“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 362 марта кўрилган.

САЙЁҲ ВА БАЛИҚЧИ

Генрих БЁЛЛЬ,

немис адиби

САЙЁҲ ВА БАЛИҚЧИ

Ҳикоя

Европанинг ғарбий соҳилидаги бир портда фақирона кийинган балиқчи ўзининг қайиғида мудраб борарди. Шоҳона кийинган бир сайёҳ мовий осмон, сокин, мавж ураётган қордек оппоқ тўлқинлар, кўм-кўк денгиз, қора қайиқ, қип-қизил балиқчилар қалпоғи каби асл суратларни олиш учун фотокамерасини олиб келган. Табиатнинг жамики гўзаллиги шу ерда мужассам. Атрофда ҳукм сураётган сукунат ичра қандайдир товуш қулоққа чалинди. Мудраётган балиқчи товушдан уйғониб кетиб, қаддини ростлади ва уй­қусираган ҳолда тамаки қутисини излади. У излаганини топишга улгурмасидан сайёҳ эпчиллик билан тамаки қутисини унинг бурни тагига олиб борди. Тағин ўша товуш эшитилди. Сайёҳ балиқчига ўз тилида гапиришга ҳаракат қилди. Балиқчининг тинчини бузган товуш гугуртники эди.

— Сиз бугун яхши ов қиляпсиз, — деди у балиқчининг елкасига қоқиб.

— Ҳаво яхши бўлишини менга ­айтгандилар, — деди  балиқчи бошини қимирлатиб.

— Сиз ҳеч саёҳатга чиққанмисиз? — сўради фақирона либосдаги билиқчига ачинаётганди. Бироқ балиқчи унинг саволига жавоб бермади. — Оҳ, сиз ўзингизни яхши ҳис қилмаяпсиз, деганидан кейин балиқчи:

—  Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, ўзимни ҳеч қачон бунчалик  бахтиёр ҳис этмаганман! — деди.

Саёҳатчининг чеҳраси ўзгарди ва яна саволини такрорлади:

— Боя саволимга жавоб қилмадингиз?

Балиқчи аниқ ва қисқа жавоб берди:

— Мана, бугун саёҳатга чиққанман-ку!

— Ов қилиш яхши-я?

— Жуда яхши. Мен балиқ овлашга ҳар кун бўлмаса-да, тез-тез келиб тураман. Фақат эҳтиёж туғилганда. Мана бугун овим бароридан келди. Саватимда тўртта чўртан балиқ бор, мана яна иккита сельд балиғини тутдим. Бугун-эрта учун рўзғорга шу кифоя.

Сайёҳнинг чеҳрасида ғамхўрлик туйғуси балқиб турарди.

— Чекасизми?

— Ҳа, раҳмат.

Тамакилар оғизга илинди. Сайёҳ чайқалаётган қайиқнинг четига ўтирди, қўлидаги камерани қўйди, негаки  ўйлаётган  фикрини тушунтириш учун унга икки қўли ҳам керак эди.

— Ҳаётингизни ўзгартирмоқчи эмасман, бироқ... — сайёҳ бир сония тин олиб сўнг давом этди. — Тасаввур қилинг, бугун сиз икки, уч, эҳтимол, тўрт марта овга чиқиб, нари борса беш, эҳтимол, ўнта ёки ундан кўпроқ балиқ тутарсиз. Тасаввур қилиб кўринг!

Балиқчи бош қимирлатди.

— Сиз,  нафақат бугун, балки эртага, эртадан кейин, ҳа, ҳаво очиқ кунлари бир марта эмас, икки, уч, эҳтимол, тўрт марта балиқ овига чиқсангиз, ҳаётингиз қанчалар ўзгаришини тасаввур қиляпсизми? — деди сайёҳ ўз нутқидан ҳаяжонланиб. — Бир йилда машина сотиб олишингиз ёки икки йил ичида иккита қайиқ, уч-тўрт йилда кемага эга бўлишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Табиийки, кемага кўпроқ балиқ сиғади. У сизга иккинчи кемани сотиб олишингиз учун имконият эшикларини очади. Кейинчалик шахсий далаҳовли, қаҳвахона, балиқ тайёрланадиган емакхона очишингиз ёки балиқчилик корхонасига эга бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тўғридан-тўғри Парижга экспорт килишингиз мумкин. Ке­йин... — деди сайёҳ келажакда балиқчининг эришадиган ютуқларини бир-бир кўз олдига келтириб тўлқинланиб борарди.

Балиқчи худди ёш боладек сайёҳнинг елкасига қоқиб турди.

— Кейин-чи? — сўради у секингина.

— Кейин... — деди сайёҳ хотиржамлик  билан, — кейин сиз портда тинчгина ўтириб, қуёшда тобланасиз ва мовий денгизни томоша қиласиз.

— Ҳозир нима қиляпман, — деди балиқчи ҳайратланиб. — Балиқни овлаб бўлиб портда хотиржам оёқ узатиб ўтирибман, қуёшда тобланяпман, бироқ сиз менга ҳар замонда тамаки чекиш учун ёқаётган гугурт товуши билан тинчимни бузяпсиз, — дея қўшиб қўйди балиқчи.

Сайёҳ балиқчининг гапидан сўнг ўйга толди. У эртадан-кечгача ишлайди, лекин бирор марта бундай дам олмаган. Сайёҳда балиқчига нисбатан ҳавас эмас, балки ҳасад бор эди .

 Немис тилидан  Шаҳноза Қувонова таржимаси