“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 195 марта кўрилган.

ИЖОД ЭҲТИЁЖИ

Жоан ДИДИОН,

Америка адибаси

ИЖОД ЭҲТИЁЖИ

Эссе

Сарлавҳани Жорж Оруэлл­нинг эссесига назира қилдим. Яккаю ягона сабаб мана шу жумла дилимга ҳузур бағишлайди: «Ижод эҳтиёжи». Бу икки сеҳрли сўз бирлашиб, «Мен»ни ясайди.

Ижоднинг барча йўллари «Мен»га томон элтади: ўзгадан таъсирланиш, «Мени тинг­ла!», «Ижодимга боқ!», «Менга қўшил!» амри ёхуд ўткинчи ижоднинг мубҳам, сирли оламига етаклайди. Демак, ижод худбинона, ҳатто адоватга йўғрилган иш экан-да. Ижоднинг тартиб-меъёрию «Мен»нинг ноаён майлларини тасдиқдан инжа яқинликкача, киноядан азобли изҳоргача бори паст-баландликлари билан ниқоблайсиз-у, бироқ кўнгилга сиғмаган сўзларни қоғозга тўкиб-солар экансиз, пинҳон ваҳшатингиз ошкор бўлгандай, ёзувчининг инқилобию макри китобхоннинг ўта махфий коинотида сочилиб, йўқ бўлиб кетгандай туюлади.

Бу ижодий ўғрилик сўзларнинг мардонавор жаранги учунгина эмас, айтмоқчи бўлган неки дардим бўлсин, у якун, у ҳукмдек кўринди. Бошқа кўплаб ёзувчилар сингари «Мен» ҳам бир мавзу, бир маконгагина сиғаман, холос. Бу — ижод шарти. Сизни қўлингиздан етаклаб, ҳеч изоҳларсиз бир кўчадан бошқасига олиб ўтиб қўйгум. Қизиқишларимнинг чеки бўлса эди кошки: буни қаранг, денгиз биологиясига муҳиблик, аммо сиз тўсатдан пайдо бўлиб, қизиқишларимга ойдинлик киритасиз, дея ўзимга тасалли бермайман. Донишманд эмасман. Дунёнинг охирига етар даражада илмли ҳам эмасман (тўппончани ўзимга ўқталганимда эшитганим «Нақадар билимдонсан!» эътирофи бундан мустасно). Нишонни аниқ оламан, бу мўлжалим мавҳум эмас, демакдир. Беркелидаги таҳсилим мобайнида жонимни жабборга бериб, умиднинг энг ёруғ йўлларига тикилиб, хаёлот оламига вақтинча сайр қилгим келди, мавҳумлик билан тўлиб кетган шууримни обдон кавладим.

Ниҳоят фикрлай бошладим. Йўқ, биринчи уринишдан енгилдим. Диққатим ғайритабиий ҳолда аниқликка, ойдинликка, барчанинг муҳокамасидаги, кейинчалик тушуниб етганим ва ўзим англамаган ҳолда тушунганларим сари йўналди. Тасаввур кенгликларига Гегель коинотини михладим, ундан деразамнинг олдида барқ гуллаган нок дарахти ҳамда ҳовлимнинг асосий йўлакчасига сепилган гултожбаргдан айри ҳолда Ўзимни топдим. Қани энди шу чоғ тилшунослик назариясини ўқий олсам, Арши аълода чарақлаган нур ичра Ўзимни тополсам! Кўкдан нур ичра балқиганимда, шубҳаланишга шошиб қолсангиз-да, хаёллар аро марварид донасидай битта-битта тўкилиб кетсангиз-да, сиз қаттиқ янглишасиз: ул чоғ мен тезлаткични сиёсий муомалага киритиб, дорилфунун миқёсида ҳарбий-саноат мажмуасининг ўрни ҳақида ўйга чўмгум. Ёлғиз истагим тезлаткичдан ёғилаётган шуълани томоша қилиш, холос. Олий орзу — шу!

