“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 261 марта кўрилган.

БЛОРА ХАЁЛЛАРИ

Прамудья Ананта ТУР,

Индонезия адиби

БЛОРА ХАЁЛЛАРИ

Маҳбус нимани кутишини биласизми? Албатта, биласиз. Маҳбуснинг кутгани, бу — Озодликдир. Бугун мен жуда бахтлиман. Чунки қамоқхона назоратчиси узоқдан «Прем! Нарсаларингни йиғиштир! Сен озодсан!» — деб бақирди.

Мен шошиб қолдим. Камерамга югуриб бориб нарсаларимни йиғиштирдим. Дўстларим олдимда тўпланишди. Кимдир мени табриклади, яна кимдир эса ўз тақдиридан нолиди. Кетаётганимда улар: «Озодлик! Озодлик! Бизни унутиб юборма!» — деб ҳайқиришди.

Қўлимда кийимларим билан китобларим солинган қутини кўтарганча қамоқхонанинг уч қаватли темир эшигидан ўтдим. Ташқарига чиққач, нарсаларимни қамоқхона лагеридаги устахонада ишлаганимда канопдан оз-оздан ўмариб, тўқиган сумкамга жойлаб елкамга осдим. Сумкада иккита шим, Стейнбек, Тҳакур, Экзюпери каби адибларнинг китоблари бор эди. Ортимдан қамоқхонанинг бақувват темир эшиги тарақлаб ёпилгани эшитилди. Мен ортимга ўгирилиб қарадим. «Қандай мустаҳкам қути! Икки йил умримни мана шу қутининг қафаслари ортида ўтказдим! Секинлик билан йўлга тушдим. Юрагим ғам-қайғуга тўла эди».

Пазар Жатинегарага бориб қорнимни тўйғаздим. Таом ҳақига ўша иккита шимимни бердим. Заргарлик дўконига бориб никоҳ узугимни сотдим. Кейин мен учун қадрли бўлган китобларимдан ҳам воз кечдим. Бошқа иложим йўқ эди. Вокзалга бориб чипта сотиб олдим ва туғилиб ўсган она шаҳрим — Блорага кетадиган поездга чиқдим.

Поезд денгиз, ўрмонлар, уруш туфайли ёниб кулга айланган шаҳарлар, бузилиб ётган автомобиль йўллари ва кўприклар олдидан тезлик билан ўтиб борарди. Бир неча соатдан сўнг Блорага яқинлашдик. Аввал бу ерда юк машиналарининг овозини эшитишга кўникиб қолгандим. Аммо энди шаҳар анча сокин. Мен учун қадрли бўлган инсонлар, ота-онам ва бошқа қариндошларим яшайдиган она шаҳримизга яқинлашарканман, қалбимда ўзгача туйғулар пайдо бўлди. Бу ҳиссиётлар ўрнини бир зумда қўрқув ҳисси эгаллади. Чунки бутун оиламни голланд мустамлакачилари қириб ташлаган бўлиши мумкин. Ахир ҳозир уруш пайти. Эҳ Блора! Бу шаҳар қашшоқлиги билан машҳур. Бу ерда ҳафтасига бир марта гўшт сотиб олишга қурби етадиган киши энг бой одам ҳисобланади. Мана, Блорага ҳам етиб келдим. Менинг ҳикоям айнан шу ердан бошланади.

Дастлаб вайронага айланган вокзални кўрдим. Бу ер фуқаролар уруши оқибатида бутунлай харобага айланганди. Вокзалнинг тўғрисида хитойликлар қароргоҳи бор эди. У ернинг ҳам аҳволига қараб бўлмасди. Йўловчилар бирин-кетин поезддан туша бошлади. Мен поезддан тушиб оиламни тезроқ топиш илинжида йўлга отландим. Ҳарбий транспортлар у ёқдан-бу ёққа ҳаракатланарди. Ҳўкиз қўшилган аравалар ёниб кулга айланган уйлар олдидан ўтиб борарди. Атрофда ярим-яланғоч болалар ва тиланчилар тентираб юрарди. Блора ўлик шаҳар қиёфасига кирибди.

— Болам! Болам! — деб кимдир мени чақирди.

Ортимга ўгирилиб қарадим. У ерда пакана, юзларини ажин босган бир онахон турарди.

— Болам, — деб яқинлашди ва мени бағрига босди. — Омонмисан, болам? Тириклигингни билардим, — кампир йиғлай бошлади.

