал билан бир тўда зобит келяпти бизникига!

— Генерал? Ие, ҳали кеб қолдими улар? Зиёфат-чи, зиёфат? Ҳамма нарса кўнгилдагидай тайёрми ишқилиб?

— Қанақа зиёфат?

— Ҳали мен... Ҳозирлик кўринглар, деб айтганим йўқми?

— Кечаси соат тўртда келган бўлсангиз, шунча гап сўрадим, бир оғиз гапиришга яраганингиз йўқ.

— Асалим, бекин! Ҳой, ким бор! Сен, ҳой қиз! Бу ёққа кел! Нимадан қўрқяпсан, аҳмоқ? Ҳозир зобитлар келади. Сен айтгинки, бундоқ де: хўжайинимиз уйда йўқлар, дегин! Бугун каллаи саҳардаёқ аллақайга кетувдилар, дегин, бўптими! Бошқа хизматкорларга ҳам тайинла, шундоқ деб туришсин! Тезроқ бўл, бор!

Шундоқ деди-ю, жон ҳолатда халатини қўлга олди-ю, оёғи куйган товуқдек питирлаб, бекингани аравалар саройи томон чопди, фикрича, ҳозир бундан ҳам хавфсизроқ жой йўқ эди. У яқинроқда турган араванинг зинапоясини туширди, бир сакраб унга чиқди, эшикни маҳкам бекитди, янаям ишончли бўлсин дея устига фартугу тери ёпинчиқни ёпди ва нафасини чиқармай икки букилиб ўтираверди.

Алҳол, аравалар қатори ҳам эшик олдига келиб тўхтади.

— Барин уйда йўқлар, — дея эълон қилди остонада пайдо бўлган малай келганларга.

— Қанақасига йўқ бўлади? Бундан чиқди, тушликка етиб келар экан-да? — деди генерал.

— Йўқ, келмайдилар. Кечгача келмайман деб кетганлар. Эҳтимол эртага шу маҳалларга кеб қолсалар.

— Ажаб-ажаб ишлар, мен сизга айтсам, — кулди полковник.

— Одамлар нега шундай қилишини сира-сира тушунмайман, жаноби олийлари! — Гап қистирди ёшгина зобит.

— Отбоқармисан? — сўради генерал қовоғини уйиб.

— Отбоқарман, жаноби олийлари!

— Хўжайининг яқинда олган аравани кўрсат бизга!

— Бажонидил. Мана, саройга марҳамат қилсинлар!

Генерал зобитлар ҳамроҳлигида сарой томон қараб юрди.

— Марҳамат! Мен уни бу томонга сал итариб чиқараман, ичкари қоронғироқ.

Меҳмонлар араванинг атрофини айланди, ғилдирагу рессорларини ҳам синчиклаб кўздан кечирди.

— Ҳечам мақтайдиган жойи йўқ-ку! — деди генерал. — Оддийгина жайдари арава!

— Бедаво десангиз-чи! — деди полковник. — Яхши де­йишга тилинг бормайди ҳам!

— Бу аравага икки минг ҳам увол! Шалақ араванинг ўзи-ку бу! Балки, ичкарисида арзийдиган бирор нимаси бордир... Манга қара, ҳов, ёпинчиқни кўтар-чи!

Шу маҳал зобитларнинг кўз ўнгида халат кийган ва ғайритабиий бир ҳолда букилиб ўтирган Чертокутский пайдо бўлди.

— Ие, ўзлари бу ёқдамилар?! — ҳайрат билан сўради генерал шармандаликдан ер ёрилса ерга киргудек бўлиб турган уй эгасини кўриб, сўнг устига ёпинчиқни қайта ёпиб қўйди. Ғалати меҳмоннавозликдан ҳафсаласи пир бўлган генерал зобитларни эргаштирганча жўнаб кетди.

 

Рус тилидан Лутфулло МАҲМУД таржимаси