“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 768 марта кўрилган.

ҲАЁТ СИЙЛАГАН ШОИРА

Белла АХМАДУЛИНА,

рус шоираси 

ҲАЁТ СИЙЛАГАН ШОИРА

Изабелла Ахатовна Ахмадулина 1937 йилнинг апрель ойида Москва шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. Белланинг отаси вазир ўринбосари, онаси бўлса таржимон эди. Белланинг «Соз», «Титроқ», «Бўрон», «Шам» каби бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилган. Қуйида шоиранинг шеърларидан ташқари, устози Марина Цветаева ҳақидаги хотиралари ва эссеси илк маротаба ўзбек тилида ўқувчилар эътиборига ҳавола этиляпти. 

* * *

Сарфламагил менга вақтингни ортиқ,

Гап қотма йўлимни тўсиб сен гоҳо.

Эзгу нигоҳларинг ҳамда шафқатли

Қўлларинг-ла тутма қўлимни асло.

 

Баҳор пайти сакраб кўлмаклар узра,

Изимдан эргашма, сўзимга маҳтал.

Бу ҳам сенга бакор келмагай сира,

Булар ҳеч нарсани қилмагайдир ҳал.

 

Ўйлайсанки, кибр — қалбдаги ройиш,

Сен-ла дўстлашмоққа йўқ менда истак.

Ғурурдан эмас, бу — куйганим боис

Мудом мен бошимни тутаман юксак.

* * *

Ёмғир қуяр тепамдан шаррос,

ваҳм солар қалдироқ жонга —

тўқнаш келдим мен сенга бехос,

дуч келгандек кема тўфонга.

 

Қандай қисмат тушаркин бошга

Ҳадиклардан эмасман ҳоли.

урилгумми бориб бир тошга

ёки мени қаршилар толе.

 

Мен титрайман, қувонаман гоҳ

хавотирлар тўлқини аро...

Гарчи бизлар тўқнашдик ногоҳ,

Севгимдан мен қўрқмасман асло.

 

«Опажоним, Ҳаёт! Одамлар нега сени шундай атамайдилар?»

Кундаликдан.

Марина Цветаева ҳақида ўйласам ёки номини тилга олсам, гўё ўша заҳоти ўпкам мусаффо ҳаводан тўлгандай бўлади. Бу бежизга эмас, дейман ўзимга-ўзим. Ахир унинг шеърияти чинданам тонг сабоси мисоли ма­йин, тонгги шудринг каби шаффоф, мусаффо осмон сингари тоза. Ишонмасангиз, сиз ҳам Цветаеванинг шеърларини куннинг исталган маҳалида ўқиб кўринг - унда покиза руҳнинг нафасини сезасиз, ўпкангиз тоза ҳавога дош беролмайдиганга ўхшайди. Қарийб икки юз йилдирки, бошимиз узра чарақлаган юлдузларга маҳлиёмиз. Пушкин юлдузи чақнаши билан адабиёт осмони бирин-кетин юлдузларга тўлиб кетди, бироқ улар орасида Цветаевага ўхшаш маҳзун юлдузни топиш амримаҳол. Бу шоира изтироб учун яралганди. Уқубатга ташналик, аччиқ қисматга исён, ўз-ўзини қийнаш. Адоқсиз азоблар ва ўлим Цветаева тақдирининг бир бўлаги эди, холос. Улар тириклигу истеъдоднинг бадали эканлигини ўзи ҳам яхши англарди. Бунда қусурлар бор, деб ҳисобламайман. Ахир Цветаева Худо шундай аянчли қисмат ато этиб, сўз билан сийлаган руснинг бахти кулган шоираси-ку! Бу бахтга етолмаганлар қанча? Одамдай яшаш насиб этмаган бўлса, бу унинг айби эмас, Яратганнинг хоҳиши. Цветаева қисматидан ўкинармиди? Бу саволга жавобим йўқ, бироқ шуни биламанки, у ўз руҳию идрокининг жасур жангчиси эди. Туну кун давом этадиган ботиний олишувлардаги илоҳий ғалабалардан туғилган шеърлардан бугун адабиёт ихлосмандлари баҳраманд бўлаётир. Сиз осонгина ўқиётган шеър, аслида қандай яралганини билсангиз, уни ҳиссиз қабул қилмасдингиз. Шоирнинг ўша ондаги изтироби сизга бир зумга кўчса қанийди. Уни танқид қилгани ҳам ботинолмасдингиз.

