“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 223 марта кўрилган.

ШИМОЛ ҚИЗИ

Константин ПАУСТОВСКИЙ,

Рус адиби

ШИМОЛ ҚИЗИ

Ҳикоя

Кечаси Олатов тоғлари узра кучли момақалдироқ гумбурлади. Момақалдироқдан саросимага тушган катта яшил чигиртка госпитал деразасига сакраб, жимжимадор пардага келиб қўнди. Шу хонада ётган ярадор лейтенант Руднев оҳистагина каравотидан кўтарилиб, аввалига яшил чигирткага, сўнг бежирим тўқилган тўр пардага тикилди. Пардада чарақлаган чақмоқнинг зангори тасвирлари мураккаб нақшларда тўқилган, момақаймоқ, атиргуллар ва димоғдор, ғўддайиб турган кичкина хўрозлар тасвирлари туширилган.

Тонг ҳам отди. Суронли сариқ осмон ҳали ҳамон қовоқ солиб турибди. Икки рангдаги опа-сингил камалак жилолари тоғ чўққилари ортида ястанганча чўзилиб кетган.

Дераза токчасида турган ёввойи саллагулларнинг намхуш гуллари оташин оловга айланган кўмир чўғларидек гўё. Ҳаво сиқилгандек нафас олиш қийин.

Нам тортган қоялар узра буғ кўтарилмоқда. Жарликда катта-кичик тошларни қулатаётган булоқ сувлари шовқин солиб турибди.

— Мана сизга Осиё! — хўрсинди Руднев — пардадаги нақшлар эса бизники, Шимолники. Буни қанақадир «Настя» исмли соҳибжамол тўқиган бўлса керак.

— Нега бундай деяпсиз?

Руднев кулимсиради.

— Ленинград остонасидаги жанглар вақтида юз берган бир воқеа ёдимга тушди, — дея хотирлай бошлади лейтенант Руднев ва у менга ўша воқеани сўзлаб берди.

1940 йилнинг ёзида ленинградлик мусаввир Балашов бизнинг ҳувиллаган Шимолга ишлагани борди. Дарё бўйлаб эски пароходда узоқ сузган мусаввир, ўзига ёқиб қолган биринчи қишлоқдаёқ тушиб қолди ва бир қишлоқ ўқитувчисининг уйидан қўним топди. Ўша қишлоқда ўрмон қоровулининг қизи соҳибжамол чевар қиз Настя ҳам яшарди. Кунларнинг бирида, ов пайтида Настянинг отаси бехосдан Балашовни кўкрагидан яралайди. Ярадорни тезда қишлоқ ўқитувчисининг уйига олиб келишди. Кутилмаган фалокатдан ғуссага ботган чол, ярадорни оёққа турғазиш учун унинг ёнига қизи Настяни юборади. Қиз ярадорни парвариш қилди, унга ҳамдард бўлди. Улар орасидаги илиқлик муҳаббатга айланди.

Балашов шаҳарда оиласи борлигини ҳеч кимга, ҳатто Настяга ҳам айтмаганди. Қишлоқда Балашовнинг сўққабошлигига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Балашов Шимолда илк бор келгани учун бу ерликларнинг одатини қайдан билсин. Шимолликлар ор-номуси кучли, янги русумларга осонликча берилмайди. Ота-боболаридан мерос қадриятлари бор уларнинг. Қиз боланинг уйига келган кутилмаган меҳмон, унга совға ҳадя қилса ва ҳадя қабул қилинса, ўша йигит куёв саналиши Балашовнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Шимолда шунақа қилиб сўзсиз суйишади, уйланишади ва турмушга чиқишади. Қалби умидларга тўлиб-тошган Настянинг Балашовга: «Қишлоғимизга қачон қайтиб келасиз?» дея андиша билан сўраган сўровига мусаввир оддий қилиб: «Тез фурсатда» деб қўя қолди.

