“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 170 марта кўрилган.

«АДАБИЁТ ҚУДРАТИНИНГ ЧЕГАРАСИ ЙЎҚ...»

Герта МЮЛЛЕР,

Нобель мукофоти лауреати

«АДАБИЁТ ҚУДРАТИНИНГ ЧЕГАРАСИ ЙЎҚ...»

Ёзувчининг «Текисликлар», «Радио озодлиги», «Кўзгуни синдирган иблис», «Очлик маъбудаси», «Қасамхўр ва қотил қироллар» сингари романлари миллионлаб нусхаларда чоп этилган ва жуда кўплаб тилларга таржима қилинган. Герта Мюллер ижодини шеър ва таржима билан бошлаган, бироқ ёзувчи сифатида халқаро машҳурликка эришди. Ёзувчи руминиялик немислар қисмати ва коммунистик тузумнинг қаттол қиёфаси ёритилган асарлари учун 2009 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Мазкур суҳбат Франциянинг «La Revue des Resources» журналида, 2011 йилда чоп қилинган.

— Ўзингиз туғилган санани кўп эслайсиз. Нега?

— Билмадим, бунга эътибор қаратмаган эканман. Мен 1953 йилда, Сталин оламдан ўтганида туғилганман. Тўғрироғи, унинг танаси дунёни тарк этганида.

Сизнингча, руҳи ҳамон тирикми?

— Хаёлимда Сталину Гитлерга ўхшаганларнинг руҳи асло ер юзини тарк этмайди. Қаерда уруш олови ёнса, ўша ерларда улар қайта тирилади. Эҳтимол, мен бу қаттолларнинг шарпаларидан ҳамон қутулолмаганим учун шундай деяётгандирман.

Ўз саволим билан сизни туғилган жойингиз, Банатга қайтармоқчи эдим. Бу вилоятда немислар, серблар, руминлару венгерлар яшаган. Адашмасам болалигингиз ўтган жойлар низолардан холи, тинч макон бўлмаган...

— Ҳа, етарли даражада келишмовчиликлар юз бериб турарди, бироқ ҳозиргидан кўп эмас. Бизнинг одамлар уруш кўрганди, ҳарқалай юрагида озгина бўлса-да, яқинларига нисбатан оқибат бор эди. Ҳозир эса... Афсуски, одамзод юрагининг туб-тубида жанжалга ташналик мавжуд. Атрофдагиларни кузатаман, бугунги одамлар ҳар дақиқада қўшниси, ҳамкасби ё умр йўлдоши билан уришишга шай туради ва, энг ёмони, буни табиий, деб ҳисоблашади. Миллатлар орасидаги низо ҳақида сўзламасам ҳам бўлар. Мен ҳеч қачон одамларни тушунмаганман ва тушунмасам ҳам керак. Ер — ғоят ғалати сайёра, аҳолиси унинг ўзиданам ғайритабиийроқ.

Гапларингиздан ўзингизни ерлик ҳисобламайсиз чоғи.

— Йўқ, мен Ерга бегона ерликман...

Интервьюлардан бирида тақдир тақозоси билан ўн етти ёшингиздан йигирма икки ёшгача лагерга тушиб қолганингиз ва бу йиллар сизни ёзишга ундагани ҳақида сўзлагансиз...

— Тақдир тақозоси билан?! Йўқ, тузум тақозоси билан шундай кунларни бошдан кечирганман. Бу воқеалар болалигимни ўғирлади. Ёлғиз менинг эмас, минглаб оилалар, ўнлаб қишлоқ болалари, умуман Руминиядаги немисларнинг ҳаммаси бошига тушган кўргилик эди. Атрофимда содир бўлаётганларининг ҳаммасини кўриб турардим, бироқ идрок этолмасдим, сабабини англагани ожизлик қилардим. Ҳозир ҳам сўз тополмай қийналаман. Ўша вақтларда кўп хўрликларни кўрдим. Ўтмишдаги кунлар даҳшати бугунгача қалбимга азоб беради. Сталиннинг мавҳум сиёсатида ягона равшан ҳақиқат бор эди. Гарчанд нотўғри бўлса-да, бу ҚАСОС эди. Тирик қолганимни ҳамон мўъжиза деб қабул қиламан. Ахир тузум мени бувимдан, отамдан, онамдан айирди. Лагердан озод этилганимда бу оламда ёлғиз қолгандим...

Нима қилганда ҳам, Банат ёзувчилик фаолиятингиз дебочаси саналади. Қалбингизга азоб етказган жой сизга адабиёт эшикларини очди.