Беркелини тамомлаш арафаси тинимсиз муаммоларга дуч келавердим, бу фикрларимни очиқ-ойдин тилга киритолмаганимдан эмас — тилда ғаввос эдим, «Ҳурилиқо сурати»даги1 боғҳовли тасвирини навбатдаги қаҳрамон каби кўз ўнгида шундоқ гавдалантириб қўя олардим, «жонлилик», «таъсирчанлик» мен асарда энг кўп эътибор қаратувчи нуқта эди — Милтон маърузаларини назар-писанд этмаганимдан бўлган. Ҳа, шундай қилганман.

Барокко мусиқаси курсидан ёз охирлаб қолишига қарамай баҳоим тайин бўлмай, инглиз филологияси раҳбарияти рози бўлсам-бўлмасам ҳам ҳар жума Сакроментодан тушиб, «Йўқотилган вақт»нинг космологияси ҳақида нутқ ирод этсамгина, мутахассислик даражаси билан сийлашини билдирди. Мен сўз бердим. Баъзан Грейҳоунд автобуси ортидан чопқиллаб, баъзан эса итнинг кейинги оёғи бўлиб Сан-Франциско яқинидаги Тинч океанининг жанубий соҳили томон саёҳатга ошиқадиган бўлдим. Бир асрлик жумбоқ ҳамда ёз бўйи қўлимдан қаламимни қўймай ёзганим ўн минг сўзни ўзига сиғдирган мақоламнинг бош мавзуси — Милтон «Йўқотилган вақт»да коинот маркази дея қуёшни танладими ёки ерни — бу ҳақда ортиқ гапиришни истамайман, аммо Сан-Франциско тамаддихонасидаги сариёғнинг ачиган таъмию Каркинез бўғози атрофидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида тўхтаганимиз чоғ Грей­ҳоунд автобусининг бўёғи кўчиб тушган деразасида шуълаланган машъум ёғду ҳали-ҳамон ёдимда. Гапнинг пўсткалласи: менинг эътиборим ҳамиша ўзим кўрган, ҳис қилган, тотган ва тегинган моддият парчалари, алалхусус, сариёғ ва автобусга қадалган. Шунча йил мобайнида омонат паспорту қалбаки ҳужжатлар билан кун кўриб келдим: хаёлот дунёсининг ноқонуний фуқароси эканимни ўзимдан ўзга қаёқдан ҳам билсин?! Фикрлай олмаслигим ҳам зулукдай қонимни сўрарди. Қодирсизлигимни англаб етишга қодир бўлолдим. Неларни идрок этолганиму нимага ақлим ожизлик қилганини то тушуниб етгунимча йиллар аслимни кашф этишимга кўмак бериб турди.

Қандоқ ёзувчи бўлдим?!

Мен устомон ёки нўноқ ёзувчини эмас, илҳом денгизига шўнғиб, оташин онлар, дақиқалару соатларда бир парча қоғоз устида сўзларга тартиб бериб ўтирувчи оддий ёзувчини назарда тутяпман. Борди-ю дорилфунунда шу ихтисосликни танламаганимдами, мендан ҳеч қачон ёзувчи чиқмасди! Шууримга чекланган эса-да, лаззат берувчи туйнук очилмаганидами қўлимга қалам тутишга зин­ҳор ҳожат сезмасдим! Тафаккур ва туйғу, сезим ва тасаввур ичидан топганимни қоғозга маржондай тизиб қўйганим ижоддир?.. Истак ва қўрқув бирлашиб кетди. Нега 1956 йилнинг ёзида Каркинез бўғози атрофидаги ўша тун бутун даҳшати билан мени таъқиб этади? Нега оқшом кўчаларни ёритиб турган чироқлар йигирма йил мобайнида онгостимни ёндириб келди? Тасаввуримга ўйиб чизилган вақтнинг сурати недан нишона?