Бу тиланчи кампир нега бундай қилаётганини тушунмадим.

— Кимсиз, бувижон? — дедим ўзимни орқага тортиб.

— Наҳотки мени танимадинг? Ахир мен бувингман-ку!

— Бувим? Ҳа, бувим! Бувижон! — мен уни қаттиқ қучоқладим.

Биз онам дафн этилган қабристонга бордик. Онамнинг қабрини катта қийинчиликлар билан топдик. Унинг атрофини бегона ўт босибди. Бувим билан қабрни ўтлардан тозаладик. Онамни японлар ўлдиришган. Онам билан бир вақтда энг кенжа синглим ҳам мангу уйқуга кетибди. Уларнинг қабрлари ёнма-ён эди. Кучсиз қўлларим билан чанг босиб ётган қабртошларни артдим. Тошларда «Сити Саида» ва» Шри Сюзанти» деб ёзилганди.

— Ойижон, бебош ўғлингиз келди, — деб шивирладим.

Бувим билан қабристондан чиқиб уйга йўл олдик. Ҳар қадамда душман аскари санғиб юрибди. Собиқ маҳбус бўлганим учун бошқа ҳудудларга боришим тақиқланган. Шу сабаб ўзимни билдирмай юрдим. Биз эски мактаб олдидан ўтдик. Энди унга отам хўжайин эмас. Японлар уни ўз лавозимидан четлатишган. Луси дарёси бўйидаги йўлда орқасига капалак тутувчи тўрни ташлаган болакай кўринди. Унинг ортидан бир жўжа эргашиб келарди.

— Ўғлим, бу кенжа уканг, — деди бувим.

— Ким? Жукми? — дедим.

Бувим бошини қимирлатди. Мен Жукни чақирдим. Укам узоқдан менга қараб турди-да, оқсоқланиб югуриб кела бошлади. Мен ҳам қадамимни тезлатдим. Етти ёшли укамни кўтариб, маҳкам бағримга босдим.

— Нега оқсоқланаяпсан? — деб сўрадим.

Укам йиғлаб юборди. Мен уни ўпдим.

— Отам оёғингга яра чиққан деб айтди, — деди, — Мас оға (оиламдагилар мени шундай чақиришарди), опам Мбак Кун оёғимни ҳар куни тузли сув билан ювиб қўяди. Кейин мен озгина юра оламан. Аммо барибир оқсоқланяпман-да! Сиз буни тузата оласиз-а? Менга дори олиб келгандирсиз. Бир марта менга эчки олиб бергандингиз, ҳозир ўша эчки йўқ. Опамнинг айтишича, уни бўри еб қўйибди. Бошқасини олиб берасизми? Болалар чўлоқ деб устимдан кулади. Энди бундай қилолмайдилар, чунки сиз қайтиб келдингиз.

Юрагим оғриди. Укамнинг оёғи хасталансаю қўлимдан ҳеч иш келмаса...

— Албатта, — дедим укамнинг бошини силаб. — Нечанчи синфда ўқияпсан, Жук?

— Мен мактабга бормаяпман, акажон, — у ҳўнграб йиғлаб юборди.

— Хафа бўлма, — деб унинг кўз ёшлардан намланган юзидан ўпдим.

— Сиз билан Жакартага кетаман. Машинага миниб, Гамбир бозорини томоша қиламан. Шундайми, Мас оға?

— Албатта.

— Машинангиз қаерда? Японлар олиб қўйдими? Отамдан сиз ҳақингизда сўраганимда, дадам сизни «Голландлар асирга олди», деб айтди. Бу ёлғон. Сиз жасурсиз. Асирга тушмагансиз-а?

— Йўқ. Мен асирга тушганим йўқ. Жук, сен ҳали ҳам қўшиқ куйлашни яхши кўрасанми?

— Бунга рухсат беришмайди. Коммунистлар тақиқлаб қўйди. Лекин энди сиз шу ерда экансиз, мен яна қўшиқ куйлай оламан, — Жук баланд овозда қўшиқ хиргойи қила бошлади.

Мен тезда қўлим билан укамнинг оғзини бекитдим. У типирчилаб бақира бошлади.

— Бақирма! — дедим.

Укам жим бўлди. Мен қўлимни унинг оғзидан олдим.

