“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 275 марта кўрилган.

ЁЗУВЧИ ВА КИТОБХОН

 

Александр СЕРАФИМОВИЧ,

рус адиби

ЁЗУВЧИ ВА КИТОБХОН

 

Суҳбатдош билан гурунглашаётганингизда, унинг кўзларига тикиласиз, ҳислари ва фикрлари ўйинини кузатасиз, у эса руҳий ҳаракатларингизга дарров тўлқинланиб жавоб қайтаради. Жонли мулоқотнинг уйғунликдаги латофати, маъно-моҳияти ҳам ана шунда.

Санъатнинг барча жабҳаларидаги ижодкор вакиллар ўзларининг яратиқларини уқиб, идрок этувчилар билан том маънода суҳбат олиб борадилар. Оҳанглар, бўёқлар, саҳна санъати ёхуд қоғозларга жо қилинмиш ҳикоя, қисса, романлар тилида сўзлашади. Аммо шу ўринда ижод вакиллари ўртасида улкан тафовут мавжуд.

Мана, скрипка наволари янграмоқда. Минг кишилик зал қилт этмайди, тиқ этган овоз чиқмайди, худдики тўрт девор ичида ҳеч ким йўқ, фақат минглаб кўзлар порлаб турибди. Скрипка янграйверади, чалаётган одам эса минглаб тингловчиларнинг нафасини ичларига ютиб, сукут сақлашларида тўққизинчи долғадай ижодининг чўққисига кўтарилади.

Сўнгги нота янграб бўлди, сув қуйгандек жимжит. Асрга татигулик сониялар ўтади, ана шундагина скрипкачи ўзига келган тингловчиларнинг қулоқни батанг қилар қарсакларига кўмилиб кетади. Бундай дақиқалар санъаткор учун унутилмас дамлардир.

Бу ерда гап олқишу қарсакларда эмас — бу тўққиз пулга қиммат аслида — гап санъаткор ва тингловчининг бевосита муносабатида.

Саҳнани жонлантирган артист томошабинларнинг кўз ёшларини кўради, бўзлашларини эшитади ёки бутун залнинг қаҳ-қаҳ отишини кўриб туради. Бу ҳам унутилмайди.

Ҳатто ўзининг суратларига маҳлиё бўлиб, ундан кўз узолмаётган оломон ичидаги мусаввир ҳам бу томошани завқ билан кузатади.

Лекин бу ўринда сўз санъаткорлари — ёзувчилар алоҳида поғонага эгалар. Уларнинг бутун ижоди сокинликда, хилватда яратилади. Улар ёлғиз ўйлайдилар, ёлғиз ҳис қиладилар, ёлғиз образ яратадилар. Уларнинг “алоҳида кечинма” деб аталмиш ижодлари ўчириб бўлмас чизиқ ила китобхонлардан ажратиб қўйилган. Ёзувчилар — ўз-ўзича, китобхонлар — ўз ҳолича; бундай ижод шовқинни ёқтирмайди, у ҳамиша якка-ёлғиз.

Фақатгина қоғозга муҳрлангач, дунё бўйлаб қушдек “учади”. Шу ерда ижод машаққатларидан сўнг ёлғизлик изтироби бошланади. Қани китобхон? Қани унинг сиймоси? Унинг кўзлари нени сўйламоқда? Унинг юраги ёзувчи юраги билан уйғун урмоқдами? Ким у китобхон — дўстми, душманми? Ёки лоқайд ўткинчими?

Жавоб йўқ. Китобхон юзларида ҳис-туйғулар сезилмайди, кўзларида савол назари кўринмайди, таъна-маломат қилмайди. Китобхон, кимсан ўзи? Қаердасан, аломат китобхон?

Тўғри, китобхон маълум маънода ёзувчининг асарига муносабат билдиради, бу танқидчиликда кечади. Ахир, танқидчи ҳам китобхон.

Лекин танқидчи оддий китобхон эмас, у профессионаллик “дард”ига мубтало бўлган китобхон. У бевосита идрок қилиш қобилиятини йўқотган китобхон. Унинг учун ижодий кечинмалар эмас, ёзиш техникаси, яъни “нима” эмас, “қандай” деган савол муҳим.

У қандай бўлмасин, асарни таҳлил қилиши керак, бу эса ижодий кечинмалар бевоситалигини “ўлдиради”.

Ёзувчи учун қимматли бўлган оддий китобхон ҳикоя ёки қисса қаҳрамони билан бирга мушкул аҳволга тушади, қайғуга ботса, ҳамдард бўлади, унга қўшилиб кулади, омади келса, қувонади.

Танқидчи биринчи галда: “Бу қаҳрамон қандай ясалган?”, “Ҳикоя қандай қурилган?” каби саволларни  ўртага ташлайди.

Албатта, оддий китобхон ҳам ўзига маълум маънода шу саволларни беради; ашаддий танқидчигина гоҳида профессионалликни, техникани унутади ва ижодий образни бевосита қабул қилади. Бироқ бу камдан-кам ҳолларда юз беради. Улар, асосан, бадиий асарга ўзларича ёндашади.

Китобхон асарга қанчалик бевосита ёндашаркан, у шунчалик ёзувчи учун қимматлидир ва ўзининг асарига китобхон муносабатини орзуманд бўлиб кутади, ошно-китобхон билан суҳбатни қўмсаб қолади.

 

Рус тилидан Саиджалол

САИДМУРОДОВ

таржимаси