Тасаввуримдаги манзаралар ҳақда сўзлай туриб, ҳеч шуб­ҳасиз, хотирам ҳошияларида ялт этган қиёфаларни ёдга олмасликнинг иложи йўқ. Бошланғич психологияга оид китобларда шизофрениянинг турли босқичларидаги беморлар томонидан чизилган мушук сурати берилади. Суратнинг четлари милтиллаб ёниб туради. Сиз мушукнинг энг четида молекуляр структуранинг бузилишини кузатишингиз мумкин: мушук фонга, фон мушукка алмашинади, иккаласи ўзаро ҳаракатга келади, ионлар алмашади. Одамлар алаҳсираганда нарсаларни бир хил сезим орқали тасвирлайдилар. Мен на шизофреникман, на алаҳсирайман, бироқ айрим қиёфалар кўз олдимда жимирлаб кетади. Яхшилаб эслашнинг ўзи кифоя, жимирлашларни ўтказиб юборолмайсиз. Улар шу ерда. Жимирлаган тасвирлар ҳақида кўпам ўйлолмайсиз. Бағрингизни ерга бериб ётинг ва уларни хотирлашга ҳаракат қилинг. Сукут сақланг. Кўпчилик билан мулоқотга киришманг, қисқа вақт ичида асабингизни тинчлантиринг ҳамда жимирлашлар ичида мушукни, расмдан грамматикани топинг.

«Жимирламоқ» сўзидек «грамматика»га тўхталиб ўтсам. Грамматика, бу — қулоқ пианиноси, бир йил мактабга қатнамаган пайтимда қонун-қоидалар ўзгариб кетибди. Грамматика ҳақида билганимнинг ҳаммаси шуки, у — матнга чексиз қудрат бағишловчи омил. Камеранинг белгиланган ва аниқ позицияси суратга олиш объектининг мазмунини ўзгартириб юборганидек, гапнинг структураси ўзгардими, маъноси ҳам ўзгаради. Кўпчилик камеранинг фокуслари ҳақида хабардор, аммо гап қурилиши ҳақида озчилик билади. Тасаввурингизда гавдаланган сурат кетма-кетлиги сўзлар тартиби белгиласа, тасвир тартибга таъсир ўтказади. Ана шу тасвир гапнинг қисм­ларга ажралиш-ажралмаслиги, хотиманинг тугал-нотугаллиги, мужмал ё лўнда, таъсирчан ё бетаъсир бўлишига туртки беради. Манзара сўзларни қандай бошқариш, тартиблашдан сўзлайди, грамматика эса сизга ёхуд менга тасвир ҳақида маълумот беради. Изоҳга ҳожат йўқ.

У сизга сўзлайди.

Сиз сўзламайсиз уни.

Шууримдаги қатор манзараларни жонлантириб юборган асарим «Дуо китоби» ҳам якунланиб қолди. Ядровий энергия тўғрисидаги ҳикояни тасвирлаб беришга қанча уринмай, онгостимга муҳрланган саноқсиз тасвирлардан биринигина эслаш кифоя қилади. Бири Ўрта Шарқ саҳроларининг бирида ёниб, кул бўлган 707 самолёти ва газетанинг фотомухбири. Бошқаси Колумбия соҳилидаги меҳмонхонада паратиф бўлиб бир ҳафта қолганимдаги тунги манзара. Ўшанда турмуш ўртоғим билан кинофестивалга АҚШдан вакил бўлиб боргандик («Жек Валенти» исмини кўп эслайман, шу номни такрорласам ўзимни бехавотир сезаман), ҳаётимда тунаган энг расво қўноқ бўлган, бетоблигим меҳмонларни ноқулай аҳволга солгани учунгина эмас, ҳар кеч меҳмонхона генераторининг бузилавериши асабимга теккан. Устига-устак чироқ ўчади, лифт ишламайди. Турмуш ўртоғим виждони қийналганнамо узрини айтиб, кечки базмга кетган, мен эса зим-зиё хонада ёлғиз ўзим қолгандим. Дераза олдида туриб олиб Боготага қўнғироқ қилишга роса уриндим (телефон аппарати ҳам генератор каби ишдан чиққанди), деразага урилаётган шамолни кузатиб, экватордан ўн бир даража нарида 103 иситма билан ўзимни англашга чоғлангандим. Аслида «Дуо китоби»даги дераза олдида кечган барча ҳодисаларни асарга ёпиштиришнинг худди ёниб кетган 707 самолёти каби заррача қиммати йўқ эди.