— Сиз ҳам куйлашимга қаршимисиз? Мени пастга туширинг. Уйга бир ўзим кетаман. Сиз душманларнинг малайисиз! Сиз душмансиз, Мас оға!

— Йўқ, укажон. Аввал оёғингга дори қўяман. Тузалгач яна куйлайверасан.

Жукнинг юзига табассум югурди.

— Мбак Кусга ўргатганингиздек менга ҳам алифбони ўргатасизми?

— Мбак Кус мактабга боряптими?

— Ҳозир ҳеч ким мактабга бормаяпти.

— Мак Лик қаерда?

— Акамни голландлар олиб кетди. Бир киши уни исёнчи, дебди.

Танамга титроқ кирди. «Бечора укагинам! Қанақасига у исёнчи бўлсин? Ахир ҳали ўн тўрт ёшли бола-ку! Қамоқда ўтирганимда унинг ёшидаги иккита бола бор эди. Ё Худойим! Қамоқда укагинамнинг ҳоли нима кечаётган экан?»

— Отамнинг аҳволи яхшими, Жук? — дедим изтироб уммонидан чиқишга уриниб.

— Дадам бир дарахтнинг остида ўтириб олиб «Маҳобҳораа» достонини баланд овозда ўқийди. Кейин кечгача алланималарни ёзиб чиқади.

Ниҳоят биз уйга етиб келдик. Уйимизнинг томи бузилиб кетибди. Деворлари ёниб кулга айланган бу уй бутунлай вайронага айланганди. Йўлнинг бурилиш томонидан патрул машинаси кўринди.

— У яна келяпти, Мас оға, — деди Жук патрул машинасига қараб. — У ёш бир йигит. Доим уйимизга келиб менга ширинлик беради. Опам Мбак Кус билан гаплашиб ўтиради. Отамга бу ёқмайди. Бу йигит опамни узоқ-узоқларга олиб қочиб кетмоқчи.

«Эҳ менинг ўн олти ёшли ёқимтой сингилгинам, Мбак Кус!»

— Мбак Кус! Мбак Кус! Мас оғамиз қайтиб келди! — Жукнинг ҳайқириғидан хаёлларим ёввойи каптардай учди-кетди. Синглимнинг сўлғин юзини кўрдим. У олдимга югуриб келди. Илгаригидек чаққонгина.

— Келдингизми, Мас оға? Қамоқда узоқ қолиб кетдингиз. Анча озиб кетибсиз. Уйимиз ёниб кетди. Энди хонангиз йўқ. Мас Вит ҳам ҳарбий бўлди, — синглим ўзини қўярга жой тополмай гапирарди.

— Вит голландлар тарафидами? — деб сўрадим.

— Йўқ. У коммунист. Оҳ, қўлларингиз чўп бўлиб қолибди-ку! Ҳали ҳам жўхори қайласини яхши кўрасизми, акажон? — деди синглим.

— Ҳа, — дедим ва биз ичкарига кирдик. Укаларим ва сингилларим — Кун, Ум, Кус ва Жук бирин-кетин ҳаммаси ёнимдан жой олди. Отам қўлида китоб кўтариб келди.

— Яхши келдингми, ўғлим? — деб совуққина сўрашди.

— Худога шукр, ота, — дедим.

Отам индамай дарахтнинг тагига қараб кетди.

— Ака, сиздан бир йил аввал хат олгандим, — деди катта синглим Мбак Кун.

— Нега жавоб ёзмадинг?

— Ўн беш марта ёздим. Лекин сиздан бошқа мактуб келмади.

Синглим чуқур нафас олди. У ўн саккиз ёшда ва бир аскарга турмушга чиққанди.

— Нега бувимни тиланчи қилиб қўйдинглар?

Бувим индамай ўрнидан туриб, эшикка қараб юрди.

— Мас оға, — деб гап бошлади катта синглим. — Биз мана шу ҳовлида жўхори ўстириб, ҳосилини еб кун кўрамиз. Еримиз катта эмас. Кичкина ука-сингилларингиз меҳнат қилиб жўхори етиштиради. Отам эса дарахт тагидан нари келмайди. Отамнинг ер чопишини ўзим ҳам истамайман. Голланд офицери отамга иш таклиф қилди. Лекин мен «Отам қариб қолди, ишлашига йўл қўймайман», деб рад жавобини бердим. Емагимиз ҳаммага тенг тақсимланганди. Бувим Жукнинг ҳақини ўғирлади. Мен бувимни уришиб бергандим, у киши аразлаб уйдан кетиб қолди. Болалар бувимизни вокзалда тиланчилик қилиб юрганини айтишди. Бувимдан кечирим сўраб, уни уйга қайтаришга уриндим. Лекин бувим вокзалда қолиб сизни кутишини айтди.

