“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 819 марта кўрилган.

КИТОБХОН

Кристиан Маскерони,

итальян адиби

КИТОБХОН

Ҳикоя

Болалигимизда уни шунчаки «китобхон» деб атардик. Ҳар куни эрталаб Жан Карло акам, Стефаниа опам ҳамда мен мактаб томон отланарканмиз, у қумлоқ йўл бўйлаб ям-яшил чарм чамадонини судраб борар, сўнг наҳс босган чоғроққина черковга кираверишдаги баланд зинапояга етгач, унинг иккинчи поғонасига ўтириб оларди. Ойим бу одам билан гаплашмасликни тайинлаб, унинг узоқдан келганини, ёлғизликни ихтиёр қилганини уқтирарди. Менга эса бу ҳол унчалик ёмон туюлмас, ёлғизликка берилган киши ёлғиз киши дегани эмас-ку, деб ўйлардим. Лекин шунисиям борки, бизга ҳамиша салом берса-да, ўша одамга бир сўз демоққа юрагим дов бермас, биз унинг саломига кичкинагина елпиғичимизни силкитиш билан жавоб қайтарардиг-у, кейин шу заҳоти кишиларнинг гап-сўзи орқасида туғилган қўрқуву ваҳима сабаб ундан узоқлашардик. Бошқалар эса китобхонни эҳтимолки, оғзини очганида фақат бир дона тиши қолганини кўришгани учун «Тошчайнар» деб аташар, уни нуқиб кўрсатиб, шу кимса қишлоғимизга келди-ю, Мадонна Инконсолабиле фавворасидаги оппоқ тошлар ҳам бирин-кетин ғойиб бўлди, дейишарди.

Албатта, одамлар ҳар гапни вайсайверади. Аммо менга ингичка, чўзиқ елкасини қоплаган узун ва кулранг соч­лари боис ўша китобхон жозибадор кўринарди. Ўзимча унинг ёшини чамалаб, миллионда бўлса керак, деб ўйлардим. Чунки шуни ҳам билиб қўйингки, у одамнинг аниқ бир ёшга кирганиям даргумон эди. Юзини тошбақа панжасидек шунчалар кўп ажину бурушиқ босган, бироқ кўзлари навқирон, кўлдек тиниқ, тўғноғичнинг бошчасидай кичкина, териси эса зайтун тусида эди. Шу боис жамики қитъаларнинг офтоби-ла тўйингандек туюларди. Опам унинг бармоқлари олча шохларига айланиб қолганини кўрган эмиш. Мен бўлсам бу гапга ишонардим. Яна шунга ишонардимки, у ҳеч нарса емайдиям, ичмайдиям, фақат ўзининг китоблари билан қорин тўйғизарди.

Ўша китоблар унинг чамадонида эди, чамамда. Ҳа, шуни ҳам билингки, абжағи чиққан, титилиб кетган шу эски матоҳда у нақ ўн жилдни сақлар, ҳар куни эрталаб уларни чиқариб, зинапоянинг биринчи поғонасига чиройли қилиб териб қўярди. Менга ёққан томони шунда эдики, ўша одам ранго-ранг муқовали китобларининг ҳар бирини нақ оёғининг ён-верига худди аскарлардек тик қилиб тизиб чиқарди. Уларнинг бу тариқа жойлашуви эса сира ўзгармас, у гўё ўз фарзандларидек ўша китобларни энг каттасидан то энг кичигига қадар бир хил тартибда қўярди. Аминманки, бу одам уларнинг ҳар бирига ҳатто ном ҳам қўйганди.

Бир сафар у китобларини жойлаштириб, чўпдай озғин оёқларини чалиштирганча қилт этмай тураркан, қишлоқ ҳаётининг билинар-билинмас маромини кузатаётган кўзларигина ҳаракатда эди. Қайсидир куни эса бизга қўшни турадиган жандарм Антонио ота-онамизга ўша одамни сўроққа тутганини айтиб қолди. Эмишки, ундан “Китоб сотишга рухсатномангиз борми?” деб сўрабди. Лекин у одам бу китоблар сотилмаслигини айтибди. Шунда Антонио уларни нега бу тариқа олиб ўтирибсиз, дебди. Ҳалиги одам эса тавозе-ла ўрнидан қўзғалиб, китобларимни қўриқлаб ўтирибман, деб жавоб берибди. Уларга қуёш нури керак деб қўшиб қўйибди. Шундагина китоблар улғайиши мумкин экан.

Жандарм Антонио шу гапларни айтаркан, тупук сачратганча хохолаб кулди-ю, ойим ёзган дастурхоннинг четига ичаётган қаҳвасини тўкиб юборди. Онам эса унинг ҳикоясидан таъсирланиб, чўчиганча ўрнидан туриб кетди. Сўнг бошини тебратганча, денгиз жанги ўйнаётган биз – болаларга қараб деди:

“Эшитдиларингми? Ўша кимса билан гаплашманглар. У васвос”. 

Ҳа, Мадоннанинг оппоқ тошларини кемирадиган ва ўнта китобни офтобда тоблайдиган савдойи, жинни. Буларнинг бари ҳайратланарли даражада тутуриқсиз ҳамда ғалати эдики, янада кўпроқ нарсани топгинг, билгинг келарди киши.

