“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 208 марта кўрилган.

БИСЭЙНИНГ ИШОНЧИ

Рюноскэ АКУТАГАВА,

япон ёзувчиси

БИСЭЙНИНГ ИШОНЧИ

Бисэй кўприк остида турганча уни кутарди.

Юқорида, унинг тепасида, ярмигача печакгулларга чирмалган баланд тош панжара ортида вақти-вақти билан ўтиб қоладиган ўткинчилар кўйлакларининг оқиш бари ботаётган қуёшнинг ёрқин нурларида товланиб, шамолда ҳилпираб қоларди. У ҳамон келмасди.

Бисэй бироз бетоқатлик билан шундоққина сувга яқинлашди ва бирон-бир қайиқ сузмаётган сокин дарё­га тикилди.

Дарё бўйлаб бир қатор тизилганча яшил қамишлар ўсарди. Гарчи дарё сербар бўлса-да, унинг қамишлар билан сиқиб қўйилган қисми энсиз кўринарди. Мусаффо сув тасмаси, биргина садафранг булут тасвирига жило бериб, қамишлар орасида секин ўралашиб оқарди... У эса ҳалиям келмасди.

Бисэй сувдан узоқлашди ва энсиз саёзлик бўйлаб у ёқ-бу ёққа юрганча, аста-секинлик билан бағри қорон­ғиликка тўлиб бораётган сукунатга қулоқ солди.

Кўприкда аллақачон ҳаракат тинганди. На бирон қадам товуши, на от туёғининг тақир-туқури, на от-араванинг жаранги — у ёқдан бирон бир сас эшитилмасди. Шамолнинг шилдираши, қамишнинг шитир-шитири, сувнинг шалоплаши... кейин қаердадир қарқара қулоқни тешиб юборгудек чинқирди. Бисэй жойида тақа-тақ тўхтади: сув кўтарила бошлаган кўринади, лойқа саёзликка келиб урилаётган сув олдингига қараганда яқинроқда жилваланарди... У эса ҳануз келмасди.

Жаҳл билан қовоғини уюб олган Бисэй кўприк остидаги ғира-шира саёзликда шахдам қадамлар билан юра бошлади. Бу вақт оралиғида сув секин-аста, қадам-бақадам саёзликни кўма бошлади. Сувўтларининг совуғи ва сувнинг сал­қини терисини жунжиктирди. У кўзини осмонга тикди — кўприкда, уфққа бош қўяётган қуёшнинг ўткир нурлари сўниб бўлганди, оч-яшилтоб кунботар кўкда тош панжаранинг қирқиб олингандек бир парчаси қорайиб кўринарди... У эса ҳечам келмасди.

Ниҳоят Бисэй жойида тўхтади. Сув аллақачон унинг оёқларини ялаб, пўлатдан ҳам совуқроқ бир жило таратганча, кўприк остидан тошиб чиқа бошлаганди. Шубҳасиз, орадан бир соат ўтар-ўтмас шаф­қатсиз оқим унинг тиззасию қорни, кўкрагини кўмди. Йўқ, сув тобора юқорилаб борар, мана ниҳоят унинг тиззалари дарё тўлқинлари ичра йўқолди... У эса шу чоққача келмади.

Бисэй умиднинг сўнгги учқуни ила яна ва яна нигоҳини осмонга, кўприкка тикарди.

Унинг кўкрагига етиб қолган сув устида кечнинг қуюқлашган, хаёлий туман орасидан тол баргларию қамишларнинг маъюс шитирлаши эшитиларди. Бехосдан сувдан сакраб чиқиб Бисэйнинг бурнига тегиб кетган балиқнинг оппоқ тўши қоронғиликда ялт этиб унинг боши узра кўринди. Юксакликда эса сийрак юлдузлар яккам-дуккам ёна бошлади. Печак босган панжаранинг шарпаси ҳам тобора босиб келаётган зулматда эриб кетди... У эса ҳечам келмасди.

Ярим тунда, ой шуъласи дарё бўйлаб ўсган қамишу толларни кўмганда, сув ва шабада оҳиста шивирлаганча, эҳтиёткорлик билан Бисэйнинг жасадини кўприк остидан денгиз томон оқизиб кетди. Унинг ошиқи беқарор руҳи эса фалак кўкси, маъюс ой шуъласига томон ошиқди. Ўз танасини хуфия тарк этгач, у оҳиста бўзариб ёришаётган кўк томон худдики дарёдан ботқоқ исию сувнинг мусаффолиги кўтарилгани каби юқорилади...

Кўп минг йиллардан сўнг, сон-саноқсиз эврилишни бошдан кечирган руҳга яна инсоний ҳаёт ишониб топширилди. У айнан менда яшаётган, мана шу борим, ўзлигим билан менда қўним топган руҳдир. Шунинг учун ҳам гарчи мен бугунги замонда дунёга келган бўлсам-да, ҳалиям қўлимдан бирон бир иш келмайди: эртаю кеч орзулар оғушида яшаб, қандайдир мўъжиза юз беришини кутаман. Худдики Бисэй кўприк остида турганча ҳеч қачон келмайдиган маъшуқасини кутгани каби.

Рус тилидан ШАҲРИБОНУ Таржимаси