“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 183 марта кўрилган.

ШЎРПЕШОНА СИЛЬВАНО

Альберто МОРАВИА,

итальян адиби

ШЎРПЕШОНА СИЛЬВАНО

Озодлик майдонидаги ўриндиққа чўкдик ва Сильвано менга бир журнални кўрсатди. Унинг икки устунида бир шахснинг ўлими ҳақида ёзилган эди. Эртага кундузи дафн маросими, азадан бир кун аввал, арафада марҳум билан видолашгани ташриф буюрган одамлар рўйхат асосида киритиларкан. Курсивли ёзувда марҳумнинг ҳаётлигида қилган ишлари ёзилган; аммо Сильвано, уни қизиқиб ўқиётганимда қўлимдан уни тортиб олди ва: «Буниси муҳим эмас», деди. Бирдан йўлдан қимматбаҳо машина ўтиб қолди. Очиқ-сочиқ кийинган қиз машина ойнасидан ярмигача чекилган тамакини отди. Сильвано тамакини қолдиғини олиб, ўриндиққа ўтирди ва: «Муҳими, мар­ҳум бармоғида тақилган узук!» деди. Узук қадимий, қимматбаҳо, устига зумрад тоши ўрнатилган. Дўстимга буни ҳашамдор дафн маросимлари ўтказадиган ташкилотнинг юк ташувчиси айт­ган экан, у эса буларни мурдани ки­йинтирган дўстидан эшитибди. Сильвано суҳбатимизга хулоса тариқасида қуйидагиларни айтди: «Марҳум фақат оқсочи билан яшаган. У эса мурдалардан ўлгудай қўрқаркан, шу боис, бу тун уйда бўлмайди. Бу гапларни ҳаммолдан эшитдим».

Сильвано уй манзилини менга батафсил тушунтирди, мен эса уни жим тингладим. Ичимда бу ишнинг фойдалию зарарли томонларини тарозига солиб кўрдим. Хаёлимда узук борасидаги режалар гир айланарди. Фақат Сильвано масаласи кўндаланг бўляпти, у – мен билганларнинг энг омадсизи. Омадсизлик қисматига битилган. Мабодо Сильванога кимдир тузоқ қўйса, домига тушади-ю, дунёнинг энг бахтсиз одамига айланади. Айниқса, бурни омадсизлигини билдириб қўяди: қийшиқ, рангпар, учида ғуддадай бўртиб чиққан хунук жигарранг холи бор. Бурнига кўзи тушган одам ўша заҳотиёқ маъюс тортиб қолади; мен камбағалман, кийимим ҳам жулдур, рўза кунлари дайдига ўхшаб қоламан; аммо Сильванодек гадой эмасман, исқирт бошпаналарда тунамайман, харобаларда овқатланмайман. Машинадан отилган тамакини қолдиғига икки дунё бир бўлганда ҳам қайрилиб қарамайман. Сильвано бурнига қараётганимни сезди чоғи, уни қашлаб қўйди. Мен ҳаялламасдан қароримни айтдим:

— Фикрлар учун раҳмат, аммо бундай қилмайман.

— Нега?

— Чунки охири вой бўлади.

Сильвано бўзариб, бошини хам қилди ва кўзларидан ёш сизиб чиқди: «Қандай бахтсизлигимни кўряпсан-ку! Имконият туғилганда, ундан фойдаланолмаяпман».

— Астойдил ҳаракат қилсанг, бўлишиб ўтирмайсан ва бойиб кетасан.

— Бунга журъатим етмайди. Мурдалардан ўлгудай қўрқаман... сен эса ҳеч нарсадан қўрқмайсан, шу учун сенга суянгандим, — деди у ҳиққиллаб.

Сильванонинг гапини эшитмай ўрнимдан турдим ва узук марҳумнинг ўзида қолишини айтдиму кетдим. Дўстимга ёрдам беришни рад қилганим билан тубан ишга қўлим боришини билардим. Виждон устун келди, қароримни ўзгартирганимни Сильванога айтишим кераклигини тушундим, аммо унинг манзилини билмасдим.