— Ҳа, буни тушунтириб бериш осон эмас. Агар Банат бўлмаганда бугун Мюллер ҳам бўлмасди. Мен унинг бир қисми эдим, у эса бор-будим. У ерда қалбим азоб тортгани рост, ҳатто азоблару таъқиблардан қочиб қутулганман, бироқ қанчалар ҳайратланарли бўлмасин, мен Банатни соғинаман. Эҳтимол, бу тентакликдир. Лекин мен шу заминда улғайдим, у менга илм берди, ёзишга ундади ва ниҳоят ёзувчига айлантирди. Мен Банатдан розиман.

Урушдан кейин руминиялик немисларнинг тақдири ҳозиргача мавҳум эди, Германияда эса ҳаммаси очиқ-ойдин бўлган. Адабиёт сир тутилганларини шоён қилишга қодир...

— Нима демоқчи бўлаётганингизни англадим. Сиз «Текисликлар» романи ҳақида сўзлаяпсиз. Кимдир бу ҳақда ёзиши керак эди. Мен ёзмасам, бошқа биров қўл урарди. Ўша воқеаларни ўз кўзим билан кўрганман ва ҳис қилганман. Шунинг учун ҳам бу мавзуда ёзиш менга осонроқ кечди. Тарихда қаламга олиниши керак бўлган воқеалар ошиб-тошиб ётибди. Ҳар бир миллатнинг ўз сири ва дардлари бор. Улар минглаб романларга мавзу бўлади. Адабиёт қудратининг чегараси йўқ. У сўз орқали мақсадни ошкор қилади, тарихни тирилтиради. Қаттол сиёсатнинг қиёфасини очиб ташлайди.

Асарларингизни ҳамма ҳам илғайвермайди. Одамлар тушунадиган тилда ёзишингиз керакмикан?

— Бу ҳақда ўзимгаям айтишган. Бошқача ёзишни эплолмасам нима қилай? Чунки мен тарих, фалсафа, адабиёт бир-бирини боғлайди, деб ўйлайман. Кечмишда юз берган воқеаларга мантиқий изоҳ излайман. Ўз-ўзидан сўз фалсафага уланади. Бир марта ўқиладиган асарларни ёқтирмайман. Ёзганларим ҳам шундай бўлиб қолишидан қўрқаман.

— Асарларингизда лагернинг шафқатсиз руҳи сезилади...

— Асарларимда акс этганлари лагердаги ҳар кунги одатий ҳаёт эди. Ҳақиқий дўзах азоблари. «Очлик маъбудаси» бу қаҳрамон менинг хаёлимда ўйлаб топилган, бироқ хаёлий образ ҳаётий фожиани очиб беради. Очликдан азоб тортиб ўлиб кетганларни эсласам юрагим орқага тортади. Бугун изтиробларимни қоғозга кўчириш билан руҳимга бироз енгиллик олиб келаман.

— Адабий танқидчилар: «Мюллер изтиробнинг тилини яхши билгани учун романларни яратди. Акс ҳолда у бу қадар муваффақиятга эришмасди», дейишади...

— Ҳақ гапни айтишибди. Кимдир асарлари учун тил излайди. Мен эса ҳеч қачон қидирмаганман. Чунки дард ҳар бир китобимга янги мавзу. Фақат унинг уммонига чуқурроқ ботишга ҳаракат қилиш кифоя. Воқеалар, далиллар, сюжет ва қаҳрамонлар қуйилиб келаверади. Яра қанчалар чуқур бўлса, тажриба шунчалар бой ва у ҳаммасини бирма-бир тасвирлайди. Фикримча, ҳар қандай матнни «яра» ва «дард» сўзларисиз битиш иложсиз. Уларсиз ўқувчининг қалбига кириб боролмайсиз.

— Генрих Гейне исми сизга нима дейди? Ижодингизни унинг ижоди билан ўхшатишади, ҳатто баъзи адабиётшуносларнинг фикрича: «Мюллер Гейне таъсирида асар ёзармиш...»

— Унинг «Лорелея» шеъри ўқув дарсликларига кирганини яхши эслайман. Ёзишни бошлаган вақтларим бу исмнинг мен учун аҳамияти йўқ эди. Ўшанда мен заводда таржимон бўлиб фаолият кўрсатардим ва махфий полиция билан ишлашдан бош тортгандим. Ишдан бўшатмагунларига қадар ҳар куни адолатсизликлар билан рўпара бўлардим. Устига-устак ҳар кун терговлардан жоним ҳалқумимга келарди. Мана шундай қийин вазиятда поэзияда ижод қила бошладим. Негадир хаёлларим ўтмишга, қишлоққа, отам, онам, бувим томон талпинарди. Дардлар шеърга айланарди. Бундай ҳаловатсиз ҳаётда Гейне ижодини ўқиш ҳақида сўз бўлиши мумкинмиди? Иккимизни ягона жиҳат боғлайди: ТУЗУМ!

Суҳбатдош: Лотар ШРЕДЕР

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси