“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 714 марта кўрилган.

БОЙ БЕРИЛГАН КУНЛАР

Дино БУЦЦАТИ,
итальян адиби

БОЙ БЕРИЛГАН КУНЛАР

  Данғиллама ҳовлига эга бўлганидан аллақанча кун ўтгач, Эрнест Кацирра уйга қайтаркан, елкасига қандайдир қутини ортмоғлаганча айланма деворнинг нариги дарчасидан чиқиб, ҳалиги матоҳни юк машинасига ортаётган қандайдир кимсани узоқдан кўриб қолди. Аммо жўнаб кетмасидан унга етиб олишга улгурмади. Шундан сўнг автомобилда ўша одамни зимдан таъқиб қилишга тушди. Анави юк машинаси эса катта йўл бўйлаб шаҳарнинг энг чекка жойигача борди-да, чуқур бир даранинг шундоққина четида тўхтади.

Кацирра ҳам уловидан туша солиб уни кузата бошлади. Ҳалиги нотаниш киши бўлса машинадан бояги қутини олди-ю, бир неча қадам юриб, шу каби бошқа минглаб қутилардан тўлиб-тошган тик жарликка улоқтирди. Шунда Кацирра ўша кимсага яқинлашди-да, уни сўроққа тутди:

– Анави қутини менинг боғимдан кўтариб чиқдинг. Буни ўз кўзим билан кўрдим. Хўш, унинг ичида нима бор эди? Мана булар-чи, хўш, булар нима ўзи?

Ўз навбатида у одам савол бергучига қараб кулимсиради:

– Машинамнинг юкхонасида бунақалардан ҳали қанчаси бор, бари ташлаб юбориладиган. Нима, билмасмидинг? Ахир улар кунлар-ку!

– Қанақа кунлар?

– Сенинг кунларинг.

– Менинг кунларим?!

– Ҳа, сенинг бой берилган кунларинг. Йўқотган кунларинг... Уларни кутиб тургандинг, тўғрими? Мана, келиб ҳам қолишди. Хўш, нима қилдинг? Қара, улар ҳалиям бус-бутун, ичи тўлиб кетганидан ёрилай дейди-я... Энди-чи?...

  Кацирра ўша ёққа қаради. Шу тобда бундай қутиларнинг беҳад улкан уюми пайдо бўлганди. Ўша уюм нишаблик бўйлаб пастлади-ю, қутилардан бирининг қопқоғи кўтарилди. Унинг ичида куз манзараси, яна ҳам қуйида батамом сўниб бораётган қаллиғи Грациэлла гавдаланар, ўзи эса қизни, ҳатто чақирмасдиям.

Шунда иккинчи бир қути очилиб, қандайдир касалхонаю тўшакда ўсал ётган кўйи уни муштоқ бўлиб кутаётган укаси Жозуэ кўринди. Аммо ўзи ўша чоғда иш юзасидан сафарда эди.

Сўнг навбат яна бир қутига келди. Унда олдинги фақиргина уйининг кўча эшигида эти устихонига ёпишиб, қоқ суяк бўлганча эгасини икки йилдан буён кутиб ётган вафодор ити Дук акс этди. Ўзи эса у ёққа қайтишни хаёлига ҳам келтирмасди.     

Айни шу лаҳзада бу одам бўғзига нимадир тиқилганини ҳис қилди. Ўз навбатида, анави юк ташувчи нақ жарлик ёқасига рўбарў турганча жаллод мисол қилт этмасди.

– Жаноб! – дея қичқириб юборди бирдан Кацирра. – Илтимос, лоақал ана шу уч кунни олиб кетишимга қўйинг. Ўтинаман. Атиги уч кунни. Мен бойман. Нима истасангиз, барини муҳайё этаман.

Юкчи бунга жавобан етиб бўлмас бир жойни кўрсатгандек, энди жуда кеч эканлигини, ҳеч қандай чоранинг имкони йўқлигини таъкидлаётгандек ўнг қўли билан ишора қилди. Сўнг у ҳавога сингиб, кўздан йўқолди-ю, ўша заҳоти ғаройиб қутиларнинг бениҳоя улкан тўдаси ҳам барҳам топди. Бу вақтда эса тун қоронғиси чўкиб қолганди.

Итальян тилидан Рустам ИБРОҲИМОВ таржимаси