Уйга қайтдим. Торгина хонадан иборат уйни қариб қолган мармар кесувчи уста ижарага берган. Яшириб қўйилган асбоб-ускуналаримни олдим: катта ҳалқада ҳар хил ўлчамдаги калитлар, темир-терсаклар, шахсий кашфиётим бўлган учи қайрилган мих, пўлат эгов: ҳаммаси жойида эди. Қорним очганда ейишга яримта нонни ҳам чўнтагимга солдим. Қоронғи чўкиши билан трамвайга чиқиб, Сильвано берган манзилга бордим.

Уйни бирпасда топдим: Парьоли хиёбонининг бир бурчагида экан. Уй ташқи томондан унчалик дабдабали кўринмади, бундан бироз кўнглим чўкди. Обрў-эътиборли одам саройда яшайди, деб ўйлардим. Қаршимдаги оддий, аммо уй совун қутиси шаклида замонавий услубда қурилган иморатнинг пойдеворига қизил ғишт терилган, айвонлари оппоқ рангда эди. Бу пайтда дарбон тамадди қилаётган бўлса керак, деб чамаладим ва ичкарига пусиб кириб, мурда ётган хонага яқинлашдим. Бахтимга эшик занжирланмаган, шунчаки оддий пружинали қулф уриб қўйилган экан. Саросимага тушмай, қулфга бирма-бир калитларни суқиб кўрдим. Замонавий қулфларга ўз калитидан бошқаси тушмайди, дейишади, бироқ бу сафсата! Қулфларнинг кўпи билан йигирма тури бор, холос. Қолган қулфлар худди аёл қалбига ўхшайди: мос калит — туйғу ақл билан эмас, балки сезги орқали топилади. Ҳеч қайси калит қулфга тушмади; ўн иккитаси билан очишга уриниб кўргач, уларнинг тишчалари дағалроқ эканини сездим, уни эговлаш керак. Қанча эговлаш лозимлигини тажрибам туфайли ҳис қилдим.

Калит муаммосини қандай ҳал этишни билгач, шошилмай айвонга чиқдим. Айвон дарчаси дағал ёғочдан ясалган бўлиб унга эски қулф осилган эди. Учи қайрилган мих билан қулф пружинасини ушладим ва айлантирдим. Эшик очилди ва мен айвонга кирдим. Замонавий айвонлар ичи бўш қутига ўхшайди: беркиниш учун на уй жиҳозлари, на чордоқ бор, устига-устак бошқа айвонлар билан ҳам уланмаган. Бу эса қочишга қийинчилик туғдиради. Ой айвонни худди рақс залларини ёритаётгандек нурафшон этиб турибди. Соя тушиб турган бурчакка ўтиб, энгашганча калит тишларини эговлай бошладим. Ишни тугатгач, бамайлихотир оёғимни чўздим-да, яримта нонни еб, тамаки чекдим. Камида тўрт соат кутиш керак. Сигаретни чекиб бўлдим-у, қолдиғини ирғитдим ва букчайиб ухлаб қолдим.

Роппа-роса тўрт соатдан сўнг уй­ғондим. Гўё ишхонада юрган ходимдек хотиржам зина томонга юрдим. Калитни қулфга тиқиб кўрдим. Деярли адашмаган эканман: калитга яна озгина ишлов бердим, кейин айлантирдим, эшик ниҳоят очилди, ошиғим олчи.

Уйнинг ичи билганимдек камтарона экан. Ошхонаси билан яхши жиҳозланган тўртта хона, аммо бу мендақа ўғри учун қизиқ эмас. Уйнинг хўжайини буюк шахс бўлган, бу журналда аниқ ёзилган. Фонусни олиб, хонани ёритдим. Аввал китобларга тўла токчаларни, сўнг нақшинкор, пишиқ столни ва гулларни кўрдим. Гуллар орасида мурданинг башарасига кўзим тушди: соқол-мўйлови ўсган, оқ сочлари гўё ипакдек товланарди; юзи соғлом, оч қизил рангда; ёши етмишларга борган, тўладан келган басавлат асилзода. Аста-секин фонус нурини пастга туширдим: эгнида қора фрак, дид билан тугилган оқ галстук. Мана унинг қўллари: улар кўкрагида кесишган. Узук дарров кўзга ташланди: калта ва сал шишган бармоғида яшил зумрад ярқ этиб турибди. Фонусни чап қўлимга олдим, олдинга эгилиб, икки бармоғим билан узукни босдим ва уни айлантириб, торта бошладим. Ҳеч чиқавермади, қаттиқроқ тортиб, уни суғуриб олдим. Кучли силкиниш туфайли мурда ўрнидан силжибди, фонусни мурдага тутдим, ростдан ҳам, оғзи очилиб қолибди, унинг моржникига ўхшаш мўйлови орасидан тилла тишлари кўринди. Шу пайт паст овоздаги ҳуштакдан ўтакам ёрилай деди. Ваҳимада орқамга бурилдим, дераза токчасида Сильванонинг ғаройиб башарасини кўрдим. Башараси мурдадан ҳам бўзариб кетган, кўзларини менга олайтирди. Шунда унга «Ҳа, келдингми?!» деб пичирладим. Кутилмаганда унга ёлғон гапиришга қарор қилдим. Сильванога хотиржам:

