“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 278 марта кўрилган.

КЎЗЁШЛАР КЎЗЛАРДАН БЎЛМАСИН ЙИРИК

Марина ЦВЕТАЕВА

КЎЗЁШЛАР КЎЗЛАРДАН БЎЛМАСИН ЙИРИК

Б. Л. Пастернакка

(1890 — 1960)

Юрак жавлон урар. Тўзғир фалакда,

Руҳга айланмади шунчаки хислат.

Ҳар-бир ғов қиличдай ботар юракка,

Жим турмади ахир бу қари қисмат.

 

1

Қушлардай тизилган симёғоч бари —

Хаёл маъбудига суянгай қатор.

Сенга юбораман ўз насибамни —

Арзимас улушим бўлсин деб мадор.

 

Оҳларим осилган симёғочларда —

Се-ва-ман деган сўз чекади нола.

Биргина шу калом осилган дорга —

Шу сўзни қоғозда қилманг ҳавола.

 

Осмон... симёғочлар карвони оша,

Қоғозлар жар солар: Ё жоним, Худо.

Сен ҳам эшитдингми шу сўзни ошна?

Узилиб қолади овоз: Ал-ви-до!

 

Осмонга ўхшайди бепоён денгиз,

Тўшалган тинч Атлант йўллари узра.

Ариадна1 юксакдан қичқирар ёлғиз,

Ортга қайт! Ортга қайт! Бир овоз бўзлар.

 

Ортга қарамайман!

Чиқмайман! Ғамгин!

Бу пўлат симларда Аида2 лоҳас,

Овозлар! Олислаб бормоқда секин.

 

Кимдир қарғайверар...

Йўқ, онам эмас.

 

Сизда топиларми озгина инсоф,

Туйғулар — чалажон овоздай ҳануз.

Тепалик, зовурлар қолмади ҳисоб,

Бир овоз ҳайқирар беилож:

 

А-а-ф-сус...

 

17 март 1923 йил

 

2

Сенга айтиш керак... ҳа, бошдан-оёқ,

Бузилган қофия... кенгликлар ва сир.

Менинг қайғум учун оз бундай титроқ,

Расин3 жим. Тирилиб келса Шекспир.

 

«Ҳамма тенг йиғлайди қон оқса силқиб,

Гуллар танасида илондай йиғлар».

Федраю4 Ипполит5 майдонга чиқиб,

Ариадна Тезейни6 айтиб чинқирар.

 

Қоялар йўқолган. Соҳиллар ҳам йўқ,

Қийноқлар адашган балки ҳисобда.

Сен учун барини йўқотдим тўлуғ —

Афсона бўлдик биз яқин-йироқда.

 

Орзу умидларим бариси ошкор

Сен билан тўйинган бир бутун ҳаво.

Менинг суягимда Ноксос7 деган жой,

Қонимда Стикс8 оқади равон.

 

Атрофга жавдирар қалбим ноумид,

Юмаман кўзимни! Чексизлик ғужғон.

Тақвимлар алдайди — туйғуларга зид,

Ариадна эмасман — ҳижронман, ҳижрон!

 

Қайси бир дарёлар, шаҳарлар кезиб,

Сени излаб чиқсам кўринмас қоранг!

Ахир қаердасан нафасинг сезиб —

Суяниб йиғлайман симёғочларга.

 

3

ЙЎЛДА

Кетяпман... Хотира жуда оғир юк,

Чидамай оҳ чекар йўлни кўрсаткич.

Мактаблар... далалар... юрак дук-дук-дук,

Байроқдай ҳилпирар кўйлагим енги.

 

Шу лаҳза ёрдамга келсанг эди тез,

Отаман, хотирам бўлсайди парча.

Йиғиб ололмайман эсимни эсиз —

Чинқиргим келади уятсизларча.

 

Йўл сайин кўпайиб боради хоҳиш,

Ичимда туғёнлар тобора сармаст.

Тепангда Худо бор... лирик йўналиш —

Туйғулар алоқа узатгич эмас.

 

Илоҳим, банд бўлсин сендаги телефон,

Симёғоч! Етмасин унга ҳеч сасим.

Ахир қачонгача каттакон осмон —

Ва ерга қўшилиб кетар нафасим.

 

Кўзларим қамашар довонлар оша —

Илтимос, ёлғонлар тўқи устма-уст.

Қутурган ҳисларим шошилиб қолса,

Оҳларим ҳеч кимга етмасин дуруст.

 

Телеграм келади: оддий, шошилинч,

Баҳор тўғонлари уланар ёзга.

Симёғоч симлари муҳрлар боғич —

Менинг туйғуларим сиғмас қоғозга.

 

19 март 1923 йил

 

4

Слобода9 менинг мустақил шаҳрим,

Телефон — бор-йўғи биргина ришта.

Менинг баландпарвоз бу истакларим —

Чегара билмайди — оппоқ фаришта.

 

Чарсиллар қалбимнинг чақмоғи ҳар кез,

Магнит тўлқинига урилар ногоҳ.