Балашов жўнаб кетди. Настя эса интизор кутди. Ёрқин ёз ҳам, хазонли куз ойлари ҳам ўтди, аммо Балашовдан дарак бўлмади. Кутилган қувонч ўрнини аламли изтироб, қишлоқда кезиб юрган узунқулоқ гаплар эгаллади: «Куёви уни алдаб кетди», деган шивир-шивирлар пайдо бўлди. Бироқ Настя бунга сира ишонгиси келмасди. Балашов бахтсизликка йўлиққан бўлса керак, дея куну тун хавотирда эди у.

Сўлим баҳор Настя учун янада ғамгин кечди, жудаям кечиккан баҳор анчагача чўзилди. Дарё сувлари тўлиб оқса-да, ўзанларига бориб етмади. Июнь ойининг бошларида, қишлоқдан биринчи пароход сузиб ўтди.

Настя отасидан яширинча Ленинградга бориб Балашовни излаб топишга қарор қилди. У тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Икки кун ўтиб у темир йўл станциясига етиб келди ва шу ерда уруш бошланганини эшитди. Мамлакатнинг шу қадар бепоёнлигини эндигина англаётган, умрида поездни кўрмаган оддий деҳқон қизи шаҳарга етиб борди ва Балашовнинг хонадонини излаб топди.

Настяга эшикни очган аёл Балашовнинг хотини эди. Камзул кийган озғин аёл о папирос буруқситиб остонада узоқ вақт турди. Аёл Настяни бошдан-оёқ кўздан кечирди. Балашовнинг уйда йўқлигини ва унинг фронтга жўнаб кетганини айтди.

Настя аччиқ ҳақиқатни англаб етди. У Балашовнинг оиласи борлигини тушунди. Ҳақиқатни тан олиш қиз учун ғоят аянчли эди. Балашов Настяни алдаган, соф муҳаббатини топтаган ва эҳтирослари устидан кулган. Нақадар даҳшат! Балашовнинг аёли билан суҳбатлашиш хўрланган қизга оғир ботди. Узоқ шимолнинг кафтдеккина қишлоқда ўсган оддий деҳқон қизнинг катта шаҳарда, ҳашамдор хонадонлардан бирида пайдо бўлиб қолишининг ўзи Настя учун даҳшат эди.

У хонадондан учиб чиқди. Аламзада қиз пурвиқор шаҳар кўчаларидан шахдам юриб ўтар экан, шаҳарнинг ҳақиқий жанггоҳга айланганлигини ҳис эта бошлади. У йўлида учраганларидан чалғишга уринди, майдонларда ўрнатилган зенит замбаракларию ҳайкаллар, қум тўлдирилган қоплар, ҳувиллаб қолган изғирин хиёбонлар, баҳайбат иморатлар энди уни қизиқтирмасди гўё.

У Нева дарёси бўйига етиб келди. Барбод бўлган муҳаббатнинг ғам-андуҳлардан нажот йўли Настяга гўё мана шу сувда акс этаётгандек эди. Қиз бошидаги онаси совға қилган рўмолни ечиб панжарага боғлаб қўйди ва тўзғиган сочларини тўғрилаб, оёқларини панжаранинг ясси темирига қўйганди ҳамки, кимдир ортидан тутиб қолди. Настя ўгирилди-ю, уст-боши бўёқда сарғайган ўрта ёшлардаги озғин одамни кўрди. Ишчи фақат бош чайқаб:

— Нима қилмоқчийдинг, аҳмоқ қиз?! — деди.

Бу Трофимов эди. У Настяни уйига олиб борди-ю, хотинига топширди. Трофимовнинг рафиқаси лифтда хизмат қиларди. Бу оила Настяни илиқ қабул қилди. Кўнгли кемтик қизга аёл ҳамдард бўлди:

— Биласанми Настя, Балашовнинг айби йўқ. Айб ўзингда, сўраб-суриштирмай биринчи учраган одамга кўнгил беришга бало бормиди?

