“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 277 марта кўрилган.

ОНА МЕҲРИ

Нгуен Нгок ТИ,

Вьетнам ёзувчиси

ОНА МЕҲРИ

Диеп асли туғилганда ҳам кичкинагина эди. Ўн олти ёшидан Кайлионг театрида актрисалик фаолиятини бошлади. Орадан қанча йиллар ўтмасин, ҳамон болалар ролини ўйнайди. Ойнага боқиб, ўзига-ўзи: «Бўй-бастим кичиг-у, лекин юзим қаримсиқ», дейди. Саҳнада баланд, жарангдор овозда ширали куйлаганидан, барча уни ростдан ҳам ёш бола, деб ўйлайди. У илк марта труппага келганда, постановкачи-режиссёр унга «Фам Конг ва Кук Хоа» пьесасидан Нги Суан ролини берди. Қиз сўнгги марта қадрдон қишлоғи Вамкосиокдаги бобо-бувасиникига келганда тўрбеланчакда ётиб:

— Болалар ролини ўйнаш жонимга тегди. Саҳнани тарк этсаммикин, — деди.

Бобо-бувиси анча кексайиб қолганди. Бобоси:

— Ие, бола ролидан афзали бормикин дунёда? Саҳнада кичкинтойлар учун кимдир ўйнаши керак-ку ахир, — деди.

Диеп гўдаклигидан улар билан бирга яшади. Ўн ёшга тўлганида отаси уларни ташлаб кетди ва шу-шу қайтиб келмади. Ўн икки ёшга тўлганида онаси пул топиш илинжида Кханьхой йўловчи кемасидаги савдо-сотиқ ишларига ўзини урди. Алал-оқибат турмушга ҳам чиқди. Диеп мактабга борди. Аввалига биринчи синфдаги ўқитувчиси Нам уйига келиб, сабоқ берди. Бувиси неварасини қанчалик яхши боқмасин, қизалоқнинг бўйи барибир ўсмай қолди.

Бир куни бувиси қизчадан сўради:

— Онангни соғиняпсанми?

— Соғиниб нима қиламан? Ахир у биздан кўра ўз эрини кўпроқ яхши кўради-ку, — деди бепарвогина.

У бувисининг кўзида ёш қалқди. Онаси уни кўргани кам келарди. Диеп труппага ишга тушгандан ке­йин онасини умуман кўрмади. Бора-бора уни эсламай ҳам қўйди.

Диеп ҳар куни хўроз қичқирмасидан қора чой ичишни одат қилган. У чойни аччиқроқ дамлайди. Азбаройи аччиқлигидан афти буришиб кетади. Бундай чой билан қиз гўё ўзининг улғайганини исботламоқчи бўлади. Чой ича туриб ўйга толади. Аслида у чой ҳўплаб ўйга толишни бувасидан ўрганган. Бир саҳарда Диеп ўн етти баҳори ҳақида ўйга толиб ёлғиз ўзи чой ичиб ўтирарди. Кутилмаганда театрга кириб келаётган, қўлида гўдаги бор бир аёлга кўзи тушди. Бу собиқ хонанда, актриса Хонг Ли эди. У ўтган йили труппани ташлаб кетганди. Аёл бироз йиғи-сиғи қилгач:

— Диеп, чақалоғимга қараб тур. Мен сут олиб келай, — деди, лекин Ли қайтмади. Диеп биғиллаб йиғлаётган болани қўлига олиб, шундай деди:

— Бўлар иш бўлди, мен уни ўзим парваришлаб, катта қиламан.