Шу сабабли бир куни тонгда ўша одамга гапириб кўришга қарор қилдим. Акамларга «Тарих китобим эсимдан чиқибди» дедим-у, уларни пастки кўчада қолдириб, ўзимни гўё орқага қайтгандек кўрсатдим. Акамлар кўринмай қолгач, шу заҳоти ён-атрофга аланглаганча яқин-орада бирон тирик жон йўқлигидан фойдаланиб қолдим. Бу пайтда китобхоннинг кўзлари юмуқ эди. Ухлаётганди. Китоблари эса саф тортиб турар, қуёш уларни заррин нурларига чул­ғаган эди. Мен ўша китобларни ҳали бу қадар яқиндан кўрмаган эдимки, уларнинг муқовага катта қилиб битилган номларини илгари ҳеч қаерда ўқимаганимдан ҳайратга тушдим. Шу йўсин хийла қалинроқ, бўйи пастроқ бўлган биринчи жилднинг ёнига чўнқайиб ўтирдим.

Ундан моғорлаган пишлоғу нордон-ширин пиёзнинг бадбўй иси анқирди. Шунда бурнимни бекитишимга тўғри келди. Назаримда, бир неча ойдан буён чанги олинмагандек эди. Шу боис уни ушлаб кўришга чоғим келмади. Иккинчи китобдан эса албатта, боягидек ҳид таралмасди-ю, аммо унинг ҳамма варағи сарғайиб кетган, ўзи мўъжиза сабаб бус-бутун турарди. Негаки муқоваси қаттиқ эмаса-да, бўшашган, худди Пеппина бувимнинг иягидек қийшайган эди.

Кейинги китоб эса ингичка, афтодаҳол эди. Аминманки, уни қўлимга олганимда, шунчалик абгорлигидан увадаланиб кетарди. Тўртинчи ва бешинчи китоблар бўлса эгизакларга ўхшарди. Бир хил муқова, бир хил жилд, икковидан ҳам олтингугуртнинг майин ҳиди келарди. Галдагиси-чи, бежириму музайян эди. Унинг номи ҳатто тилла суви билан ёзилган, ипакдан қилинган хатчўпи эса китобнинг ўртасидан чиқиб турарди. Еттинчиси бўлса кулгили экан. Ундаги бир қиёфани олдин сира кўрмагандим – китоб муқовасини очишим билан кулгим қистади. Саккизинчига келсак, буниси аксинча, ғамгин, маъюс экан. Шунда мени ғалати бир хавотир чулғади. Эҳтимол, бунинг сабаби унинг теридан ишланган қаттиқ қирраси ҳамда муқовасида эдики, ўша муқова шоҳ Ренцо ошланган териларни боғлаш учун ишлатган арқонларни ёдимга солди. Тўққизинчи китоб эса менга беистисно ҳаммасидан ҳам ёқиб тушди. У улуғвор, мардонавор, бенуқсон кўринарди. Бунинг устига бошқалардан кўра анча осон очилар эди – шу боис ундаги суратларни зимдан томоша қилдим. Ана шу китобни олиб кетмоқчи эдим, шунда ҳалиги одам уйғониб қолса бўладими. У қовоғини очди-ю, бир зум кўз пардасига тикилиб қолдим. Сўнг саросима ичида ўнинчи китобни юлқиб олдим-у жон ҳолатда мактаб томон қочдим. Умримда ҳали бунчалик қаттиқ қўрқмаган эдим... Ўйлаб қарасам, ўша кунлари бу одамга хайрихоҳ бўлгандим ва, аксинча, унинг шиша кўзидаги заррадай зангори нурни кўришимнинг ўзиёқ жуфтакни ростлашим учун кифоя қилганди... 

Мактабга етиб борганимда эса синфга киришдан аввал нафас ростладим. Бахтимга қўнғироқ эндигина чалинган экан. Тиззамнинг чангини артдим-да, муаллимамизга салом бердим. У киши бўлса қўлимдаги китобга эътибор қилди.

 – Нимани ўқияпсан, Марчелло? – дея синчковлик билан сўради.

Мен қизарганча китобни узатдим. Муаллима уни очди-да, жилмайиб қўйди.

 – Ие, ахир бунинг оппоқ бетларидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ-ку!

 – Қанақасига? – деб сўрадим довдираб.

У мен томон энгашиб, китобни кўрсатди. Саҳифалар чиндан ҳам бўм-бўш эди. Аммо шунга ишончим комилки, муқовада китобнинг номи зикр қилинган, ўша саҳифаларнинг эса ҳаммасиниям сутдек оппоқ деб бўлмасди. Шунда муаллима сумкасидан яп-янги бир ручкани чиқариб, қўлимга тутқазди. Сўнг китобни қайтариб берди.

 – Бу – сен тасаввур қилишинг мумкин бўлган энг ажойиб китоблардан бири, – деди у менга.

Муаллимадан нима сабабдан унга ҳеч нарса ёзилмаганини сўрадим – ҳали-ҳамон буларнинг бари мен учун қоронғи эди. Муқовага эса “Кундалик” деб ёзилганди.

Мен жойимга бориб ўтирдим-да, муаллимамиз совға қилган ручкаю бояги китобни сумкамга солиб қўйдим. Туйқус дарслар тезроқ тугаб, уйга қайтиш-у, бошимдан ўтган воқеани ёзиш истаги туғилди.

Анави китобхонга эса кейин нима бўлгани номаълум. Ўша кундан буён уни қайтиб кўришмабди. Чамадонию қолган тўққиз китобини олиб кетиб қолибди. У қаёққадир ғойиб бўлганди. Эҳтимол, энди ҳеч қачон қайтмас ҳам. Эҳтимолки, бу воқеани ўзим ўйлаб топгандирман. Лекин бунинг аҳамияти бор? Тўғри, ҳаммаям ёлғон гапиради, аммо мен кундалигимга фақат ҳақиқатни ёзаман.

Итальян тилидан Рустам ИБРАГИМОВ таржимаси