Бувим йиғлай бошлади.

— Бувижон! — дедим.

Бувим парво қилмади. Унинг қавариб ётган қўлидан тутдим. Биз секинлик билан омборхонага ўтдик. У ер бўм-бўш эди. Кигиз устига ўтирдик.

— Кун эринг қаерда? — деб сўрадим.

Синглим индамай чиқиб кетди. Фурсат ўтмай икки ликопчада жўхори қайласини олиб келди.

— Бувижон, акажон, мана буни еб олинглар, — деб таомни олдимизга қўйди.

— Сендан куёв қани, деб сўрадим?

— Куёвингиз қайтмаса керак. Мен билмайман. Бирорта ҳам хабар йўқ, — деди Кун иккиланиб.

— Ёлғончи! Поччам кеча тунда милтиқ кўтариб келди-ку! — деди орқамда турган Жук.

Кун унинг оғзини ёпиш учун орқамга ўтди.

— Кун, мени алдамаяпсанми?

Жук тиззамга бошини қўйиб йиғлай бошлади. Кун эса жимиб қолди.

— Мас оға, поччам Жусўтган кеча қўлида милтиқ ва граната билан келди. Уни ўз кўзим билан кўрдим. Гапим рост. Поччамдан қаерга кетаётганини сўрагандим, опам мени рўмоли билан ўраб олди. Мен қўрқиб кетдим.

Укаларим ва сингилларимнинг бирортаси менга қарашга ботинолмай, бошларини эгиб олишганди. Уларнинг кўзларида қўрқув ва хавотир бор эди.

— Мас оға, бу ердан кетайлик. Бу ерда уруш бўляпти. Мен урушдан қўрқаман. Жакартага кетайлик, — деб ўтинди Жук.

— Албатта, кетамиз. Фақат кейинроқ, — дедим.

Кун, Кус ва Ум индамай чиқиб кетишди. Мен чуқур нафас олдим ва бошимни кўтариб атрофга қарадим. Бирдан катта эски курсида ўтирган бир кимсага кўзим тушди. Унинг икки оёғи сонигача йўқ эди. Қўлларига зарар етмаган, аммо ўнг қўлидаги тўртта бармоғи ҳам йўқ. Юзи эса таниб бўлмас даражада. Бурнидан чап кўзигача чуқур чандиқ излари бор. Юз териси шилиниб тушган, сочларининг ярми йўқ, ўнг қулоғи йиртилиб кетганди.

— У доим шу ерда ўтиради. Ҳеч ким билан гаплашмайди, — деди Жук.

Курсидаги кимса менга синчковлик билан қараб турди-да, кўзларига ёш қалқди. Мен ўрнимдан туриб унга яқинлашдим.

— Салом. Мен Премман, — деб қўл узатдим.

Курсидаги кимса жавоб бермади. Мен унинг ҳарбий либосдалигини кўрдим. Унвонига эьтибор бердим. У сержант экан. Унга яхшилаб разм солдим-у, даҳшатга тушдим. Кўзларим ёшга тўлиб йиғлай бошладим. Ё Худойим! Қандай қилиб йиғламайин, ахир бу тирик мурда, менинг жон жигарим, тўнғич укам, ҳарбий полиция сержанти Вит эди.

— Қамоқдан эрта озод этилибсан. Бизни сотмаганингга ишонаман, Мас Мук. Лекин билиб қўй, мабодо душманга сотилган бўлсанг шу аҳволимда ҳам сени осонгина тинчитишим мумкин, — деб Вит чўнтагидан тўппончасини чиқарди.

— Бу ҳудудда қурол олиб юришга қўрқмайсанми? — деб сўрадим.

Вит кулди.

— Мен аллақачон аскарлик қасамёдини қабул қилганман, нега қўрқарканман? Укаларимиз ҳам қасамёд қилишди. Энди сўнгги жангни кутяпман.

— Манави аёллар тўппончаси биласанми?

Вит яна кулди.

— Қурол-яроғим етарли. Қолаверса бир километр узоқликда аскарларим жангга шай турибди. Вит мени ўзига тортди.