Шундай қилиб у кичкина Бонинг онасига айланди. Қариб қолган чолу кампир чақалоқни хурсанд бўлиб кутиб олишди, Диепни койиш уларнинг хаёлига ҳам келмади. Кичкинтой тез ўсди. Кун сайин кучга тўлиб борди. Хонг Ли эса шаҳар театрида Тхук Куен тахаллуси остида юлдузга айланди. У Диепга хат ёзиб, фаолиятини ўйлаб, шундай қилгани ва иши юришиб кетса унга яхшигина ҳақ тўлашини ҳам ёзганди. Диеп номани ўқиб жуда ранжиди. Тхук Куеннинг юлдузлиги узоққа чўзилмади. Эски ишини давом эттириб, оддий хонанда Хонг Лига айланди. Диепни излаб келиб: «У менинг ҳаётдаги энг сўнгги умидим ва бахтим», дея боласини қайтариб олди. Диеп кулишни ё йиғлашни билмай, жимгина ўтирарди. Агарда, кўз ёши қилса, одамнинг раҳмини келтиряпти, деб ўйлаши аниқ. Она меҳрини кўрмагандан кейин, оналикни қаёқдан ҳам тушунарди. Шу тобда қиз онасини кўргиси келиб қолди. Худди Диеп кичкинтой Босиз ғамгин тортгандай онаси ҳам усиз хафамикин? Диеп Ратьжонгонгга бориб, онасини излашга аҳд қилди.

Онаси кейинги эри билан ўша қишлоққа икки йил аввал кўчиб кетганди. Диепнинг эса бу ерга биринчи марта келиши. Бир савдогар аёл унинг уйини кўрсатиб юборди. У анҳорга етмасдан катта тепалик устида қўққайиб турган бир уйга дуч келди. Ҳовлидан эти устихонига ёпишган ит югуриб чиқди. Унинг ортидан жажжи қизалоқ, сўнг эса озиб-тўзиб кетган аёл кўринди.

Аёл бақириб, итни ҳайдади. Диеп ўзини тутиб туролмай:

— Ойижон! — деб уни чақирди.

Аёл Диепнинг ёнига яқин келиб, нарироқда тўхтади ва яқиндан унга қараб қувончдан ҳайқирди:

— Диеп! Бу сенмисан?.. Вой Худойим, уйга кир! Нима қилиб турибсан бу ерда?

Диепнинг «Жау» исмли кичкина синглиси уни қўлидан ушлаб уйга олиб кирди.

— Эрингиз қани? — сўради Диеп.

Онаси унинг денгизга кетганини айтди. Қиз волидасининг бўртиб турган қорнига тикилиб, қачон кўзи ёришини сўради.

— Ҳали бор, уч ою қанчадир ҳам... — жавоб берди.

Уларнинг суҳбатига Жау қўшилди.

— Онам нордон нарсаларни кўп ейдиган бўлиб қолган, ҳаттоки яшил тамаринни ҳам кўрдим демайди.

Она кенжа қизига: «Жим ўтир!» деди. Диеп синглисига ғамгинроқ кулиб қўйди. Аёл Диепга янада жилмайиб боқарди. Диеп бу тун шу ерда қолди. Жау опаси ваъда қилган чипталарни олиб, спектаклга кетди. Уйда Диеп онаси билан алоҳида тўрбеланчакда ётишди. Она-боланинг суҳбати жуда қисқа бўлар, улар тез-тез, чуқур-чуқур хўрсиниб қўйишарди. Она қизининг севимли машғулотларига қизиқди. Диеп дилини ёриб, театр труппасидаги «Фунг Хоанг» исмли актёрнинг унга бефарқмаслигини айтиб берди.

Фунг Хоангга доим иккинчи даражали кичик роллар тегарди. Агар салбий образларни бериб қолишса, афти-ангори тентакнамо тусга киради. Диеп эса: «Сен шундай роль ўйнаяпсанки, томошабинлар сендан қўрқиш ўрнига хохолаб куляпти. Жаҳл­дор одамларнинг юзи ҳечам бундай бўлмайди. Уларга синчиклаб қара...» деди. Хоанг унинг гапларига қулоқ тутиб, ўшандан буён ролини бошқача ўйнайди. Одамларга роли ёқди, мақташди ҳам. Айтишларича, у образини юракдан ижро этаётган экан. Шу сабабдан Хоангнинг қизга бўлган ҳурмати янада ошди. Бора-бора бу ҳис муҳаббатга айланди. Бир куни Диеп унга:

— Мени чиндан ҳам севсанг, бугуноқ спектаклдан сўнг, пардалар ҳали тушиб улгурмасдан, томошабинлар кетиб қолмасидан, радиокарнайда мени севишингни айтасан, — деди ҳазиллашиб. Хоанг ҳазилни чинга олиб, ваъда берди.