Шамолга сиримни айтаман ёлғиз,

Руҳимда бошланар момақалдироқ.

 

Менинг туйғуларим билмайди ўлчам,

Сиғдириб бўлмайди улар беҳажм.

Кимнингдир ғашига тегса — ўлсам ҳам,

Улар тирик қолар... Мен-чи? Чарчадим!

 

Қаршимдан чиқади симлар, ёғочлар,

Ҳеч кимга қизиқмас сенинг борлигинг.

Сени тушунмайди юраги очлар,

Ичингда мавж урар уммондай йиғи!

 

Йўлидан адашган булбулдай сокин,

Сайрайман тунлари Яратганга хос.

Сенсиз яшаяпман! Яшайман токи —

Фақат қўлларингни қўмсайман холос.

 

20 март 1923 йил

 

5

Қора китобларда! Оппоқ китобда —

Хоҳ Тинч Дон,

Гоҳида келасан сўлдан.

Сенинг нигоҳларинг гоҳ изтиробда —

Қайтариб тураман ўзимни йўлдан.

 

Ёнғоқ дарахтидай метинсан, мағрур,

Дунёни ўзимга чорлаяпман гоҳ.

Чайқалар денгизнинг тубидаги дур,

Фақат панд бермоқда мана шу нигоҳ.

 

Сен ҳам азоб чексанг... мен борман ахир,

Шафақман, заминман, ҳавоман, сувман.

Борман қайда бўлсанг! Овоз бер, чақир —

Худо бор! Ҳеч қачон исмимни ювма!

 

Нафис нафасингдан бораман етиб,

Дарёю денгиздан топиб йўлингни.

Деворлардан ошиб, ўзимдан кетиб —

Ўғирлайман сенинг ҳаловатингни!

 

Шунчаки чўпчакми менинг ҳисларим?

Бефарқсан! Юракка қадайдирсан тиғ.

Омон қолдирмагай сени бу исм,

Ҳали чўзган қўлим қайтмаган қуруқ...

 

Бир кун яна шундай қайтаман ортга,

Атроф қоп-қоронғу, кўринмас из-пиз.

Худди Самуилдай10 келиб ҳаётга —

Юзи қора бўлиб кетсам умидсиз.

 

Сезмайсан, мен борман — қаерда бўлсанг,

Қоврилиб ёнаман чиқмасдан қуёш.

Лабларим пичирлар, қанийди кўрсанг,

Ёнингда рафиқанг, бахтлисан гўё.

 

6

Азал юқоридан ўқилса ҳукм —

Бир-бирин йўқлайди истеъдодлилар.

Тоғлар оша учиб ўтганда руҳим,

Туш кўра бошлайди ўша тоғликлар.

 

Хаёлларим кенгроқ олар даврани,

Фақат қисматимиз бу тушдан йироқ.

Шарпа кўринмайди. У қўллар қани —

Бизни руҳлар кўра бошлайди бироқ...

 

25 март 1923 йил

 

7

Укам. Жонажоним. Кенжа қарағай,

Йиғлади. Кўз ёшлар кўзлардан катта.

Дўст денгизда оқди ортга қарамай,

Оҳ чекдим. Тўлқинлар биздан баландда.

 

Ортидан қўлларим силкиниб қолди,

Йиғлади, сиқтади, титради лабим.

Кўзларим ёш каби отди саволни —

Сўзлар ҳайрон қолди йўқдай сабаби.

 

Уйимга энг азиз меҳмон келган пайт,

Худойим бизларга назар солгин тик.

Юлдузлардан катта бўлмасин бу дард,

Кўз ёшлар кўзлардан бўлмасин йирик.

 

Рус тилидан

Хосият РУСТАМОВА таржимаси

 

1 Ариадна Эфрон — Марина Цветаеванинг қизи.

2 Машҳур италиялик бастакор Жузеппе Вердининг «Аида» операси назарда тутилмоқда.

3 Жан-Батист Расин — француз драматурги.

4 Федра — қадимги афсоналарда Крит қироли Минос ва Пасифаининг қизи, Тезейнинг иккинчи рафиқаси. Афсоналарда бу қаҳрамон Авлиё Ипполитга кўнгил қўйгани ҳақида ёзилган. Федра муҳаббати рад этилганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

5 Авлиё Ипполит Римский — қадимги афсоналарда файласуф ва авлиё сифатида тилга олинган.

6 Тезей (Тесей) — қадимги афсоналарда Рим императори ва қироличаси Эгей ва Эфранинг ўғли.

7 Наксос — Эгей денгизидаги Грецияга қарашли орол.

8 Стикс — қадимги афсоналарда юракларга даҳшат солувчи махлуқ.

9 Слобода (Слобожа) — Россия тарихида Белоруссия ва Украина ўртасида аҳолиси маҳаллий феодалларга бўйсунмаган мустақил бўлган шаҳар.

10 Самуил (Исмоил) — Инжилда номи тилга олинган пайғамбар. У Исроилда машҳур қози бўлган.