Аёл Настяни койир, қиз эса қувонарди, чунки у алданмаганлигини ва Балашовни яна бир бора кўриши мумкинлигини ўйлаб қувонарди. Тез орада Трофимовни хизматга чақириб қолишди. Настя ва унинг хотини билан ёлғиз қолишди.

Аёл қизни ҳамширалик курсида ўқитди. Настянинг устозлари унинг ярани устомонлик билан боғлашию ингичка бармоқларининг чаққонлигидан ҳайратга тушарди. Настя эса уялиб: «Ахир мен бор-йўғи чеварман, холос, тўқишни яхши кўраман», дерди.

Қаҳратон қишнинг суронли тунлари қаъридан гумбурлагандек Ленинград қамали бошланди. Настя фронтга жўнатишларини интиқ кутарди. Тунлари у Балашов ва кекса отаси ҳақида ўйларди. Қария қизининг яширинча уйдан қочиб кетганини умрининг сўнгги дақиқаларигача тушунмаслиги қалбан ҳис қиларди. Яна шуни ҳам билардики, отаси уни уришмайди, ҳаммасини кечиради, бироқ барибир тушунмайди.

Ниҳоят кутилган кун келди. Қиз бечора вайрона хиёбонлардан, ёниб кул бўлган қишлоқлардан, окоплардан суйганини изларди, сўраб-суриштирарди.

Жанггоҳларнинг бирида у Трофимовни учратди. Бу вайсақи одам эса шимоллик қизнинг фронт бўйлаб суйганини излаётганини дуч келганга сўзларди. Шимоллик қиз ҳақидаги ҳангомалар бора-бора афсонага айланди. Афсона бир бўлинмадан иккинчисига кўчарди.

Шимол қизининг муҳаббат қиссаси оғиздан-оғизга кўчиб, тафсилотлари ўзгаргандан-ўзгариб бораверарди. Жасоратли аскарлар садоқатли Настяни, бу қиз биз томондан, деб ўзларича мағрурланишарди. Украиналиклар уни ҳамюрти деб ҳисобласа, сибирликлар: «Бизнинг Настя», дерди, рязанликлар: «Шубҳасиз, бизники», деса, қозоқлар: «Йўқ, бу қиз фронтга биз томонлардан, Қозоғистондан келган», деб кўкрак керардилар.

Настя ҳақидаги миш-мишлар Балашов хизмат қиладиган қирғоқ бўлинмагача етиб келди. Мусаввирни ҳам бошқа жангчилардек, севгилисини жанггоҳларда излаб юрган, афсонавий ўша қиз ҳақидаги ҳикоя таъсирлантирган эди. Балашов шимол қизи ҳақида кўп ўйларди ва, ҳатто, ўша номаълум жангчи йигитга ҳавас қиларди.

Балашовнинг оилавий ҳаёти буткул рангсиз эди. Буюк муҳаббатни орзу қилиб яшаган Балашовнинг сочларига аллақачон оқ оралаб улгурганди.

Ниҳоят Настянинг орзулари ушаладиган кунлар етиб келди. У Балашов хизмат қилаётган бўлинмани излаб топди, аммо суйганини учратмади. Чунки Балашов икки кун илгари оғир жангларнинг бирида ҳалок бўлган ва кўрфаз қирғоғига дафн қилинган эди.

Руднев жимиб қолди.

— Кейин нима бўлди?

— Кейинми? — каловланиб сўради Руднев, — кейин жангчиларимиз мардонавор жангларда ғолиб келиб душман мудофаасини тор-мор қилди.

— Настя-чи, унга нима бўлди?

— Настя, нима ҳам бўларди унга!

У жанг майдонларида бутун меҳрини ярадорларга беришни афзал билди. Қиз бўлинмамизнинг энг меҳрибон ҳамшираси эди.

 

Рус тилидан Рустам МАМАТҚУЛОВ

таржимаси