Айнан ўша куни актёр Линь Лонг келин кўргани қаергадир борди ва томошага етиб келолмади. Унинг ўрнига Фунг Хоанг саҳнага чиқди ва ролни Линь Лонгдан ҳам яхшироқ ижро этди. Томошабинларга ижроси шунақа ёқдики, гулдурос қарсаклар тўхтамади. Диеп бу спектаклда унинг қизи ролини ўйнаганди. Лекин Хоанг муҳаббатини очиқ-ойдин омма олдида айтолмади. Диеп эса бундан парвойи фалак эди.

— Бувим менга ҳаммани кечиришни ўргатди, ойижон! — деб ҳикоясини якунлади у. Она-бола жажжи Жаунинг келишини кутишди. У келгачгина, барча ухлагани ётди. Жау опасига:

— Бир кун бўлса ҳам, мен билан бирга ухланг, — деди.

Синглисининг ёнига ётса, демак, онасининг ёнида ётган бўлади. Жау ўртада, бир тарафда онаси, бир томонда Диеп ётарди. Онаси Жауга ухлашни буюрди ва ўзини ухлаётганга солди. Одамлар ухлаётганда қандай аҳволда ётишини Диеп жуда яхши билади. Ўзини ухлаганга солиш жуда қийин эди..

Бироқ онаси билан ўртасидаги бундай айрилиқ қачон пайдо бўлгани аниқ эмас. Агар она ўриндиқнинг бир четига ўтирса, Диеп бошқасига ўтиради. Уларнинг орасида мутлақо яқинлик йўқ, умуман нотанишдай, худди она-боламасдай, она умуман бу фарзандини туғмагандай. Бувиси онасини ҳам Диеп сингари тарбиялаганини бир марта айтганди, аммо онаси мутлақо Диепга ўхшамасди. Сал нарсага аразларди. У севмай турмуш қургани учун эри кетиб қолди, сўнг онаси яна уч марта оила қурди. Шунинг учун Диеп онасининг ички изтиробини пайқади ва анча ўзгарганини тушунди. Она ҳамиша қизидан ўзини олиб қочар, қиз ҳам ўзини четга оларди...

Диеп саҳарда хўрозлар қичқириғини кутиб ўтирмай, ўрнидан туриб, чой қўйди. Онаси ҳам уйғонди, сийраклашиб қолган сочини бир тутам қилиб боғлади.

— Ойи, ёшингиз нечада? — сўради Диеп қўққисдан.

— Қариман, қариб қолдим...

— У ҳолда ўгай отамни севинг.

Онасининг юзига табассум югурди.

У номигагина жилмайиб, оғир хўрсинди.

— Мен кичкинтой Бони онасига қайтариб бердим, ойи. Лекин роса дилим оғриди. Мени ташлаб кетганингизда сиз ҳам ғамга ботганмидингиз, ойижон?

Она анча пайт индамади, чуқур хўрсиниб, сўради:

— Бувинг кечиримли бўлишни ўргатганмиди сенга, у ҳолда мени ҳам кечир.

Диеп чурқ этмади. У онасини эслаб, унга ачингани учун ҳам шу ерда эди...

Диеп онасига:

— Ойи, эртага Жау мен билан бирга труппага борсин. Кичкина Бонинг бир сават кийимлари қолганди, укам туғилишига кийим ҳам таппа-тайёр. Хўпми, ойижон? — деди.

 

Рус тилидан Зилола

ЖАЛОЛОВА таржимаси