Тонгги олтида Панама аэропортида интиқиб кутган ҳодисам юз берди, у шундай жимирлаб кўзимни қамаштирди-ю, барча манзараларни чаплаштириб юборди. Бу аэропортда бир марта бўлганман. Боготага учган учоқ ўша ерда ёнилғи қуйиш учун бир соат тўхтади, бироқ ўша тонгги бир соатлик таассурот менинг илҳом эшикларимни очиб юборди, «Дуо китоби»ни ёзиб тугатгунимча завқ берди. Ўша ерда йиллар мобайнида яшагандек бўлдим. Самолётнинг қўниш чоғидаги қайноқ ҳарорат, жимирлаган ҳовур, оёғимдаги тер, жиққа ҳўл кўйлагим, қайноқ асфальтга ёпишиб қолган шиппагим, Пан Америка самолётининг балиқникига ўхшаш думи, кутиш залидаги ўйин машинасининг шовқини ва... қирқ ёшлар атрофидаги қўлига зумрад кўзли никоҳ узуги тақиб олган америкалик оддий аёл (бироқ аэропортда ундайини бошқа учратмадим) хотирамга михланиб қолди.

Бир соатлик муддат ўтгач, мен кетдим, у эса тағин аэропортда қолди. Кейинчалик асаримга киритдим, оиласи учиб кетган, бир ўзи аэропорт­да қолган аёл. У на самол­ётни кутар, на бирор киши билан гаплашарди. Аэропорт қаҳвахонасига бориб, чой буюрди. Йўқ, шунчаки буюртма бермади, йигирма дақиқадан буён кутавериб хуноби чиққач, қайнаган сувни қистаб туриб олди. Бу аёл аэропортда нима қиляпти ўзи? Нимага ҳеч қаерга кетмаяпти? Қаердан келиб қолган? Қўлидаги зумрад кўзли узукни қаердан олган? Аёлнинг чанқоқ азобини қандай тасвирласам, ўқувчи ишонаркин?

«Унинг тўрт ойдан бери бир аэропортдан бошқасига тинимсиз қатнаганини ҳужжатидаги муҳрлардан билса бўларди. Шарлотта Дугласнинг ҳужжати ва бир хил муҳр­лар. Бирига «Хуш келибсиз!», бирига «Хуш кўрдик» деган эски ёки ҳали сиёҳи қуримаган ёзувларнинг ранги бир-бирига чапланиб кетган. Ўғирланган болалар билан тўла, парвозга шайланган Ф-227 самолётининг учиш йўлаги ёғ тушса ялагудек тозаланган. Ниҳоят, сув қайнади.

«Шарлоттанинг, Виктор бўлмаса ҳам, нега аэропортга келганини тушундим.

Аэропортга дахлдор барча воқеалар ойдинлашди.»

«Дуо китоби»даги бу воқеаларни асарнинг ўртасига тиркадим, бироқ бу сюжетни ишимнинг иккинчи ҳафтасида ёздим. Узоқ вақт «Шарлотта Дуглас қаерда бўлган ва нега аэропортга келиб қолган», қабилидаги саволларга жавоб изладим. Унгача асарда «Виктор» исмли қаҳрамон йўқ эди, шу қаҳрамонни олиб киришим билан асар «юришиб» кетди. «Шарлотта аэропортга нега келганини тушундим» гапида мавҳумлик бор эди. «Шарлоттанинг, Виктор бўлмаса ҳам, нега аэропортга келганини тушундим» дейиш билан китобхонга ҳикоя қила бошладим. Ҳаммасидан ҳам муҳими шуки, асарни бошдан-оёқ ҳикоя қилиб берувчи «шахс»нинг кимлиги ўзимгаям аён эмасди. «Ҳикоя қилувчи» муаллиф эмас, XIX асрга мансуб билимдон ровий бўлгани маъ­қул, дея ўйладим.

«Шарлоттанинг, Виктор бўлмаса ҳам, нега аэропортга келганини тушундим.

Аэропортга дахлдор барча воқеалар ойдинлашди.»

«Ровий» уйимдаги муаллифнинг овозига ўхшамасди. «У» нафақат Шарлоттанинг нега аэропортга борганидан воқиф, балки «Виктор»нинг кимлигини ҳам билади. Виктор ким ўзи? Ровий-чи? Нима учун ровий менга бу ҳикояни айтиб беряпти? Ижод эҳтиёжи нимадалигини айтайми? Агар юқоридаги саволларнинг бирортасига жавобим бўлганидами, мен ҳеч қачон бу асарни ёзишга зарурат сезмасдим.

1976 йил 5 декабрь

Инглизчадан Севара АЛИЖОНОВА таржимаси