“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 178 марта кўрилган.

МАШҲУРЛИКНИНГ ТУҒИЛИШИ

Андре МОРУА,

француз ёзувчиси

 

МАШҲУРЛИКНИНГ ТУҒИЛИШИ

Мусаввир Пьер Душ вазада гуллар, лаганда бақлажонлар акс этган натюрмортни тугаллай деб турганида устахонасига ёзувчи Поль Эмил Глез кириб келди. Дўстининг ишини бироз кузатиб тургач:

— Йўқ, бўлмайди, — деди.

Бақлажонлардан узоқлашаркан, мусаввир ҳайрон бўлиб бошини кўтарди.

— Йўқ, — такроран деди Глез. — Йўқ! Бу аҳволда танилолмайсан, муваффақият қозонолмайсан ҳам. Сенда истеъдод, ҳунар бор, лекин санъатинг ўта ачинарли, ошна, жозиба етмайди, кўзни қувонтирмайди. Кўргазмадаги беш минг асар ичида сеники бирор-бир мижозни ўзига ром этган эмас... Йўқ, Пьер Душ, сенга муваффақият қозонишни ким қўйибди. Аттанг!

— Нега энди? — оғир тин олди йигит. — Кўриб турган нарсамни чизаётган бўлсам, ҳиссиётларимни ифодаласам.

— Гап бунда эмас-да, лақма дўстим! Оилангни боқишинг керак, хотинингу уч болангни! Суратлар тўлиб-тошиб ётибди! Харидор йўқ! Пьер Душ, қандай қилиб омадсизлар ичидан юлқиниб чиқмоқчисан?

— Меҳнат, — жавоб берди у. — Санъатимнинг ҳаққонийлиги билан.

— Буларнинг бари сафсата. Камбағалликдан чиқишнинг фақат бир йўли бор. Бирор чора ўйлаб топ! Ҳаммага Шимолий ярим шарга бориб сурат чизмоқчиман деган хабарни тарқат ё бўлмасам камзулингнинг орқасига Миср фиръавнининг суратини қадаб қўй. Кейин атрофингга тўртта санъат шайдоларини йиғ! Ташкил қил! Экстериоризация (ноанъанавийлик), динамизм (кўтаринкилик) ҳиссиёт сингари сўзлардан дабдабали сўзларни қалаштириб нутқ сўзла! Оқ, қора ранглар билан айлана ёки тўртбурчак, фарқи йўқ, чизавер, «цилиндр» бўлсаям кетаверади. Одамларни бу нозик санъатлигига ишонтир!

Шу маҳал қиммат атирнинг муаттар ҳидини таратиб поляк хоним Косневский қадам ранжида килиб қолди. Бу мовий кўзли, жозибадор аёл Пьер Душнинг юрагидан урганди. У она сути оғзидан кетмаганлар томонидан нашр қилинган, шоҳ асарлар кўчириб босилган қимматбаҳо журналларга обуна бўлганди. Бу журналда Пьер Душнинг исм-шарифини бирор марта ҳам учратмаган хоним унинг истеъдодига ишонмасди. Ўриндиққа жойлашиб олгач, қаршисидаги янги чизилган суратни кўздан кечириб чиқар экан, тилларанг, жингалак зулфини селкиллатиб:

— Кеча «Олтин аср ҳабашлари» суратлар кўргазмасида бўлдим! — деди у «р» ҳарфини жарангдор овозда қаттиқ талаффуз қиларкан. — Ана жозиба! Ана санъат! Ана қудрат!

Пьер Душ унга омадли ҳисобланган суратини кўрсатди. Хоним беписандгина «Зўр!» — деди-ю, атирларининг муаттар ҳидини таратиб, ўшандоқ сайроқилигу жозибадорлик билан чиқиб кетди...

— Суғурта кассасига ё банк қоровуллигига ёки полицияга хизматга ёлланаман. Мусаввирликни ташлайман! Қаланғи-қасанғилар танилаверсин! Танқидчилар истеъдодлиларни эмас, нўноқларни ёқлайверсин! Бас! Қўлимни кўтардим!

Поль Эмиль чекиб ўтирар экан, хаёлида фикрлар ғужғон ўйнарди.

— Косневскийгами ёки баъзи бировларга сўнгги ўн йил ичида бир амаллаб янги ижодий йўл излаб топганлигингни имкони борича тантанавор эълон қилишни уддалай оласанми?

— Уддалайман!

