“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 281 марта кўрилган.

КЎКЛАМ

А. П. ЧЕХОВ,

рус адиби

КЎКЛАМ
ҳикоя

Ердан қор эримасдан диллар баҳор истайди. Оғир касалликдан тузалган инсонга бу ҳолат яхши таниш. Соғайиб кетгач, ўз-ўзидан қувончга тўлаверасан. Назаримда табиат ҳам айни чоғда худди шундай туйғусини ҳис қилмоқда. Баҳор келиб, ҳамма янада бахтли, мулойим ва самимий бўлиб қолгандек! Ҳаво шаффоф ва тоза, борлиқ қувончга тўлиб тошади.

Макар Денисович табиатнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб қолганди. Баҳор уни шундай афсунлаб олганди. Макар Денисович генерал Стремоуховнинг қўлида мансабдор ходим эмас, оддий иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. У боғбондан кўра икки ҳисса кўпроқ ҳақ олади, икки рубллик тамаки чекади, доим қорни тўқ, уст-боши бут, генерал билан учрашганда ҳамиша унинг оппоқ, дўмбоққина, катта олмос кўзли узук таққан қўлидан ушлаб сўрашишга муяссар. Лекин у барибир бахтсиз! Қачон қарама китобга кўмилган, ёзгани-ёзган, ҳамма ухлаётганда ҳам ёзаверади, ачинарлиси барча ёзганларини сандиғига яшириб қўяди. Сандиғида қоғозлардан бош­қа ўзига керакли нарсалари ҳам бор. Барча уни ёзувчи, шоир, адабиётшунос деб билар, бироқ уни ёқтирмасдилар. Одамлар унинг юриш-туриши, ҳаттоки тамаки чекишини ҳам айрича, деб ҳисоблар, ўзига қўшгиси келмасди.

Ана у кўк пальто ҳамда чиройли шапкасида, қўлида узун таёғи ила йўлакдан келяпти. У самони ёки арчага қўниб турган қари қарғани кузатарди. Макар Денисич эгилиб, оҳиста йўталиб, атрофга ўпкаланиб қаради, баҳорнинг димлиги ва гўзаллиги уни бўғиб қўймоқда эди гўё. Унинг қалби беором. Қувонч, ҳаяжон ва умид ўрнига баҳор унинг дилига қандайдир ноаниқ истакларни жо қилмоқда. Аслида нимани хоҳлашини ўзи ҳам билмайди. Унга нима керак?

— Ие, аҳволлар яхшими Макар Денисич! — қўққисдан генерал Стремо­уховнинг овози эшитилди.

— Ҳали дуруст бўлганича йўқ, — жавоб берди Макар Денисич, аравада жажжигина қизи билан ўтирган ба­қувват ва хушчақчақ генералга қараб.

— Ажойиб об-ҳавони қаранг! Баҳор келди! — деди генерал. — Сайр қиляпсизми? Чой кайфингизни чоғлаяптими?

Унинг кўзларига: “Истеъдодсиз! Оддий инсон” деб ёзилгандай кўринарди.

— Эҳ, ошна! — деди генерал, тизгин ушлаганча. Эрталаб қаҳва ичаётиб зўр мақолага кўзим тушди! Икки бетни эгаллаган холос-у, лекин жуда ажо­йиб! Афсус француз тилини билмайсиз-да бўлмаса бир кўз югуртиргани берардим...

Генерал қайта-қайта ҳикоянинг маъносини айтди, Макар Денисич уни тинглаб, майда-чуйда нарсаларни ёзадиган француз ёзувчимаслигидан хижолат бўлди.

– Ўша ўт тушгур матннинг нимаси тузук экан, тушунмадим, – ўйлади у кўринмай бораётган араванинг изидан. Маъносини қаранглар, э, ўргилдим... Менинг ҳикояларим ундан минг чандон афзал.

Макар ич-ичини кемирди. У ўзига бино қўйганидан, кўкламдаги қушларнинг сайраши, қуёш чарақлашига бефарқларча, боғни кечиб ўтиб, лой кўчага ўтди. Баланд извошида сакраб кетаётган Бубенцовни учратди.

– Муҳтарам ёзувчи жанобларига салом бердик! Кунингиз яхши ўтсин! – деди Бубенцов.

Агар Макар Денисич ҳақиқий ёзувчи ёки кичик бошқарувчи бўлганида эди гўёки улар бундай масхараомуз, таҳқирлаш оҳангида гап қотишга ботинолмасди. Лекин у истеъдодсиз, қобилиятсиз “ёзувчи”.

Аслида Бубенцовга ўхшаганлар санъат борасида балониям тушунмайдилар, лекин бошқаларни истеъдодсиз, деб уларнинг устидан истаганча мағзава қуядилар. Бундайлар буд-шудини сандиғида асровчи омадсиз Макардан бош­қа барча ҳаммани кечириши мумкин.

Кимдир маънисиз мақола ёзса “Нега бундай ёзади?” деган саволни бериш етти ухлаб тушига ҳам кирмайди. Қисқагина қилиб:

— Яна шу бетайин ёзибдими? — дейишади холос.

Агар уни тушунганларида ҳаммаси бошқача бўларди. Унинг истеъдодини одамлар қаёқданам тушунарди, қишлоқда яшовчилар тузук-қуруқ ўқишни билмайди, яна ўзини шундай тутадики, гўё савод унга умуман керакмасдай. Стремоуховга француз тилида ўқиганлари бир тийинга қимматлигини қандай тушунтиради. Ахир у умр бўйи жўн мақолалар доирасидан чиқмаган.

Макарнинг хотин-халаждан хуноблигини гапирмаса бўлади.

— Бормисиз, Макар Денисич! — деб гап отарди аёллар. — Аттанг бозорда бўлмадингиз-да! Иккита девкелбат одамнинг муштлашганини кўрганингизда, иштонингизни ҳўллаб қўярдингиз!

Макарнинг ҳувиллаган қалби ёлғиз инсон ва катта гуноҳга ботгандай соғинчга тўла эди.

Аҳён-аҳёнда, эҳтимол беш йилдами, ўрмон, йўл ёки вагонда ўзига ўхшаган иши юришмаган, тентакни учратиб қолса, унинг кўзига тикилиб турар ва бирдан унга жон кириб сергак тортарди. Бундай кезларда ҳамроҳи билан узоқ суҳбат қурар, баҳслашар, хохолаб кулардики, уларни кузатиб турган одам эсини еган, деб ўйларди.

Оқшомлари илҳомга тўлиб-тошган одамови Макар Денисич ўзига ўзи: “Ёшлик шу зайл қувончсиз, муҳаббатсиз, дўстликсиз, ички хотиржамликсиз ўтиб кетмоқда”, дерди.

Аслида ёшлик билан бирга баҳор ҳам ўтиб кетади.

Рус тилидан Зилола ЖАЛОЛОВА таржимаси