“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 638 марта кўрилган.

ОНАМНИНГ КОСАСИ

И Ми Э,

Корейс адиби

ОНАМНИНГ КОСАСИ

Биз унча катта бўлмаган балиқчилар қишлоғида яшар эдик. Онам балиқни тутарди-да, қайиқнинг ўзида сотарди. Дадамнинг вафотидан сўнг ўгай онамиз биз олти ака-ука, опа-сингилни ёлғиз ўзи тарбиялаган.

– Балиқдан олинг, арзон бераман. Яқиндагина тутганман. Ҳеч бўлмаса бир донагина олинг...

Бу онамнинг ҳар куни эртадан кечгача такрорлайдиган гаплари эди. Ниҳоятда ҳаракатчан, тез-тез одимлайдиган, оғир меҳнатдан эзилиб, кичрайиб қолган, очликдан силласи қуриган онам бизга тушлик тайёрлаш учун уйга юриб эмас, югуриб келар, оғзимизга бир-икки қошиқ бўлса ҳам қайнатилган гуруч тутар ва яна ортига қайтиб кетарди.

– Илтимос, балиқ олинг. Бир донагина олинг, – деб онам харидорларга тинимсиз ёлворар, улар бўлса, “кейин, кейин” деганча қўлларини силкитиб қайиқдан узоқлашарди.

Биз олти фарзанд онамизни оч-наҳор полапонлардек интизорлик билан кутардик. Баъзан савдо яхши бўлар, онам балиқ сотган пулига қоғоз халтада гуруч сотиб оларди. Ўшу кунлари унинг қадам товушлари ҳар кунгидан бошқача, худди учиб келаётганга ўхшарди.

Онам уйга кириши билан биз нима олиб келганига қизиқиб атрофида гирдикапалак бўлардик.

– О, ойижон нималар олиб келдингиз, – деб қўлига ёпишдик.

Энг каттамиз ўн икки ёшда бўлса, ундан кейингилар ўн, тўққиз, саккиз ва олти ёшда бўлиб укаларимизни ўртага олиб, биз кичик ҳалқа шаклида ўтириб олар, тезроқ буғда пиширилган оппоқ гуручларни мазза қилиб тановул қилиш ҳақида ўй сурардик. Бироқ гуруч ҳаммамизнинг тўйиб ейишимизга етмасди. Шунинг учун ҳам иложи борича кўпроқ ейиш учун қўлларимиз зув бориб-зув келар, шоша-пиша жиғилдонимизга бир нималарни тиқишга ҳаракат қилардик.

– Оҳ, оҳ, бунчалар ширин бўлмаса.

– Секинроқ, менга ҳам қолдир, деганча талашиб-тортишиб овқатланардик.

Дастурхон бошидаги бу манзара аянчли эди. Бир куни кутилмаган воқеа юз берди. Онам стол олдига келди-да, ўзининг косасини дастурхоннинг ўртасига қўйиб қўйди. Кичик укам буни кўрди-да, яна гуруч ейиш мақсадида қошиғини қўтариб югуриб келди.

– Ойи, ойижон, менга гуруч ейиш мумкин эмасми? Менинг яна егим келяпти.

– Менинг ҳам, менинг ҳам.

Ҳар томондан болаларнинг жўр овозда бақириши хонани ларзага келтирди. Аммо онам косани сочиқ билан беркитиб қўйди.

– Буни ейиш мумкин эмас! – деди. Унинг овози жуда қатъий чиқди.

Биз қошиқларни стол устига қўйдик-да, хонадан чиқиб кетдик. Бироқ кичик укам қорни яхши тўймаганлиги учун, онам беркитган нарса нима эканини билиш учун стол тагига кириб, унинг оёқларини куч билан қимирлата бошлади. Шу пайт идиш ерга тушиб кетди. Унинг ичидаги буғда пиширилган гуруч ҳар томонга сочилиб кетди. Мен бу ҳолатни орадан 40 йил ўтса-да, бир дам бўлсин унутганим йўқ. Кичик укам:

– Бу нима ойи? – деб бақириб юборди.

Онамнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Биз катта фарзандлар онам бу гуручни нега бизга бермай беркитиб қўйганининг сабабини жуда яхши англаб турардик. Ахир бу бизнинг эртанги овқатимиз эди. Онам ўзи емасдан, ўз тегишини ҳам бизга олиб қўйганди. Ўзи оч-наҳор қолса-да, бизни боқиш учун тиним билмай ишларди у. Айни шу дам бирор марта онамиз биз билан бирга овқатланмаганини ўйладим-у, ўкириб йиғлаб юбордим. Менга укаларим ҳам қўшилди.

– Ойи, ойижон! – полапонлардек чир­қилладик биз.

– Болаларим, болажонларим, кечиринглар мени! – онам ҳам йиғлаганча бизни бағрига босди.

Онамнинг қотма елкалари титраб, бизни қучганча ҳўнграрди. Мен нималарнидир тушунгандай бўлдим. Аслида косадаги оддий гуруч эмасди. Идишнинг ичида фақат оналаргагина хос метин иродаю чексиз меҳр бор эди.

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси