“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 538 марта кўрилган.

ТЎЙ КЎРПАСИ

И МИ Э,

корейс адиби

ТЎЙ  КЎРПАСИ

ҳикоя

Бугун биз янги уйга кўчамиз. Юкларимиз унча кўп эмас. Лекин биринчи ўринда рўмолга тугилган кўрпани тайёрлаб қўйдим, худди қолиб кетишидан чўчигандай тугунни бағримга босганча хаёлга чўмибман. Бир пайт турмуш ўртоғимнинг хўмрайган нигоҳига кўзим тушиб қолди. Қўлимдаги тугунни юкларнинг устига қўйганча, шоша-пиша қолган нарсаларни йиғиштира бошладим. Барибир хаёлим тугундаги кўрпада эди. Қадрдон кўрпа... Анча эскириб, оҳори кетиб қолганлиги учун бу  кўрпа оила аъзоларимга ёқмай қолганига анча бўлган. Улар бир неча марта: “Шу кўрпани ташлаб юборсак-чи, эскириб ҳеч нарсага ярамай қолди-ку”, дейишган. Аммо унинг менга қанчалик қимматли ва азизлигини уларга ҳеч тушунтиролмасдим. Бу кўрпа қавилганига йигирма йил бўлибди. Унинг менга севимли эканлиги фақат ичига пахта солингани-ю, жуда юмшоқ ва паҳмоқлигидагина  эмасди. Мунис ва мушфиқ онамдан ёдгорлик эди у. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, унда ҳамон онам қўлларининг илиқ тафти, қалб ҳарорати сақланиб қолганини доимо ҳис этаман.

Онажоним бу кўрпани менинг тўйимдан уч йил олдин қўлда қавишни бошлаганди. У пайтлар оиламиз жуда афтодаҳол бўлиб, онамнинг менга энг қимматбаҳо совғаси шу эди, аммо улгуролмади. Кўрпанинг тўйимиз кунига тайёр бўлмаганидан онажонимнинг жуда хижолат чекканлиги эсимда.

— Олган пахтам камлиги сабабли кейинги йилни кутдим ва иккаласини аралаштира қолдим. Камчиликлари бўлса хафа бўлмайсан-да.

Хижолатдан бошини эгиб сўзлаган онамнинг ўшандаги гапларининг маъносини мен ҳам бошим билан маъқуллаб англаяпман. Хотирлаяпман.

Бундан йигирма йил аввал уйимизда бахтсиз ҳодиса юз берганди. Ёзнинг жазирама кунлари. Қишлоғимизда кечқурунлари чироқ бўлмаганлиги учун кичик укам пашшахонада шам ёруғида дарс қиларди. Унинг эҳтиётсизлиги туфайли  кутилмаганда ёнғин бошланди. Нимагадир олов тез туташиб, ҳамма нарсаларимиз ёна бошлади. Бахтимизга қаттиқ шамол ва енгил ёғиб ўтган ёмғир ёнғинни ўчирди. Бироқ олов тезлашиб кетган маҳали онам менинг тўйимга деб қавиган кўрпанинг бир чеккасига  ҳам чўғ тушган экан. Буни кўрган онам ўзини йўқотиб қўйганидан нима қиларини билмай кўрпани асраш учун кафтлари билан оловни ўчиришга уринарди. Кўрпага унчалик зарар етмаганини кўрган онам жуда қувонди. Қўлининг куйганини бизга билдирмади. Аммо укамнинг  аччиқ чинқириғи бизни хавотирга солиб онам қошига югуриб бордиг-у, унинг кафтлари қип-қизил гўшт эканлигини кўриб, қўрқиб кетдик. Қанча дори-дармон қилмайлик, куйган излар кетмади. У чандиқ онамнинг қўлларига эмас, менинг юрагимга ўйилгандек эди гўё. Ҳар доим уйимизга борганимда, онамнинг кафтларини юзимга босиб, уни кўз ёшларим билан ювардим. Онам: “Қўлим ҳечам оғримайди, қўйсанг-чи” дея хижолат чеккани сари мен ўзимни айбдор ҳис этардим...

Мана орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Онажоним вафот этганига ҳам анча бўлди. Аммо бу кўрпа эскириб, ҳеч кимга ёқмай қолган бўлса-да, менга онамнинг меҳрини бера оладиган, уни эслатиб турадиган ягона ёдгорлик эди. Бугун уни бағримга босиб, янги уйимга олиб кетар эканман, онамнинг менинг юзларимни силаётган қайноқ кафтларини ҳис қилдим. Тугунда мунғайиб турган кўрпа нимагадир онамга ўхшаб кетди. Унинг нигоҳлари ҳорғин бўлса-да, бизнинг ниҳоят бошпаналик бўлганимиздан ва ўзи ҳам биз билан янги уйга бораётганлигидан хурсанддай эди... Уни бағримга қаттиқроқ босдим.

“Онажон, сиздан миннатдорман. Сизни соғиндим. Сизни жуда-жуда яхши кўраман.

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ  таржимаси