— Узук йўқ экан, — деб айтдим.

У афтини буриштириб паст овозда шивирлади:

— Бўлиши мумкин эмас!

— Бу ёққа келиб ўзинг қара, — дедим.

Сильвано қийинчилик билан полга тушди ва фонус ёруғида мурданинг бўм-бўш бармоқларига тикилди. Бирданига қалтираб деди:

— Узукни сен олгансан! Унинг қўллари жойидан силжиган.

— Мен-а? Майнавозчиликни бас қил!

— Ҳа, узук сенда... ўғри!

— Оғзингга келганини гапираверма!

У бошқа ҳеч нарса демади, аммо менга ташланиб, шимимнинг чўнтаги, узук турган жойни ушламоқчи бўлди. Орқага, қоронғига чекиниб:

— Эҳтиёт бўл, бизни сезиб қолишлари мумкин, — дедим, аммо у эсини йўқотиб қўйганди ва яна менга ташланди. Боя хонага кирганимда, столнинг орқасида бир эшикни кўргандим: у ёққа кириб олишим керак. Стол атрофида айландим, у эса нимқоронғи хонада, қўлларини чўзиб, менга яқинлашарди, шу пайт тезда ўша эшикни очиб, ичига кириб олдим. У мени кўздан йўқотди, аммо фонус ёруғида қарасам, бу эшик омборники ва унинг бошқа эшиги йўқ экан. Қулфда калитнинг айланганини эшитдим. Илгакка илинган пальтолар ва шляпалар орасида буриларканман, Сильвано баланд овозда:

— Узукни менга бер, йўқса сени қамаб қўяман! — деди.

Каталакдек диққинафас хонада нафас ололмай қийналиб кетдим ва жаҳл устида унга узукни бермаслигимни айт­дим. У мендан узоқлашди, фонусини ёқиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юрганини эшитдим. «У қўлга илинадиган бирор нарса қидиряпти», деб ўйладим, адашмаган эканман. Бирдан қаттиқ қичқириқ овозини эшитдим: «У мени тишлаб олди!» Бу товушдан ўзимга келиб улгурмасимдан боғдаги, сўнг уйдаги қадамларни, эшикнинг тарақлагани ва баланд овоздаги буйруқларни эшитдим. Ниҳоят омборхона эшиги очилди; хона чироғи ёқилди, миршаблар Сильванонинг қўлини қайириб олишганди.

Бўлган воқеани миямда тикладим: шўрпешона Сильвано қуруқ кетмаслик учун қўлларини ўликнинг оғзига тиққан, ҳойнаҳой тилла тишларини суғуриб оламан, деб ўйлаган. Аҳмоқ бўлмаса уларни шундоқ тортса, «гулдек узилади» деб ўйлайдими? Ахир тилла тишларни шифокор омбурисиз суғуриш амримаҳол-ку! Ўлик, зарбдан оғзини ёпиб олган, Сильванонинг қўрқувдан ўтакаси ёрилиб, жон-жаҳди билан бақирган. Буларни кечроқ, милиция маҳкамасида ўйладим. Шу вақт Сильванонинг башарасига қарадим ва жаҳл билан бош силкидим: «Ҳамма гап унинг шу палакат бурнида; айбим фақат буни илгарироқ тушунмаганим!»

Итальян тилидан Аброр УМАРОВ таржимаси