“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 269 марта кўрилган.

БУТУН РУҲИЯТИНГНИ ҚАМРАГАН АСАР — АСАРДИР...

Шеймус ХИНИ,

Нобель мукофоти лауреати

БУТУН РУҲИЯТИНГНИ ҚАМРАГАН АСАР — АСАРДИР...

Шеймус Хини 1939 йилда Шимолий Ирландияда католик оиласида дунёга келган. Унинг «Ҳақиқатпарастнинг ўлими» илк шеърлар тўплами 1966 йилда чоп қилинган, бироқ шоирга шуҳрат 1975 йилда «Шимол» шеърлар тўплами нашрдан чиққанда насиб этган. Ижодига Шарқ ва Европа поэзияси яқин бўлган Шеймус Хини 1995 йилда Нобель мукофотига лойиқ топилган.

— Стокгольмдаги маърузангизда рус шеъриятининг ашаддий мухлиси эканлигингизни тан олдингиз. Бродский, Мандельштам ва Ахматовалар билан узоқ йиллик дўстлик ришталари ҳақида сўзладингиз. Услубингизда уларнинг ажобий таъсири бўлганми?

— Менинг услубимга бу шоирларнинг ҳеч бири таъсир ўтказгани йўқ, лекин улар турли вазиятларда менга илҳом бахш этиб, табиатимдаги шоир руҳиятини улғайтиришимга кўмаклашган. Мандельштам, Ахматова, Цветаева, Пастернак ўз ўқувчиларининг тасаввурида афсонавий персонажларга айланиб улгурган шоирлардир, бироқ ҳаммаси аччиқ қисмат қурбони бўлгани қалбингни тирнайди. Ҳаётий фожеаларининг акс-садоси уларнинг шеърларида эшитилиб туради. Баъзан Бродскийни мен дарахт билан тенглаштираман. Унга суяниб, танасида қони гупириб, қандай ғалаёнлар юз бераётганини ҳис қилиб турасан. Замонавий адабиёт қайсидир маънода мана шу ички курашлар устидан ғолибликни қўлга киритганингда туғилади. Иосиф Бродский поэзия одамни юксалтиришига чин дилдан ишонарди. «Поэзия, бу — маънавиятсизликдан энг яхши ҳимоя», дерди у бетиним. Унинг яна бир гапини ҳеч унутолмайман. «Инсониятни ёвузликдан фақат Ҳақиқат қутқаради!» Бир қарашда бу баҳс-мунозарага сабаб бўладиган гап бўлиши мумкин. Бироқ моҳиятини чуқур ўйлаб қарайдиган бўлсак у ҳақ эди.

— 2000 йилда «Беовульф»нинг (Бўриодам) таржимасини чоп қилдирганингизда, мутаржим сифатида бу қадимги англосаксон поэмаси Англия ва АҚШдаги бестселлер асарлар рўйхатига киради, деб ўйлаганмидингиз?

— Йўқ, албатта. Мен бунинг акси бўлишига ишонардим. Ахир поэманинг персонажлари асосан эркаклардир. Бирорта ҳам кўзга кўринадиган аёл қаҳрамон йўқ. Рассом китоб муқовасида қадимий добулғадан бошқа нарсани тасвирламаган. Шундай кўримсиз китоб қандай қилиб икки мамлакатда шуҳрат қозонганига ҳайратдаман.

— Сизни ирланд шоирларидан Нобель мукофоти лауреати шоир Уильям Батлер Йейтсга ўхшатишади...

— Ҳа, шундай, лекин мен иккимиз икки олам, деган фикрдаман. Йейтснинг шеърияти тасаввурдан иборат, мен эса ерга яқинроқман. У шубҳасиз, истеъдодли шоир, мистик ижодкор.

— Инсонда, Ерда, фазода илм-фанга номаълум кучлар, мавжудотлар борлигига ишонувчи, яъни оккультизмга хос қарашларни йўқларди, демоқчисиз, шундайми?

— Ҳа, ўша машҳур тақводор хоним, файласуф ва публицист Елена Петровна Блаватскаянинг мухлисларидан бири эди. У каби фикрларди ва аёлнинг қарашларини ёқларди.

— Бошқа бир юртдошингиз Жойс эса «Улисснинг саргузаштлари»да Блаватскаянинг фикрларига мутлақо ёт гапларни айтган...

— Бундай қарашлар менга яқинроқ. Мен ҳеч қачон Йейтсни тушунмаганман, бироқ Жойс руҳияти сўзсиз англайман. Биласизми, мен Жойсни, Нобель мукофотини олишга, шубҳасиз, мендан кўра лойиқ номзод эди, деб биламан.

— Рационализм ва қуюшқондан чиққан тасаввур маҳсули...

— Йўқ, хато қиляпсиз, азизим. «Улисснинг саргузаштлари» бошидан охиригача ҳақиқат. Мен бу асарни ўқиб, қайта оламга киришим учун анча тер тўкишимга тўғри келган. Мана буни чинакам истеъдод деса бўлади. Бутун руҳиятингни қамраган асар — АСАРдир.

— Ҳаётингизнинг асосий даврлари «Филд Дэй» театри билан боғлиқ. Бунга сабаб нима?

— Биродарликда. Бу театрнинг асосчиси Брайан Фрил менинг энг яхши дўстим эди. Яна бир оғайним — шоир ва танқидчи Шеймус Дин ҳам шу театрда ишларди. 1980 йилдан 1990 йилга қадар биз учовлон театрда идеал бошқарувни яратдик. Мен фақат матн ёзиб берардим. Бу сиёсий театр десам янглишмайман. Лекин мен ўзимни драматург санамайман. Айни дамда ҳам театрдан айрилганим йўқ. «Антигона»ларнинг янги, ўзимнинг версиямни яратиш устида изланяпман.

— Нобель мукофотини қўлга киритганингиздан кейин китобларингизни кўпроқ сотиб олишяпти, дейишади. Шу гап ростми?

— Йўқ, бундай деб ўйламайман. Илгари ҳам китобларим қўлма-қўл бўлиб кетишидан қувонардим. Шоирга машҳурликни мукофот эмас, истеъдод олиб келади. Нобелга арзийдиган кўплаб ёзувчи-шоилар бор, бироқ уларнинг ўқувчилар назаридан четда деб бўлмайди. Ўқувчининг эътибори ҳар қандай мукофотдан юксакроқ.

— Нимадан қўрқасиз?

— Фикр келмай қўйишидан ва ёзолмай қолишдан юрак ҳовучлаб яшайман. Ҳаётимдаги шундай, инқироз даврлари ҳам юз берган. Ўшанда кўзимга ҳеч нарса кўринмасди, ҳатто тириклигим ҳам. Шундай кезларда осмонга ҳам, ерга ҳам сиғмай қоламан. Ҳамма нарсадан таскин излаб яшаш — ижодкор учун ўлим!

— Университетдаги фаолиятни шеърият билан боғлаш ғоят мушкул...

— Осон эмас тўғри, аммо омадли. Гарвардда нутқ маҳорати ва риторика бўйича профессорлик, бу — йилига атиги тўрт ой ўқитувчилик қилиш дегани. Бошқа вақт уйда ўтириб ёзаман. Бир йилда шунчаки шоир бўлиб яшадим. Мен деҳқон оиласида туғилиб ўсганман. Бизникилар ҳар бир эркакнинг касби бўлиши керак, деб ҳисоблашарди. Касбим ўқитувчи, руҳим эса шоир.

 

Борис Фаликов

суҳбатлашди.

Манба: «Культура» газетаси, 2003 йил.

Рус тилидан

Шаҳноз таржимаси