“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 263 марта кўрилган.

МУСАФФО ҲАВО

Итало Кальвино,

итальян адиби

МУСАФФО ҲАВО

Ҳикоя

– Болаларингиз, – таъкидлади шифокор, – бирон тепаликка чиқиб, соф ҳаводан нафас олиши, майсазорда сайр қилиши керак...

У шундай деб каттагина оила яшайдиган ана шу пастқам уйдаги каравотларга бақамти ўтирган кўйи жажжи Терезанинг орқа елкасига, полапон қанотидек заифгина куракларига стетоскопини босиб кўраётган эди. Ҳалиги икки каравотда эса ёноқлари қизариб, кўзлари чақнаб турган тўрт болакай кўрпадан бошию оёқларини чиқарганча чўзилиб ётишар, бола пақирларнинг ҳаммаси дардга чалинганди.

Шанба куни тушдан кейин Марковальдо жужуқларини тепалик бўйлаб сайр қилдиргани олиб кетди. Таъкидлаш жоизки, улар шаҳардаги ана шу кварталда яшар, қир-адирлар бу ердан узоқда эди.

Айни навбаҳор... Қуёшнинг илиқ нурлари ичра дов-дарахтлар гуллаётган пайт. Болалар эса паришон бир алпозда ён-атрофга бесаранжом боқишарди.

– Нимага пиллапоя бор-у, тепада уй йўқ, – деб сўради шу тобда Микелино.

– Бу ахир, уйнинг пиллапояси эмас. Буни йўл деса ҳам бўлаверади. – дея жавоб қилди ўз навбатида ота.

 – Йўл... Унда бу зиналардан машиналар қандай қилиб ўтади?

Теваракда боғ-роғларни ўраган деворлару уларнинг ортидаги дарахтлар кўзга ташланиб турарди.

– Анави деворларнинг томи йўқ экан... Нима, уларга бомба ташлашганми? – деб сўради яна Микелино.

– У ерларда боғлар бор... Улар ҳовлига ўхшаган бир жой, – дея тушунтирди ота. – Ичкарида эса уй бор... ҳув ўша дарахтларнинг ортида.

Микелино бўлса бошини силкиб қўйди-да, ўзига у қадар ишонқирамай “Лекин ҳовли уйнинг ичкарисида бўлади-ку, сираям ташқарида эмас”, деди.  

Шунда жажжигина Терезина ҳам сўраб қолди:

– Ана ўша уйларда дарахтлар яшайдими?

Шу йўсин юқорилаганлари сайин Марковальдога кунига саккиз соатлаб халтаю тугунлар турадиган ертўласидаги моғор иси ҳам ўзидан тобора узоқлашаётгандек, уйининг ....деворларидаги доғ-дуғлару деразадан тушгучи нурнинг гардиши бўйлаб оҳиста инаётган тилларанг чанг, ва тунги йўтал хуружлари ҳам ортда қолаётгандек туюларди.

 – Хўш, бу ер сизларга ёқдими? – деб сўради шунда ота.

 – Ҳа.      

 – Нимаси ёқди?

– Бу ерда қоровуллар йўқ экан. Бемалол гул териш, тош ирғитиш мумкин.

– Нафас олишингиз-чи, хўш, нафас олишингиз?..

 – Йўқ.

– Ахир, бу ер баҳаво-ку...

– Қаёқда, – дейишди шунда болакайлар. – Ҳеч нарса билинмаяпти-ю.

Шу асно тепаликнинг энг баланд жо­йига ҳам кўтарилишди. Қайсидир бурилишга етишгани ҳамоноқ пастда, ғира-шира ўргимчак тўри мисол йўлларнинг ҳадсиз-ҳудудсиз бўшлиғи аро шаҳар намоён бўлди.

Шунда бирдан Марковальдо ёшлик чоғида шаҳарга келганида қалбида жўш урган аллақандай туйғуларни яна ҳис этди. Туйқус ортга қайтишга ундовчи тушкун бир кайфият вужудини чулғади-ю, пастдаги қуюқ манзарага нигоҳи қадалиб, ўз кварталларининг билинар-билинмас кўлкасига кўзи тушди. Шу пайт Микелино унинг ёнига келди-да, сўради:

 – Дада, нимага бу ёққа кўчиб кела қолмаймиз?