— У ҳолда қулоқ тут!.. Мен бир-иккита мақола ёзаман, унда сени янги «идеоаналитик» йўналишдаги тасвирий санъат мактабига асос солганлигингни оммага эълон қиламан. Сенгача портрет чизувчилар нодонлик билан одам юзини ўрганишга вақт сарфлаган бўлса, сен бошқача йўл тутасан! Инсоннинг ҳақиқий башараси бизнинг онг-шууримизда пайдо бўлади. Масалан, полковникнинг қиёфаси тиллоранг фонда кўркамроқ кўринади. Саноат корчалонининг образини эса фабрика қувурларию стол устида қисилган мушт билан тасвирлаш мумкин. Пьер Душ, нима демоқчи бўлаётганимни англагандирсан! Дунёни қандай ларзага солиш мумкин! Бир ой ичида йигирмата «идеоаналитик» портрет чиза олсанг керак?

Мусаввир ғамгин илжайди.

— Ошна, менга ўргатганларингни бошқа биров бўлганида бир соат ичида амалларди, мен эсам...

— Кел, уриниб кўрамиз!

— Вайсақиликка нў­ноқ­ман!

— Ошна, агар одамлар сенга изоҳ беришни талаб қилишганида сен оҳиста трубкангдан чиқаётган тутунни ҳамсуҳбатинг юзига пуфлагин-да: «Бирор марта дарёнинг оқишини кўрганмисиз?» — деган оддий сўзларни айтиб қўйсанг бас.

— Бу нимани англатади?

— Ҳеч нарсани, лекин бундай жавоб одамларга ғайритабиий бўлиб туюлади. Ва улар изланиб, сени ҳоли-жонингга қўймай савол ёғдиради. Шунда сен сурат моҳиятини тушунтирасан ва уларнинг ажабланишидан қутуламиз.

Икки ойдан кейин Душнинг суратлар кўргазмаси катта шов-шувга айланди. Ана ўшанда атирларининг муаттар ҳидини таратиб юрувчи хоним Косневский янги мусаввирнинг атрофида гирдикапалак бўлди-қолди.

— Оҳ, қанчалар жозиба! Само! Ана куч-қудрат! Айтинг-чи, бу умумий хулосага қандай келдингиз?

Мусаввир сукутда эди. У трубкасидан қуюқ тутун чиқараркан, бамайлихотир, суҳбатдошининг юзига пуфлаб:

— Мадам, дарёнинг оқишини кўрганмисиз ҳеч? — деб қўйди.

Гўзал поляк хонимнинг қувончдан лаблари буришди.

Бир гуруҳ томошабинлар истеъдодли саналган рассом Стуринскийни қуршовга олиб турарди.

— Ғоятда зўр! — ҳаёжонланиб деди у. — Ғоятда зўр! Айтинг-чи, бу кашфиётни қандай ўйлаб топдингиз? Мақолаларим таъсир қилдими?

Пьер Душ бу гал узоқ жим тургач, Стуринскийнинг юзига қуюқ тутун пуфлаб:

— Азизим, дарёнинг оқишини кўрганмисиз ҳеч?

— Зўр топиб айтилган сўз! Зўр!

Машҳур суратлар билан савдо қилувчи одам келиб, мусаввирнинг қўлидан тутиб зал бурчагига етаклади.

— Дўстим, чаққон чиқиб қолдингиз! — деди у. — Сиз билан иш бошласак, нима дейсиз? Ҳозирча бир йилда элликтасини сотиб олишга ваъда бераман... Нақдига?

Душ дарров жавоб бермади. Узоқ вақт трубкасини сирли тутатиб тураверди. Устахона аста-секин бўшаб қолди. Поль-Эмиль Глез сўнгги томошабиннинг орқасидан эшикни ёпди. Оёқ товушлари зинапоядан нари узоқлашди. Ёзувчи мусаввир билан ёлғиз қолди.

— Ҳа, ошна, иш мана бунақа бўлади. Бопладикми? Қуён ёқали йигитчани кўрдингми? Гўзал пол­як хонимни-чи? Анави уч бўёқ чаплаган хонимчалар фақат: «Янгининг ҳам янгиси экан!» дейишди. Ҳа, одамзод мана шунақа лақма. У дабдабали рангларга ва сўзларга ўч! Ҳеч бири ҳақиқий санъатни тушунмайди.

— Галварс!

— Галварсманми? — деди ёзувчи қизишиб.

Мусаввир ўзининг «идеоаналитик» суратларига боқаркан:

— Глез, сен чинданам ҳақиқий галварссан! Бу санъат. Бу услубдан бирор натижа кутса бўларкан, — деб қўйди.

— Сенга бу услубда ишлашни ким ўргатди?

Пьер Душ бироз жим тургач, трубкасидан бурқ­ситиб қуюқ тутун чиқазиб:

— Сен дарёнинг оқишини томоша қилганмисан ҳеч?! — деди.

 

Француз тилидан Юсуф ХУШВАҚТОВ таржимаси