— Жук ўлиши керак! — деб қулоғимга шивирлади.

Укамнинг бу гапидан эсанкираб қолдим.

— У барчамизнинг ҳаётимизни хавф остида қолдиряпти. Бугун тунда сен уни Луси кўпригига олиб борасан-да, бўйнига пичоқ тортасан! Мен ана шу ҳудуднинг қўмондониман, сен буйруғимга итоат этишинг керак.

Мени титроқ босди. Вит эса гапида давом этди.

— Бу ҳудуддаги барчанинг ўлиши ёки яшаши менга боғлиқ. Мен ҳам раҳмдил инсон эдим. Гўзалликни севардим. Лекин ваҳший душманлар кислота сепиб юзимни куйдиришди. Золим голланд мустамлакачилари мени шу аҳволга солишди. Шу сабаб энди ана шундай тубанликларни тап тортмай қиладиган бўлдим.

Орада жимлик ҳукм сурди. Бирдан Жук бор овозда қўшиқ айта бошлади. Вит унга бақирди. Укам жимиб қолди. Бир чеккада индамай ўтирган бувим ўрнидан туриб менга яқинлашди.

— Болажоним, сен қайтиб келдинг, энди мен кетаман. Сизларга ортиқча юк бўлишни истамайман, — деб шивирлади.

— Қаерга борасиз, бувижон? Наҳотки набираларингиз билан яшашни истамайсиз?

Бувим бош чайқаб чиқиб кетди. Мен ўрнимдан туриб эшикка қараб юрдим.

— Қаерга кетяпсан, Мас? — деди Вит.

— Отамнинг олдига. Келганимдан буён у билан тузукроқ гаплашолмадим.

— Мендан рухсат сўрадингми?

— Буйруқларингга бўйсунишга мажбур эмасман. Мен ҳали ҳам лейтенантман. Сен менга буйруқ бера олмайсан?

— Мажбурсан. Асирга тушиб қамоқда ўтирган ҳарбий барча унвонидан маҳрум этилади. Тушунарлими?

Мен укамга қарадим. Вит хўмрайиб қолди. Тиззамга юзини босиб Жук ҳам унга қаради.

— Мас оға, мен ундан қўрқаман. Тезроқ Жакартага кетайлик, илтимос. Мен қўрқиб кетяпман, — Жук ялина бошлади.

— Мас Мук, вақт бўлди! Овозини ўчир. Бу бола бошимизга бало бўлади. Уни ўлдир! — деб бақирди Вит голланд тилида.

Жук унинг гапларини тушуниб, бор овози билан бақиришни бошлади. Вит кумуш пичоғини чиқариб, мен томонга ташлади.

— Би-ир,... — санашни бошлади.

Кўзларим ёшланиб пичоқни олдим.

— Икки...

— Эй Парвардигор! Наҳотки мурғак укамни ўз қўлим билан ўлдираман?

— Уч!

Пичоқ Жукнинг кўксига санчилди. Кичик укам чинқириб ерга йиқилди.

— Жук! Укажон! Мен нима қилиб қўйдим? — деб ўкирдим.

Ҳамма ёқ қип-қизил қонга бўялди.

— Энди мени ҳам ўлдирасанми, оқибатсиз? — деб бақирдим.

Кўйлагимнинг енги билан кўз ёшларимни артдим. Шу пайт ташқаридан шовқин эшитилди.

— Патрул келяпти. Жукнинг устини жўхори билан беркит, — шивирлади Вит.

Патрул уйга кириб келганида мен Жукнинг фақат бошинигина беркита олгандим, холос. Ердаги қонни кўрган патрул ходимларидан бири бақирди. Вит қўлидаги аёллар тўппончасини ўқталди. Патрул аскарлари турган жойида тўхтаб, қўлларини тепага кўтарди. Укам менга ташқарига чиқиб қўриқчилик қилиб туришимни буюрди. Мен эшикка қараб юрдим. Ёғоч бўлагига оёғим қоқилиб кетди ва йиқилиб тушдим. Шу пайт бирдан хаёлларим тарқалди. Атрофга қарасам ҳануз қамоқхонадаман. Қоровулларнинг қадам товушлари қулоғимга чалинди.

Икки ой сабр қилсам, икки йиллик муддат тугаб озодликка чиқаман...

Инглиз тилидан

Ферузбек Зиёдуллаев

таржимаси