– Эҳ, тентаквой, бу ерда уйлар йўқ, ҳеч ким яшамайдиям! – деди Марковальдо ачиниш билан. Негаки шу жойда яшай олашадими-йўқми, унинг ўзи худди шу нарсани ўйлаб турганди. 

Ўз навбатида болакай “Ҳеч ким дейсизми? Анави одамлар-чи?! Қаранг!” деб қолди.

Айни дамда ҳаво қўнғир тусга кирган ва ростдан ҳам ўтлоқдан пастроқда турли ёшдаги бир неча киши чиқиб келардики, уларнинг бари пижамага ўхшаш вазмингина кулранг кийим кийган, барининг бошида берет, қўлида эса ҳасса бор эди.

 – Ким улар? Қаёққа кетяпти? – деб сўради Микелино отасидан.

Улардан биттаси яқинлашди – у қирқ ёшлардаги тўладан келган бир киши эди. – Салом, – деди ўша одам. – Шаҳардан нима янгилик олиб келдингиз бизга?

– Салом, – деди Марковальдо ҳам. – Сиз қандай янгилик ҳақида сўраяпсиз?

– Э, йўқ, шунчаки айтдим-қўйдим-да, – таъкидлади ҳалиги киши тўхтаганча. Унинг оппоқ юзлари чўзинчоқ эди; фақат икки лунжининг нақ учида худди соя каби қирмиз ё алвон тусда бир шуъла товланарди. – Шаҳардан ким келса, унга доим шундай дейман. Тушунинг, мен уч ойдан бери шу ердаман.

– Пастга сираям тушмадингизми?

– Э, шифокорлар кўнса тушаман-да, – дея кулиб қўйди у. – Уларга шу ер маъқул! – шундай деб кўксига уриб қўйди-да, сўнг андак энтикиб, яна шу тарзда кулимсиради. – Фабрикага қайтдим-у, тузалишим учун менга икки марта жавоб беришди – ҳа, яна ва яна! Қарабсизки, мени яна шу ёқларга юборишди. Эҳ, қандай маза!

– Уларни ҳамми? – сўради шу он Марковальдо бирин-кетин атрофга тарқалаётган бошқа кишиларни кўрсатиб. У айни вақтда назаридан қочириб қўйган Филипетто, Тереза ва Пьетруччоларни нигоҳи билан изларди.

– Уларнинг ҳаммаси бирга дам олаётган ўртоқларим, – тушунтирди бояги одам кўзларини қисган кўйи. – Ҳозир вақтимиз бор, кейин эса қайтамиз... Биз тезда ўрнимизга ётишимиз керак... Кўриб турибсиз, ана шу чегарадан нарироққа кетолмаймиз...

– Қайси чегарадан?

– Ҳали билмайсизми, бу жой санаторийга қарашли-ку?

Шу чоғ Марковальдо сал-пал чўчиб турган Микелинонинг қўлидан ушлаб олди. Бу пайтда жарликлар узра оқшом чўкаётганди.

 – Тереза! Филипетто! – дея чақирганча Марковальдо уларни қидиришга тушди. – Кеч бўлди. Совуқ ҳам тушди. Уйга кетамиз...

Болалар япроғлардан ясалган гулчамбарни таққанча қайтиб келишди. 

 – Бу ер қанчалар яхши-я, дадажон! – деди Тереза. – Бу ёққа ўйнагани яна келамиз, а?

– Дада, – деб сўраб қолди бирдан Микелино ҳам. – Нимага бизам манави амакилар билан бирга туриш учун кўчиб келмаймиз?

 – Кеч бўлди, ахир! Амакиларингиз билан хайрлашинг. Олча учун раҳмат денг. Бу ёққа! Кетдик!

Шундай қилиб, улар йўлга тушишди. Ҳаммалари чарчаган эди. Марковальдо болаларининг унда-бунда саволига ортиқ жавоб бермасди. Филипетто ўзини кўтаришларини хоҳлар, Пьетруччо отасининг елкасига чиқиб олган, Тереза эса дадасининг қўлидан тутганча судралиб юрарди. Болаларнинг тўнғичи Микелинога келсак, у ҳаммадан олдинда ёлғиз ўзи кесагу тошларни ушлаган кўйи кетиб борарди.     

Итальян тилидан Рустам ИБРАГИМОВ таржимаси