“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 286 марта кўрилган.

ДАДАМНИНГ СЎНГГИ МАКТУБИ

Пак Ин ШИК,

Корейс адиби

ДАДАМНИНГ СЎНГГИ МАКТУБИ

Тўнгмининг дадаси мана етти йилдирки, тўшакка михланиб қолган. Умрининг асосий қисми касалхонада ўтади. Шифокорлар фойдаси йўқ деса-да, онаси умр йўлдошининг тузалишига умид боғлайди. Баъзида ётишга жой йўқлигидан ерда ухлашига тўғри келса-да, ҳамиша ўз сўзида қатъий туради.

Касаллик авж олган сари отанинг аҳволи оғирлашди. Гапиришга ҳам мажоли келмас, жуда ҳолдан тойган, кучсиз эди. Оғир ва қисқа нафас оларди. Балки нафас олишга кўмаклашувчи мослама бўлмаса шуни ҳам қила олмасмиди? Каравотининг оёқ томонига қўнғироқ қўйиб беришди. Унга бирор нима керак бўлса мажолсизгина тугмачани босарди.

Кунларнинг бирида қўнғироқ жиринглади. Бу ҳолат ҳеч юз бермаганидан эндигина кўзи илинган Тўнгмининг онаси чўчиб бошини кўтарди.

— Нима истайсиз? Сувми? Балки бирор нима егингиз келгандир?

Она илк бора юз берган бу ҳолатдан қувонганидан нима дейишини, нима беришини билмасдан қувонарди. Улар бир-бирини сўзсиз тушунса-да, турмуш ўртоғи тугмани босганига, балки гапирмоқчидир, деб ўйлади. Балки бу яхшиликкадир. Улар кутаётган мўъжиза юз бергандир. Минг афсуслар бўлсинки, уринишлари зое кетди. Ота сўзларни ичида такрорларди-ю, аммо уни овоз чиқариб айтишга тили айланмасди. Ҳеч нима демай юзини ўгирди. Аламли кўз ёшларини тия олмади. Унинг бу ҳолатидан эзилган турмуш ўртоғи не қиларини билмай бошини чангаллади. Вазиятни четдан кузатаётган Тўнгми хаёлига келган фикрдан қувониб, югуриб чиқиб кетди. У хонага шодон кириб келди.

— Дадажон бир қарасангизчи мен нима олиб келдим, — деди.

Дадаси унга аста ўгирилиб қаради. Қизининг қўлида оппоқ қоғозга бир талай ҳарфлар чиройли қилиб ёзилганди. Ота ҳайрон бўлди.

— Дадажон, сиз ҳайрон бўлманг. Сиз энди ҳарфларни бирма-бир кўрсатиб фикрингизни айта оласиз.

У қизининг бу ишидан ич-ичидан қувонди. Айниқса, қоғоз ва қаламни кўриб ўзида йўқ шодланди. Қизига чексиз меҳр билан боқди. Қани энди иложи бўлса-ю, уни бағрига босиб тўйиб-тўйиб йиғласа. Лекин бундай қилолмасди. Жигаргўшасини янада қувонтириш учун ҳарфларни бирма-бир айта бошлади.

— Я, х, ш, и... — уёғига мадори етмай қолди. Буни эшитган Тўнгмининг қувончдан юзи ёришиб кетти.

— Яхши усул, демоқчисиз. Шундайми? — деди. Дадаси бош ирғади.

Тўнгми бу хонадан илк бора шодон чиқиб кетди.

Тонгга яқин кўзи илинган Тўнгмининг онаси илкис уйғониб кетди. Турмуш ўртоғининг қўли остидаги қоғозни кўриб ҳайрон бўлди.

«Қадрли рафиқам! Биламан сени анча қийнаб қўйдим. Мана, етти йилдирки, хотиржамлик нима, қувонч нима, билмайсан. Тўшакка михланган кунимдан буён ўтган умримни сарҳисоб қиламан. Худога беҳисоб шукрлар бўлсин, оилам олдида уяладиган иш қилмабман. Тўғри, узоқ йиллардан буён мен сенга суянч, елкадош бўла олмаяпман. Аммо ҳеч ўкинма. Мен сени ва фарзандларимни ярим йўлда ташлаб кетиш ниятим йўқ. Мен ҳали оёққа тураман. Фақат сен ишончингни сўндирмасанг бас. Ҳаммасига учун сенга раҳмат, азизам!»

Она мактубни кўз ёшлари билан ювди. Чунки ҳали қуриб улгурмаган кўз ёш изларидан билдики, турмуш ўртоғига буни ёзиш ҳеч ҳам осон бўлмаган. У шошиб турмуш ўртоғига қаради. Унга яқинлашди-ю, унинг нафас олмаётганини билиб ҳаммасига тушунди. Лабини қонатгудек тишлаб йиғисини ичга ютди. Мактубни кўксига босди.

Шу кунларга ҳам мана ўн тўрт йил бўлибди. Ўтган йиллар мобайнида Тўнгмининг онаси барча қийинчиликларни шу мактуб туфайли енгиб ўтди. Ахир турмуш ўртоғи энг сўнгги дамларида ҳам енгилмади, эртанги кундан умидини узмади. Фарзандларининг энг яхши кунларида ҳам, имкон, чора тополмаганида ҳам мактубни ўқиб ҳаёт ташвишларини енгиб ўтди ва доим тилида бир сўз айланди. «Раҳмат сенга, Тўнгми!»

Корейс тилидан Тўмарис Аъзам таржимаси