“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 344 марта кўрилган.

ҒАЛАТИ ОДАМ

Ҳайнрих БЁЛЛ,

немис адиби

ҒАЛАТИ ОДАМ

Амакиваччам Бертрам шамолламаган бўлса ҳам концертда тўсатдан йўталишни бошлайдиган шунақа ғалати нусха. Аввалига бирор асбобнинг овозига ўхшайдиган қилиб беозор самимий томоқ қириб олади, кейин секин-аста кучайиб борган йўталидан олдинги қаторда ўтирган аёлнинг сочлари худди шамолда тебранаётган енгил елкандек ҳилпирайди. Бертрам қаттиқ йўталганда соғ-лиги заифлашиб қолган, кучли хотираси сабабли мусиқий асарларнинг нотасини аниқ биладигандек, гўё дирижёр каби ҳаракат қилар, зўриқиш туфайли чарчаб терлаган вақтда қулоқларигача қизариб, бўзариб, нафаси қисганда чўнтагидаги йўтал сўрғич дорисини тимирскилаб қоларди. Дорининг жуда ўткир ҳиди анқий бошлаганда, фаҳмлаганимдек мусиқа энди пианинода давом этди. Скрипканинг таёқчаси гўзал куй хиром этганда ё пианиночининг завқ билан чала бошлагани эшитилганда, немисларга хос ўйчан, таъсирчан туйғу зал бўйлаб тарқалди, гўё оғриқдан азобланаётгандек чеккасини ушлаб, кўзларида мунг тўла қайғу билан ўтирган Бертрам тўсатдан ўрнидан туриб кетди.

Шаҳримизда фақат зодагонлар концертга тушганлиги сабабли, ҳеч ким атрофга алангламади, ҳатто тарбия меъёрларни бир четга суриб  ўзича шивирламади ҳам, аммо ҳар сафар сесканиб тушаётган томошабинлар ўз ғазабларини ичига ютаётгани сезилиб турарди, чунки Бертрам йўтални тўхтатишни хаёлига ҳам келтирмасди. Пианинонинг куйи оҳиста пасайган сари, бетўхтов йўтал ҳам шунга монанд секинлашарди. У шарбат ичгандан сўнг, йўтали гўё ҳиқилдоқ каби ғаройиб тезкор лифтдек тепадан пастга чиқиб тушарди.

Даҳшатлиси, Бертрам йўтали билан бирга бошқа кўплаб нусхаларни ўзига чорлаётганга ўхшарди. Гўё итлар бир-бирининг овозини танигандек залнинг турли бурчакларидан унга жавоб йўллашарди. Энг ажабланарлиси, мен ҳам аллақачон шамоллашим ўтиб кетган бўлса-да, шуни сездимки, концерт узоқроқ давом этса-ю, беихтиёр тўхтатиб бўлмайдиган йўталим бошланиб асабларга ўйнасам. Мен оғзимни ёпиб турганим учун қўлларим нам бўлганини, ички бир куч ушлаб турганини ҳис қилдим. Аммо тўсатдан барча уринишларим зое кетди: ҳозир йўталиб юбораман. Мен ортиқ ҳавони ушлаб тура олмасдим, томоғим қичишиб, танам терга ботди, қўрқувни бошдан кечираётган қалбим руҳим сингари сўнганди. Оғзимни  ушлаш учун рўмолчамни изладим, тўғри нафас ола олмасдим. Концерт қулоғимга кирмасди, нусхаларнинг секин-аста куйга монанд йўталиши мени ўз домига тортиб борарди. Аллақачон юқиб бўлган бу инфекция сабабли ортиқ бардош бера олмай Бертрамга эргашиб танаффус бошлангунча йўталдим, сўнг даҳлизга югурдим. Қарсак бошлангунча бутунлай терга ботиб,  ҳолдан тойиб йўлакдан югуриб очиқ ҳавога чиқдим.

Бертрамнинг кейинги таклифларини узил-кесил рад қилдим. Баъзан ҳол-жонимга қўймаганда мени мутлақо қизиқтирмайдиган “оркестрда контрабас чалиниши” ёки “момақалдироқ гумбури”, “тошқин сингари эркаклар жўрлигидаги хор қўшиқлар” бўлишига ишончим комил бўлсагина, у билан бирга концертга борардим.

Борди-ю шифокорлар мендаги бу қўрқув асаб билан боғлиқлигига ишонтирмоқчи бўлсалар, инкор эта олмайман, албатта. Бу руҳий ҳолатим асабга боғлиқлигини ҳам, Бертрам билан бирга ўтирсам шу аҳволга тушишимни ҳам биламан.

Концерт дастурларини тунд қиёфада кўриб чиқарканман, у ерда Бертрам бўлишини жуда яхши билганим учун, дўстларимнинг самимий таклифини ҳануз қабул қилолмайман. Мен Бертрамнинг дастлабки томоқ қиришини эшитган заҳотим эсанкираб қолишимдан қўрқиб, концертга боролмайман.

Немис тилидан

Шаҳноза ҚУВОНОВА

Таржимаси