Цветаевадаги бундай бенуқсон истеъдодни Худо берганини ҳар бир сатридан англайман. Унинг шеърларини ўқиб туриб, Яратган бир шоирга шунчалар ҳиммат кўрсатадими, деб ўйлайман. Оддий одам бундай сатр­ларни битолмаган бўларди. Марина ҳаётсевар шоира эди. Бу кучли муҳаббатнинг илдиз отишига фақат чинакам шоирлардагина етарли асослар бўлади. Цветаева қалбидаги оташин ҳислар тафтини қуйидаги сатрлардан ҳам ҳис этиш мумкин: «Опажоним, Ҳаёт! Одамлар нега сени шундай атамайдилар?» Айтинг-чи, Маринадан бош­қа яна ким ҳаётни опа деб чақиришга ўзида журъат топарди? Бошқалар опа сўзини тилга олишдан бурун у менга нима туҳфа этди, деб ўйлаган бўларди.

Бошқаларни билмадим-у, бироқ ҳаёт шоирларга меҳрибон, атрофидагилар тушунмаганда ҳам, у ижодкорларнинг бошини силайди. Ҳаёт шоирларнинг одамларга бегоналигинию етимлигини билгани учун шундай қилса керак. У сийламаса, шоир бошқалар қатори ўзи ҳам ўзига шафқатсиз. Руҳиятини тушунмагани учунам бутун умр у ўзини қийнаб, азоблаб яшайди-ку! Ҳаёт шоир қалбининг ёрқинлиги, шуъласию гўзаллигини кўришга қодир. Унинг назари шоирга тушди, дегани халқнинг, дунёнинг назари тушгани демакдир! Ҳа, ҳаёт сийладими, бу шоир ер юзида беҳуда яшамаганини англатади. Цветаева худди шундайлардан эди. У ҳаётга муҳаббатини ҳадя этиб, эвазига ҳеч нарса талаб қилмасди. Худо сийлаган, Худо марҳамат қилган шоира, ундан фақат бир нарсани сўрарди: ЁЗИШ! Шеър — тирикликнинг ягона талаби. Уни камбағалликда азобланиб яшаган дейишдан аввал ўзидан сўранг-чи, нима деркан? Шундай кезларда мен унинг сўнгги дақиқада айтган сўзларини эслайман: «Бадавлатмидингиз ё камбағал?» «…униси ҳам, буниси ҳам эмас. Умрим давомида бойлару камбағаллар, сиёсатчилару ёзувчилар, зўрлару ожизлар билан мулоқотда бўлдим. Дўстлар даврасида ўзимга яраша мартабам ва ҳурматим бор эди. Шундайлар борки, пулсиз, ҳимоясизларни одам қаторига қўшмайди, шукрки, олиймақом давраларда ҳам ундай хўрликларга дуч келмадим. Чунки менинг китобларим ва ўқувчиларим бор эди. Бу томондан кўнглим бутун бўлган ва бу бахтимга кўпларнинг ҳаваси келишини билардим. Ҳар қанча бадавлат бўлмасин, китобсиз одамни мен ҳайвон ўрнида кўраман. Мен бой эдим. Ҳамма нарсам бор эди. Нолисам гуноҳ бўлади». Шу гапларининг ўзи шоиранинг ҳаётининг сўнгги дақиқаларида унга ато этилган ҲАММА НАРСА ниманинг бадалига келганини англаганингизга шубҳам йўқ. Ўша ҲАММА НАРСА бугун сизники, уни Цветаева сизга мерос қолдирган. Худонинг марҳамати...

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси.